Камбағалликни қисқартириш бўйича янги дастур амалга оширилади

    Ҳукумат 15 май 2023 7166

    Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 15 май куни камбағалликни қисқартириш ва бандликни таъминлаш чора-тадбирлари муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

    Давлатимиз сиёсатида инсон манфаатлари, ижтимоий адолат тамойиллари устувор. Шу боисдан ҳам аҳолининг муайян қатлами ўртасида камбағаллик борлиги тан олиниб, уни қисқартириш бўйича алоҳида тизим жорий қилинди. Бунга қўшимча, жорий йил бошида барча туманлар шароитига кўра 5 та тоифага ажратилиб, табақалашган енгилликлар берилди. Буларнинг натижасида ўтган йили 1 миллион нафар, бу йил биринчи чоракда 210 минг аҳоли камбағалликдан чиқарилди.

    Ҳар йили оилавий тадбиркорликка 13 триллион сўм кредит ва 1 триллион 500 миллиард сўм субсидиялар ажратилаяпти. “Ижтимоий ҳимоя реестри” орқали 2 миллион 300 минг муҳтож оила, хотин-қизлар, ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган ватандошларимиз моддий ёрдам билан қамраб олинди.

    Лекин, бу натижалар ҳали етарли эмас. Камбағалликни камайтириш – бу аҳолида тадбиркорлик руҳини уйғотиш, касбга тайёрлаш ва иш ўринларини кўпайтиришга қаратилган комплекс вазифадир.

    Шу боис йиғилишда бу борада янги босқичга ўтиш, рағбат чораларини жорий этиш масалалари муҳокама қилинди.

    Охирги беш йилда юртимизда тадбиркорлар сони 285 мингдан 590 мингтага кўпайди. Бу – битта туманда 2,5 мингдан ортиқ ёки бир маҳаллада 50 нафардан тадбиркорлар синфи шаклланди, дегани. Агар давлат бу тадбиркорлар билан манфаатли ҳамкорлик қилиб, уларни қўллаб-қувватласа, жойларда бандликни ҳал қилиш имконияти ортади.

    Масалан, аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш учун ҳар йили давлат томонидан 200 миллиард сўм ажратиляпти. Лекин бу маблағлар тадбиркор билан боғланмаган. Худди шундай, тадбиркор ҳам йилига катта харажат қилиб, ўзи учун минглаб мутахассис тайёрлашга мажбур. Лекин, бунда давлат қўллаб-қувватлови йўқ.

    – Бунинг бирдан-бир тўғри ечими – тадбиркорга шароит яратиб, улар билан манфаатли ҳамкорлик қилиш. Бу орқали ҳам бандликни таъминлаймиз, ҳам малакали мутахассис тайёрлаймиз, – деди Шавкат Мирзиёев.

    Шу мақсадда 1 июндан бошлаб “20 минг тадбиркор – 500 минг малакали мутахассис” дастури амалга оширилиши маълум қилинди. Унда иштирок этиш ихтиёрий бўлади. Дастурга 2023-2024 йилда жами 1 миллиард доллар ажратилади. Бу маблағлар ҳисобидан тадбиркорга камбағал оилалар аъзосини касбга ўқитиб, ишли қилишига қараб, амалдагидан паст фоизларда ва узоқроқ муддатга кредит берилади. Тадбиркорнинг “амалий мономарказ” ташкил қилиш ва жиҳозлаш ҳамда касбга ўқитиш харажатлари тўлиқ қоплаб берилади.

    Дастурда иштирок этадиган тадбиркорларга солиқлардан алоҳида имтиёзлар берилади. Жумладан, камида 20 фоиз камбағал оила аъзосини бир йил давомида иш билан таъминласа, мол-мулк ва ер солиқларидан озод қилинади. 5 миллион сўмгача иш ҳақи тўлаётган тадбиркорларга ижтимоий солиқ ставкаси 2 баравар камайтирилади. Камбағал оила аъзоси ҳам даромад солиғидан озод қилинади.

    Шунингдек, солиқ ва божхона маъмурчилигида ҳам енгилликлар назарда тутилмоқда. Хусусан, бундай тадбиркорлар фаолиятида солиқ текширувлари ўтказилмайди. Уларга қўшилган қиймат солиғи ҳамда ортиқча тўланган солиқлар текширувсиз қайтариб берилади. Барча солиқлардан қарздорликни бир йилгача кечиктириб тўлаш имкони берилади. Божхона расмийлаштирувида “яшил йўлак” тартиби қўлланилади.

    Дастурга кирган тадбиркорларга инфратузилма, ер ва бино-иншоотлар билан таъминлашда қўшимча енгилликлар берилади. Масалан, ер ва бино-иншоотларни хусусийлаштиришда бўлиб тўлаш имконияти яратилади. Қиймати 50 миллиард сўмдан юқори лойиҳалар бўйича инфратузилма харажатлари тўлиқ қоплаб берилади.

    Йиғилишда ушбу янги тизим асосида жорий йилда 550 минг аҳолини ўқитиб, камбағалликдан чиқариш мумкинлиги айтилди.

    Маълумки, камбағалликни қисқартириш бўйича Хитойда тажриба катта. Ушбу тажриба асосида ҳар бир вилоятда камбағалликдан чиқариш бўйича алоҳида дастур амалга оширилиши белгиланди. Бунда, камбағаллик юқори бўлган туманларда йўл-транспорт, электр, алоқа ва туризм инфратузилмасини яхшилаш, кичик ва ўрта шаҳарларни ривожлантириш, маҳаллаларни саноатлаштиришга эътибор қаратилади. Энди ҳар йили тасдиқланадиган давлат инвестиция дастурлари ҳам шу асосда шакллантирилади.

    Мутасаддиларга танлаб олинган 14 та туманни камбағалликдан чиқариш бўйича комплекс дастур ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.

    Йиғилишда вазирлар, тармоқ раҳбарлари ва вилоят ҳокимлари янги тизим асосидаги ишларни ташкил этиш режалари юзасидан ахборот берди.

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates