ЖСТ: Ўзбекистонга нима беради?

    Бугунги кунда дунёдаги энг йирик ушбу иқтисодий ташкилотга 164 мамлакат аъзо ва улар ҳиссасига глобал савдо ва жаҳон ялпи ички маҳсулотининг 95 фоизи тўғри келади. Ўзбекистон товар айланмасининг 97 фоизи ушбу давлатларнинг биргаликдаги улушини ташкил этади.

    Келгуси уч йилда тайёр маҳсулот экспортини 2 баравар оширишни режа қилганмиз. Бунга эришишнинг бирдан бир йўли Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш. Бу 164 та давлат билан адолатли савдо тизимини йўлга қўйиш ва барқарор бозорларни яратиш имконини беради.

    Президентимиз 14 апрель куни Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёнлари ва истиқболларига оид тақдимот билан танишиши чоғида ушбу фикрларни билдирар экан, унга аъзо бўлиш шартлигини таъкидлади. Бинобарин, бу борадаги вазифалар Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган Тараққиёт стратегиясининг 91-мақсадида белгиланган, давлатимиз раҳбарининг ўтган йилги Мурожаатномасида бу жараённи жадаллаштириш кун тартибига қўйилган эди. Шу мақсадда Жаҳон савдо ташкилотига аъзо элликка яқин мамлакатлар билан икки томонлама музокаралар олиб бориляпти.

    Маълумки, 1995 йил 1 январда асос солинган Жаҳон савдо ташкилоти давлатлараро кўп томонлама савдо тизимини мувофиқлаштириб турувчи нуфузли халқаро тузилма ҳисобланади. Бугунги кунда дунёдаги энг йирик ушбу иқтисодий ташкилотга 164 мамлакат аъзо ва улар ҳиссасига глобал савдо ва жаҳон ялпи ички маҳсулотининг 95 фоизи тўғри келади. Ўзбекистон товар айланмасининг 97 фоизи ушбу давлатларнинг биргаликдаги улушини ташкил этади.

    Жаҳон банкиининг уч йил олдинги маълумотига кўра, Европа Иттифоқи ялпи ички маҳсулотининг 91, Замбияда70, Канадада 65, Жанубий Африкада 59, Ҳиндистонда 40, Индонезия ва Японияда 37 , Хитойда 36 , АҚШда 26 фоизи ташқи савдо боғлиқ бўлган. Халқаро савдо иқтисодиётни ривожлантириш ҳамда қашшоқликни камайтиришда мисли кўрилмаган имкониятларни таклиф қилади. Бироқ, ушбу салоҳиятни амалга оширилишини таъминлаш глобал савдони халқаро даражада бошқариш ва тартибга солишни тақозо этади. Агар бундай бошқарув ва мажбурий тамойиллар бўлмаса, халқаро глобаллашув ва савдо ҳозирги вазиятни яхшилаш ўрнига иқтисодий тенгсизликни, ижтимоий адолатсизликни, атроф-муҳитнинг таназзулини ва маданий бир хилликни кучайтириши мумкин.

    Барқарор тараққиёт таянчи

    ЖСТ 1947 йилдатузилган халқаро битим — GАТТ'нинг давомчиси ҳисобланади. Ташкилотга аъзо ва иштирокчи мамлакатлар учун мажбурий бўлган тамойиллар ва қоидалар белгиланган. Унинг асосий вазифаси глобал иқтисодиётни кузатиш орқали халқаро савдо изчиллиги ва шаффофлигини тартибга солиш, аъзо мамлакатлар барқарор тараққиётини таъминлаш ва инсонлар турмушини яхшилашдан иборат. Бу Ўзбекистонда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар мақсадига тўлиқ мос келади.

    — Ташкилотда қарорлар иштирокчи мамлакатлар ёрдамида консенсус — умумий овоз бериш орқали қабул қилинади, — дейди сиёсий фанлар доктори, профессор Бахтиёр Омонов. —Қарорлар қоидага кўра, икки йилда бир марта чақириладиган Вазирлар конференцияси томонидан қабул қилинади. Кундалик амалга оширилаётган ишларга масъул бўлган Бош кенгаш йиғилишларини ташкилотнинг маъмурий қароргоҳи жойлашган Женева шаҳрида бир йилда бир марта ўтказади. Йиғилишларда ташкилотга аъзо мамлакатлар вакиллари, элчилар иштирок этади.

