IX Тошкент халқаро замонавий санъат биенналеси ҳамкориликка чорлайди

    Дунёнинг 35 та мамлакатидан меҳмон ижодкорлар келади.

    Миллий матбуот марказида, Ўзбекистон Бадиий академияси томонидан, "Рассом ва жамият. Келажак санъати концепциялари", IX Тошкент халқаро Замонавий санъат биенналеси мавзуига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

    - Тошкент халқаро замонавий санъат биенналеси, ҳар икки йилда бир маротаба Ўзбекистон Бадиий академияси ташаббуси, қатор вазирлик, идоралар кўмаги, дипломатик ваколатхоналар ва халқаро ташкилотлар ҳамкорлигида анъанавий тарзда ўтказиб келинмоқда, - деди Ўзбекистон Бадиий академияси раиси Акмал Нуриддинов.

    - Замонавий санъат биенналеси тасвирий санъат соҳасида маданий алмашинув, турли мамлакатларнинг ижодий салоҳияти билан танишув, замонавий санъатнинг долзарб муаммоларини муҳокама қилиш учун очиқ майдон бўлиб хизмат қилади. Шунингдек, Ўзбекистон ва хорижий давлатлар ўртасидаги замонавий санъатини янада оммалаштириш, тасвирий санъатнинг қизиқарли экспериментал шаклларини аниқлаш, рассомнинг замонавий жамиятдаги ўрни ва аҳамиятига алоҳида эътибор қаратиш каби эзгу мақсадларини қамраб олган. Жумладан, замонавий санъат турларини халқимиз ва дунё ҳамжамиятига тақдим этиш, жаҳонда ривожланаётган замонавий санъат жараёнларини ўрганиш орқали турли халқлар ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорлик ришталарини янада мустаҳкамлашга қаратилган.

    Беш кун давомида санъат ихлосмандлари дунёнинг 35 та мамлакатидан ижодкор ҳамда маҳаллий рассом-усталарнинг санъат намуналаридан баҳра оладилар. Ижодкорлар билан ўзаро мулоқот ва ҳамкорликни йўлга қўйиш имконига эга бўладилар.

    Тошкент халқаро замонавий санъат биенналеси дастури ранг-баранг бўлиб, томошабинларга турли шаклдаги қизиқарли кўргазмалар тақдим этилади. Шунингдек, таниқли хорижий қатнашчиларнинг маҳорат дарслари, илмий конференциялар ўтказилади. IX Тошкент Халқаро замонавий санъат биенналеси жюри аъзолари Италия, Озарбайжон, Буюк Британия ҳамда Россиядан таниқли экспертлардан ташкил топган.

    Маданий анжуманда халқаро ва маҳаллий ижодкорлар санъатнинг замонавий йўналишлари – рақамли санъат, инсталляция, видео ва фото арт, шунингдек, рангтасвир, графика, ҳайкалтарошлик бўйича иштирок этадилар. Шунингдек,
    масофадан (онлайн) иштирок этувчи рассомлар замонавий санъатнинг видео-арт, фото-арт йўналишларида ўз ижодий ишларини тақдим қилишади.

    Биенналла доирасида, маҳорат дарслари, илмий анжуманлар Ўзбекистон Бадиий академияси, Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейи, Тошкент фотосуратлар уйи, Икуо Хираяма халқаро маданият карвон саройи, Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти, Ўзбекистон тасвирий санъат галереяси, Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмасида ўтказилади.

    Тошкент халқаро биенналеси том маънода авлодлар ўртасида ўзаро тажриба алмашиш кўпригига, мамлакатимиз ижодкорлари ва хорижий меҳмонлар билан ижодий мулоқот майдонига айланиб қолади.

    Савол-жавоб, фикр ва мулоҳазаларга йўғрилган тарзда ўтказилган матбуот анжумани барчага бирдай манзур бўлди. Журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларига тўлиқ жавоб олди.

    Гуличеҳра ДУРДИЕВА,

    "Янги Ўзбекистон" мухбири

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates