Маданий тадбир доирасида Италиянинг Рим ва Виарежжио шаҳарларида Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театри симфоник оркестри гала-концерти италиялик ҳамда у ерда истиқомат қилувчи ўзбекистонликларга тақдим этилди. Хусусан, томошаларга ўзбекистонлик дунёга машҳур футболчи Элдор Шомуродов ҳам ташриф буюрди.
Шунингдек, Италиядаги маданият кунлари доирасида икки давлат ўртасидаги маданий алоқаларни янада мустаҳкамлаш мақсадида, Ўзбекистон маданият вазири ўринбосари Юсуфжон Усмонов бошчилигидаги делегация бир қатор италиялик маданият соҳаси вакиллари билан учрашди. Жумладан, Италия маданият вазири ўринбосари Жанмарко Масси билан ҳамкорлик учрашуви бўлиб ўтди.
«Ўзбекистон ва Италия – бу икки буюк маданиятга эга давлатлар. Италия санъат ва тамаддун маркази сифатида жаҳон тарихида муҳим ўрин эгалласа, Ўзбекистон Шарқ ва Ғарбни боғловчи қадимий цивилизациялар чорраҳаси бўлиб келган. Бу замин Ал-Хоразмий, Ибн Сино, Фарғоний каби буюк аллома ватани бўлиб, ўзининг бой маданий мероси билан ажралиб туради. Давлатларимиз ўртасидаги алоқалар тарихига назар солсак бу узоқ тарихга эга. Хусусан, соҳибқирон Амир Темур даврида давлатларимиз ўртасида яқин алоқалар ўрнатилди. Ҳозирги кунда давлатларимиз ўртасидаги маданий ҳамкорлик юқори даражага кўтарилди. Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Италия Республикаси Ҳукумати ўртасида 2024-2026 йилларга мўлжалланган маданий ҳамкорлик дастури имзоланди. Ушбу ҳужжатга асосан, ҳамкорлигимиз янада ривожланиб бормоқда» — деди Юсуфжон Усмонов учрашув давомида.
Учрашув доирасида икки давлатнинг маданий ҳамкорлигини янада ривожлантириш учун бир қатор таклифлар илгари сурилди:
Биринчи, икки давлат театрлари ўртасида ҳамкорликни янада ривожлантириш, хусусан, ўзбек театрлари техник мутахассислари Италия театрларида малакасини ошириш масаласини кўриб чиқиш;
Иккинчи, маданият соҳасидаги таълим муассасалари ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш, ўзаро тажриба алмашиш, ўқитувчи ва талабалар алмашинувини йўлга қўйиш;
Учинчи, маданият марказларини бошқариш соҳасида ўзаро ҳамкорлик қилиш;
Тўртинчи, Ўзбекистон маданият вазирлиги ҳузурида номоддий маданий меросни тадқиқ қилиш ва уни асраш бўйича илмий институт ташкил этилган. Ушбу институт билан шу соҳада фаолият олиб борувчи Италия ташкилоти ўртасида алоқаларни йўлга қўйиш;
Бешинчи, 2025 йилда Ўзбекистонда Италия маданияти кунларини ўтказиш;
Олтинчи, 2025 йилда Ўзбекистонда Марко Полонинг 770 йиллигига бағишланган тадбирларни ўтказиш.
Юқоридаги ҳамкорликларни амалга ошириш мақсадида, икки давлат вазирликлари ўртасида 2025-2027 йилларга мўлжалланган чора-тадбирлар Дастурини имзолаш таклиф этилди.
Шунингдек, хизмат сафарининг навбатдаги кунларида Ўзбекистон маданият вазири ўринбосари Юсуфжон Усмонов бошчилигидаги делегация қуйидаги бир неча италиялик маданият соҳаси вакиллари билан учрашди: Италиянинг машҳур фестивали Пуcчини халқаро фестивали президенти Фабрицио Мираколо, «MAGISTER ART» компанияси раҳбари Ренато Сапорито, Audiториум Парcо делла Мусиcа Эннио Морриcоне концерт муассасалари комплекси раҳбарияти ҳамда Ўзбекистоннинг Италиядаги элчихонаси вакиллари.
Учрашувлар якунида Италиядаги Ўзбекистон маданияти кунлари икки мамлакат халқлари ўртасидаги дўстлик, ўзаро ҳамжиҳатлик ва маданий ҳамкорлик рамзига айланиши таъкидланди.
Италиядаги Ўзбекистон маданияти кунлари доирасида Римнинг «Театро Италиа» театрида ва Виарежжионинг «Театро Эден» театрида Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театри симфоник оркестрининг гала концерти бўлиб ўтди.