Наврўз байрами муносабати билан Ўзбекистон элчихонаси томонидан Жанубий Кореянинг Ийчжонбу шаҳрида ватандошлар ўртасида футбол турнири ташкил этилди.
Мусобақада ушбу давлатда вақтинча истиқомат қилаётган ва олий ўқув юртларида таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар иштирок этди.
Турнирда 12 та жамоа ғолиблик учун кураш олиб борди. Турнир ғолиблигини қўлга киритган "Dream Team" (биринчи ўрин), "O’zbegim" (иккинчи ўрин) ва "Pyontek-Posin" (учинчи ўрин) жамоаларининг аъзолари махсус кубок, эсдалик совғалар ва дипломлар билан тақдирланишди.
Тақдирлаш маросимида сўзга чиққан элчихона вакиллари барча иштирокчиларни билан табриклаб, ватандошларга мамлакатимиздаги кенг кўламли ислоҳотлар, шу жумладан, республикамизда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш йўлида амалга оширилаётган ишлар ҳамда уларга яратилаётган шароитлар ҳақида маълумот берилди.
Бундан ташқари, спорт тадбири иштирокчиларига жорий йилнинг 30 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 2023 йил 10 мартдаги ҳамда Олий Мажлис Сенатининг 14 мартдаги қарорларига мувофиқ, "Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонуни лойиҳаси бўйича Ўзбекистон Республикасининг референдуми ўтказилиши ҳақида ҳам маълумот берилиб, ҳар соҳада янгиланиб бораётган янги Ўзбекистон ижтимоий-сиёсий ҳаётида референдум муҳим аҳамият касб этиши қайд этилди. Юртдошларимиз ушбу муҳим сиёсий тадбирда фаол иштирок этишга чақирилди.
Футбол турнири кучли рақобат муҳитида, шунингдек, самимий ва дўстона руҳда ўтди.
Мусобақа иштирокчилари бу каби спорт тадбирларини мунтазам равишда ташкил қилиш хорижда истиқомат қилаётган ватандошлар учун катта эътибор экани, нафақат уларнинг соғлом ҳаёт тарзини таъминлашдаги ўрни, балки юртдошларнинг бир-бири билан яқин мулоқот ўрнатишида кўприк вазифасини ўташини таъкидлади.
Турнир якунида иштирокчилар дастурхон атрофига таклиф этилиб, уларга миллий таомларимиз - ош ва кўк сомса тортилди, деб хабар беради "Дунё" АА.