Ипак қатидаги хазина ёхуд “кумуш тола” қандай шароитда ҳақиқий тиллага айланади?

    Қадим-қадимдан иқтисодий ва маданий ришталарнинг вужудга келишиига йўллар доялик қилган. Кўҳна ҳикоятлар эрамиздан олдинги 3-2 минг йилликларда Қадимги Шарқ ва Марказий Осиё ҳудудларини ўзаро боғловчи йўлларнинг дастлабкиси “Ложувард йўл” деб номланганлиги бундан далолат беради.

    “Шоҳ йўли” эса, унинг узвий давоми сифатида кейин юзага келган Энг қадимги савдо йўлларининг учинчиси ва энг каттаси “Буюк Ипак йўли” ҳисобланади. Унинг12 минг километрга чўзилган масофасида ҳозирги Ўзбекистон ҳудуди энг асосий манзилларидан бири бўлган.

    Тарихий битикларда ипак қурти боқиш 1У асрда Хитойдан Буюк ипак йўли орқали юртимизга кириб келганидан дарак беради. Этнографик манбаларга қараганда эса, табиий ипак етиштиришнинг ватани Туркистон замини бўлганлиги, тахминан 4 минг йил илгари ипак матолар тўқилгани айтилади. Милоддан аввалги иккинчи минг йилликдан бизгача етиб келган ипакли матолар бунинг далилидир

    Шундай, юртимизда ипакчилик соҳаси теран тарихий илдизларга эга. Бинобарин, бу анъаналар ҳозирги кунда ҳам бутун дунёда эътибор ва эътироф этилмоқдв. Хусусан, атлас ва адрас тайёрлашнинг анъанавий технологияси бироз аввалроқ ЮНЕСКОнинг Номоддий маданий мерос объектларини асраб-авайлаш реестридан жой олган бўлса, ўтган йилнинг ноябрь ойи охирида ипакчилик ва тўқувчилик учун ипак ишлаб чиқариш анъанаси Инсониятнинг номоддий маданий мероси репрезентатив рўйхатига киритилди.

    Жаҳон тажрибаси ва ўзбекистон нуфузи

    Маълумотларга қараганда, ҳозирги кунда 60 дан ортиқ мамлакатда пилладан маҳсулот ишлаб чиқарилади, лекин унинг 20 дан зиёдидагина “кумуш тола” етиштирилади. Дунёда бу борада биринчи ўринда Хитой, иккинчи ўринда Ҳиндистон, учинчи ўринда Ўзбекистон туради. Аҳоли жон бошига ҳисоблаганда, юртимиз етакчилик қилади. Бир қутидан олинадиган пилла ҳосили ХХР да 85, Ҳиндистонда 80 ва Ўзбекистонда эса, 60 килограмни ташкил этади.

    Дунѐ бўйича ипак ишлаб чиқариш кейинги 5 йилда 15,7 фоизга ошган ва айни пайтда йиллик ялпи ипак маҳсулоти ҳажми 192,694 тоннага тенг бўлиб, унинг 80 фози Хитой, 16 фоизи Ҳиндистон, 2,5 фоизи Ўзбекистон, қолган қисми бошқа мамлакатлар ҳиссасига тўғри келади.

    Мутахасисларнинг таҳлилларига кўра, соҳадаги даромаднинг асосий қисмини хомашё етиштирувчилар эмас, тайёр маҳсулот ишлаб чиқарганлар олади. Чунки, жаҳон бозорида бир килограмм ипакнинг баҳоси 38 — 40 АҚШ долларига тенг. Агар у калава қилинса, нархи 55 долларгача ортади. Ундан мато тўқиб, кийим-кечак тикиб сотилса, даромад 3 баробар кўпаяди. Ваҳолонки, ипак калавасининг ҳар бир килограммидан 11 метргача мато тўқилади. Кейинги пайтда ипакдан гилам тўқишга талаб ортиб боряпти. Масалан, битта гилам тўқиш учун ўртача 10 килограмм ипак калаваси керак. Шу ҳисобда, ипак ип учун 500 — 600 доллар атрофида маблағ сарфланади. Гилам тайёр бўлгач, унинг баҳоси 10 маротаба ошиб кетади.

    Дунѐ миқѐсида юқори метрик номерга (ингичка) эга ипак толаси берадиган пилла маҳсулотига талаб йил сайин ортиб бормоқда. Ушбу толалардан нафис ипак матолари, жарроҳлик иплари ва электроника, авиация ҳамда денгиз флотида фойдаланиладиган товарлар ҳамда халқ хўжалигининг турли тармоқлари учун зарур маҳсулотлар ишлаб чиқарилади.

    Имконият яратаётган имтиёзлар

    Юртимизда ипакчилик ҳам бошқа соҳалар каби турли даврларда гоҳ гуркираган, гоҳ таназзулга юз тутган. Тармоқ яқин ўтмишда ҳам бир қатор муаммоларни ўз бошидан ўтказди. Шу боис ипакчилика эътибор пасайиб, аҳоли орасида ипак қурти парваришлашга иштиёқ сусайди. Оқибатда пилла етиштириш, уни чуқур қайта ишлаш ва экспорт қилиш кўрсаткичлари кескин тушиб кетди. Жумладан, 2017 йилга келиб 13 минг тонна пилла хомашёси етиштирилди.

    Президентимизнинг 2017 йил 29 мартдаги қарори соҳага ҳаётбахш куч ато этганлиги кейинги йилларда яққол намоён бўлди. Унга мувофиқ, тармоқни ривожлантириш ва муаммоларини ҳал этишга масъул бўлган “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси ташкил этилди. 210 га яқин корхона ҳамда ташкилотларбирлаштирилиб, 13та ҳудудий ва 144 та туман “Агропилла” МЧЖлари фаолияти йўлга қўйилди. Шу билан бирга, 46 та пиллани қайта ишлаш ҳамда ипак газламалар ва тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш корхоналари, 22 та тут уруғи ва кўчатлари етиштириш хўжаликлари уюшма таркибига киритилди.

    — Дунё тажрибасидан маълумки, пилла етиштириш ўзига хос фаолият тури бўлиб, унда муваффақиятга эришиш ишни тизимли йўлга қўйишга боғлиқ, — дейди Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитаси раиси Баҳром Шарипов. — Янги тузилманинг ташкил этилиши ипакчилик ва пиллачилик соҳасида янгича ёндашувлар, жаҳон талабларига мос янгиланишларни амалга оширишга замин яратди.

    Президентимизнинг 2017 йил 29 мартдаги қарорида пиллачилик соҳаси корхоналарини молиявий қўллаб-қувватлаш, модернизация қилиш, озуқа базасини ва пилла етиштиришни кўпайтириш, уни қайта ишлаш ҳамда тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенг йўлга қўйиш мақсадида 2023 йил 1 январгача корхоналар ягона солиқ, ягона ижтимоий тўлов ва божхона тўловларидан, касаначиларнинг жисмоний шахсларга ҳисобланадиган даромад солиғидан озод қилинди. Пилла боқувчилар ва касаначиларнинг пилла мавсумидаги даврда бажарган ишлари уларга пенсия таъминлашда бир йиллик иш стажи деб ҳисобланиши алоҳида белгилаб қўйилди.

    Ушбу имтиёзлар бир томондан пиллачилик соҳаси, ипак қурти уруғи ва пилла етиштирувчилар, иккинчи томондан пиллани қайта ишлаш ва тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш саноати учун катта имконият, қулайликлар яратиб берди. Пилла етиштириш билан банд аҳолининг моддий манфаатдорлиги кучайди.

    Президентимизнинг жорий йил 24 февралдаги “Ипакчилик тармоғини янада ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан солиқ ва божхона тўловларига оид имтиёзларнинг амал қилиш муддати 2026 йил 1 январгача узайтирилди.

    Хонадонларда пилла етиштирувчи жисмоний шахсларга ҳар йили етиштириладиган пилла (ҳўл пилла) ҳосилининг бир килограмми учун 5 минг сўм миқдорида республика бюджети ҳисобидан ажратиладиган субсидия бекор қилинди. Янги тартибга кўра, 2023 йил 1 мартдан бошлаб 2026 йил 1 январга қадар пиллани қайта ишлаш ва пилла қурти уруғини ишлаб чиқарувчи корхоналарга улар томонидан бевосита пилла боқувчиларга етказиб берилган ҳар бир қути ипак қурти уруғи учун 120 минг сўм миқдорида республика бюджети ҳисобидан субсидия ажратилади.

    2023 йил 1 апрелдан “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси таркибидаги корхоналар томонидан ўзлари ишлаб чиқарган ипак маҳсулотларини экспорт қилиш операциялари бўйича муддати ўтказиб юборилган дебитор қарздорлик ҳосил бўлишини ҳисоблашнинг ягона муддати божхона юк декларацияси расмийлаштирилган санадан 360 кун этиб белгиланди. Жорий йилнинг 1 мартидан хом ипакни экспорт қилиш тартиби соддалаштирилди.

    Ипакчилик илмий-тадқиқот институти ва Ўзбекистон табиий толалар илмий-тадқиқот институти Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитасига амалдаги молиялаштириш тартибини сақлаб қолган ҳолда ўтказилиши белгиланди.

    Умуман олганда, охирги беш йилда Президентимизнинг ўндан ортиқ фармон ва қарорлари қабул қилинди. Бугун мазкур ислоҳотлар ўзбек миллий ипак маҳсулотларининг жаҳон бозорларига чиқиши ва соҳада ишлаб чиқариш ҳажмининг ортишига хизмат қилмоқда.

    Йилига тўрт марта ҳосил, инновацион пиллахоналар

    Азалий анъанага кўра, ҳар йилги эл хирмони, энг авало, “кумуш тола” билан тўлади. Тўғри, кейинги пайтда пиллакорларимизнинг хорижий тажриба ва инновацион технологияларга таянган ҳолда, йил давомида уч-тўрт марта хирмон кўтариши одат тусига кириб қолди. Хусусан, жорий йилда тўрт мавсум давомида 510 минг қути ипак қурти парваришланиб, 28,3 минг тонна пилла хомашёси етиштирилиши кўзда тутилган. Бу рақамни 2017 йилда етиштирилган 13 мин тонна пилла ҳосили билан таққослайдиган бўлсак, кейинги беш йилда ўсиш 2,2 баробарга тенг бўлаётнини кўрсатади. Янгиликни амалиётда қўллаш учун катта маблағ сарфланмади, — дейди Баҳром Шарипов. — Ўтган йиллари уч марта,айни кезда тўрт мартадан “кумуш тола” етиштиряпмиз. Оддий ҳамда пухта ҳисоб-китоблар асосига қурилган лойиҳалар реал ҳаётга татбиқ этиляпти. Шу билан бирга, хориж тажрибаси чуқур ўрганилиб, инновацион ғоя ва технологиялар кенг жорий этила бошланди. Шу маънода, иннавацион пиллахоналар янгича иш тарзимизнинг дастлабки меваси бўлди.

    Ишлаб чиқилган “йўл харитаси”га биноан, ҳар беш гектар тутзорда биттадан инновацион пилла етиштириш маскани барпо этиляпти. Бунда республикамиздаги мавжуд 54,8 минг гектар тутзорлар “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси тизим ташкилотлари тасарруфига ўтказилгани айни муддао бўлди. Янги пиллахоналарда ипак қурти Хитой технологияси асосида плёнка остида парваришланаётгани боис озуқа сарфи 30 фоизгача камаяди. Ҳудудлар табиий-иқлим шароити инобатга олинган ҳолда, уларнинг иморати тўлиқ маҳаллий хомашёдан қурилиши, баҳорда иссиқ, ёзда салқин бўлиши ҳисобига энергия ресурслари сарфи ўта кам. Соҳага Президентимизнинг эътибори боис бугун эски пиллахоналар ўрнида замонавий ипакчилик кластерлари ташкил этилди ва қисқа даврда уларнинг сони 75 тага етди. Агар янада аниқроқ айтадиган бўлсак, 2017 йилда бундай корхоналар сони, мамлакатимиз бўйича 19 та эди ва 30 фоиз қувват билан ишларди. Эндиликда эски, ташландиқ бинолар “ноль” харид қийматида тадбиркорларга берилди. Бунинг ортидан минглаб иш ўринлари яратилди. Тизимда аҳоли бандлигини таъминлашга эътибор қаратадиган бўлсак, ўтган йили 1 миллион 161 минг нафар аҳолининг бандлиги таъминланди.

    — Тадқиқотларга кўра, 1 қути ипак қуртини парваришлаш учун тахминан 0,25 га тутзор талаб этилади, — дейди Ипакчилик илмий-тадқиқот институти директори Шуҳрат Абдулазизов. — 2022 йилнинг ўзида ипак қурти озуқа базасини ривожлантириш мақсадида 122,7 миллион туп тут кўчати экилди. Хусусан, Андижонда ташкил этилган “In Vitro” лабораториялари орқали маҳаллий олимларимиз томонидан 18 турдаги ноёб тут навларини кўпайтириш ва йилига 6,5 миллион туп тут кўчатини етиштириш имконияти юзага келди.Бинобарин, Ипакчилик илмий-тадқиқот институти томонидан дунёнинг 16 та мамлакатидан келтирилган тутнинг 240 та нави, шакл ва тизимларидан иборат тут коллекцияси ташкил этилди. Мазкур навлар иштирокида 100 дан ортиқ янги тут навлари ва дурагайлари яратилди.

    Институтимизда дунёнинг турли иқлим шароитларига эга давлатлардан 120 дан ортиқ ипак қурти зотлари олиб келиниб, уларнинг генофондини кенгайтириш ва келажак авлодга етказиш ишлари ҳам олиб борилмоқда. Ушбу зотлар иштирокида селекция ишларининг йўлга қўйилиши натижасида 10 дан ортиқ янги ипак қурти зот ва дурагайлари пайдо бўлди

    Озуқа базасининг мустаҳкамланиши ва кенгайиши, пилла етиштириш мажмуаларининг бевосита тутзорлар яқинида барпо этилиши, 2 баробар кўп ҳосил берадиган тут кўчатларининг олиб келиниши пилла етиштириш ҳажмларини 2026 йилга бориб 35 минг тоннага ошириш ҳамда юқори қўшимча қийматга эга маҳсулотлар, шу жумладан, шойи газламалар ва тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришга хизмат қилади.

    Ўтган йили юртимизда 26,7 минг тонна пилла хомашёси етиштирилиб, белгиланган прогноз кўрсаткичлари 111 фоизга бажарилди. Умуман олганда, 2 триллион сўмликдан зиёд маҳсулот тайёрланиб, қарийб 110 миллион долларлик экспорт қилинди. Ҳолбуки, бу миқдор 2018 йилда 51 миллион доллар атрофида эди.

    Ҳудудлар кесимида оладиган бўлсак, Андижон, Бухоро, Сурхондарё, Самарқанд вилояти пиллакорлари каби фарғоналик “кумуш тола” етиштирувчи ва ишлаб чиқарувчиларининг фаолиятида ҳам ибратга молик ишлар эътиборни тортади.

    Салмоқ ва сифат уйғунлиги қандай натижа беряпти?

    Ўтган мавсумда Фарғоналик пиллакорлар 2 240,7 тонна тирик пилла хосили териб олди. Бу аввалги йилларга таққосланганда 122 тонна кўп.

    Вилоятда ”Ҳар бир хонадонга бир қути” тамойили асосида 39168 қути қути ипак қурти уруғлари тарқатилди. Бу аҳоли бандлигини таъминлаш, даромад кўламини ошириш имкониятини берди. Чунки, ипак қурти парвариши билан шуғулланган оилалар меҳнатига яраша даромад олиш билан бирга, бир йиллик меҳнат стажига эга бўлмоқда. Натижада қайта ишлаш корхоналари узлуксиз хом ашё билан таъминланмоқда, маҳсулот ишлаб чиқариш ва экспорт ҳажми муттасил ўсиб бориб, янги иш ўринлари яратиляпти. Масалан, ўтган йилда 96 минг 942 нафар ишсиз аҳоли пилла етиштириш, қайта ишлаш жараёнларига жалб қилинган. Жорий йилда бу миқдор салмоғи 100 минг 820 нафарга етказиш чоралари белгиланган.

    Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, ўтган йилда 6 та пиллачилик корхонаси томонидан қайта ишланган 9 млн. АҚШ доллари миқдорида ипак ва ипакли маҳсулотлар экспорт қилинди. Бу 2017 йилга нисбатан қарийб 4 баробарга кўп.

    — Президентимизнинг 2020 йил 17 январдаги “Пиллачилик тармоғида ипак қурти озуқа базасини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги" қарори ипак қурти озуқа базасини мустаҳкамлаш, салмоғини ошириш имкониятини берди, — дейди вилоят “Агропилла” МЧЖ бош аграноми Фаррух Муҳамадалиев. — Вилоятимизда 3692 гектар тутзорлар мавжуд бўлиб, ҳозирги кунда 279 гектар эскирган тутзорларни режа асосида қайтадан реконструкция қилиш ишлари олиб бориляпти. Қисқа даврда 558,5 минг дона тут кўчатлари экилди. Фарғона туманидаги “Водил ипак йигирув” шўба корхонасининг ёрдамчи тутчилик хўжалигида 5 миллион тупдан зиёд кам сув талаб қиладиган серҳосил “Саниш” навли тут кўчатлари етиштириш йўлга қўйилди.

    Мавжуд тут майдонлари 14771 нафар аҳолига 4 мавсум ипак курти боқиб, пилла етиштириш, тутзор катор орасидан иккиламчи фойдадаланиш оркали даромадларини янада ошириш учун оилавий пудрат шартномаси асосида бириктириб берилмоқда.

    — Пиллачилик сердаромад соҳа, меҳнат қилган одам барака топади, —дейди пиллакор Хайрулла Тешабоев. — Фарғона туман “Агропилла” маъсулияти чекланган жамияти билан оилавий пудрат асосида иш олиб борамиз. Ўтган йили баҳорги мавсумда 3 қути ипак қуртидан 280 килограммдан ошириб ҳосил териб олдик. Даромад миқдори 7 миллион сўмдан ошди. Ундан ташқари, ҳар бир килограмм пила учун 5 минг сўмдан субсидия олдик. Уйимизга яқин ҳудудда 1 гектар майдонда тут плантациялари ташкил қилганмиз. Кўчатлар оралиғига рўзғоримиз учун керакли бўлган сабзавот экинлари экиб даромад оляпмиз. Эндиликда шу ернинг ўзида ипак қурти парваришлашга ихтисослашган енгил типдаги кўчма қуртхона қурдик. Энди ортиқча овворагарчилик ва сарф-ҳаражатларсиз мўл ва сифатли ҳосил етиштириш имкониятини бермоқда.

    Пиллани чуқур қайта ишлаш лойиҳаларини ва модернизация тадбирларини амалга ошириш мақсадида 9 та истиқболли лойиҳалар учун 2 миллион 560 минг. АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритилди. Натижада хом ипак, ипк момиғи, ипак мато ишлаб чиқариш 2021 йилга нибатана 1, 5 баробарга кўпайди. 340 дона ипак гиламлари тайёрланди. Бу ўтган йилган нисбатан беш баробар кўп.

    Энг сифатли ипак қурти уруғи етиштириш соҳасида Фарғона вилояти ва Вьетнам давлати корхоналари ўртасида ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилган бўлиб, наслли ипак қурти зотларини янгилаб бориш доимий эътиборда.

    — Янги келишувларга эришиш учун жорий йилнинг январь ойида Вьетнам давлатида бўлдик, — дейди Фарғона вилояти “Агро Пилла” МЧЖ бошқаруви раиси Мақсуджон Қосимов. — Мамлакатнинг Далат шаҳрида наслли ипак қурти етиштириш тажрибаси ўрганилди. Бу ерда ипак қурти уруғини бир оила шаклида кўпайтириш усулидан самарали фойдаланилади. Вьетнам давлатининг иқлими мўътадил, иссиқ бўлгани учун йилига 10 мартагача ипак қурти боқиб, жуда катта миқдорда муҳим саноат хом ашёси — ҳўл пилла олиш имконияти мавжуд. Шу боис ипак қуртининг ушбу давлатда кенг тарқалган “Вьетнам” зотини вилоятимизга олиб келиб, Фарғона “Пилла наслчилик” МЧЖ лабораториясида кўпайтириш бўйича янги келишувларга эришилди.

    Яқин истиқбол режалари

    Жорий йилда мамлакатимизда тўрт мавсум давомида 510 минг қути ипак қурти парваришланиб, 28,3 минг тонна хомашёси етиштирилиши кўзда тутилган. Шундан 3,1 триллион сўмлик ипак маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. Ўзбекистон бугунги кунда дунёдаги жуда кўплаб давлатларга ипак маҳсулотларини экспорт қилмоқда, жумладан, Хитой, Ҳиндистон, Вьетнам, Франция, Италия, Австрия ва АҚШ каби 30 дан ортиқ давлатларга пиллачилик маҳсулотлари етказиб берилмоқда.

    —Айни кунларда вилоят ва туман “Агропилла” МЧЖ ҳамда пиллани қайта ишлаш корхоналари томонидан баҳорги пилла етиштириш мавсумларига тайёргарлик ишлари давом этмоқда, — дейди Баҳром Шарипов. — Озуқа базасини мустаҳкамлаш мақсадида тут кўчатлари экилмоқда. Режага кўра, бу йил уларнинг сони 122 миллион 680 минг тупга кўпаяди. Корхоналарда ипак маҳсулотларини ишлаб чиқариш жараёнлари ҳамда маҳсулотларни экспортга йўналтириш ишлари олиб борилмоқда.

    Эндиликда Хитойдан 10 дан ортиқ мутахассислар жалб қилиниб, улар ипак қуртини парваришлаш ва унинг ҳосилдорлигини ошириш ишларида иштирок этади. Ипакчилик илмий-тадқиқот институтининг олимлари билан биргаликда ипак қуртининг янги зотларини яратади. Жорий йил парвариш қилинадиган ипак қурти уруғларининг 50 фоизга яқини маҳаллий ипак қурти уруғчилик корхоналарида тайёрланиши ва қолган қисми импорт қилиниши режалаштирилмоқда. Бу борада “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси уруғчилик йўналишида Хитой Халқ Республикасидаги 3 та йирик корхона билан ҳамкорлик қилади.

    Президентининг2022йил 28 декабрдаги қарорига асосан, умумий қиймати 35,4 миллион долларлик 16 та янги лойиҳалар ишга туширилиши мўлжалланмоқда. Бу ва режалаштирилаётган бошқа лойиҳаларнинг ижроси натижасида Соҳада 1 мимллион 175,8 минг нафар аҳолининг бандлиги таъминланади.

    Пилла — она табиат томонидан инъом этилган мўъжиза. Бир қараганда, оддий ишдек кўринган юмушлар кишидан сабр-бардош, ҳалол ва машаққали меҳнатни, табиийки, халқаро мезонлар асосида ишлашни талаб этади. Бу, ўз навбатида, машҳур қўшиқда куйланганидек, ипакларни зарри тиллога айлантиради.

    Абдурауф ҚОРЖОВОВ,

    Расулжон КАМОЛОВ,

    “Янги Ўзбекистон” мухбирлари

    No date selected
    ноябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates