2020 йил 23 июль соат 18:05 да 26 ёшли ҳайдовчи ўзининг бошқарувидаги «DAF FT XF 105» русумли юк автомашинада Қўнғирот тумани «Жаслиқ» посёлка ҳудудидан ўтувчи А-380 автомобиль йўлининг 1009-1010 километрлари оралиғида ҳаракатланиб кетаётганида, автомашина бошқарувини йўқотиб, ушбу йўлнинг қарама-қарши томонига ўтиб кетиб, қарама-қарши йўналишда ҳаракатланиб келаётган «VOLVO» русумли юк автомашинасининг чап ён томонига бориб урилиб, ушбу юк автомашинадан кейин ҳаракатланиб келаётган бошқа «VOLVO» русумли юк автомашинасининг олди томонига урилиб, ЙТҲ содир этган.
Ушбу йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида «DAF FT XF 105» русумли юк автомашинаси ҳамда, иккинчи «VOLVO» русумли юк автомашиналарида ёнғин келиб чиқиб, ҳар иккала юк автомашинаси бутунлай ёниб кетган.
Иккала «VOLVO» русумли юк автомашиналари ҳайдовчилари ҳам Украина Республикаси фуқаролари бўлиб, уларнинг бири 32, иккинчиси 29 ёшдалиги маълум бўлган.
Натижада, ЙТҲ содир этган «DAF FT XF 105» русумли юк автомашинаси ҳайдовчиси ҳодиса содир бўлган жойда вафот этган.
Мазкур ҳолат юзасидан Қўнғирот тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми (одам ўлимига олиб келган транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган, ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, деб хабар беради Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти.









