Жадидчиликни нега ва қандай ўрганишимиз керак?

    Жадидчилик қай даражада ўрганилди ва бугунги кунда мутахассислар олдида ечимини кутаётган яна қандай долзарб муаммолар бор? Маърифатпарвар жадидлар адабий-илмий меросини қайси мавзулар кесимида ва қай мезонлар асосида тадқиқ қилиш зарур?

    Буюк маърифатпарвар боболаримиз томонидан олға сурилган ғоявий-сиёсий, ижтимоий-маърифий ва ҳуқуқий-ахлоқий қарашлар, турли миллат ва элатлар ўртасида бағрикенглик ва ҳамжиҳатлик тамойилларини қарор топтириш билан бирга, миллий манфаатларни ҳимоя қилишга қаратилган интилишлар ҳозирги мураккаб ва таҳликали замонда барчамиз, аввало, ёшларимиз учун чинакам ибрат намунасидир. Уларнинг ҳаёти ва жасорати бугунги тинч ва осойишта кунларга осонлик билан эришилмаганини эслатиб, миллий истиқлолимизни, жонажон Ватанимизни кўз қорачиғидай асрашга доимо даъват этиб туради.

    Шавкат Мирзиёев,

    Ўзбекистон Республикаси Президенти

    Яқин тарихимизнинг энг эътиборли ҳодисаларидан бири, шубҳасиз, жадидчиликдир. Президентимиз нутқларида бу ҳаракатнинг замонамиз учун нечоғли муҳимлигига урғу бериб келади. Бу бежиз эмас. Яқинда пойтахтимизда жадидчиликка бағишлаб ўтказилган нуфузли халқаро конференция иштирокчиларига йўллаган табригида ҳам давлатимиз раҳбари жадидчилик ҳаракатининг Туркистон тарихида тутган ўрни ҳамда бугунги кун учун аҳамиятига алоҳида диққат қаратди.

    Жадидчилик қай даражада ўрганилди ва бугунги кунда мутахассислар олдида ечимини кутаётган яна қандай долзарб муаммолар бор? Маърифатпарвар жадидлар адабий-илмий меросини қайси мавзулар кесимида ва қай мезонлар асосида тадқиқ қилиш зарур? Улар асарларидаги қайси ғоялардан бугунги авлод тарбиясида фойдаланиш керак? Бу каби саволлар жадидчилик ва жадид адабиётини тизимли ва режали асосда ўрганиш истиқболларини белгилаш учун ҳам муҳимдир.

    Кўмилган ҳақиқатларнинг тирилиши

    Биз жадидчилик бўйича шу пайтгача бажарилган улкан ва салмоқли ишларни синчиклаб ўрганиш, шундан сўнг уларни муносиб давом эттириш ҳақида ўйлашимиз керак. Ҳолбуки, ўзбек ва дунё олимлари жадидчилик ҳамда жадид адабиётини у шаклланган ва такомилга эришган ХХ аср аввалиданоқ тадқиқ қила бошлаган. Абдурауф Фитрат, Абдулҳамид Чўлпон, Абдураҳмон Саъдий, Олим Шарафиддинов, Отажон Ҳошим, Вадуд Маҳмуд, Аҳмад Шукрий сингари ўзбек, Исмоилбек Гаспрали, Зариф Баширий, Жалил Маматқулизода каби қардош адабиётшунослар, шунингдек, рус олимларидан В.Бартольд, А.Самойлович ва А.Пясковский тадқиқотлари шулар жумласидандир.

    Илмий ҳақиқат, айниқса, у ўша даврдаги ҳукмрон тузум томонидан кўмилган бўлса, шунчаки юзага чиқиб қолмайди. Уни аниқлаш, устига тортилган тупроқни тозалаш, ойдинлаштириш учун, таъбир жоиз бўлса, игна билан қудуқ қазиш — улкан сабру бардош ҳамда юксак интеллектуал салоҳият зарур. Бу йўлга кирган тадқиқотчи ҳар қандай меҳнату машаққатга, қийинчилигу заҳматга тайёр туриши керак. Миллий адабиётшунослигимизда жадид адабиётини янги мезонларда ўрганиш мураккаб ва зиддиятли бир даврда – шўролар замонида бошланган. Бу йўналишдаги тадқиқотларнинг бошида устоз олим Ғулом Каримов турган. Домла шогирди Бегали Қосимовга дастлаб Тошкент жадидларидан Мирмуҳсин Фикрий ижодий меросини номзодлик диссертацияси сифатида берган. Кейин эса ХХ аср аввали жадид шеърияти тадқиқини докторлик диссертацияси доирасида ўрганишни тавсия этган.

    Табиийки, у даврда жадидчиликни ўз номи билан тадқиқ қилиш имконсиз эди, яккаҳукмрон коммунистик мафкура бунга йўл бермасди. “Қаловини топсанг, қор ҳам ёнар” деганларидек, устоз олим йўлини топган — жадид шеъриятини “ХХ аср бошлари ўзбек инқилобий шеърияти” деган ном остида тадқиқ қилган. Ҳолбуки, ўша кезлари мактабдан олий ўқув юртларигача — таълимнинг барча бўғинларида ХХ аср аввали ўзбек адабиёти бор-йўғи тўрт ижодкордан иборат, деб ўргатилган. Улар — Завқий, Аваз Ўтар, Ҳамза ва Садриддин Айний. Барчаси жабрдийда, “синфий душман” — маҳаллий ҳукмдорлардан зулм кўрган. Бегали Қосимов таъбири билан айтганда, “Айний амир Сайид Олимхоннинг, Аваз Исфандиёрхоннинг, Завқий Эргаш қўрбошининг калтагини егани учун. Бу мезон ҳозир кулгили, албатта. Лекин замон шунга мажбур қилган”. Олим бирламчи қўлёзма ва тошбосма манбалар ҳамда архив ҳужжатлари чангини ютиб, ўша даврда Туркистонда қизғин ижодий муҳит бўлганини, 100 дан ортиқ шоиру адиб ижод билан шуғулланганини аниқлади. “Излай-излай топганим” монографияси шу тариқа юзага келди.

    Ўша оғир замонда жадидларнинг миллий истиқлол учун курашгани ҳақида очиқ ёзиш катта жасорат талаб қилгани шўролар тузумини билган ҳар бир тафаккур эгасига аён. Олим “инқилобий” шеъриятни (аслида жадид шеъриятини) таҳлил этар экан, мана бундай ёзади: “Гап миллий озодлик, мустақиллик ҳақида, ҳар бир миллатнинг ўз эрки билан яшаши ҳақида кетяпти, албатта”. Бу фикрлар 1983 йили нашр этилган китобдан олинди (Демак, камида ундан ҳам тўрт-беш йил аввал ёзилган!). Шўролар замонини кўрганлар ўша кезлари бундай сўзларни ёзиш қанчалик жасорат бўлганини жуда яхши англайди ва ҳис этади.

    Олим истиқлол даврида бу борадаги илмий изланишларини янгича ғайрат ва шижоат билан давом эттирди. Миллий университетда жадидчиликни тадқиқ қиладиган ва ўқитадиган миллий уйғониш даври ўзбек адабиёти кафедрасига асос солди. Жадидчилик ва жадид адабиёти бўйича илмий даражали шогирдлар етиштирди. Улар билан бирга жадид шоиру адиблар ижодини таълим тизимининг барча — ўрта, ўрта-махсус ва олий таълим босқичлари дастурларига, дарсликларига олиб кирди. “Миллий уйғониш: жасорат, маърифат, фидойилик” монографиясини нашр эттирди. Олий ўқув юртлари учун “Миллий уйғониш даври ўзбек адабиёти” дарслиги яратилиб, нашр этилишига бош-қош бўлди. Немис олимаси Ингеборг Балдауф, япон Хисао Коматсу, америкалик Адиб Холид, бундан ташқари, турк, татар ва бошқа халқлар олимлари билан илмий ҳамкорликни йўлга қўйди.

    Яна бир фидойи устозимиз – академик Наим Каримов жадидчилик ва жадид адабиётини ўрганиш бўйича катта аҳамиятга эга тадқиқотларни амалга оширди. Архив материаллари асосида қатағон қилинган юзлаб шоиру адиблар меросини юзага чиқариш йўлида меҳнату заҳмат чекди. Фақат илму тафаккур билангина эмас, пок қалби, руҳи билан ҳам бутун билими ва салоҳиятини жадидлар ижодини ўрганишга бағишлади. Олимнинг “ХХ аср адабиёти манзаралари”, “Адабиёт ва ижтимоий ҳаёт”, “Уч буюк сиймо” сингари ўнлаб китоблари ҳамда юзлаб мақолалари тарихимиз, адабиётимизнинг халқимиз учун қоронғи бўлиб келаётган ҳақиқатларини ойдинлаштиришда беқиёс ўрин тутди.

    Бундан ташқари, Бойбўта Дўстқораев, Шерали Турдиев сингари заҳматкаш олимларимиз жадидчиликни ўрганиш бўйича салмоқли ишлар қилди. Буларни эътироф этмаслик инсофдан бўлмас. Чеккан заҳматлари, эришган илмий натижалари учун устоз олимлар руҳи олдида қарздормиз. Улар бошлаган ишни юқори савияда давом эттиришга бурчлимиз.

    Бугунги кунда ҳам жадидчилик бўйича кўплаб адабиётшунос ва тарихчи олимларимиз шуғулланиб келаётир. Ҳали йўл узоқ ва олдимизда фидойи тадқиқотчиларини кутаётган илмий муаммолар етарли.

    Янги тадқиқотлар — ҳаётий эҳтиёж

    Янгиланган давримизда жадидшунослик ижтимоий фанларнинг деярли барчасини қамраб олди. Адабиётшунослик бу борада пешқадам экани аён. Тилшунослар, тарихчилар, таълим методикаси мутахассислари бу мавзуда илмий изланишлар қиляпти. Жадидларнинг иқтисодиётни ривожлантиришга доир қарашлари ўрганилганидан хабардормиз. Фалсафа соҳасида ҳам тадқиқотлар қилинаётир. Лекин ҳали тадқиқотчиларини кутаётган мавзулар оз эмас. Шулардан бири жадидчиликнинг тамал тоши ҳисобланган “янги мактаб ғояси”.

    Жадидлар яратган дарсликлар, уларнинг таркибий тузилиши, ўқувчиларнинг ёш хусусиятига мос матнлар танланиши мезонлари, ўқитиш услублари чуқур тадқиқ қилиниши зарур. Бироқ бу дарсликларнинг барчаси араб имлосида нашр этилган. Бунинг учун араб ёзувидаги манбаларни ўқиш ва уқиш малакаси талаб этилади. Биргина ўқишнинг ўзи кифоя қилмайди, адабий идрок, методистга хос зако зарур. Бундан ташқари, ўша давр хусусиятларини ҳам англаш керак. Бу талабларга жавоб берадиган ягона мутахассис профессор Улуғбек Долимовдир. У “Жадид мактаблари: уларда она тили ва адабиёт ўқитишнинг илмий-назарий ҳамда амалий асослари” мавзусида докторлик диссертациясини ҳимоя қилди. “Маърифат дарғалари”, “Туркистонда жадид мактаблари”, “Миллий уйғониш педагогикаси” сингари монографиялар чоп эттирди.

    Тўғри, бугунги кунда жадид педагогикаси соҳасида ўнлаб диссертациялар ҳимоя қилиняпти. Аммо бу даврга оид бирламчи манбалар асосида эмас, бор маълумотларни бошқачароқ шаклда ифодалаш орқали. Фақат илмий даража учунгина қилинган иш ўзини ҳеч бир замонда оқламайди. Мутахассис ўзи тадқиқ қилаётган мавзунинг ичида яшаши зарур. Жадидларнинг авлод тарбиясини миллат тарбияси, деб ҳисоблагани эътиборга олинса, бу йўналишнинг нечоғли муҳим экани аён бўлади.

    Ижтимоий ҳаётнинг барча жабҳаларини ислоҳ этишни мақсад қилган жадидлар Ватан ва миллат тараққийси йўлидаги ушбу ҳаракатларининг молиявий таъминоти учун хайрия жамиятлари тузган. Бу жамиятлар халқдан йиғилган ионалар, миллат бойлари хайриялари ҳисобидан фаолият юритган. Тошкентда “Турон”, Бухорода “Тарбияи атфол”, Қўқонда “Ғайрат” хайрия жамиятлари ҳамда 10 га яқин ширкат ана шу мақсадга хизмат қилган. Булар барчаси, биринчи навбатда, усули жадид мактаблари фаолиятини яхшилашга қаратилган эди.

    Бундан ташқари, фақир ва муҳтожларни моддий-маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, етимхоналар (жадидлар уларни “Дору-л-айтом” деб атаган) қуриш, кексалар ва ногиронлар учун шифохона ва амбулаториялар барпо этиш мақсадларини қўйган. Миллат ёшларини мактабда ўқитиш, энг иқтидорлиларини олий таълим олиши учун дунёнинг тараққий этган мамлакатларига юбориш билан боғлиқ масалалар кўзда тутилган. Жадидлар таъсис этган нашриётлар харажатлари ҳам хайрия жамиятлари ҳисобидан қопланган. Масалан, Абдулла Авлоний ўз таржимаи ҳолида “Турон” хайрия жамиятининг “Нашриёт”, “Мактаб” ширкатлари ҳақида маълумот беради. Маърифатпарварнинг “Ҳукуматдан рухсат олмоқ учун бир ярим ой овора бўлмоқға тўғри келди. Икки маротаба берган аризамиз рад қилинуб, учинчи маротабада рухсат берди. Мен шул жамияти хайриянинг муассис аъзолариндан бўлиб, бошлаб очилувида бир йил раислик хизматин адо қилдим. Андин сўнг то ҳуррият давриғача аъзоси бўлиб мактабларға, етим ва ғарибларға ёрдам қилиб келинур”, деган фикрлари бунинг исботидир.

    Тошкент жадидлари раҳнамоси Мунавварқори Абдурашидхоновнинг таъкидлашича, миллат ойдинлари хайрия жамиятлари маблағлари эвазига “...Ҳеч мумкин бўлмағон замонда четға ўқувчилар юбордилар. Мактабларни ўрта даражаларға қадар олиб бордилар. Жамиятлар четга кетувчи ўқувчиларга, мактабларга моддий ва маънавий ёрдам берарлик даражада кучга эга бўлди. Газеталар афкори оммани қўлга олиб, уч-тўрт минг нусха сотилатурғон мартабага етди... Ҳукумат рус-тузем мактабларининг “усули жадид” мактабларига рақобат қилолмаслигини билиб, ислоҳ қилди...”.

    Абдурауф Фитрат ва маслакдошлари саъй-ҳаракатлари билан 1909 йилда Истанбулда “Тарбияи атфол” (“Болалар тарбияси”) хайрия жамиятининг шўъбаси сифатида “Бухоро таъмими (умумий) маориф” жамияти иш бошлаган. Бу жамият Туркияда ва, умуман, хорижда ўқиётган туркистонлик талабаларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш билан шуғулланган. Мана, хайрия жамиятлари Ватан ва миллат учун қанчалик даражада аҳамиятли ишларни амалга оширган. Бироқ ушбу хайрия жамиятлари фаолияти тизимли ўрганилган эмас. Уларнинг Туркистон тарихида, ёш авлод таълими ва тарбиясида, ўша оғир ва мураккаб замонда миллатдошларимизнинг чўккан кўнгилларини обод қилиш, нашриётлар ва кутубхоналар барпо этиб, миллий маърифатни юксалтириш йўлидаги кенг қамровли фаолияти ҳужжатли, изчил ва муфассал тадқиқотлар олиб боришни тақозо этади.

    Тизимли ўрганиш зарур бўлган муаммолардан яна бири ХХ аср бошларида жадидлар таъсис этган миллий матбуот материалларини журналистика, тил ва адабиёт, тарих ҳамда бошқа фанлар контекстида тадқиқ қилишдан иборат. Бойбўта Дўстқораевнинг “Ўзбекистон журналистикаси тарихи” дарслиги ва кўплаб илмий мақолалари ушбу масаланинг илдизлари ёритилгани билан аҳамиятли. Шогирдларига Маҳмудхўжа Беҳбудий, Ҳожи Муъин ва бошқа жадидларнинг муҳаррирлик ва публицистик фаолияти бўйича мавзулар бериб, диссертацияларига илмий раҳбарлик қилди. Олимларимиз томонидан “Ал-Ислоҳ”, “Ойна”, “Маориф ва ўқитғувчи” журналлари, “Садои Туркистон” газетаси бўйича алоҳида тадқиқотлар яратилди. Лекин аксар матбуот нашрлари ҳанузгача монографик асосда тадқиқ қилинган эмас.

    ХХ аср аввалида гарчи бугунгидек техника-технология, интернет имкониятлари бўлмаса-да, туркий дунёнинг ўзаро алоқалари бениҳоя тезкор ва мустаҳкам эди. Энг аҳамиятлиси, бутун турк дунёси нигоҳи туркий тараққиётнинг азалий бешиги – Туркистонга қаратилган эди. Боғчасаройда Исмоилбек Гаспрали муҳаррирлигида нашр этилган “Таржимон” газетасининг Туркистон ҳақида материал берилмаган бирор сони бўлмаган. Исмоилбекнинг “Муколамаи салотин” (“Султонлар суҳбати”) асари бош қаҳрамони Соҳибқирон Амир Темурдир. Муаллиф жанрини “хаёлий ҳикоя” деб белгилаган ушбу асарда Туркистоннинг ўша замондаги ижтимоий-сиёсий вазияти теран бадиий талқин этилган. Ушбу газетада босилган “Дорур-роҳат мусулмонлари” асарининг асосий қаҳрамони Европада таълим олгани боис, Франсавий нисбасини олган асли тошкентлик Мулла Аббос эди. Ушбу образ орқали Туркистоннинг ҳамда туркий дунёнинг озодлиги ва мустақиллиги ғоялари тасвирланган.

    Ёки Ризоуддин Фахриддиннинг Оренбургда чоп этилган “Шўро” журнали, Фотиҳ Каримийнинг “Вақт” газетаси асосий диққат маркази Туркистонга қаратилгани маълум. Жадидшунос Бегали Қосимов истеъдодли талабаларидан бирига “Шўро” журналида Туркистон мавзуси ёритилиши масаласини бундан чорак аср муқаддам диплом иши сифатида ўрганишни тавсия этган эди. Афсуски, бу ишлар охирига етмай қолиб кетди. Озарбайжон ойдинларидан Жалил Маматқулизода муҳаррирлигида босилган рангли карикатурали “Мулла Насриддин” ҳажвий журнали Туркистон ҳаётини кенг ёритган. Қардош халқлар зиёлилари чоп эттирган ушбу матбуот нашрларини Туркистоннинг ўша даврдаги ижтимоий-сиёсий, маданий-маърифий ҳаёти, жадидларимизнинг жамиятни ислоҳ этиш билан боғлиқ қизғин фаолияти, туркий дунёнинг адабий алоқалари нуқтаи назаридан илмий асосларда тизимли ўрганиш кун тартибида турган долзарб муаммолардандир.

    Яна бир муҳим масала жадидларимизнинг Ватан озодлиги, миллатни дунёнинг мутараққий халқлари даражасига кўтариш орзуси — сиёсий маслаги ҳамда ижтимоий фаолиятини тадқиқ қилиш зарурати билан боғлиқ. Биргина мисол. Жадидчилик ҳаракати карвонбошиси Маҳмудхўжа Беҳбудий 1907 йилдаёқ (Туркистон мухторияти эълон қилинишидан ўн йил олдин!) “Туркистон маданий мухторияти лойиҳаси”ни тузиб, кўриб чиқиш учун Русия Давлат думаси мусулмон фракциясига тақдим этган эди. Лойиҳани 2001 йили Ҳаарлемда (Нидерландия) нашр этилган “Туркистонда янгилик ҳаракатлари ва ихтилоллар. 1900-1924” тўпламидаги матн асосида ўзбек матбуотида илк бор профессор Бегали Қосимов “Жаҳон адабиёти” журналининг 2003 йил 8-сонида эълон қилган. Мана, Маҳмудхўжа Беҳбудий мазкур лойиҳада нималарни ёзади: “Миллатимизи истеъдодсиз ва идораи дохилия ва афтономияни(нг) ижро ва ҳифзиға қодир эмас зан эдувчилар (гумон қилувчилар), албатта, хато эдарлар. Оврупойи рус мусулмонларидан зиёдароқ афтонимияни Туркистонға берилмоғи лозимдур. Азбаски (чунки), туркистонлилар ҳануз дохилан ўзини ўзи идора эдар. Ва оврупойи Русиядаги қардошларимиздан ихтиёрлидурлар”. Эътироф этиш зарур, “Туркистонга автономия берилмоғи лозим” экани ҳақида Русия Давлат думасига мурожаатнома ёзиш, ҳатто унинг бандма­банд тузилган лойиҳасини тақдим этиш ўша мустабид тузум шароитида улкан жасорат эди.

    Беҳбудий илгари сурган талаблар гарчи “маданий мухторият” тарзида қўйилган бўлса-да, сиёсий жиҳатдан ҳам катта аҳамиятга эга эди. Лойиҳанинг дастлабки бандидаёқ “Давлат думаси учун Туркистоннинг адади нуфуси исломиясиға (мусулмон аҳоли сонига — Н.Ж.) мутаносиб вакил сайлансун” дейилиши ҳам ушбу фикрни тасдиқлайди. 1907 йил январь-февралида 2­Давлат думасига бўлган сайловда қарийб беш ярим миллионлик туб жой аҳолидан 6, бир ҳовуч (322 минг) русийзабонлардан 7 киши сайлангани ҳам Беҳбудийнинг “адади нуфуси исломияға мутаносиб” (!) вакиллар сайланиши ҳақидаги талаби нечоғли ўринли бўлгани далилидир.

    Лойиҳанинг қимматли жиҳатларидан яна бири шундаки, Беҳбудий Давлат думасига Умумрусия мусулмонлари диний ва ҳаётий ишлари бошқарувининг анча мукаммал тизимини тавсия этади. Унинг фикрича, бу тизим қуйидагича бўлиши керак эди:

    — Петербургда бир маҳкамаи исломия барпо этилиши;

    — бу маҳкамага диний ва замонавий илмга моҳир муслим сайлов асосида муайян вақт раҳбарлик қилмоғи;

    — бу муассасанинг моддий ва маънавий таъминоти Русия мусулмонлари иттифоқи аъзолари ҳамда Давлат думасидаги мусулмон фракцияси вакиллари маслаҳатига асосан амалга оширилмоғи;

    — Тошкентда Туркистон идораи руҳония ва дохилияси ташкил этилмоғи, унга “биринчи даража уламо синфидан шариат ва замондан хабардор киши сайлов ила беш йил муддатга тайинланиб, шайхулислом аталиши” зарурлиги;

    — ҳар бир вилоятда Туркистон идораи руҳония ва дохилиясининг шуъбаси ва ҳуқуқий ҳукм ва талабларни ўрнига келтирувчи ижроия маҳкамаси ташкил этилиши керак.

    Беҳбудийнинг чинакам сиёсатдонлиги, ҳозирги таъбир билан айтганда, толерантлиги яна шунда кўринадики, у Туркистон идораи руҳония ва дохилия маҳкамаси ва шуъбаларида фаолият юритувчи масъул шахслар таркиби ҳақида аниқ тавсиялар бериш баробарида ўлкада яшовчи бошқа мазҳаб вакиллари, шунингдек, ўзга миллатлар масалаларини ҳам эътибордан четда қолдирмайди. Бу эса Беҳбудий тузган “Туркистон маданий мухторияти лойиҳаси”да ўлкада яшовчи ўзга дин ва мазҳабдаги кишилар ҳуқуқини ҳам тўлиқ кафолатлаш назарда тутилганидан далолат беради. Бундай кенгфикрлилик Беҳбудий миллат ва миллият масалаларини мезон деб билар экан, бошқалар ҳуқуқини камситишдан, азаматталаблик (шовинистик) қарашларидан анча баланд турганини кўрсатади.

    Лойиҳада, бундан ташқари, қуйидаги эътиборга молик талаблар илгари сурилган:

    — қозихона доирасидаги барча ҳужжатлар маҳаллий тилда ёзилиши;

    — Русия адлия маҳкамалари сайловига ва ундаги мансабларга сайланмоққа туркистонлилар ҳақли бўлиши;

    — Туркистон маишатидан хабарсиз юристларнинг Туркистон адлия маҳкамаларига ҳоким этиб тайинланмаслиги;

    — мавжуд қаттиқ низомлар ва чиновникларга берилган ҳадсиз ихтиёр бекор қилиниши;

    — Туркистон мактаб ва мадрасалари ҳукумат назоратидан озод этилиши;

    — умумий ўрта ва олий мактабларга мусулмонлардан комиссия тайинланиши, рус ҳарфини мусулмон мактабига жорий этмаслик;

    — Туркистон халқи талаб қилмагунча Туркистонга муҳожир юборилмаслиги;

    — Туркистон шаҳарлари ичидаги ерлар хоҳ муваққатан, хоҳ абадий бўлсун, ўзгаларга берилмаслиги.

    “Туркистон маданий мухторияти лойиҳаси” ёзилган даврдаги мураккаб ва зиддиятли сиёсий вазият эътиборга олинса, бундай талабларни қўйиш, яна уни Давлат думасига тақдим этиш чинакам ватанпарварликни талаб қилганини, Маҳмудхўжа Беҳбудий Ватан ва миллат озодлиги, бахту саодати йўлида ҳар қандай синовга тайёр бўлганини ҳис этиш имконини беради.

    Абдулла Авлоний “Туркий гулистон ёхуд ахлоқ” асарида “Боболаримизнинг “Бўлса бўлар, бўлмаса ғовлаб кетар” замонлари ўтуб, ўрнига “Билган битар, билмаган йитар” замони келди”, деб ёзади. Бу фикрлар наинки ўша давр одамларини, балки замондошларимизни ҳам чуқур ўйлашга, огоҳ бўлишга чақиради. Юқоридаги факт ва маълумотлар жадидчилик ҳаракатини янги мактаб ғояси, ойдинларимизнинг хайрия жамиятлари тузиш ва бу орқали миллат ёшларини илмли-маърифатли қилиш йўлидаги қизғин фаолияти нуқтаи назаридан тизимли ўрганиш заруратини кун тартибига қўяди. Миллий матбуот нашрларини саҳифама-саҳифа, сатрма-сатр таҳлил этмай, ХХ аср аввалидаги туркий дунё газета-журналларида Туркистон мавзусининг ёритилиш тенденцияларини изчил тадқиқ қилмай туриб, жадидчилик ҳаракати ва жадид адабиёти моҳиятини англаш мумкин эмаслигидан далолат беради. Маърифатпарвар жадидлар ижтимоий-сиёсий фаолиятини бугунги кун талаблари даражасида ўрганиш ва баҳолаш ҳаётий эҳтиёж эканини англатади.

    Нурбой ЖАББОРОВ,

    филология фанлари доктори,

    профессор.

    "Янги Ўзбекистон" газетаси 2023 йил 19 декабрь, 263-сон

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates