Журналистика ­– ижод майдони,  журналист ­– ижодкор шахс

    Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари байрами арафасидаги ўйлар

    Ҳозирги замонда инсоният ҳаётининг бош хусусияти муттасил ўзгаришлардан иборат бўлиб қолмоқда. Бу ўзгаришлар мисли кўрилмаган шиддатли суръатларда кечаётгани давр ва замоннинг яна бир хос хусусиятидир. Ана шу шиддатли ўзгаришларнинг бош сабабчиси АХБОРОТ экани эса аллақачон дунё афкор оммаси томонидан эътироф этилган.

    Ахборот одамни, дунёқарашларни, анъанаю қадриятларни, халқни, жамиятни, давлат тутумларини ўзгартирмоқда. Мулоқотлару муносабатларни мутлақо кутилмаган ва фавқулодда ўзанларга буриб юбормоқда. Замондошларимизнинг бугунги куни, эртаси ва истиқболи уларнинг ахборотга, ахборот оқимига муносабатидан келиб чиқиб белгиланмоқда.

    Вазият ва ҳолатнинг парадоксал даражада ажабтовурлигини қарангки, дунёни ва одамни ўзгартираётган ахборотнинг ва ахборот дунёсининг ўзи ҳам ўзгаришга, янгиланишга юз тутмоқда.

    Одатда дунё мамлакатлари уч тоифага ­– тараққий топган, ривожланаётган ва ривожланмаган давлатларга табақалаштирилади. Энди бу табақалаштиришда ахборотлаштириш қай даражада экани энг муҳим ва зарур кўрсаткичлардан бирига айланиб бормоқда. Чунки аҳолининг ахборот олиш ва тарқатиш имконияти жамиятда ижтимоий комиллик пойдевори бўлмиш эмин-эркин фикрлаш муҳити яратилганидан далолатдир.

    Ҳозирга келиб бирорта давлат глобал ахборот оқимидан четда қолмаган, десак янглишмаймиз, зеро, замонавий технология воситалари олдида ҳеч қандай тўсиқ-чегара қолмади ҳисоб. Бинобарин, ҳар қандай катта-кичик, муҳим-номуҳим ахборот исталган лаҳзада дунёга тарқалиши мумкинлиги ҳеч кимни ҳайратлантирмай қўйди.

    Дунё ҳамжамиятида ўз ўрни, нуфузи ва салоҳиятига эга бўла бораётган янги Ўзбекистон глобал ахборот майдонида кечаётган жараёнларнинг бирортасидан четда қолаётгани йўқ. Бу ҳолат ахборот ва матбуот тушунчалари янгиланаётганида, журналистика жадал эврилишга юз тутаётганида, оммавий коммуникация-мулоқот одамлар ҳаётининг ажралмас бўғинига айлана бораётганида, анъанавий ва замонавий оммавий ахборот воситалари, босма ва электрон оммавий ахборот воситалари ўртасидаги тафовутлар соҳа эгаларини рақобат майдонига чорлаётганида ва ҳоказоларда яққол кўзга ташланмоқда.

    Матбуот, оммавий ахборот воситалари ёки журналистика деганда ортиқча изоҳга зарурат қолмасди. Замонавий электрон оммавий ахборот воситалари имкониятлари кенгайгани, хусусан, интернет тармоғи оммалашгани сайин оммавий коммуникация воситалари (ОКВ) тушунчаси соҳада пешқадамликни қўлга ола бошлади. Замонавий эркин жамиятда оммавий коммуникация, яъни оммавий мулоқот эҳтиёжи шу қадар кенг қулоч ёзмоқдаки, унинг миқёси, кўлами, аҳамиятию муаммоларини тасвирлаш учун жилд-жилд китоб озлик қилади. Фикримизни Ватанимиз мисолида изоҳлайдиган бўлсак, кейинги 5-6 йилда халқимиз ҳаётида мисли кўрилмаган оммавий мулоқот муҳити вужудга келди. Холис айтиладиган бўлса, бир ярим асрлик миллий матбуот ва ахборот майдонимиз ҳозиргидек эмин-эркинликни билмаган, кўрмаган, кузатмаган.

    Бутун башарият туриш-турмушини бошқараётган оммавий мулоқот феномени ҳақида сўз борар экан, бундан 4 йил муқаддам мамлакатимизда Президент қарори билан Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ташкил топганига алоҳида эътибор қаратиш зарур. Мазкур воқеа давлатимиз раҳбарининг ҳаётимиздаги ҳар қандай мақсаду маслак, аввало, илм-фанга асосланмоғи зарур, деган концептуал қарашининг яна бир тимсолидир. Зеро, малакали соҳа соҳибларини тайёрлаш асносида ҳаёт пешма-пеш кўндаланг қўяётган муаммоларнинг илмий ечимларини ўз вақтида топиш, ишлаб чиқиш ва ҳаётга татбиқ этиш салоҳиятли мутахассислар сафини мустаҳкамлашни тақозо этади. Ўтган қисқа фурсатда ушбу олий илмий даргоҳда ёш ва иқтидорли олим ва олималар етишиб чиқаётгани кутилган самара бераётганидан далолатдир.

    Интернет нашрлар, чунончи, ижтимоий тармоқлар миллий ахборот майдони минбарига айлангани ва шу билан боғлиқ равишда турфа муаммолар вужудга келаётганига табиий жараён сифатида қаралмоғи даркор. Аввало, бу ҳолат кенг аҳоли қатлами учун мутлақо янги воқелик. Мобил телефон имкониятлари каттаю кичикни оммавий мулоқот субъектига айлантириб улгурди ҳисоб. Ўтган асрда яшаган машҳур Маршалл Маклюэн (Канада) башорат қилганидек, бугунги кунга келиб, мобил телефондек янги оммавий ахборот воситаси ўз эгаларини ўзига хос имтиҳондан ўтказмоқда. Телефон орқали саломлашиш, суҳбатлашиш, фикр айтиш, мулоҳаза юритиш, ахборот жўнатиш, баҳслашиш маданиятини, одобини, маҳоратини нечоғли эгаллагансиз, деган саволларга тутмоқда. Ҳозирги яратилган ахборот эркинлиги муҳити ҳар бир ватандошимиз, миллатдошимиз олдига мана шу сингари кўплаб саволларга маърифатли жавоб қайтара олишдек ғоятда муҳим вазифани кўндаланг қўймоқда.

    Фанда инсоният тарихи қишлоқ хўжалиги тамаддунини, саноат тамаддунини босиб ўтган, ҳозир ахборот тамаддунини бошдан кечирмоқда, деган қарашлар мавжуд. Мазкур қараш мантиқий давом эттирилса, ҳамонки, башариятнинг порлоқ истиқболи орзусида яшар эканмиз, ахборот одоби, маданияти деб аталмиш навбатдаги тўртинчи тўлқин-тамаддунга кириб бориш эҳтиёжи тобора яққолроқ аён бўлиб бормоқда. Ўйлаймизки, маърифатли соғлом тафаккур бунга қодир.

    Жаҳон ахборот майдонига хос бўлган ҳолатлардан бири, яъни янги-янги оммавий ахборот воситалари вужудга келиши мамлакатимизда ҳам соҳанинг ички рақобатини кучайтириб юбормоқда. Ҳар қандай оммавий ахборот воситаси, биринчи навбатда, оммавийлик учун курашади. Бунинг ҳам иқтисодий, ҳам маънавий, ҳам имиж ­– обрў-эътибор нуқтаи назаридан ҳеч қандай ажабланарли жойи йўқ. Мазкур рақобат майдонида, айни паллада, босма оммавий ахборот воситалари бирмунча мураккаб аҳволга тушиб қолаётгани ҳам бор гап.

    Газета ва журналнинг асосий яшаш манбаи ­бўлмиш обуна тизими издан чиқди. Доимий ўқувчилар бой берилди. Бунинг оқибатида кўплаб газета-журналлар фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлди. Нима қилмоқ керак, деган савол тобора жиддий тус олмоқда. Жонкуяр муаллифларимизнинг бу борадаги турфа мулоҳазалари матбуотимиз саҳифаларида босилмоқда. Конкрет амалий чоралар изланмоқда.

    Фикримизча, кўндаланг бўлиб қолаётган муаммолар ечимини топиш, жумладан, босма ва электрон нашрлар ҳаётини сақлаб қолишнинг ички ва ташқи сабаблари мавжуд. Ички сабабнинг бош муаммоси битта: ҳар қайси оммавий ахборот воситаси ўз зиммасидаги шарафли миссияни адо этмоғи керак! Талаблар ўзгармоқдами ­– ўзгарайлик, рақобат кучаймоқдами ­– рақобатбардош бўлайлик! Мухлислар қалбига, эътирофу эъзозига олиб борувчи маърифат йўлларини қайта очайлик!

    Ҳаётини Учинчи Ренессанс орзусида қайта бошдан бунёд этишга киришган жамиятимизда давом этаётган ислоҳотларга тўғаноқ бўлаётган муаммолар ҳар қадамда матбуотчиларни, ўткир қаламли журналистларни интизорлик билан кутиб турибди. Давлатимиз раҳбари барча чиқишларида халқни, одамларни рози қилиш олий бурчимиз эканини такрор-такрор уқдирмоқда. Ҳар бир нашр ўз йўналиши бўйича ана шу муқаддас вазифани адо этмоғи йўлида саъй-ҳаракат кўрсатмоғи мумкин.

    Очиғини айтсак, яқин чорак аср мобайнида ўз қўлимиз ва ихтиёримиз билан бой берган имкониятларимиз талайгина. Чунончи, матбуотнинг, жумладан, газета, журнал, радио, телевидениедек энг анъанавий ва энг таъсирчан воситаларнинг кенг омма назаридаги обрў-эътибори бирмунча пасайди. Оммабоплик истагидаги оммавий нашрларга бўлган оммавий ишонч йўқола борди. Кенг омма билан матбуот ўртасида узилиш, узоқлашиш рўй берди. Матбуот ўз зиммасидаги муқаддас миссияни бажармай қўйди. Худди шундай узилиш, узоқлашиш ва бегоналашиш жараёни чуқурлаша бораётган бир пайтда саҳнага электрон ахборот воситалари кириб келди ва яшин тезлигида омманинг онгини, ихтиёрини... қўл-оёғини ишғол этди.

    Оммавий ахборот майдонида блогер исмли янги фигура пайдо бўлди.

    Блогер журналистми, журналист эмасми, деган мавзудаги баҳс-мунозаралар тез-тез қулоққа чалинмоқда. Аслида бу у қадар фавқулодда ҳодиса эмас. Блогерлик журналистикаси ҳозирги талотўп ҳаёт тақозоси, меваси, холос. Унга ихлос қўйган-ишонганлар бор, шубҳа ва истеҳзо билан қаровчилар ҳам бор. Бу борада ҳам ҳар кимнинг ихтиёри ўзида.

    Ўтган аср охирларида Европа давлатлари матбуотида фаолият юритадиган залворли журналистларнинг бир нечталаб ёрдамчи мухбири бўлган. Улар ўзлари мақола ёзолмаганлар, балки атоқли журналистларнинг қўли, оёғи, қулоғи вазифасини ўташган. Жойлардан янги ахборотлар топиб, зудлик билан журналистга узатишган. Журналист олинган ахборотлар, фактлар асосида шарҳлар, таҳлиллар, танқидлар ва ҳоказолар ёзган. Ҳозир бизда оммалашаётган блогерларни ўша ёрдамчи мухбирларга ўхшатиш мумкин, фақат бизнинг блогерлар “топган-тутган”ларини ўзлари, мустақил равишда, зудлик билан оммалаштирмоқдалар. Табиий, соҳанинг сир-асрорини, паст-баландини, стихиясини билган, тушунган одам назарида блогер журналист эмас, аммо-лекин ҳозирги ахборот алмашиш суръати шиддатли тус олган бир замонда журналист қаламини чархлагунига қадар блогер ошни пишириб, дастурхонга тортишга улгурмоқда. Бошқача айтганда, “Янгилик тарқатилдими, вассалом, вазифамизни ўтадик!” услуби ҳозирги замон журналистикаси “об-ҳаво”сини белгилаб бермоқда. Ваҳоланки, бирламчи ахборот тарқатиш журналистиканинг бошланиши, ибтидоси, холос. Ҳақиқий журналистика таҳлил қилади, тадқиқ этади, шарҳлайди, фикрлашга ундайди, дунёқарашларни шакллантиради, йўналтиради, завқ-шавқ бағишлайди. Бундай кўламли вазифани фақат ва фақат босма нашрлар ­– газета ва журнал саҳифаларида чоп этиладиган, маҳорат билан ёзилган, салмоқли мақолалар зиммасига олиши мумкин.

    Айрим зиёлиларимизнинг “Газета ўз вазифасини ўтаб бўлди, унга эҳтиёж қолмади”, деган ақидасини очиқ-ошкор айтишлари ҳам жамиятимизда қарор топаётган сўз ҳурлиги “меваси”, ўзига хос янгилик. Аввало, фикр ва сўз эркинлигига дахл кўрсатишдан йироқмиз. Лекин ўз маънавий дунёсининг ғариблиги, интеллектуал заифлик ифодаси ўлароқ қилинаётган ҳасрат ўрнида талқин этиш мумкин бўлган бу сингари изҳорларни эътиборсиз қолдириш гуманистик ғояларга зид деб ўйлаймиз. Бот-бот эслатишга бурчлимиз: газета ўз умрини ўтаб бўлди, деган сўз китоб ўз умрини ўтаб бўлди, деганидир! Нон емай ҳам яшаш мумкин, деганидир! Юз йиллар мобайнида таълим-тарбия берган устоз муаллимдан юз ўгириш демакдир!

    Газета ҳам ­– зар, зарнинг қадрини эса заргар билади

    Бир ўлмас ҳақиқатни такрорлашдан толмаймиз: электрон нашрларнинг мўъжизаларга бой имкониятлари нечоғли эътироф этилмасин, уларнинг ҳеч бири босма нашрлар салмоғи ўрнини босмайди, босолмайди. Ахборот турли манбалардан олиниши мумкин, фикр-тафаккур эса газетадан ­– бевосита мутолаа орқали олинади. Ижтимоий фикр газета орқали чархланади, бойитилади, камолга етади. Газета ­– тарихий солнома, уни юз йилдан кейин ҳам кўзга суртиб ўқишади.

    Соҳага доир амалдаги қонунларда муассис ҳуқуқлари аниқ-тиниқ белгилаб қўйилган. Чунончи, муассис ўз нашрининг доимий фаолияти учун жавобгар ҳисобланади, хусусан, молиявий қийин ҳолатларда жонига ора киради. Назаримизда мазкур ҳуқуқий асосни жиддий такомиллаштириш пайти келгандек. Туман газеталаридан тортиб, тармоқ ва соҳа нашрларигача муассис билан муносабатлари атрофлича ва таъсирчан йўлга солинмоғи даркор. Шу маънода, бир муддат фаолиятдан тўхтаб қолган “Ёшлар овози” газетаси муассис ­– Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлиги ёрдами билан қайта чоп этила бошлангани ибратли воқеа бўлди.

    Журналистика ­– ижодий жараён майдони, журналист ­– ижодкор шахс. Тарихга назар ташланса, қачон ва қаерда бўлмасин, матбуот муайян қарама-қаршиликлар оламида яшаган, фаолият юритган. Ана шундай энг мураккаб шароитларда ҳам журналистикани ва журналистни ижодий маҳорат қутқарган. Халоскор куч ­– ижодий маҳоратда! Сўздан қудратли куч йўқ. Муносабатлар, мулоқотлар “чангалзори”да энг тўғри йўлни топиш ҳам, энг маъқул ечим топиш ҳам сўзнинг зиммасига тушади. Сўз эса қалами ўткир, маҳоратли ижодкор журналистга бўйсунади, унинг измида, илкида ҳаётбахш, жанговар қуролга айланади.

    Янги Ўзбекистонимизда шаклланаётган, тобланаётган янги журналистика, янги матбуот ва янги журналистлар авлоди ҳаёт ва замон кўндаланг қўяётган ҳар қандай муаммонинг оқилона ечимини топа оладилар, деб ишонамиз. Зеро, матбуот ва журналистика ­– матонатлилар, топқирлар, зукколар майдони!

    Хуршид ДЎСТМУҲАММАД,

    филология фанлари доктори, профессор

    No date selected
    июл, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates