Республика товар-хом ашё биржасида савдоларни кўпайтириш, уларда Италия компаниялари иштирокини йўлга қўйиш мақсадида мамлакатимизнинг Римдаги элчихонаси томонидан Ўзбекистон товар-хом ашё биржаси раиси ўринбосари Набихон Саматов, раис маслаҳатчиси Ҳикматулло Тиллабоев ва “Imagro Group” (Италия) президенти Массимо Поллио иштирокида видеоконференцалоқа шаклида учрашув ўтказилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Элчи Отабек Акбаров бугунги кунда мамлакатимизда иқтисодиётни ривожлантириш, эркин бозор механизмларидан самарали фойдаланиш, чет эл ишбилармон дориралари билан ҳамкорликни кенгайтириш йўналишида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар ҳақида сўзлаб берди.
Ҳикматулло Тиллабоев тақдимот шаклида Италия томонини Ўзбекистон товар-хом ашё биржаси фаолияти билан таништирди. Унда биржа иштирокчилари, савдо қилинаётган товарлар рўйхати, амалга оширилаётган келишув ва контрактлар ҳажми бўйича батафсил маълумот тақдим этилди.
Биржанинг имкониятлари ва истиқболлари, айниқса, янги хорижий мамлакатлар бозорларини ўзлаштириш, хорижий ишбилармон доиралари билан ҳамкорлик қилиш йўналишидаги ишларга алоҳида эътибор қаратилди. Италия компаниялари билан алоқа ўрнатиш ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни рифвожлантиришга қизиқиш билдирилди.
Массимо Поллио сўнгги йилларда Италия ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорлик турли йўналишларда, айниқса, савдо-иқтисодий соҳада жадал равишда кенгайиб бораётганини таъкидлади.
Республикамизнинг кенг иқтисодий имкониятлари ва салоҳиятини инобатга олган ҳолда Италия ишбилармон доиралари вакиллари томонидан Ўзбекистон билан савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантиришга катта қизиқиш билдирилаётгани қайд этилди.
Массимо Поллио, шунингдек, Ўзбекистон товар-хом ашё биржаси билан ҳамкорлик ўрнатиш, мамлакатимиз савдо майдончасини очиш ва узоқ муддатли шерикликни амалга оширишга тайёрлигини билдирди. У, шунингдек, нафақат Италия, балки Руминия, Греция, Франция ва бошқа қўшни давлатлар компаниялари билан ҳам савдо-сотиқ муносабатларини кенгайтиришда кўмаклашиш имкониятига эга эканини маълум қилди.
Италия компанияси раҳбари ҳамкорликнинг дастлабки қадами сифатида “Imagro Group”нинг Милан шаҳридаги офиси қошида Ўзбекистон товар-хом ашё биржаси ваколатхонасини очишни таклиф қилди. Бундан ташқари, икки томонлама Англашув меморандумини имзолашга тайёрлигини айтди.
Учрашув якунида томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича қатор келишувларга эришди.