Жадид боболаримиз орзу-армонлари ушаладиган давр келди

    Сўнгги йилларда мамлакатимизда таълим-тарбия ва илм-фан соҳаларини такомиллаштириш, жамиятимизда ўқитувчи ва педагог ходимлар, илмий ва ижодкор зиёлиларга бўлган ҳурмат-эътиборни янада ошириш устувор масалага айланди.

    Ўзбекистоннинг янги тараққиёт даврида жаҳон миқёсидаги рақобатга бардош бера оладиган миллий таълим тизимини яратиш ва уни комплекс ривожлантириш, малакали кадрлар тайёрлаш мақсадларига катта куч ва маблағлар йўналтирилмоқда.

    Бугунги модернизация жараёнлари, ислоҳот ва ўзгаришлар натижадорлиги мактаб таълимига, янги авлод кадрларини етиштириш масаласига бориб тақалади. Давлатимиз раҳбари томонидан таълим тизимига умумхалқ иши, деб қаралиши белгиланди. Таълим соҳасидаги муаммолар, уларни ҳал этиш, таълим сифатини оширишга оид вазифалар белгилаб олинди.

    Ўтган йил 1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишлаб ўтказилган тантанали маросимда Президентимиз тарихга назар солиб, IX-XII асрларда юртимиз ҳудудида Биринчи, XV асрда Иккинчи Ренессанс порлаганини таъкидлаб, “Кўпчилик зиёлилар қаторида мен ҳам бир фикрни ҳамиша катта армон билан ўйлайман: мамлакатимизда Учинчи Ренессансни ХХ асрда маърифатпарвар жадид боболаримиз амалга оширишлари мумкин эди.

    Улар “Илмдан бошқа нажот йўқ ва бўлиши ҳам мумкин эмас”, деган ҳадиси шарифни ҳаётий эътиқод деб билдилар, миллий истиқлол, тараққиёт ва фаровонликка, аввало, маърифат орқали, дунёвий ва диний билим, замонавий илм-ҳунарларни чуқур эгаллаш орқали эришиш мумкин, дея таъкидлади. Дарҳақиқат, ХХ аср бошларида мустамлака шароитида, ҳукмрон сиёсий мафкура доирасида қолоқликдан қутулишнинг ягона йўли — маданий йўналиш орқали тараққий этиш мумкинлигини тушунган миллий маърифатпарварларимиз, энг аввало, маданий ва маиший ҳаётдаги қолоқликни тугатиш, миллий онгни ислоҳ этишда анъанавий маданиятни дунё маданияти тизимида қайта кўриб чиқиш заруриятини олиб чиқдилар.

    Уларнинг аксарияти ўз асарларида Туркистон халқи маданиятини ривожлантириш, маърифатга чақириш, Ватан тақдири ва унинг истиқболи учун қайғуриш каби муаммоларни кўтариб чиққан эдилар. Жадид боболаримиз Туркистон аҳолисининг ижтимоий-сиёсий фикр доирасини кенгайтириш, халқнинг дунёқарашида маданий-маърифий ўзгаришлар ясашнинг муҳим омили сифатида мактаб ислоҳотини биринчи зарурият деб белгилаб олган эди. “Миллатнинг тараққийси анинг аввал мунтазам мактабларидан бошланур.

    Агарда биз динимизни, миллатимизни яхши кўруб, муҳофаза қилмоқчи бўлсак, аввал саодат эшиги бўлган мактабимизни замонға мувофиқ ислоҳ қилиш керак”, деб ёзган эди Ҳожи Муин Шукрулло. Ҳақиқатан ҳам, мактаблар ислоҳи масаласи жадид боболаримизнинг кенг ва қамровли мунозараларига сабаб бўлди. Туркистон мактаблари қандай бўлиши керак, улар қайси йўналишда ривожланиши зарур, деган масалалар миллатпарварларнинг диққат марказида бўлди.

    Миллатнинг маданий тараққиётини зиёлилар бошқа халқлар тараққиёти билан қиёслашга ҳаракат қилиб, уларнинг ютуқлари сабабларини аниқлашга, намуна олишга даъват этганлар. “Ибтидоий мактабларимизнинг тартибсизлиги ёхуд тараққийнинг йўли” мақоласи муаллифи Ниёзий Ражабзода ўлкадаги бошланғич мактабларнинг замон талабига жавоб бера олмаётганини, Англия, Германия мамлакатлари илм-фан тараққийси натижасида “ер юзининг бойликларини ўзларига қоратуб олибдурлар, илм-маърифатдан маҳрум бўлган миллат эса санъат ва ҳунар соҳиби бўлган миллатларнинг оёғи остида эзилурга мажбур бўладурлар”, деб қайд этган эди.

    “Агарда ҳар миллатнинг истиқболини билмак хоҳланса, ул миллатни болалариға назар ва... аларнинг сиҳатларига ва ҳусни тарбия ва таълимлариға” катта эътибор зарурлиги Абдусалом Азимийнинг “Таълим ва тарбия” мақоласининг бош мавзуси бўлган. Н.Ёвишевнинг “Ҳозирги мадрасамизда ўқув” мақоласида ХХ аср бошларидаги Туркистон олий ўқув даргоҳлари ва мударрислари ҳақида танқидий сўз бориб, улар Улуғбек, Навоий каби алломалар давридаги мадраса ва мударрислар билан қиёсланади.

