Жон агар бир шиша бўлса, илм — бир ёнгувчи шам

    Франция тиббиёт академиясида Абу Али Ибн Сино бюсти ўрнатилди.

    Марказий Осиё халқлари маданиятини Ўрта аср шароитида дунё маданиятининг олдинги қаторига олиб чиққан буюк мутафаккирлардан бири Абу Али ибн Сино бўлиб, у Оврўпода Авиценна номи билан машҳурдир.

    Замондошлари Ибн Синони “Шайх ар-раис” (“донишмандлар сардори, алломалар бошлиғи”), “Шараф ал-мулк” (“ўлка, мамлакатнинг обрўси, шарафи”), “ҳужжат ал-ҳаққ” (“ростликка далил”), “Ҳаким ал-вазир” (“донишманд, тадбиркор вазир”) деб атаганлар. Жаҳон фани тарихида Ибн Сино қомусий олим сифатида тан олинган, чунки у ўз давридаги мавжуд фанларнинг қарийб барчаси билан шуғулланган ва уларга оид асарлар ёзган.

    Гарчи, уни “Авиценна” сифатида Ғарбда машҳур қилган унинг тиббий мероси, хусусан, “Тиб қонунлари” бўлса-да, “Шайх-ар-раис” номи, энг аввал, унинг буюк файласуфлигига ишорадир.

    Яқинда Парижда AVICENNIA INTERNATIONAL PRIZE (Халқаро Авиценна – Ибн Сино мукофоти) билан тантанали тақдирлаш маросимида ҳам Абу Али ибн Сино шахси борасида эътиборга молик мулоҳазалар билдирилди. Мукофотларни Франция Тиббиёт академияси Президенти жаноб Тран Ба Хюи топширди. Маросимда Ўзбекистон Республикасининг Франциядаги элчиси Сардор Рустамбоев ҳам иштирок этди.

    Шунингдек, AVICENNIA INTERNATIONAL PRIZE совринини тантанали топшириш маросими бўлиб ўтди. Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти Ўзбекистон Республикасининг Франциядаги элчихонаси кўмагида Франция тиббиёт институти академиясининг директорлар кенгаши тахт залида Абу Али ибн Синонинг бронза бюсти буюк олим хотирасига миннатдорлик ва чуқур ҳурмат белгиси сифатида ўрнатилди. Маросим иштирокчилари Ўзбекистонга ва Жаҳон жамиятига ушбу ташаббус учун миннатдорчилик билдирди.

    – Биз Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамиятига ушбу лойиҳани амалга оширишга қўшган ҳиссаси учун алоҳида миннатдорлик билдирамиз, – деди Ўзбекистон Республикасининг Франциядаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Сардор Рустамбоев. – Кўз олдингизда турган ушбу бюстни ўзбек халқи номидан ҳамкорлигимиз рамзи сифатида қабул қилишингизни сўрайман. Бу воқеа тарихда қолади ва ёш авлодларга улуғ олим Ибн Сино меросини ўргатиш фаолиятига қўшилган муносиб ҳисса бўлиб хизмат қилади.

    – Мен маросимда иштирок этганимдан жуда мамнунман ва Жаҳон жамиятининг Франция Тиббиёт академиясида Ибн Сино бюстини ўрнатиш бўйича ташаббусини юксак маънода қадрлайман, – деди Париж университети профессори Жоэл Чандиле бюстни ўрнатиш маросимида. – Ибн Сино ўзбек заминининг сўзсиз даҳоси, айни пайтда унинг мероси Европа ва жаҳон меросининг муҳим қисмидир. Ўзбекистон ва Франция ўртасида яна бир маданий кўприк ўрнатган мамлакатингиздан чуқур миннатдорман.

    – Франция Тиббиёт академиясида буюк инсонпарвар олим Ибн Сино бюстининг ўрнатилиши барчамиз учун катта шараф ва ғурурдир! – дея таъкидлади ҳаяжон билан исломшунос олим, Франция Миллий илмий тадқиқот маркази эксперти Карим Ифрак. – Бугун Ўзбекистонда буюк мутафаккир ва алломалар қолдирган илмий-маънавий мероснинг аҳамиятини чуқур англаган ҳолда, уларнинг меросига ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ эътибор қаратилмоқда. Бу ҳайратланарли! Яшасин Ўзбекистон, Яшасин Франция, Яшасин Ибн Сино!

    Шунингдек, Париждаги Тиббиёт академиясининг Катта амфитеатрида Халқаро “Авиценна” мукофотини тантанали топшириш маросими бўлиб ўтди.

    Жорий йилда “Европа Иттифоқи, Ўртаер денгизи ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги фалсафий ва тиббий тадқиқотлар ҳамда ҳамкорликни рағбатлантириш учун” мазкур олий мукофот турли мамлакатлар вакилларига топширилди. Мукофотланганлар орасида ҳамюртимиз, Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти Васийлик кенгаши раиси, “Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида” лойиҳасини амалга ошираётган Бахтиёр Фозилов ҳам бор. Мукофотни Франция Тиббиёт Академияси президенти жаноб Тран Ба Хуи ҳам иштирок этди.

    “AVICENNE-France” президенти ва мукофотнинг ижрочи директори Марк Боннелнинг мана бу сўзлари ҳам иштирокчиларни ҳаяжонга солди:

    – Биз биламизки, Бутунжаҳон жамияти бир қатор йирик лойиҳаларни амалга оширмоқда ва буюк Ибн Сино асарларини ўрганишга катта эътибор қаратмоқда. Биз бу эзгу ва машаққатли ишни амалга ошираётган инсонларни муносиб тақдирлашга қарор қилдик. Мен Ўзбекистон маданий меросини асраб-авайлаш ва уни хорижда тарғиб қилиш борасидаги саъй-ҳаракатлари учун Бутунжаҳон жамиятига ва Бахтиёр Фозиловга миннатдорлик билдираман.

    Шу ўринда “AVICENNIA INTERNATIONAL PRIZE” мукофоти ҳақида бироз тўхталиб ўтсак. Ушбу мукофот 2015 йилда Европа Иттифоқи, Ўрта Ер денгизи ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги фалсафий ва тиббий тадқиқотлар ҳамда ҳамкорликни рағбатлантириш мақсадида таъсис этилган.

    У ўз тадқиқотлари ва нашр қилган китоблари орқали буюк мусулмон мутафаккири Ибн Сино ижодини ўрганишга ҳисса қўшган, тинчлик ўрнатиш ва маданий ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилган олимларга ва бошқа шахсларга берилади.

    Ибн Сино асарлари Европада XII асрдан бошлаб лотин тилига таржима қилина бошлади. “Тиб қонунлари” асарининг ўзи лотинчада 30 мартадан ортиқ нашр қилинди. “Китоб уш-шифо”нинг кўп бўлимлари, мантиқ, мусиқа, ернинг тузилиши, геологик жараёнлар, метафизикага оид қисмлари ҳам лотинчада нашр этилди. Сўнгги илмий тадқиқотлар ибн Синонинг Шарқ адабиётига ҳам таъсир кўрсатганлигини, чуқур фалсафий мазмунни ифодаловчи рубоий ва фалсафий қиссалар жанрининг тараққиётига туртки берганлигини кўрсатади.

    Айниқса, унинг “Жон агар бир шиша бўлса, илм бир ёнгувчи шам”, деган мисралари халқ орасида маўҳур бўлиб кетади. Ибн Сино ўз бадиий асарлари туфайли ҳам жуда катта ҳурматга сазовор бўладики, у ҳатто фольклор қаҳрамонига айланиб кетади. Шарқ халқларида буюк табиб, олим ва шоир тўғрисида турли ҳикоя, ривояту афсоналар вужудга келди.

    Айни пайтда ҳам дунё олимлари Ибн Сино асарлари, унинг фаолияти тўғрисида кўплаб илмий-тадқиқот ишларини олиб бормоқдалар. Ҳозирда жаҳондаги деярли барча халқларда Ибн Сино ҳақида ҳикоя қилувчи асарлар яратилганлиги ҳам қувонарлидир. Буюк аждодимизга бўлган бундай жаҳоний эътироф ва эътибор бизни қувонтиради. Унинг ноёб меросини янада чуқурроқ ўрганишга, тарғиб қилишга ундайди.

    Рустам ЖАББОР,

    журналист

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates