Мамлакатимизда жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга энг устувор масалалардан бири сифатида алоҳида эътибор қаратиляпти. Соҳа изчил такомиллаштирилиб, самарадорлиги узлуксиз ошириляпти.
Кейинги йилларда аҳоли тинч-осойишта ҳаёт кечириши учун ҳуқуқий ва ташкилий механизмлар тубдан қайта кўриб чиқилди. Ҳуқуқ-тартибот идоралари фаолияти қайта шакллантирилди, замонавий техника ва моддий ресурслар билан таъминланди. Энг асосийси, ҳуқуқбузарликни жазолаш эмас, балки жиноятларнинг олдини олиш асосий мезонга айлантирилмоқда.
Президентимизнинг 2025 йил 3 январдаги “2025 йилда республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида барча мутасадди идоралар олдига жиноятларнинг олдини олишга йўналтирилган инфратузилма яратиш вазифаси қўйилди. Шу асосда бажарилган ишлар натижасида 2025 йилнинг дастлабки
5 ойида ўртача даражадаги жиноятлар 12, оғир жиноятлар 37,3 фоиз камайди. Қотиллик, ўғрилик, талончилик, фирибгарлик ва маст ҳолда автоҳалокат содир қилиш каби кўплаб жиноят турлари кескин камайишига эришилди.
Шу билан бирга, давлатимиз раҳбарининг топшириғи асосида жорий йил давомида мамлакатда криминоген вазият оғир бўлган ҳудудлардаги реал ҳолат ўрганилиб, махсус ишчи гуруҳлар томонидан маҳаллалардаги “еттилик” фаолияти, ҳуқуқбузарликларнинг сабаблари ва коррупцияга қарши кураш ишлари атрофлича таҳлил қилинди. Афсуски, ўрганишлар айрим “маҳалла еттиликлари” ва раҳбарлар мазкур соҳадаги талаб ва вазифалардан бехабарлигини, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга масъулиятсизлик билан қараётганини кўрсатди.
Жиноятларнинг 36,4 фоизи маҳаллаларда содир этилгани маҳаллий даражадаги профилактика ишлари талаб даражасида эмаслигидан далолат. 813 та маҳалла “қизил” тоифага киритилгани эса уларда жиноятчилик юқорилигини англатади. Демак, жойлардаги “еттилик”лар фаолиятини тубдан қайта кўриб чиқиш, уларни қайта тайёрлаш ва назоратни кучайтириш талаб этилмоқда.
Ташвишланарли ҳолатлардан бири — оилаларда содир этилган қотилликлар. Шу йили рўй берган бундай оғир жиноятларнинг 53,4 фоизи оилавий муносабатлар доирасида содир этилган. Бу эса оилалардаги низоларни барвақт аниқлаш, руҳий тушкунлик ва зўравонлик ҳолатларига чора кўриш борасида масъул идоралар етарлича иш олиб бормаётгани оқибатидир. Самарқанд ва Навоийда содир бўлган икки мудҳиш жиноят оилавий низолар ва мураккаб ҳолатлар жиноятгача етаклаши мумкинлигини яққол намоён этди.
Бир қарашда ёшлар ўртасидаги жиноятчилик статистикасида ижобий ўзгаришлар юз бераётгандек туюлади. Беш ойда 2846 ёш 2919 та жиноят содир этган, кўрсаткич ўтган йилдагига нисбатан 20 фоиз камайган. Аммо вояга етмаганлар содир этган 567 та жиноятнинг 84,3 фоизи тарбиядан четда қолган, ота-онаси етарли эътибор бермаган болалар ҳиссасига тўғри келмоқда. Бундай ҳолатлар “оила — мактаб — маҳалла” тизими сўнгги пайтларда талаб даражасида ишламаётганидан дарак беради.
Хотин-қизлар содир этаётган жиноятлар ҳам алоҳида таҳлилга муҳтож. 2025 йилда 672 аёл 723 та жиноятга қўлга урган. Улар орасида оғир жиноятлар мавжуд. Айниқса, Урганчда юз берган ўта шафқатсиз жиноят ижтимоий муаммолар ечимсиз қолганда аёллар ҳам жиноятга қўл уриши мумкинлигини кўрсатди. Аёллар билан ишловчи фаоллар ва “маҳалла еттилиги” уларга зарур ёрдам кўрсатмаган, профилактика ишларини олиб бормаган.
Яна бир муаммо — ахборот технологиялари воситасида содир этилаётган кибержиноятлар. Беш ойда 18 минг 327 та ана шундай жиноят содир этилган. Уларнинг 94,4 фоизи фирибгарлик ва ўғриликдир. Мазкур кўрсаткичлар жиноятчилик замонавий шаклларга ўтаётганини кўрсатади. Демак, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ҳам фаолиятини тезкор рақамли таҳлил ва электрон назорат асосида ташкил этиши лозим.
Жиноятчиликка қарши курашда муайян ютуқларга эришяпмиз. Кўрилаётган чора-тадбирлар, жумладан, профилактика ишлари ижобий самара бермоқда. Бироқ жиноятчиликни тўлиқ бартараф этиш учун маҳалла тизимини шу йўналиш нуқтаи назаридан қайта кўриб чиқиш, ҳар бир оиладаги муаммоларни барвақт аниқлаш, болалар, аёллар ва ёшлар билан манзилли ишлаш, рақамли таҳлилни кучайтириш ва жамоатчилик назоратини ошириш талаб этилади.
Жиноят ва оқибати билан эмас, балки сабаблари билан курашиш — энг самарали йўл. Шундай ёндашув билангина жамиятда ҳақиқий хавфсиз муҳитни яратиш мумкин.
Қутбиддин БУРҲОНОВ,
Олий Мажлис Сенатининг Мудофаа
ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси
(“Янги Ўзбекистон” газетаси. 2025 йил 1 июль, 133-сон)