    Қадимда Шарқ мамлакатлари, хусусан, Мовароуннаҳрдаги мадрасаларда йирик файласуфлар, ўткир ҳакимлар, мутафаккирлар, жумладан, Улуғбек, Али Қушчи каби жаҳоншумул олимлар дарс ўқитишгани, дунёвий билимларга катта аҳамият берилгани, лекин бундай хайрли анъаналар йўқ бўлиб кетгани алам ва изтироб билан баён қилинади.

    Маҳмуд Бадайлий ўз мақоласида Туркистон ёшларининг Оврупанинг илғор фан-техникасини ўрганиш ўрнига, уларнинг ярамас одатларини жуда тезликда ўзлаштираётганидан афсусланган. Фарғоналик тараққийпарвар Саидаҳмад Васлий ўзининг “Тараққиёт йўли” мақоласида Туркистонни Европа билан қиёслайди, мамлакатдаги таназзул ва илғор мамлакатлардаги юксалиш сабабларини таҳлил қилади. Унингча, “илгарилаб кетган халқлар тажрибасини жорий этиш миллийликни яхлитлигича сақлаб қолган ҳолда амалга оширилмоғи лозим” ва “тараққий деганлари дин илми ҳамда ҳунар бирла бўлур”.

    “Маорифдан, фунун ва маданиятдан маҳрум қолган халқ жаҳолат панжаларининг орасида эзилур”, деб ёзади Абдулла Авлоний. Миллий тараққиёт муаммосини инсон тарбияси билан узвий боғлиқликда талқин қилган Холид Саййид “Тарбият илму аъзамдур” мақоласида миллат равнақи, юрт тақдири комил инсонлар қўлидадир, тараққий одамларни тарбияламоқ, илм ҳунарга ўргатмоқ орқалигина пайдо бўлади, деган мазмунга урғу беради.

    Тарбиянинг қудрати ҳақида у ёзади: “Ерда бир қобилият, яъни кўкартирмоқ қобилияти бордур. Лекин бу қобилият, агар ер яхши тарбия қилинмаса, майдонга чиқмас ёки чиқса ҳам мақсадга мувофиқ чиқмас. Ҳайдалмаган, чопилмаган бир ерга экин экилса кўкармас, гиёҳ кўкарса ҳам самара бермас”. “Адаб ва тарбия” мақоласи муаллифи Муҳаммад Саид инсоннинг “комил бўлмоғи учун етти нарса, яъни илм, номус, виж- дон, саъй-ҳаракат, ғайрат, тарбият ва таълим лозимлиги”, буларни шакллантиришда ота-она ҳамда муаллим бирдек масъул экани ҳақида фикр билдиради.

    Миллий тараққийпарварларимизнинг орзуси туркистонликларни таназзулдан чиқариш, илғор халқлар қатори жаҳон маданияти тизимидан жой олиш, ўз маданиятини дунё оммасига танитишдан иборат эди. Уларнинг маданий тараққиёт ва таназзул ҳақидаги фикрлари бевосита илм-фан, мактаб, маориф, таълим-тарбия масалалари билан чамбарчас равишда таҳлил этилган. Улар бу соҳада миллий хусусиятларни сақлаб қолган ҳолда Шарқ ва Ғарб маданиятини тараққий эттиришга интилганлар ва ўз фаолиятлари давомида мамлакатда тараққиёт, юксалиш, ривожланиш учун илм-фан, маорифни энг биринчи зарурият деб билганлар.

    Чунки жадидлар хориж мамлакатларига қилган саёҳатлари давомида Ғарб ва Шарқ мамлакатлари ўртасида тафовутни англадилар ва тараққиёт йўлининг энг биринчи йўналиши илм-фан ва техника зарурияти эканини халққа тушунтиришга ҳаракат қилдилар. Минг афсуски, жадид боболаримиз ўз олдига қўйган эзгу мақсадларни амалга оширишга мавжуд вазият, ижтимоий тузум йўл бермади. Улар учун маориф, илм-фаннинг тараққиёти, миллий юксалиш орзу-армон бўлиб қолди.

    Бугунги кун Ўзбекистонда янги Уйғониш даври, яъни Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш асосий мақсад қилиб белгиланган экан, Президентимиз таъкидлаганидек, “Буюк аждодларимизнинг орзулари ушаладиган давр келди. Уларнинг бетакрор ва ноёб илмий-маънавий мероси биз учун доимий ҳаракатдаги ҳаётий дастурга айланиши керак. Бу ўлмас мерос ҳамиша ёнимизда бўлиб, бизга доимо куч-қувват ва илҳом бағишлаши лозим. Авваламбор, миллий таълим тизимини ана шундай руҳ билан суғоришимиз керак”.

    Нодира МУСТАФОЕВА,

    ЎзФА Ижтимоий гуманитар фанлар бўлими раҳбари,

    тарих фанлари доктори

    No date selected
    ноябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates