Хоразм вилояти Янгибозор туманидаги Халқобод маҳалласида яшайдиган Интизор Раҳимова ҳаётда кўп қийинчиликни бошидан кечирди. Мўмай пул топиш илинжида чет элга кетди. Лекин орзулари пучга чиқди...
Она юртига касалманд бўлиб қайтган муштипар аёл икки фарзанди билан хароба уйнинг бир бурчагида кун кўра бошлади.
Бундан бир ой олдин туман ҳокими Ўктам Қурбонов бошчилигидаги сектор мудирлари Интизор опанинг абгор аҳволга келиб қолган уйида бўлган эди. Ўшанда муаммолар ўрганилиб, масъулларга топшириқлар берилди.
Ёлғиз аёл ва унинг фарзандлари вақтинчалик бошқа уйга кўчирилди ва хароба уйни қайта қуриш ишлари бошлаб юборилди. Даволаниш, моддий ёрдам каби масалалар ҳам ҳал бўлди.
Бугун Интизор опа тубдан янгиланган ўз уйига кўчиб ўтди. Туман ҳокимлиги томонидан уй тўйи қилиб берилди. Тўйга тумандаги фаоллар, идора-ташкилотлар раҳбарлари, бутун маҳалла аҳли тўёналар билан келди.
Кўрсатилаётган ғамхўрлик, эътибордан мамнун Интизор Раҳимова жамиятимизнинг меҳрли қиёфасини яратиб берган Президентимизга, давлатимиз раҳбари жамоаси — туман раҳбарларига, уни қўллаб, ёрдамини аямаган маҳалла аҳлига самимий миннатдорлигини билдирди.