Жаҳон банки Ўзбекистонда иссиқхона газларини камайтиришга хизмат қиладиган лойиҳаларга грант ажратди

    Жаҳон банкининг янги кўп миллион долларлик гранти Ўзбекистон ҳукуматига атмосферага иссиқхона газлари эмиссиясини камайтиришга, энергия ресурсларидан самарали фойдаланишни рағбатлантиришга, шунингдек, халқаро углерод бозорларига кириш имкониятига эга бўлишга ёрдам беради.

    “Ўзбекистоннинг энергетика соҳасини трансформация қилиш учун инновацион углерод ресурслари” лойиҳаси Жаҳон банкининг энергетика соҳасида эмиссияларни камайтириш бўйича давлат сиёсатини қўллаб-қувватлаш дастури доирасида шу турдаги биринчи лойиҳасидир. Шу аснода лойиҳа доирасида тақдим этилаётган 46 миллион 250 минг долларлик грант мабглағлари энергия субсидияларини ислоҳ қилиш доирасидаги чора-тадбирларни рағбатлантириш учун ишлатилади. Улар энергия ресурслари истеъмолини ва иссиқхона газлари эмиссиясини камайтиришга олиб келади.

    Хусусан, лойиҳа Ўзбекистонга “углерод кредитлари”ни (CО2 тонна эквивалентида ўлчанадиган, иссиқхона газлари эмиссияси қисқартирилган қисмининг миқдори) тўплаб бориш ва уларни халқаро углерод бозорларида сотиш имконини беради. Ушбу лойиҳа Ўзбекистон ва Марказий Осиёда Париж келишуви доирасидаги биринчи шундай халқаро ташаббус бўлиб, мамлакатга жаҳон углерод бозори механизмларидан фойдаланиш имкониятини беради. Юқорида тилга олинган халқаро келишувнинг мақсади дунёда иссиқхона газлари эмиссиясини камайтириш орқали глобал ҳарорат кўтарилишини чеклашдан иборат.

    Мамлакатнинг иссиқхона газлари эмиссияси дунё миқёсида унчалик катта эмас. Бироқ, Ўзбекистон энергия интенсивлиги даражаси ва шунга мос равишда иссиқхона газларининг нисбий эмиссияси энг юқори бўлган давлатлар қаторига киради. Ушбу ҳолат шу билан бирга энергия ишлаб чиқариш ва узатиш соҳасидаги юқори субсидиялар билан ҳам изоҳланади.

    Энергетика соҳасидаги бундай амалиётнинг натижаси электр ва газ учун паст тарифлардир. Шу тариқа, энергетика корхоналари томонидан етказиб бериладиган хизматлардан олинадиган даромадлар тегишли энергия ишлаб чиқариш ва етказиб бериш бўйича харажатларни қоплаш учун етарли эмас. Ўз навбатида, паст тарифлар энергия тежамкорликни рағбатлантирмайди ва уй хўжаликлари ҳамда иқтисодиёт тармоқларида энергия самарадорлигини ошириш бўйича чора-тадбирларни амалга оширишни рағбатлантирмайди. Улар, шунингдек, энергия корхоналарининг истеъмолчиларга сифатли хизмат кўрсатиш имкониятларини чеклайдилар.

    Ўзбекистон ҳукумати энергия тежашни рағбатлантириш ва энергетика корхоналарининг молиявий барқарорлигини мустаҳкамлаш чораларини кўрмоқда. Энергетика субсидияларини ислоҳ қилиш тарифларни босқичма-босқич ошишига олиб келади. Шу билан бирга, у кам даромадли истеъмолчиларни манзилли ижтимоий ҳимоя қилиш, шунингдек, ислоҳотнинг зарурияти ва кутилаётган натижалари тўғрисида маълумот берувчи кенг тушунтириш кампанияси билан бирга олиб борилади.

    Жаҳон банки томонидан қўллаб-қувватланадиган янги лойиҳа Ўзбекистонга иссиқхона газлари эмиссиясини камайтириш бўйича Париж келишуви доирасида халқаро мажбуриятларини бажаришга ва халқаро углерод бозорларига киришга ёрдам беради.

    “Лойиҳа энергетика соҳасида иссиқхона газлари эмиссиясини камайтириш ва Ўзбекистонда тоза энергия ишлаб чиқаришга ўтиш бўйича катта салоҳиятга эга. Унинг доирасида тегишли институтлар, инфратузилма, тизимлар, жараёнлар, касбий-техник салоҳият, шунингдек, Париж келишувида назарда тутилган углерод бозори механизмларида иштирок этиш учун зарур бўлган ҳужжатлар яратилади ва синовдан ўтказилади. Лойиҳа тадбирлари мамлакатни келажакда бундай ташаббусларни янада кенгроқ амалга оширишга тайёрлайди”, — деди Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Марко Мантованелли.

    Лойиҳани амалга ошириш доирасида 2028 йилгача ҳар йили Ўзбекистонга энергия субсидияларини ислоҳ қилиш натижалари учун рағбатлантирувчи тадбирлар сифатида грант маблағлари ажратилиши режалаштирилган бўлиб, улар эмиссияларни тасдиқланган қисқариши учун ажратилади.

    Прогнозларга кўра, лойиҳани амалга ошириш даврида Ўзбекистон эмиссияларни тахминан 60 миллион тоннага қисқартириши мумкин. Шундан тахминан 2 – 2,5 миллион тоннаси лойиҳа доирасида сотиб олинади. Қолган углерод бирликларини Ўзбекистон лойиҳа давомида яратилган ва синовдан ўтган тизим ва механизмлардан фойдаланган ҳолда халқаро углерод бозорларида сотиши мумкин бўлади.

    Лойиҳа Жаҳон банкининг Углерод активларини трансформация қилиш жамғармаси (TCAF) томонидан молиялаштириладиган биринчи ташаббус ҳисобланади. TCAF ривожланаётган мамлакатларга Париж келишувида белгилаб қўйилган эмиссияларни камайтириш ва иқлим ўзгариши оқибатларига мослашиш бўйича мажбуриятларини бажаришида кўмаклашади. Унинг фаолияти келажакда Жаҳон банки ва TCAFнинг бошқа бенефициарлари учун намуна бўлиб қолади. Канада, Германия, Норвегия, Испания, Швеция, Швейсария ва Буюк Британия ҳукуматлари, шунингдек, "Climate Cent Foundation" (Швейцария) фонди ушбу жамғарманинг фаолияти учун зарур молиявий кўмак кўрсатдилар.

    Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги дастури Европа ва Марказий Осиё минтақасидаги энг йирик дастурлардан биридир. Ҳозирги вақтда унинг доирасида қиймати қарийб 6 млрд долларлик молиявий мажбуриятлари бўлган 29 та лойиҳа амалга оширилмоқда. Улар турли ижтимоий-иқтисодий соҳаларни ислоҳ қилишга ва модернизация қилишга, фуқароларнинг фаровонлигини оширишга кўмаклашадилар, шунингдек, мамлакат иқтисодиётининг ўсишига ҳисса қўшадилар.

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates