Рақобат қўмитаси таклифлари асосида кўп квартирали уйларни бошқариш органларидаги локал қозонхоналарга иссиқлик энергияси етказиб бериш учун табиий газ тарифлари камайтирилишига эришилди.
Таъкидланишича, Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 16 апрелдаги “Ёқилғи-энергетика соҳасида бозор механизмларини жорий этишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги 204-сон қарорига мувофиқ, жорий йилнинг 1 май кунидан табиий газ учун базавий меъёр ва тарифлар белгиланган эди.
Шунингдек, 2024 йил 31 майдаги Вазирлар Маҳкамасининг 319-сонли қарори билан тасдиқланган Табиий газдан фойдаланиш қоидаларининг 111-бандига асосан, маиший истеъмолчини газ билан таъминлаш учун табиий газдан фойдаланадиган идоравий ва муниципал уй-жой фондига, юридик шахслар ётоқхоналарига, хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатларига ҳамда аҳоли эҳтиёжлари учун локал қозонхоналарга етказиб бериладиган табиий газ бўйича тўловлар ва ҳисоб-китоблар коммунал-маиший истеъмолчилар учун белгиланган тарифлар ва шартлар асосида амалга оширилиши қайд этилган.
Мазкур талаб асосида аҳоли эҳтиёжлари учун иссиқлик энергияси етказиб беришда локал қозонхоналар табиийки, меъёрдан ортиқ табиий газ истеъмол қилинган бўлиб, тўловлар ва ҳисоб-китоблар 4 баробаргача қиммат тарифларда ҳисобланиб келинган. Бунинг оқибатида аҳоли локал қозонхоналар орқали иссиқлик энергиясидан фойдаланишда қиммат нархларда тўлаш лозим бўлган.
Ушбу муаммони бартараф этиш мақсадида, Рақобат қўмитаси томонидан тегишли вазирлик ва идоралар билан келишилган ҳолда таклифлар ишлаб чиқилиб, Ҳукуматга киритилган эди. Ушбу таклифларни инобатга олиб Вазирлар Маҳкамасининг 319-сонли қарори билан тасдиқланган Табиий газдан фойдаланиш қоидаларининг 111-бандига тегишли ўзгартириш киритилди.
Натижада маиший истеъмолчиларни иссиқлик энергияси билан таъминлаш учун табиий газдан фойдаланадиган идоравий ва муниципал уй-жой фондидаги, юридик шахслар ётоқхоналаридаги, кўп квартирали уйларни бошқариш органларидаги локал қозонхоналарга етказиб бериладиган табиий газ бўйича тўловлар ва ҳисоб-китоблар маиший истеъмолчилар учун базавий меъёр бўйича белгиланган тариф асосида (яъни амалда 650 сўм) амалга оширилиши қайд этилди.
«Эндиликда, бу аҳоли эҳтиёжлари учун юқоридаги субъектлардаги локал қозонхоналар орқали иссиқлик энергияси етказиб бериш хизматлари тарифлари мутаносиб равишда камайишига хизмат қилади», – дейилади Қўмита хабарида.