Бу орқали Тошкент вилояти аҳолисига E–8 мавсумий ишчи визаси асосида 8 ой давомида Кореянинг бир қатор ҳудудларида расмий меҳнат фаолиятини амалга ошириш имконияти яратилади.
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги директори Беҳзод Мусаев бошчилигидаги делегация Корея Республикасининг Геонгсангнам-до провинцияси губернатори Пак Вансу билан музокаралар ўтказди. Учрашув якунида томонлар E–8 визаси доирасида Тошкент вилоятидан ишчиларни танлаб олиш ва уларни Ҳапчон, Чонгнянг округлари ҳамда Мирянг шаҳрида 8 ой (5+3) муддатга ишга жалб этиш бўйича келишувга эришди.
Музокаралар натижасида Миграция агентлиги ва Геонгсангнам-до провинцияси ўртасида қишлоқ хўжалиги соҳасида мавсумий ишчи кучини жалб қилишга оид икки томонлама ҳамкорлик келишуви имзоланди.
Аввалроқ Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ва Корея Адлия вазирлиги ўртасида фуқароларни E–8 дастурига қайта жалб этиш бўйича келишувга эришилган эди. 14 октябрда имзоланган янги ҳужжат ана шу келишувнинг амалий босқичини ташкил этади.
Корея Адлия вазирлиги талабига кўра, бундай дастурларда ишчи кучини юборувчи ва қабул қилувчи ҳудудлар аниқ белгиланиши шарт. Шу асосда Тошкент вилояти фуқаролари пилот тарзда провинциянинг 3 ҳудудига юборилади. Айни пайтда дастур айнан Тошкент вилоятида амалга оширилаётганининг сабаби — вилоят билан Геонгсангнам-до провинцияси ўртасида дўстлик меморандуми мавжудлиги ва Корея талаби бўйича дастур аввал аниқ ҳудудлар асосида йўлга қўйилиши зарурлигидир.
"Маълумки, 2021 йилда Ўзбекистон Кореяга E–8 визаси орқали ишчи юборган илк давлат бўлган. Ўшанда 420 нафар фуқаро пилот лойиҳа асосида ишлаган, аммо баъзи ишчилар шартнома тугагач ватанга қайтмагани сабабли, дастур вақтинча тўхтатилган эди.
Фуқароларнинг кўплаб мурожаатларидан кейин икки давлат идоралари узоқ музокаралар олиб борди ва Корея ҳукумати ушбу имкониятни яна очишга қарор қилди. Шу муносабат билан фуқаролардан меҳнат шартномаси ва Корея қонунчилигига қатъий амал қилиш, белгиланган муддатда ватанга қайтиш талаб этилади. Бу — келгусида дастурнинг давом этиши ёки чекланишига таъсир қилувчи муҳим омил ҳисобланади", — дея огоҳлантиради Агентлик.
Жорий йил ноябрь–декабрь ойларида Корея округ ҳокимликларидан бўш иш ўринлари бўйича талабнома ва номзодлар рўйхатини қабул қилиш режалаштирилган. Батафсил маълумотлар Миграция агентлигининг “Хорижда иш” Telegram каналида эълон қилиниши айтилди.








