Бугунги кунда Ўзбекистон фаол, прагматик ва кўп томонлама ташқи сиёсат юритмоқда. Мамлакатимиз ташқи сиёсий фаолиятининг муҳим йўналиши бу унинг яқин атрофдаги давлатлари, шунингдек, кўп томонлама институтлар - МДҲ, ШҲТ, ЕОИИ, ТДТ билан ҳамкорлик қилишдир. Уларнинг ичида Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти ҳам алоҳида ўринга эга.
Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти 1985 йилда Теҳронда (Эрон) ташкил этилган минтақавий давлатлараро ташкилотдир. Унинг мақсади Жанубий Осиё, Марказий Осиё ва Яқин Шарқ мамлакатлари ўртасида савдо ва сармоявий алоқаларини кенгайтириш. ИҲТ Бирлашган миллатлар ташкилоти ва Ислом ҳамкорлик ташкилотида кузатувчи мақомига эга.
ИҲТ ҳамкорлигининг асосий йўналишлари ҳар икки йилда бир марта ўтказиладиган аъзо давлатлар раҳбарларининг саммитларида белгиланади.
Маълумот учун. Бугунги кунда ИҲТга ўнта давлат – Озарбойжон, Афғонистон, Эрон, Қозоғистон, Қирғизистон, Покистон, Тожикистон, Туркманистон, Туркия ва Ўзбекистон аъзо бўлиб кирган.
Ўзбекистон ИҲТга 1992 йил 28 ноябрда аъзо бўлди. Ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий ва сармоявий алоқаларни кенгайтириш, жаҳон бозорида рақобатбардошликни ошириш, хорижий шериклар билан саноат кооперациясини чуқурлаштириш, минтақада транспорт йўлакларини ривожлантириш, улардан самарали фойдаланиш ва янгиларини яратиш Ўзбекистон ва хорижий шериклар ўртасидаги халқаро ҳамкорликнинг энг муҳим йўналишларидандир.
Маълумот учун: 2022 йил якуни бўйича Ўзбекистон ва ИҲТ давлатлари ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 12,3 миллиард долларни ташкил этди, бу 2017 йилга нисбатан 2 баробар кўпдир.
Ўзбекистон ИҲТ саммитларида мунтазам иштирок этиб келади. Жумладан, давлат раҳбари даражасида 7 марта (1993, 1996, 1997, 1998, 2000 ва 2021 йилларда), Олий Кенгаш, Олий Мажлис ва Олий Мажлис Сенати Раиси даражасида – 7 марта, Бош вазир ўринбосари даражасида – 2 марта (1995 ва 2017), Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчиси даражасида – 1 марта (2010) ИҲТ мажлисларида қатнашган.
2021 йил 4 март куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Туркия раислигида видеоконференсия шаклида бўлиб ўтган ИҲТ 14 саммитида иштирок этди ва нутқ сўзлади.
2021 йил 28 ноябр куни Ўзбекистон Республикаси Президенти ИҲТ 15 саммитида иштирок этди. Саммит якунлари бўйича ИҲТга раислик илк маротаба Ўзбекистонга ўтди.
2022 йил 17-26 январ кунлари бўлиб ўтган ИҲТ Ҳудудий режалаштириш кенгашининг йиғилишида Ўзбекистон ташаббуси билан 2022 йил “Ўзаро алоқаларни мустаҳкамлаш йили” деб эълон қилинди.