    Бош кенгаш қошида низоларни ҳал этиш ва савдо сиёсати таҳлиллари билан шуғулланадиган органлар бор (жами 650 ходим ишлайди). Шунингдек, унинг таркибида савдо ва ривожланиш, савдо баланси борасида чекловлар ўрнатиш ҳамда бюджет, молия ва маъмурий масалалар билан шуғулланадиган учта қўмита фаолият юритади. Бош кенгашдан қуйи поғонада товарлар, хизматлар савдоси ва интеллектуал мулк ҳуқуқи бўйича кенгашлар фаолият юритади.

    Ташкилотнинг яна бир устувор йўналиши шундаки, унга 3 тасниф асосида, яъни ривожланган, ривожланаётган ва энг кам ривожланган давлатлар мақомида қўшилиш мумкин. Ўзбекистон ривожланаётган давлат мақомида қўшилишга интиляпти. Бунда қатор имкониятларга эга бўлинади. Масалан, ўтиш даврига узоқроқ вақт берилади.

    — Ўзбекистон ЖСТга қўшилиш учун 1994 йилда ариза берган ва ишчи гуруҳнинг учта учрашувида қатнашган, —дейди Божхона институти доценти Тўлқин Пардаев. — Аммо айрим сабабларга биноан, бу жараён тўхтаб қолган. 2017 йилда ЖСТга қўшилиш бўйича саъй-ҳаракатлар қайта бошланди. 2019 йил бошига келиб, ишчи гуруҳ фаолияти ҳукумат томонидан жонлантирилди. 2020 йилда Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши бўйича қўшма ишчи гуруҳ йиғилишлари қайта тикланди. Хусусан, ўтган йил 21 июнь куни Женева шаҳрида бўлиб ўтган ишчи гуруҳининг бешинчи йиғилишида аъзо давлатларнинг 60 дан ортиқ делегациялари, шунингдек, халқаро ташкилотлар вакиллари ва хорижий экспертлар иштирок этди. Сўзга чиққан барча 25 аъзо-давлат, жумладан, АҚШ, Европа Иттифоқи, Буюк Британия, Россия, Туркия, Индонезия, Корея Республикаси, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва бошқалар бир овоздан Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлишини тўлиқ қўллаб-қувватлашини билдирди.

    Жорий йилнинг март ойида Жаҳон савдо ташкилотида ишчи гуруҳнинг олтинчи йиғилиши ўтказилди. Унда республика савдо режимининг барча жиҳатларига тааллуқли 10 дан зиёд янги ҳужжат кўриб чиқилди.

    Яқинда бўлиб ўтган матбуот анжуманида Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигининг ЖСТ билан ҳамкорлик бошқармаси бошлиғи ўринбосари Амирбек Муҳамедов маълум қилишича, ушбу халқаро ташкилотгага аъзо бўлиш узоқ вақт талаб қиладиган мураккаб жараён. Ҳар бир давлатнинг бу ташкилотга аъзо бўлиш жараёни ўртача 8 — 10, баъзи давлатлар учун эса 10 — 15 йилни ташкил этади. Масалан, ташкилотга кириш учун Қозоғистонга 13 йил, Россияга 19 йил керак бўлган. Чунки, унга ҳамма аъзо давлатларнинг розилиги олинганидан кейин қўшилиш мумкин. 164 та давлатнинг ҳаммаси билан музокара олиб бормасак-да, Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиш бўйича ишчи гуруҳи таркибига жами 47 та давлат кирган. Уларнинг барчаси товар ва хизматлар бозорига кириш бўйича Ўзбекистон билан музокаралар олиб бориш истагини билдирган.

    Ҳақиқатан, кейинги пайтда бу борадаги ишлар жадаллик касб этиб боряпти. Хусусан, шу ой бошида Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон — Грузия ҳукуматлараро комиссиясининг навбатдаги йиғилишида мамлакатимизнинг Жаҳон савдо ташкилотига қўшилиши доирасида Гуржистон ва Ўзбекистон ўртасида товар ва хизматлар бозорига чиқиш бўйича икки томонлама музокараларни якунлаш тўғрисидаги баённома имзоланди. Худди шундай жараён Мўғулистон ва Туркия билан якуний босқичда турибди.

    Ўзбекистоннинг ЖСТга киришини тезлаштириш бўйича фаолияти БМТнинг Тараққиёт дастури, Осиё тараққиёт банки, Жаҳон банки, Халқаро ривожланиш бўйича АҚШ агентлиги (USAID), Халқаро ҳамкорлик бўйича Германия жамияти (GIS) каби халқаро ташкилотлар томонидан қўллаб-қувватланяпти ва техник кўмак бериб келиняпти.

    — “Ўзбeкистоннинг ЖСТга киришига кўмаклашиш” бўйича ишлаб чиқилган беш йиллик лойиҳаси Европа Иттифоқи томонидан ҳам қўллаб-қувватланмоқда, — дейди иқтисод фанлари доктори, профессор Жасурбек Отаниёзов. — Мазкур лойиҳа 2020 йил фeвраль ойида бошланган бўлиб, унда мамлакатнинг ЖСТга қўшилиш жараёнида миллий иқтисодиётни модeрнизация қилиш бўйича ривожланиш рeжаларини қўллаб-қувватлашга асосий эътибор берилган. Лойиҳадан кўзланган асосий мақсад — ташкилот томонидан белгиланган қоидаларга мос кeладиган савдо муҳитини яратиш орқали Ўзбeкистоннинг иқтисодий ривожланишига кўмаклашиш ҳамда халқаро савдо тизимига интеграциялашувини кучайтиришдан иборат.

    2021 йилда Ўзбекистон GSP+ тизимига қўшилгани натижасида Европа бозорига тайёр маҳсулот экспорти 1,5 баравар ошганлигини бунинг амалий мисоли сифатида келтириш мумкин.

    Олдинда турган вазифалар

    Президентимиз Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёнлари ва истиқболларига оид тақдимотда мазкур тузилма битимларидан келиб чиқиб, миллий қонунчиликни унга уйғунлаштириш, тартиб ва стандартларни халқаро талабларга мослаштириш бўйича топшириқлар берди. Бунинг учун хорижий консультантларни жалб қилиб, барча вазирликлар ва элчихоналар билан тизимли ишлаш зарурлиги таъкидланди.

    — Ўзбекистон учун ЖСТга қўшилиш мутлақ устувор вазифа ҳисобланади, — дейди Инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг ўринбосари Бадриддин Обидов. — Бу жараёнга мамлакатимизнинг жаҳон иқтисодий ҳамжамияти ва кўп томонлама савдо тизимига янада интеграциялашувига қаратилган ислоҳотларнинг ажралмас қисми сифатида қаралади. Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига қўшилиши доирасида мазкур ташкилот билан ишлаш тизими яратилиб, Идоралараро комиссияси шакллантирилди. Инвестициялар ва ташқи савдо вазири ўринбосари бошчилигида музокаралар гуруҳи ҳамда тегишли вазирлик ва идоралар масъул ходимларидан иборат 10 та йўналиш бўйича ишчи гуруҳ таркиблари ташкил этилган.

    — Миллий қонунчиликни ЖСТ битимларига мувофиқлаштириш жараёни узлуксиз ва тизимли ишлашни талаб этади, — дейди адлия вазири ўринбосари Алишер Каримов. — Адлия ҳамда Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги томонидан 2023 йилга мўлжалланган миллий қонунчи­ликни ЖСТ битимларига уйғун­лаштириш бўйича ҳаракатлар ре­жаси ишлаб чиқилган. Ушбу режа ЖСТнинг асосий 15 та битими кесимида тузилган. Шундан келиб чиққан ҳолда, Адлия вазирлиги ходимларидан иборат ихтисослашган кичик ишчи гуруҳлари ҳам ташкил этилган. Улар­нинг мақсади ЖСТ битимларини чуқур ўрганиб, шу соҳадаги мил­лий қонунчиликни хатловдан ўтказиш, қайси қонунларга қандай ўзгартиришлар киритишни таҳ­лил қилиш асосида таклифлар тайёрлашга қаратилган. Кейинчалик бу таклифлар барча йўналишлар бўйича умумлаштирилиб, вазирлик ҳузуридаги ишчи гуруҳда муҳокамадан ўтгач, Вазирлар Маҳкамасига тақдим этилади.

    Ҳозирда ишчи гуруҳ томонидан ЖСТнинг 8 та битими қоидаларига номувофиқ бўлган 25 дан ортиқ қонунчилик ҳужжатлари аниқланди. Уларда белгиланган масалалар бўйича товар ва хизматлар учун давлат харидлари, экспортни қўллаб-қувватлаш ва солиқ солиш каби соҳаларда миллий режим жорий қилиш, стандартлаштириш борасида янги ҳужжатлар қабул қилиш, божхона қийматини аниқлаш механизмини такомиллаштириш, интеллектуал мулк йўналиши­ни мувофиқлаштириш ва бошқа масалаларларни қамраб олган. Мисол учун, ЖСТнинг асосий талабларидан бири му­айян мамлакат ўз савдо шериклари ҳамда маҳаллий ва хорижий товарлар, хизматлар ҳамда шахслар (тадбиркорлар) ўртасида дискриминацияга йўл қўймаслиги, резидентларга берилган ҳуқуқий режимни норезидентларга ҳам тақдим этиши керак­лиги билан боғлиқ. Яъни, ЖСТ доирасида соф рақобатга зид бўлмаслиги учун миллий қонунчилигимизда дискриминация ҳолатларини бартараф қилиш масаласи берилаётган таклифлар орасида алоҳида ўрин тутади. Жорий йилда табиий равишда ЖСТ котибиятига тақдим этилган режада кўрсатилган қонунчилик ҳужжатларини қабул қилишни охирига етказиш ҳамда миллий қонунчиликни ЖСТ битимларига мувофиқлаштириш бўйича таклифларни доимий равишда тайёрлаб, вазирлик-идоралар билан бирга тегишли ўзгартиришларни қонунчиликда акс эттиришга алоҳида эътибор қаратилади.

    Жаҳон савдо ташкилотига кириш ва янада қулай инвестиция муҳитини яратиш бўйича масалалар ҳал қилиш бўйича бошқа соҳаларда ҳам ишлар давом этяпти. Божхона-тариф, фискал тартибга солиш ва экспорт-импорт жараёнлари механизмларини такомиллаштириш, уларни соддалаштириш шулар жумласига киради. Масалан, тарифга оид ён беришлар бўйича музокаралар давомида ташқи иқтисодий фаолият товар номенклатурасининг ҳар бир позицияси (уларнинг сони 11 минг 250 та атрофида) бўйича “боғланадиган” жиҳатлар мувофиқлаштирилиши лозим. Мослашув даврида Ўзбекистон тарифларни улардан юқори кўтармаслик мажбуриятини ўз зиммасига оладиган божхона божларининг энг юқори чегараси ҳам аниқлаб олинади.

    ЖСТга аъзоликдан қандай манфаат кўрамиз?

    Мутахассисларнинг фикрича, ЖСТга аъзолик Ўзбекистонда иқтисодий тараққиётга кучли туртки беради. Аввало, янги сармоялар асосида қўшимча иш ўринлари яратилади, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар маҳсулот сифатини ошириб, дунё бозоридаги кучли рақобатга кўникади. Ўз навбатида, истеъмолчиларнинг арзон ва сифатли товарлар ҳамда хизматларни танлаш имконияти юзага келади.

    Мамлакат жаҳон миқёсидаги савдо сиёсати бўйича муҳим қарорларни қабул қилишда иштирок этади, яъни ташкилот йиғилишида қатнашадиган ҳар бир давлат ўз овозига эга бўлади. Божхона маъмуриятчилиги ва қонунчилик бўйича институционал ислоҳотларни амалга ошириш, тизимдаги коррупция даражасини камайтиришга кўмак беради, дунё миқёсидаги илмий-техник ривожланиш жараёнига интеграциялашувни тезлаштиради.

    Жануби Корея халқаро иқтисодий сиёсат институти бош илмий ходими Со Жин Кёнинг қайд этишича, Ўзбекистон ЖСТга аъзо мамлакатлар сафига қўшилса, ушбу давлатлар билан маҳсулот айирбошлашда катта ютуқларга эришади. Бунда аъзо давлатларга солиқ, божхона имтиёзлари тақдим этилади. Масалан, ҳозирги кунда ушбу ташкилотнинг ҳар бир аъзоси Ўзбекистон товарларига исталган ҳажмда тарифлар киритиши мумкин, бироқ Ўзбекистон ташкилотга аъзо бўлгач, уларнинг бундай чораларни амалга оширишига чек қўйилади. Яъни, Ўзбекистон ЖСТга аъзо бўлиши билан унда ташкилот аъзоларига божхона тўловларини камроқ тўлаш ёки умуман тўламаслик имконияти пайдо бўлади.

    — Бундан ташқари, ташкилотнинг барча аъзо мамлакатлари бозорларига кириш учун тенг ҳуқуқли шароит вужудга келади, — дейди Божхона институти доценти Тўлқин Пардаев. — Мамлакакатимизда рақобат муҳити яхшиланади ва монополиянинг олди олишига эришилади, инфляция даражаси камаяди.Ташқи савдога келганда, экспортёрларнинг ҳуқуқи ҳимоя қилинади, қабул қилинган халқаро стандартларга мувофиқ, миллий талабларнинг ишлаб чиқилиши экспорт билан шуғулланувчиларга чет эл бозори тамоилларига мослашишда ёрдам беради.

    Аксарият манбаларда Жаҳон савдо ташкилотининг юқоридаги афзаллик томонлари билан бирга, унинг бир нечта камчиликлари ҳам бор, деган фикрлар мавжуд. Ташкилот фаолияти бўйича халқаро эксперт Йован Йекич ушбу танқидий фикрларнинг айримлари тўғри эмаслигига эътибор қаратади. Мисол учун кенг тарқалган фикрлардан бири — бу ташкилотга аъзо бўлгандан кейин импорт тарифлари (бож)нинг автоматик равишда пасайиши билан боғлиқ. Экспертнинг фикрича, аслида ундай эмас. Чунки бундай пасайиш ҳамма товарлар учун татбиқ этилмайди. Агар ҳозирги пайтда Ўзбекистоннинг ташқи иқтисодий фаолиятидан ўрин олган товарлар рўйхатида 11295 номдаги маҳсулотлар мавжуд бўлса, уларнинг ҳар бири бўйича алоҳида музокаралар олиб борилади. Мақсад — таъсирчан товарни аниқлаш. Яъни, шундай товарлар борки, уларнинг бож ставкалари муайян давлат иқтисодиётига ҳеч қандай салбий таъсир қилмайди. Иккинчидан, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари учун субсидия тақиқланмаган, аммо аъзоликка қабул қилиш жараёнида келишилган миқдордан ошмаслиги лозим.

    2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегиясида ЖСТга аъзо бўлишнинг миллий иқтисодиётга таъсирини ўрганишга ҳам алоҳида урғу берилган. Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти экспертлари томонидан шундай тадқиқот амалга оширилиб, асосий макроиқтисодий мувозанатга кўрсатадиган таъсирларга баҳолар берилди.

    Унда Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши бошқа давлатлар билан иқтисодий алоқаларни янада яхшилаш, товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, ташқи рақобатбардошликни кучайтириш, шу билан бирга, бозор муносабатларига ўтиш жараёнини тезлаштириш учун замин ҳозирлайди. Аммо, тарифларнинг пасайтирилиши туфайли ЖСТ га аъзо бўлиш маҳаллий ишлаб чиқаришнинг заиф тармоқларига салбий таъсир қилиши мумкинлиги ҳам қайд этилади.

    Тадқиқотда Ўзбекистондаги тарифлар даражасини ЖСТга аъзо давлат бўлган Қозоғистон даражасига, яъни ўртача даражани амалдаги 7,4 фоиздан 5,7 фоизга тушириш назарда тутилган. Бу борадаги таҳлиллар шуни кўрсатдики, энг авало, тарифлар ва ички нархларнинг пасайиши туфайли экспорт жозибадорлиги ошиши туфайли экспорт ҳажми 0,06 фоизга ортиши ва ички товарлар таклифи 0,03 фоизга камайиши мумкин.

    Айни пайтда ички бозорда нархларнинг пасайиши натижасида истеъмол ҳажми 0,11 фоизга ортади. Давлат бюджети даромадларининг қисқариши ҳисобига, жами жамғармалар 0,35 фоизга камаяди. Жамғармалар ҳажмининг камайиши инвестициялар даражасини 0,16 фоиз тушишига олиб келиш эҳтимоли бор.

    Тадқиқотда моделнинг дастлабки натижаларидан келиб чиқиб айтиладики, биринчи босқичда Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши ва бунинг натижасида тарифларнинг пасайтирилиши маҳаллий маҳсулотларга бўлган талабнинг маълум даражада пасайишига олиб келади. Бу эса, ўз навбатида, маҳаллий компаниялар фаолияти самарадорлигини ошириш заруратини келтириб чиқаради. Акс ҳолда хорижий компаниялар билан нарх рақобатига дош бера олмайдиган самарасиз корхоналар бозордан чиқиб кетишига тўғри келади.

    Янги шароитга муаммосиз ўтишни таъминлаш ва Ўзбекистонда миллий корхоналарни ташқи рақобат шароитига босқичма-босқич тайёрлаш учун янги муҳитни яратиш тавсия этилади. Хорижий компанияларнинг Ўзбекистон бозорига кириши билан тарифларнинг босқичма-босқич пасайтирилиши маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун ишлаб чиқариш жараёнини оптималлаштириш,технологик ва кадрлар базасини такомиллаштириш орқали сифатни ошириш, корхоналарнинг нарх сиёсатини қайта кўриб чиқиши ҳамда истеъмолчиларнинг диди ва эҳтиёжини тизимли равишда ўрганиш учун туртки беради.

    Абдурауф Қоржовов,

    иқтисодий шарҳловчи

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates