Тошкент телеминораси: 40 йиллик тарих ва пойтахтнинг энг баланд гавҳари

    Туризм ишқибозларини нафақат замонавий масканлар, балки пойтахтдаги маданий обидалар ҳам қизиқтиради. Айниқса, сайёҳларнинг аксари Юнусобод туманидаги Тошкент телеминорасини кўрмай қайтмайди.

    Тошкент шаҳри сайёҳлар энг кўп ташриф буюрадиган пойтахтлардан бирига айланиб бормоқда. Кейинги йиллардақурилаётган замонавий бинолар, дам олиш ва савдо марказларижаҳоннинг ривожланган мамлакатларидаги манзиллардан қолишмайди. Шу боис, шаҳримиз доим олис-яқиндан келганмеҳмонлар билан гавжум. Туризм ишқибозларини нафақат замонавий масканлар, балки пойтахтдаги маданий обидалар ҳам қизиқтиради. Айниқса, сайёҳларнинг аксари Юнусобод туманидаги Тошкент телеминорасини кўрмай қайтмайди.

    Дунёнинг машҳур телеминоралари қаторида кўриладиган ушбу иншоот ўз даврида замонавий меъморликнинг энг илғор технологиялари асосида бунёд этилган. 1985 йил 15 январда фойдаланишга топширилган Тошкент телеминораси 2025 йилнинг шу санасида 40 ёшни қаршилайди. Орадан шунча йил ўтганига қарамай, иншоот ҳамон пойтахтимизнинг шараф ва ифтихор тимсоли бўлиб, Марказий Осиёдаги энг баланд телеминора сифатида тилга олинади.

    Тошкент шаҳри манзаралари ва гўзаллигини тўлиқ томоша қилиш учун бу минорадан баландроқ жойни топиш маҳол. Иншоот ичкарисига томон дунёнинг машҳур телеминоралари макетларидан иборат музей бўйлаб ўтиб борилади. 1990 йилда Тошкент телеминораси Жаҳон буюк миноралари жамиятига аъзо бўлган. Айни пайтда миллий обидамиз дунё телеминоралари орасида баландлиги бўйича 12-ўринни эгаллаб турибди.

    Галерея йўлаги бўйлаб телеминоранинг лифт фойесига ўтилади. Бу йўлак ҳам ўзига хос кўринишга эга бўлиб, юртимизнинг диққатга сазовор манзиллари суратлари билан безатилган. Лифт фойе қисмида эса турли мавзулардаги санъат асарларини томоша қилиш мумкин. Қатор жойлаштирилган композицияларнинг ҳар бири ўз номига эга. Масалан, байрам композициясида миллий мусиқа асбобларимиз, телеминора тасвирлари туширилган. Миноранинг асосий кузатув майдончаси 100 метр баландликда жойлашган.

    Ундан ҳам тепароқ, 110 метр баландликда эса «Коинот» ресторанининг «мовий» ва «алвон» заллари мавжуд. Ресторанларнинг айланадиган пол платформаси унинг ўзига хослигидир. Стол атрофига ўтирган меҳмонлар ҳам таомланиб, ҳам шаҳар манзарасини 360 даража айланган ҳолда томоша қилади.

    Пол ҳаракатланган нуқтасига 45 дақиқада айланиб келгунига қадар шаҳарнинг гўзал манзарасидан бир олам завқ олиш мумкин. Тошкент телеминораси пойтахтнинг рамзий обидаларидан саналади. Уни шаҳарнинг исталган нуқтасидан кўриш мумкин. Ўзига хос гўзаллиги ва савлати ҳар қандай одамнинг ҳавасини келтиради.

    Аммо бу минора фақатгина томоша майдони ёки сайёҳлик объекти эмас. Унинг янада муҳимроқ вазифаси бор – Тошкент телеминораси бунёд этилганидан буён ҳозирга қадар юртдошларимизга телеви-дение ва радиодастурларни узлуксиз ҳамда сифатли узатиб беришга хизмат қилиб келмоқда.

    Аслида, Тошкент телеминорасини қуришдан мақсад юртимизда биринчилардан бўлиб асос солинган телевидениени ривожлантириш эди. Минора қурилиши ва ишга туширилиши катта бир тарих сифатида ёдга олинади. 40 йиллик юбилей олдидан ана шу тарихга назар ташлар эканмиз, мамлакатимиз телевидениесининг тамал тоши айни шу телеминорада қўйилганига гувоҳ бўламиз.

    Теледастурларни узатувчи асосий нуқта

    ХХ асрнинг 50 йилларида Ўзбекистон ҳукумати Марказий Осиё давлатлари орасида биринчи бўлиб телевидение маркази қурилишини режалаштирди. Шу мақсадда дастлаб 1956 йили баландлиги 180 метрли телеминора қад ростлади. Ўша йилнинг 5 ноябрида Ўзбекистонда биринчи телемарказ – Тошкент телемаркази ишга туширилиб, телевидение дастурлари ушбу минорадан тарқатила бошланди. Телевидение, шубҳасиз, инсоният ҳаётидаги буюк кашфиётдир. Ушбу кашфиёт ХХ аср одамлари турмуш тарзини ўзгартирди, маънавий-маърифий ҳаётида туб бурилиш ясади. Турмушнинг рангсиз, зерикарли манзаралари ўрнини энди одамларга маънавий озуқа, эстетик завқ, рангин кайфият берадиган санъат асарлари, ижтимоий ҳаёт нафасини берувчи янгиликлар намойиши эгаллади. Унинг инсонлар ҳаётидаги ўрни ва бажарадиган вазифаси салмоғини чамалаш қийин. Ўзбек хонадонларида дунёда биринчи бўлиб экран ичида ҳаракатланаётган олам, тириклик акс этган мўъжиза туғилди. У хонадонларга изнсиз кириб, тўппа-тўғри хонанинг тўридан жой олди. Оила аъзоларини бир дастурхон атрофига жам қилди ва камига шу хонадонни забт этгани белгиси сифатида ўз «байроғи» — антеннани илиб қўйди. Шу билан у зафарли юришларини бошлади.


    ХХ асрнинг 60 йилларига келиб, телевидение Ўзбекистон халқи маданий ҳаётидан мустаҳкам ўрин эгаллади. Ўз навбатида, Тошкент шаҳри ва вилояти ҳудудида яшовчи аҳоли эҳтиёжини қондириш, яъни телевизион кўрсатувлар сонини кўпайтириш ва тоғ ортида жойлашган қишлоқларда яшовчи аҳолини телекўрсатувлар билан таъминлашда мавжуд 180 метрли телеминоранинг техник имкониятлари камлик қила бошлади. Шу сабабли баланд ва замонавий телеминора қуриш давр талаби бўлиб қолди. Ана шу ердан биз билган Тошкент телеминорасининг тарихи бошланди. Аввалига телеминора лойиҳаси ва макети тасдиқланди. Сўнг янги телеминора қурилиши учун Тошкент шаҳрининг энг баланд нуқталаридан бири бўлган Бўзсув канали бўйидан кўркам, манзарали, ўз ичига оролчани ҳам қамраб олган 6 гектар ер майдони ажратилди. Лойиҳалаштириш даврида асосий йўналиш ҳисобланган телевидение ва радиоэшиттиришдан ташқари яна қатор масалалар ҳал этилиши лозим эди. Телеминоранинг энг юқори қаватларида халқ хўжалиги учун зарур бўлган, атмосферанинг турли қатламларидаги об-ҳаво, осмон жисмлари ва қуёш радиацияси (нурланиши) тўғрисидаги муҳим маълумотларни бериб турадиган ва атроф-муҳитни кузатувчи метеостанциянинг техник воситалари ўрнатилишига эътибор қаратилди. Қолаверса, телеминора сайёҳларни жалб этадиган обидалардан бўлиши учун унда шаҳар кўркини томоша қилиш майдони ҳамда икки залдан иборат ресторан қуриш лойиҳага киритилди.

    Шу тариқа лойиҳалар тайёрланиб, режалар тузилди. 1978 йилнинг апрель ойига келиб эса қурилиш ишлари бошлаб юборилди. Бундай баландликдаги илк минорани қуриш ҳақиқий синов эди. Пойдевор қурилишининг ўзи 4 ой давом этиб, 11 минг куб метр бетон қоришмаси ва минг тонна темир арматура ишлатилди. Минора пойдеворига асосий марказ таянчи ва деталлар жойлаштирилган учта таянч оёқ ўрнатилган, унинг остида эса темир-бетон қоришмасидан иборат кучли масса жойлаштирилган. Асосий марказий таянч баландлиги бўйича беш қаватли 225 метрга тенг иккита ярусга эга. Ҳар битта ярус миллий тусдаги нақш билан безатилган жимжимали панжара билан ўралган ва бу минорага ўзига хос жозиба бериб туради. Умуман, қурилиш майдонида чинакамига ижодий муҳит ҳукм сурарди. Изланишлар орқали қурилиш жараёнида йирик элементли конструкцияларни ўрнатишнинг янги усуллари топилиб, уларга патентлик гувоҳномалари берилган ва бу усуллар ихтиро деб эътироф этилган.

    Телеминоранинг ҳажм-баландлик композициясини шакллантиришда бу масаланинг нафақат эстетик, балки иқтисодий, тиббий, психологик ва бошқа жиҳатлари ҳисобга олинди. Минора конструкцияларини темирдан тайёрлаш усули қабул қилинди, чунки бу усул сейсмик фаол ҳудудда амалга ошириладиган қурилиш талабларига бошқа усулларга қараганда тўлароқ жавоб берарди. Психологик нуқтаи назардан минорада ишловчи ходимлар ҳамда меҳмонларда баландлик ва миноранинг тебраниши оқибатидаги ноқулайлик ҳисларини йўқотиш масаласи ечимини топиш керак эди. Шунинг учун баландлиги 100-120 метр бўлган учта темир устун туташган ерда жойлашган кузатув майдончаси ва ресторан атрофи махсус ойналар билан ўралиб, унинг орқасидан ҳам қуёшдан сақланиш, ҳам хавфсизлик мақсадида жимжимадор темир панжара ўрнатилди. Асосий эътибор иншоотнинг эстетик ва архитектура кўринишига қаратилди. Телеминора шаҳарнинг янги ғоясига айланиб, нафақат унинг кўркига кўрк қўшиши, балки янги рамзини акс эттириши лозим эди. Қолаверса, лойиҳачилар олдига бошқа шаҳарларда фойдаланилган архитектура услублари Тошкентда такрорланмаслиги талаби қўйилган. Телеминорага киравериш (вестибюль)ни безашда кўпгина миллий услублар ва маҳаллий меъморлик материаллари қўлланди. Жумладан, Ғозғон (Нурота) мармари, мармарсимон оҳаги, гранит тоши ва ганчлардан фойдаланилган. Ўймакорлик санъати билан тайёрланган жимжимадор паннолар, ойналар ва ёғочдан тайёрланган эшиклар ўрнатилди.

    Минорадаги янгиликлардан яна бири – Швейцариядаги «Шиндлер» компаниясининг мамлакатимизда аввал қўлланилмаган, 220 метр баландликкача кўтариладиган учта тезюрар лифти ўрнатилди. Бинонинг 100 метр баландлигида томоша майдончаси, 105 метр баландликда «мовий» ва 110 метр баландликда «алвон» залли ресторан қурилди. Телеминорага 5,20 киловатт қувватга эга 5 та телеузатгич ва 4 та радиоэшиттириш дастурини узатиш имкониятига эга бўлган 4 киловаттли 2 та УҚТ ЧМ «Дождь-2» радиостанцияси ўрнатилди.

    Қуш парвози баландлигидаги мўъжиза

    Шундай қилиб, минора аста-секин қад ростлади ва 1983 йил февраль ойида Ўзбекистон байроғи илк маротаба 375 метр баландликка кўтарилди. Мамлакатимиз тарихидаги энг баланд телеминоранинг очилиши эса 1985 йил 15 январга белгиланди. Шу куни худди баҳордагидек қуёш чарақлаб тургани ҳам рамзий маънога эгадек. Тошкент телеминорасининг очилиш маросими катта тантана билан ўтказилган. Меҳмонлар миноранинг антиқалиги, бажарилган ишлар сифати, фойенинг мозаик панно билан бадиий безатилгани, осма шифтлар, лифтларга маҳлиё бўлган. Ресторан заллари, осма ёриткичлар, Ирена Липене муаллифлигида бажарилган шишадан ясалган композиция, халқ устаси Маҳмуд Усмонов бошчилигида яратилган ганчкор нақшлар, ўймакорлик қўлланилган эшиклар меҳмонларни ҳайратга солди.

    Очиғи, Тошкент телеминораси қурилиши ҳақиқатан жуда машаққатли, шу билан бирга тарихий воқелик эди. Уни қуришдан тортиб, халқимизга топширишгача бўлган жараёнда фидокорона меҳнат қилган кўплаб инсонлар давлат мукофотлари билан тақдирланди. Лойиҳа муаллифларининг мақсади телеминорани аҳоли доимий ташриф буюрадиган масканга айлантириш эди. Уларнинг бу мақсади амалга ошди ва Тошкент телеминораси пойтахтимизнинг гавҳари сифатида доимо сайёҳларни ўзига чорлаб келмоқда.

    Парижда Эйфель, Тошкентда телеминора

    Сайёҳлик тенденциялари замонавийлик билан бирга ўзгариб бормоқда. Жаҳонда сайёҳликнинг янги йўналишлари ривожланиб, юртимизга кириб келяпти. Шу боис, мамлакатимизда туризмни ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда. Иқтисодий жиҳатдан етакчи тармоққа айланаётган бу соҳада имкониятларимиз кенг. Мазкур йўналишдаги лойиҳалар кўлами салмоқли. Шундай шароитда Тошкент телеминораси жозибадорлигини ошириш, сайёҳлар оқимини янада кўпайтириш олдимизда турган муҳим вазифалардан бири. Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 4 октябрдаги тегишли қарори билан Тошкент телеминораси моддий-маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари (архитектура объекти) миллий рўйхатига киритилган. Шу боис бинони таъмирлашда унинг архитектура кўриниши сақланиб қолишига катта эътибор қаратилади. Чунки иншоот айнан ХХ асрни эслатувчи, ўша давр муҳитини замонавийлик билан уйғун акс эттирадиган маскан ҳамдир. Меҳмонларнинг кўпи айни шу муҳитни кўриш истагида келади.

    Давлатимиз раҳбари «Янги Ўзбекистон стратегияси» китобида «Истеъмолчиларга телевизион сигнални узатиш ва ер усти телевизион эшиттириш, кабель телевидениеси, ИП телевидение, маълумотлар узатиш тармоқлари, мобил алоқа, интернет технологияларидан фойдаланган ҳолда телерадиоэшиттириш, телевизион ва радио хизматларининг барча турларини тўлиқ қамраб олган ҳолда рақамли эшиттиришни такомиллаштиришимиз лозим»лигини таъкидлаган эди. Тошкент телеминораси айни шу вазифани бажаришда асосий нуқта ҳисобланади. Бугунги кунда телеминорада замонавий, юқори сифатли, дунёдаги энг илғор рақамли телеузатгичлар комплекслари ўрнатилган ва фаолият кўрсатиб келмоқда. Шу билан бирга, иншоотнинг туризм салоҳиятини янада оширишга қаратилган фаол ишлар изчил давом этаётир. Бунда, аввало, меҳмонлар, хорижлик сайёҳларга қатор қулайликлар яратиляпти. Жумладан, илгари телеминоранинг томоша майдончаси ва «Коинот» ресторанига ташриф буюрувчиларга ўзлари билан мобил қурилмаларни олиб киришга рухсат этилмаган. Бугунги кунда ушбу тартиб бекор қилинган. Шунингдек, Тошкент телеминорасининг томоша майдончаси ва ресторанига кириш учун ташриф буюрувчилардан аввалгидек шахсни тасдиқловчи ҳужжат талаб этилмаяпти. Ушбу талаб 2019 йил 16 ноябрдан бекор қилинди.

    Телеминорага киришда ҚР-кодли тизим қурилмалари ишга туширилиб, чипталарни харид қилиш ва бошқа амалиётлар тўлиқ рақамлаштирилди. Иншоотга кириш қисмида маълумотлар доскаси, ярим ҳажмли элементдан телеминора сурати, дунёнинг машҳур шаҳарлари вақтларини кўрсатувчи соатлар, маълумотлар стикери ҳамда телеминорага ўтиш йўлагида кўрсаткичли ва йўналтирувчи стикерлар қўйилди. Тошкент телеминорасига ўрнатилган иллюминацион ёритиш чироқлари эса пойтахтимизнинг тунги кўринишига янада кўрк қўшмоқда.

    Муроджон СОБИРОВ,

    «Радиоалоқа, радиоэшиттириш ва телевидение маркази» ДУК бош директори

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates