Иқтисодиётимиз драйвери

    Қатиқ солинган косани тескари тутса ҳам тўкилмайди. Қандай қилиб?

    Жорий йил 29 март куни Президентимиз раҳбарлигида туризм салоҳиятини ривожлантириш юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида хорижий сайёҳларнинг Ўзбекистонда бир кун кўпроқ қолиши йиллик туризм экспорт ҳажмини 300 миллион долларга ошириш имкони мавжудлиги, туризм соҳасига берилаётган имтиёзлардан самарали фойдаланиш зарурлиги таъкидлаб ўтилган эди. Айни пайтда Навоий вилоятида ҳам 3 та туман ва 20 та маҳалла туризмга ихтисослаштирилиб, уларда алоҳида солиқ тартиби жорий қилинди. Вилоятга бириктирилган Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти билан ҳамкорликда Хатирчи, Нурота ва Қизилтепа туманларининг туристик салоҳиятини ошириш бўйича 2023 йилда ҳамкорликдаги режалар ишлаб чиқилиб, бугунги кунда ҳаётга татбиқ этилмоқда. Жараёнда институт илмий ходимлари ҳудуднинг туризм объектлари тарихини ўрганиб, мавжуд контентни бойитиш мақсадида илмий хулосалар тайёрламоқда. Бунинг натижасида туризмга ихтисослашган туман ва маҳаллалар тарихи, ёдгорликлари ва контенти яратилади ҳамда улар асосида камида 12 та тилда туризм пакетлари ишлаб чиқилади. Шунингдек, хорижий тиллар йўналишларида ўқиётган талабаларнинг камида 2 ойлик амалиёти ушбу туманларда ташкил этилади ва туризм хизмат кўрсатиш инфратузилмаси ходимларининг малакаси оширилади, малакали гид-экскурсоводлар тайёрлаш йўлга қўйилади.

    – Вилоятда туризм соҳасини янада ривожлантириш учун барча имкониятлар мавжуд, – дейди Самарқанд Иқтисодиёт ва сервис институти илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори Дилбар Аслонова. – Илмий ўрганишлар хулосалари асосида туризм объектларининг жозибадорлигини бунданда ошириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилади. Ўйлайманки, бу ҳамкорлигимиз ўзининг юксак самарасини бериб, вилоятга келувчи сайёҳлар оқими янада кўпаяди.

    Қизилтепа тумани туризм салоҳияти ва бу борадаги имкониятлари алоҳида эътирофга лойиқ. Бир томондан, Маликчўл саҳросига, иккинчи тарафдан, Бухоро вилоятига туташ бу замин азалдан меҳнаткаш халқи, ишбилармон инсонлари билан вилоятда ўз ўрнига эга бўлиб келган. Биргина Зармитан қатиғининг довруғини эшитмаган киши бўлмаса керак. У ўзининг шифобахшлиги ва тайёрланиш услуби билан бетакрор. Қизиқарли жиҳати, бу ерда тайёрланадиган қатиқ солинган косани тескари тутса ҳам тўкилмайди. Туманга келган инсон борки, бу қатиқдан тотмай ортга қайтмайди. Бу, ўз навбатида, ҳудудда гастрономик туризм ривожида ҳам муҳим аҳамиятга эга. Ҳозирда М-37 магистрал йўлида ташкил қилинган сотув пунктида Зармитан қатиғидан татиб кўрган сайёҳларда унинг тайёрланиш жараёнини кўриш истаги ҳам пайдо бўлиши табиий ҳол.

    Туманнинг туризм салоҳияти ҳақида гап кетганда, Тўдакўл сув ҳавзаси алоҳида тилга олинади. Бу ерда барча қулайликларга эга дам олиш масканлари ташкил этилиб, пляж туризми йўлга қўйилган. Соҳил бўйида барпо этилган пляж дам олиш соғломлаштириш маскани ва аквапаркнинг умумий қиймати 6 миллион доллар. Очиқ осмон остида ўтказиладиган қизиқарли концерт ва шоу дастурлар меҳмонларнинг мароқли дам олиши учун хизмат қилади.

    Ўтган йили соҳил атрофида бир вақтнинг ўзида 2500 сайёҳга хизмат кўрсатадиган дам олиш маскани ташкил этилган эди. Туризм соҳасида берилаётган имтиёзлар ҳисобига бу ерда янги пляж, туризм зоналари, 2 та дам олиш маскани, 10 та оилавий меҳмон уйли ҳамда 15 турдаги туризм хизматлари ташкил этилди. Хорижий сайёҳлар оқими 2022 йилда 2 баробар ошди, маҳаллий ва чет эллик 42 минг сайёҳ ташрифи кузатилди.

    Бундан ташқари, Тўдакўл балиқларини овлаш ва ундан мазали таомлар тайёрлаш жараёни, таомларнинг ўзига хос мазаси сайёҳлар учун қизиқарли жиҳатлардан ҳисобланади.

    — Туманимизда туризм соҳасида имкониятлар кенг ва айни вақтда улардан самарали фойдаланиш бўйича тизимли ишлар олиб бормоқдамиз, – дейди Қизилтепа тумани ҳокими ўринбосари Муроджон Ғиёсов. — Туризм йўналишларининг ҳар бири бўйича ривожлантириш режаси ишлаб чиқилган. Зиёрат ва экотуризм бўйича амалий ишлар бошлаб юборилган. Қолаверса, М-37 йўлининг 22 километр қисми туманимиз ҳудудидан ўтгани ҳам туризмни янада ривожлантириш учун қўшимча имкониятлар беради.

    Туманда зиёрат туризми борасида ҳам ўзига хос масканлар мавжуд бўлиб, XVI асрга тегишли Тошмасжид ҳамда Боязид Бастомий зиёратгоҳлари йил давомида сайёҳлар билан гавжум. Бугунги кунда нафақат маҳаллий, шу билан бирга хорижий сайёҳларни ҳам ўзига жалб этиб келаётган Тошмасжид меъморий ёдгорлиги ва минораси 1583–1585 йилларда Абдуллахон даврида барпо этилган. У ўша даврларда Бухоройи шарифда катта нуфузга эга бўлган жуйборийлар вакили бўлмиш Хўжа Сайид Жуйборий ҳомийлигида тикланган. Умумий ҳажми 27х24 метрдан иборат бўлиб, баландлиги 18 метрга етадиган иморат Марказий Осиёда пишиқ ғиштдан ишланган устун-гумбазли маҳобатли иншоотлар ривожининг чўққиси даражасига етган, дея эътироф этилган. Тошмасжид ҳовлисидаги Ванғози минораси ҳам шундай услубдаги иншоотлардан бетакрори ҳисобланади. Унинг баландлиги 27,5 метр. Минора тепасига тут ёғочидан ишланган 56 та айланма ички зиналардан чиқиш мумкин. Пастки қисмининг айланаси 8 метр бўлиб, пишиқ ғишт ва ганч аралашмасидан ишланган. Баъзи тахминларга кўра, миноранинг ёши янада қадимийроқ бўлиши керак. Обида олдида катта йўл бўлиб, маҳаллий аҳоли уни “Амир йўли” деб атаган. Чунки, қадимда Бухоро амирлари Карманага айнан шу ердан ўтгани манбаларда келтирилади ва шу жиҳатлари билан ҳам бугун мазкур зиёратгоҳ кўплаб сайёҳларни ўзига жалб этиб келади.

    Айни вақтда Қизилтепа туманида зиёрат туризмини янада ривожлантириш учун 5 та маҳалладаги 16 та маданий мерос объекти тўлиқ хатловдан ўтказилди ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Туризм турларини ривожлантириш мақсадида ҳудудларда тоғ, кўл, булоқ, чўлдан иборат 8 та жой рўйхати шакллантирилиб, ушбу ҳудудларда 5 та экотуризм субъекти фаолияти йўлга қўйилди.

    Бугунги кунда туман маҳаллаларида тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган уй устахоналари сони 12 тани ташкил этади. Шу кунга қадар солиқ имтиёзи жорий қилинган маҳаллаларда 1 та оилавий меҳмон уйи, 3 та дам олиш маскани, 1 та хостел, 1 та ўтовли лагер фаолияти йўлга қўйилган. Сайёҳлар учун миллий таомлар тайёрловчи 2 та гастрономик хонадон фаолияти ташкил этилиши натижасида эса хотин-қизлар бандлиги таъминланди. Шунингдек, 11 та умумий овқатланиш шохобчаси фаолияти йўлга қўйилиб, маҳаллий ва хорижий сайёҳларга хизмат кўрсатувчи 63 та савдо пункти ташкил этилди. Қўшимча хизматлар сонини ошириш мақсадида эса сайёҳлар учун қадимий уй ва қадимий буюмлар сақланувчи 2 та уй музейи фаолияти йўлга қўйилди. Туризм маҳаллаларидаги 12 та объект туризм йўналишига киритилди. Олис ҳудуларда туризмни ривожлантириш мақсадида 3 та ов объекти ҳамда 20 та пляж туризми ҳудудлари ташкил этилди. 8 та зиёрат туризми объектида ободонлаштириш ишлари амалга оширилди.

    2023 йил якунига қадар Қизилтепа туманига 6 минг хорижлик ва 73 минг маҳаллий сайёҳларни жалб қилиш режалаштирилган. Бу борада вилоятдан ташқари қўшни Самарқанд ва Бухоро вилоятларидаги туркомпаниялар билан сайёҳларни кўпроқ жалб қилиш бўйича ҳамкорлик йўлга қўйилди.

    Вилоятнинг зиёрат туризми ривожида Нурота туманидаги “Чашма” зиёратгоҳи алоҳида эътирофга молик. Нур чашмаси табиатнинг ноёб туҳфаси бўлиб, унинг қачон ва қандай пайдо бўлгани номаълум. Маълумотларга кўра, бу мўъжиза мураккаб табиий жараёнлар натижасида пайдо бўлган. Aрхеолог олимлар ўша ҳудуддаги қалъа теварагида учратган топилмалар бу манзилда юқори палеолит даврида ҳам одамлар яшаганини дарак беради.

    Мутахассислар фикрича, чашма суви тоғ тошлари орасидан сизиб ўтиб, турли кимёвий бирикмаларни, тоғ жинсларидаги ҳар хил элементларни эритиб, ўзи билан бирга олиб келади. Юқори минереллашган сув ер юзига чашма бўлиб отилиб чиқади. Денгиз сатҳидан 524 метр баландликда жойлашган чашма суви хуштаъм, ҳидсиз, рангсиз, юмшоқ, ширин бўлиб, таркибида 20 хил микроэлемент борлиги аниқланган. Ҳарорати эса қишин-ёзин бир хил туради. Чашмадаги балиқлар табиатнинг бетакрор мўжизаси бўлиб, маҳаллий аҳоли ҳам, саёҳатчилар ҳам уларга умуман озор етказмайди.

    Зиёртгоҳда жойлашган “Чилустун” жомеъ масжиди тарихи Х асрга бориб тақалади. Унинг ўзига хос жиҳатларидан бири шундан иборатки, масжидда қадимда ишлатилган қуёш соатининг ўрни бор ва қадимги акс-садо берувчи овоз кучайтиргичлар кейинги таъмирлаш жараёнида сақлаб қолинган. Масжид 20х30 ўлчамли бўлиб, Нурота ёғоч ўймакорлиги услублари қўлланилган.

    Вилоят туризм салоҳиятида Сармишсой дараси муҳим ўрин тутади. Бу қадимий маскан Ўзбекистондаги энг йирик ва энг кўп ўрганилаётган ҳудуд ҳисобланади. Қоятошларга ўйиб ишланган 10 мингга яқин сурат ва композиция мавжуд. Петроглифларнинг аксарияти бронза даврига тегишли. Шунингдек, улар орасида энеолит, неолит ва ҳатто мезолит даврининг охирлари, Сако-Скиф даврига тегишли бир қанча тасвирий сурат мавжуд. Тошларга ўйиб ишланган расмларнинг барчасини бир қарашда илғаб олиш мушкул. Тонгда, тушлик вақти ва қуёш ботаётганидагина кўринадиган тасвирлар бор. Баъзи тасвирлар фақат ёмғирли кунда кўзга ташланиши янада ажабланарли. Қоятошларга ўйиб ишланган расмлар олимлар ўтказган тадқиқот натижаларига кўра, бундан қарийб 5–7 минг йил илгари бу ерда уй ҳайвонларини хонакилаштириб, ўтроқ яшаган аҳоли томонидан чизилгани аниқланган. Айни вақтда ушбу маълумотлар тизимлаштирилиб, хорижлик туристларни жалб қилиш мақсадида турли тилларда электрон контентлар яратилмоқда.

    Сармишсой ҳудуди дунёдаги энг катта тош “Санъат галереяси” сифатида ҳам танилган. Ўзига хос галереянинг майдони 20 квадрат-километр бўлиб, бу ерда қадимги дунё ва ўрта асрлар тарихи ёдгорликларининг маданий-тарихий мажмуаси сақланиб қолган. Бугунги кунда дарада 6 та коттеж, 13 ўтовли “Сармишсой” дам олиш маскани бир ойда ўртача 2000–3000 нафар маҳаллий, 1000–1500 нафар хорижий сайёҳни қабул қилиш имкониятига эга.

    Вилоятнинг туристик салоҳиятини ривожлантириш мақсадида сайёҳлик соҳаси билан шуғулланадиган компаниялар сони 27 тага етказилди, саёҳатларни ташкил этишда 69 та замонавий транспорт воситасидан фойдаланилган ҳолда 40 дан ортиқ йўналиш бўйича саёҳатлар ташкил этиляпти. Жумладан, экоткуризм бўйича 8 та, зиёрат туризмида 7 та, агротуризм бўйича 5 та янги йўналиш ишлаб чиқилди.

    Навоий вилояти Самарқанд ва Бухоро вилоятлари ўртасида жойлашгани сабабли қарийб 340 километр масофада 60 та объектдан иборат 14 та туризм йўналишини ўз ичига олган “Навоий туризм ҳалқаси” ташкил қилинди. Туризм халқаси вилоятнинг Хатирчи, Нурота, Навбаҳор, Кармана, Қизилтепа туманларини қамраб олган.

    Кўриниб турибдики, Навоийда туризм соҳасини ривожлантириш борасида янги имкониятлар ишга солинмоқда. Бунинг натижасида иш ўринлари кўпаймоқда. Сайёҳлар учун хизматлар тури ошгани сайин молиявий даромад ортиб, аҳолининг фаровонлиги ошмоқда.

    Ғолиб АБДУСАЛОМОВ,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    No date selected
    октябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates