Яқинда Афғонистон Ислом Республикаси Қишлоқ хўжалиги, ирригация ва чорвачилик вазири бошчилигидаги расмий делегация Ўзбекистонга ташриф буюрди.
Меҳмонлар Тошкент ва Самарқанд вилоятларидаги аграр корхоналар, агрокластерлар ва илмий-тадқиқот марказлари фаолияти билан яқиндан танишди. Улар қишлоқ хўжалигини рақамлаштириш, ҳосилдор уруғчилик, замонавий суғориш технологиялари ҳамда қайта ишлаш саноати йўналишларида эришилган ютуқлар билан таништирилди.
Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан Афғонистон фермерлари ва аграр тузилмаларига беғараз ёрдам тариқасида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етказиб берилди.
Жумладан, об-ҳаво шароитларига чидамли, сертификатланган 5 тонна чигит (200 гектар ер майдони учун), 20 тонна шоли (100 гектар майдон учун), 500 килограмм мош (25 гектар учун), шунингдек, 187 килограмм сабзавот уруғлари ва 600 килограмм полиз экинларининг сараланган, юқори сифатли уруғлари топширилди.
Мазкур амалий ёрдам Афғонистонда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, қишлоқ аҳолиси бандлигини ошириш ҳамда аграр соҳада инновацияларни жорий этишга хизмат қилиши кутилмоқда.
Ўзбекистон – Афғонистон ўртасидаги аграр ҳамкорлик бугунги кунда минтақавий барқарорлик ва иқтисодий тараққиётга хизмат қилмоқда. Бу эса қўшничилик тамойиллари ва умуминсоний қадриятларга асосланган муносабатларнинг амалий ифодасидир.









