Жаҳон банки Ўзбекистонга пенсия ёшини оширишни тавсия қилди

    Ўзбекистонда пенсия ёши аёллар учун 55, эркаклар учун 60 ёш бўлган собиқ иттифоқ мамлакатлари ичидаги ягона давлат ҳисобланади.

    Жаҳон банки Ўзбекистонга узоқ муддатли истиқболда пенсия ёшини оширишни тавсия қилди. Бу борадаги тавсия ҳукумат сўрови билан тайёрланган ҳисоботдан ўрин олган. Маълумотларга кўра, бугунги кунда мамлакатимизда ёшга доир пенсия олувчилар сони 3 миллиондан ошди.

    Сўнгги йилларда пенсия таъминоти тизимини ислоҳ қилиш борасида муҳим чора-тадбирлар амалга оширилди. Жумладан, 2017-2022 йилларда “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилишини назарда тутувчи 16 та қонун, 70 га яқин бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг қабул қилиниши тизимдаги муаммоларнинг қонуний ечимига хизмат қилмоқда.

    Аҳолини узоқ йиллар давомида қийнаб келган ҳолатлардан бири пенсия ва нафақалар тўлови кечиктирилиши билан боғлиқ муаммо ечим топди. Пенсияни расмийлаштириш учун паспорт билан мурожаат қилиш тизими ишга тушди. 2023 йил 1 январдан бошлаб пенсияни ҳисоб-китоб қилиш учун иш ҳақининг максимал миқдори, яъни юқори чегараси пенсияни ҳисоблаш базавий миқдорининг ўн баробаридан ўн икки бараваригача оширилди.

    Жаҳон банкининг ҳисоботида қайд этилишича, Ўзбекистондаги демографик ўзгаришлар ва қариялар сонининг кўпайиши пенсия тизимига босим кўрсатмоқда. Бу эса пенсия тизимини ислоҳ қилишни тақозо этмоқда.

    «Ўзбекистонда пенсия ёши аёллар учун 55, эркаклар учун 60 ёш бўлган собиқ иттифоқ мамлакатлари ичидаги ягона давлат ҳисобланади. 1990 йиллардаги ўтиш даври ислоҳотлари вақтида кўплаб мамлакатлар пенсия ёшини 2-3 йилга оширди», дейилади ҳисоботда.

    Қайд этилишича, айрим давлатлар аёллар ва эркакларнинг пенсия ёшини босқичма-босқич тенглаштиришга киришмоқда. Эстония, Латвия, Литва ва Озарбайжон аёллар ва эркаклар учун пенсия ёшини 65 ёшга оширмоқда.

    «2025 йилдан бошлаб пенсия ёшини босқичма-босқич 65 ёшгача оширишни назарда тутувчи 2021-2030 йилларга мўлжалланган Миллий ижтимоий ҳимоя стратегияси доирасида қарор қабул қилиш энг яхши вариант бўлади. Келгусида бу демографик ўзгаришлар босимини камайтириб, меҳнатга лаёқатли ва пенсия ёши ўртасидаги чегарани аста-секин ўзгартиради. Ишчи кучининг демографик ўсиш салоҳияти тугагунга қадар (2040 йилларнинг ўрталарида) буни амалга ошириш учун мамлакатда вақт бўлиши жуда муҳим, чунки бу миллий рақобатбардошлик масаласидир», дея тафсия қилган Жаҳон банки.

    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates