Италиянинг “Cotonella” компанияси ўз маҳсулотларини маҳаллийлаштириш учун Ўзбекистонни танлади

    Бизнес 3 июл 2023 1191

    Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигида Италиянинг “Cotonella” компанияси раҳбарияти билан учрашув бўлиб ўтди.

    Маълумот учун: 1972 йилда ташкил этилган “Cotonella” кийим-кечак ишлаб чиқарувчи компанияси аёллар, эркаклар ва болалар трикотаж ички кийимларининг етакчи брендларидан бири ҳисобланади. Компания йилига 20 миллиондан донадан ортиқ маҳсулот ишлаб чиқаради, улар Европанинг 24 давлатида сотилади.

    Учрашувда Ўзбекистонда бизнес юритишнинг устунликлари, мамлакатимизда яратилган инвестициявий муҳитнинг амалий жиҳатларининг тақдимоти бўлиб ўтди.

    Италия томони Ўзбекистон тўқимачилик саноатида маҳсулотлар сифат даражасини юксалтириш ва уларни Европа бозорларига экспорт қилиш ҳажмини сезиларли даражада ошириш имконини берган сўнгги йиллардаги ютуқларни алоҳида таъкидлади. Шу сабабли компания раҳбарияти республиканинг Қашқадарё вилоятида “Cotonella Uzbekistan” хорижий корхонасини очишга қарор қилди.

    Учрашувда Италия томони Ўзбекистон бозорида узоқ вақт давомида фаолият юритиш бўйича режалари билан ўртоқлашди. Жумладан, корхона ишга туширилгандан кейинги биринчи босқичда йилига 2 миллион донагача тайёр трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш, 80 нафаргача кишини доимий иш билан таъминлаш режалаштирилган. Бундан ташқари, компания ишлаб чиқарилаётган юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ҳажмини йилига 8 миллион донага етказиш учун 5 миллион доллар йўналтиришни мўлжаллаяпти. Шу тариқа, 500 тагача янги доимий иш ўрни ҳам яратилади.

    Компания концепцияси замонавий технологияларни жорий этиш билан бирга унинг барқарор ривожланишини, нархлар рақобатбардошлигини, шунингдек, доимий равишда маҳсулотлар дизайни такомиллашиб боришини ва турлари кўпайишини, компания ходимларининг касбий маҳоратини оширишга қаратилган тадбирларни ўз ичига олади.

    Учрашув якунида “Cotonella”нинг мамлакатимизда муваффақиятли фаолият юритиши учун ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёрлик билдирилди, деб хабар беради Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги матбуот хизмати.