Сўнгги вақтларда юртдошларимиз орасида картошка мавзуси “тренд”да.
Мамлакатимиздаги деҳқон бозорларида ушбу маҳсулот нархи кескин кўтарилиб, кундалик ҳаётда энг кўп истеъмол қилинадиган картошка йил бошидан буён 37-85 фоиз қимматлашгани ижтимоий тармоқларда ҳам турли муҳокамаларга сабаб бўляпти.
Вазият юртимиз бозорларидаги картошка нархига таъсир кўрсатиб, маҳсулотнинг янада қимматлашига олиб келди. Гап шундаки, мамлакатимизга импорт қилинадиган картошканинг катта қисми Қозоғистон ҳиссасига тўғри келади. Статистика агентлиги маълумотига кўра, ўтган йили Ўзбекистонга 703 минг тонна картошка импорт қилинган бўлса, шундан 74 фоиздан кўп қисми ушбу мамлакатдан кириб келган. Қўшни давлат ўрнатган чеклов эса юртдошларимизда
“Картошка нархи ҳали-бери тушмаса керак, захира ҳам тугаши мумкин” қабилида хавотир уйғотди.
Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги аввалроқ масала юзасидан муносабат билдириб, юртимизда ушбу маҳсулот захираси етарли экани ва ички бозорга чиқариб борилаётгани, нарх барқарорлигини сақлаш учун зарур чоралар кўрилаётганини маълум қилган эди. Унга кўра, мамлакатимизда кар
тошкага йиллик эҳтиёж 4 миллион тоннани ташкил этади. Ўтган йили эса 3,7 миллион тонна картошка етиштирилган. Шундан 600 минг тоннаси кейинги мавсумда экиш учун уруғлик сифатида захира қилинган. Истеъмол захираси ҳам тайёрланган. 2024-2025 йил қиш ва баҳор мавсуми учун маҳаллий ҳо
кимликлар томонидан жалб қилинган тайёрлов корхоналари 245,5 минг тонна картошкани захирага жамғарган. Йил бошидан юзага келган вазият сабаб жамғарилган маҳсулотни бозорга чиқариш бўйича чоралар кўрилмоқда. Хусусан, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан ҳудудлар кесимида тасдиқланган жадвал асосида ҳар 10 кунда 15-25 минг тоннагача маҳсулот деҳқон бозорларига чиқарилиши кўзда тутилгани келтирилди.
Вазирлик импорт масаласида ҳам хавотирга ўрин йўқлиги, бозорларда маҳсулот тақчиллиги кузатилмаслигини таъкидлади.
Қайд этилишича, Ўзбекистонга картошка импорти фақат Қозоғистон билан чекланмаган.
Покистон, Қирғизистон ва Афғонистондан картошка импорт қилиш йўлга қўйилган.
Жорий йил январь-май ойларида Эрон ва Покистондан 100 минг тоннадан жами 200 минг
тонна картошка кириб келади. Бундан ташқари, Сурхондарё вилоятидаги далалар ва бошқа барча вилоятларда апрелда 70 минг тонна, май ойида 450 минг тонна картошка ҳосили етиштирилиб, ички бозорга йўналтирилиши ҳисобига аҳоли талаби тўлиқ таъминланади.
НАРХНИ КЎТАРАЁТГАН ОМИЛЛАР
Аммо янги ҳосил етиштирилгунча ҳали бир неча ой бор. Деҳқон бозорларидаги ҳозирги нарх-наво эса кутилганидек пастламади. Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг расмий муносабатида келтирилган чора-тадбирлар нарх барқарорлигини ушлаб туришга хизмат қилиши айтилганига қарамай, охирги ҳафтада деҳқон бозорларида картошка нархи яна кўтарилди. Ҳудудларда бир килограмми 8-12 минг сўмгача сотилаётган ҳолатлар ҳам бор.
“Бир ҳафта олдин бир кило картошкани 6 минг сўмдан олгандик. Ҳозир ўн минг сўмдан ошиб кетибди. Бу нарх оддий, ишсиз одамларга анча оғирлик қилади”, дейди ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан бири. “Ўн кун
аввал 7,5 минг сўмдан олиб қўйгандим. Яхши қилган эканман, нарх яна ҳам кўтарилиб кетди”, дейди бошқа бир юртдошимиз. Одамлар орасида буни ижобий томонга баҳолаб, “Неча ой тер тўкиб меҳнат қилган деҳқон ҳам фойда кўрсинда”, дея изоҳ қолдираётганлар бор. Тўғри, бозордаги нарх-наво тебраниши одатий ҳол. Аммо нархларнинг кескин ошиши ортида жиддий сабаблар туриши ҳам рост. Қолаверса, маҳсулотнинг бирдан бир неча баробар қимматлашиши чўнтакка яхшигина зиён. Одамларни эса бу ҳолат қачонгача давом этиши, картошка нархи қачон тушиши қизиқтирмоқда. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги бунга муносабат билдирди. Келтирилган маълумотда “Ҳолат юзасидан олиб борилган мониторинг натижаларига кўра, бугунги кунда Тошкент шаҳридаги “Фуд Cити” деҳқон бозорида 1 килограмм картошканинг ўртача нархи 8,5 минг сўмни ташкил этмоқда, барча ҳудудлардаги арзонлаштирилган савдо ярмаркаларида картошка 5-6 минг сўм нархида сотилмоқда”, дейилади.
Вазирликнинг ахборотида келтирилишича, январдан юртимиз бозорларида картошка нархи қимматлашишига қатор омиллар сабаб бўлмоқда. Масалан, ўтган мавсумда такрорий экин экилган майдондан етарли ҳосил олинмади. 2024 йил ҳосили учун такрорий майдонда 1 миллион тонна картошка етиштирилган, аммо ноябрь-апрель давридаги эҳтиёж 1,7 миллион тоннани ташкил этади. Олинган ҳосил эса талабнинг фақат 44 фоизини қоплайди. Қолаверса, такрорий экиш учун уруғлик, ўғит, ёнилғи ва бошқа ресурслар нархи қимматлашгани кузатилди. Бунинг ортидан охирги тўрт йилда картошка нархи 173 фоиз ошган. Ҳисоб-китобларга кўра, 1 гектарга картошка экиш учун 55-60 миллион сўм сарфланяпти, бу бошқа экинларга нисбатан 2-2,5 баробар кўп. Ўтган йилдан бошлаб сув солиғи ва қўшилган қиймат солиғи ҳам қўшилгани картошка таннархига таъсир кўрсатяпти. Деҳқон ва фермерларнинг картошка экиш харажати ошган, бу эса бозордаги нарх-навода акс этяпти.
Иккинчидан, хорижда, хусусан, биз импорт қиладиган давлатларда ҳам картошка нархи қимматлаган. Бу ушбу маҳсулотни етиштириш билан боғлиқ муаммолар таъсирида юзага келган. Масалан, Қозоғистонда ўтган йили 2,9 миллион тонна картошка етиштирилган. Маълумотларга кўра, бу борадаги кўрсаткич 2023 йилга нисбатан 80 фоиз кам. Бунинг таъсирида бозордаги картошка нархи кескин кўтарилди. Мамлакат, аввало, ички эҳтиёжини қоплаш ва экспортни камайтириш мақсадида учинчи давлатларга картошка етказиб беришга чеклов ўрнатгани сабаби шунда.
Картошканинг катта қисмини Қозоғистондан импорт қилиб келганимизга қарамай, фақат бу давлатга боғланиб қолмаганмиз. Айниқса, ҳозирги вазиятда импорт бўйича янги чоралар кўриляпти. Жумладан, Афғонистон, Қирғизистон, Покистон ва Эрондан 94,2 минг тонна картошка импорт қилинди. Жараёнга тўсқинлик қилувчи баъзи масалалар, жумладан, транспорт муаммоси ҳал этилмоқда. Хусусан, корхоналарга қўшимча темир йўл вагонлари ажратилди. Умуман, картошка нархини тушириш учун қатор амалий ишлар қилинмоқда. Ички бозордаги нарх барқарорлигини таъминлаш мақсадида 245,6 минг тонна картошка захирага олиниб, 9,9 минг тонна маҳсулот сотувга чиқарилди. Ҳозир арзонлаштирилган ярмаркаларда бир кило картошка 4-5 минг сўмдан сотиляпти дейилади расмий муносабатда.
Яқинда ижтимоий тармоқларда Қозоғистон чегарасида 10 минг тонна картошка ушлаб турилгани ҳақида хабарлар ҳам тарқалган эди. Гап шундаки, ўзбекистонлик бир неча тадбиркорга тегишли картошка ортилган вагонлар фитосанитар назорат тартибига мувофиқ икки давлат чегарасининг Қозоғистон ҳудудида вақтинча тўхтатилган. Текширув жараёнида юк ҳужжатларида аниқланган айрим техник камчиликлар сабабли маҳсулотни қисқа муддат ушлаб туриш эҳтиёжи вужудга келган. Бу ерда юкларни атайлаб ёки сунъий равишда ушлаб туриш ҳолати бўлмаган. Техник муаммолар ўрнатилган тартибда тўлиқ бартараф этилиб, маҳсулот Тошкент шаҳридаги Чуқурсой сақлаш пунктига етказилган. Ҳозир тадбиркорлик субъектларига тегишли картошка сотувга чиқарилмоқда.
Кўрилаётган ана шундай чоралар натижасида февраль-март ойларида ички бозордаги картошка нархи барқарорлашиши, апрель-майда эса пасайиши кутилмоқда. Жорий йил ҳосили учун 122 минг гектар майдонга картошка экилиши кўзда тутилган. Апрель-май ойларида янги ҳосил бозорга чиқарилади. Натижада картошка нархи пасайишига эришилади.
ХОРИЖ УРУҒ ВА НАВЛАРИ ЗАРУР
Картошка юртимизда энг кўп истеъмол қилинадиган маҳсулотлардан. Маълумотларга кўра, мамлакатимизда 290 минг гектар майдонда картошка етиштирилади. Шунга қарамай, эҳтиёжнинг бир қисми импорт қилинган маҳсулот ҳисобига қопланяпти. Маҳаллий маҳсулотнинг чиқиши эса кўпинча мавсумга боғлиқ.
Шундай пайтда ўйлаб қоласиз киши: аграр тармоқ ривожланган мамлакатимизда нега картошка навлари ва ҳосилдорлик яхши эмас?! Ваҳоланки, дунёда озиқ-овқат хавфсизлиги жиддий тус олаётган ҳозирги шароитда бу долзарб масалалардан бири. Жорий йил 30 январида давлатимиз раҳбари раислигида томорқада ва ижарага берилган экин ерларида даромадли маҳсулот етиштиришнинг янги тизими бўйича ўтказилган йиғилишда айни шу масала ҳам муҳокама қилинди. Картошкачиликни ривожлантириш бўйича қатор вазифалар белгиланиб, зарур маблағ, қўшимча имтиёзлар бериладиган бўлди.
Тармоқни ривожлантириш учун Қишлоқ хўжалиги жамғармасидан 400 миллиард сўм йўналтирилади. Энди четдан олиб келинадиган уруғлик картошка 3 йилга божхона божидан озод қилинади. Импорт қилинган ҳамда маҳаллий етиштирилган уруғлик картошкани сотишда қўшилган қиймат солиғининг 50 фоизи “кэшбек” сифатида қайтариб берилади. Умуман, Ўзбекистонда 2027 йилдан картошкага эҳтиёжни тўлиқ ички имконият ҳисобидан қоплаш режалаштирилган.
Бироқ бу ўзидан ўзи бўладиган жараён эмас. Яхши ҳосил олиш учун, аввало, ҳосилдор навлар яратиш, ҳудудларга мослаштириш, картошка етиштиришда замонавий усулларни қўллаш лозим. Тўғри, олимлар шу вақтгача ҳам доимий изланишда бўлган, қатор навлар яратилган, аммо натижа амалдаги самарадорликда яққолроқ кўринади.
Молиялаштирилмаган лойиҳалар эса самара бермаслиги турган гап. Энди тармоққа ажратилаётган маблағ мақсадли йўналтирилиб, аниқ вазифаларга хизмат қилиши керак. Шу боис, Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институти олдига иқлимга мос, серҳосил навлар яратиш, “ин витро” усулида йилига 3 миллион дона туганак етиштириб, тарқатиш вазифаси қўйилди.
Рустам НИЗОМОВ, Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институти директори:
— Картошка дунё бўйича энг кўп истеъмол қилинадиган сабзавотлардан бири бўлгани ҳолда, инсон организми учун муҳим оқсил, крахмал, турли витамин ҳамда минерал тузлар манбаидир. Шу боис, картошка етиштириш майдонига кўра жаҳонда буғдой, шоли, маккажўхоридан кейинги ўринларда туради. Бу сабзавот, асосан, тоғли минтақа ўсимлиги бўлишига қарамай, Ўзбекистон шароити картошка етиштириш учун қулай жойдир. Бир ярим асрдан ортиқроқ вақт давомида картошка мамлакатимизда озиқ-овқат маҳсулоти сифатида етиштириб келинади. Мустақилликнинг дастлабки йилларида картошка ҳосили аҳоли жон бошига 16 килограммдан 23 килограммга кўпайди. Кейинги йилларда ҳам юртимиздаги ривожланиш ва аҳоли сонининг ортиши ҳисобига бошқа маҳсулотлар каби картошкага талаб ошиб боряпти. Хусусан, аҳолининг йиллик талаби 2016 йилда 3,4 миллион тоннани ташкил қилган бўлса, 2023 йилда 3,9 миллион тонна, 2024 йилда эса 3,99 миллион тоннага етди. Шунга яраша маҳсулот етиштириладиган майдонлар ҳам йилдан йилга кенгайтириб бориляпти.
Шу ўринда мамлакатимиз тупроқ-иқлим шароити картошка етиштиришга мос бўлса-да, нега маҳсулотнинг бир қисми ҳамон хорижий мамлакатлардан импорт қилиняпти, деган савол туғилади. Картошка етиштириш учун озиқ моддалар, кимёвий воситалар, ёқилғи нархи юқорилиги натижасида маҳаллий сабзавот таннархи импорт нархига нисбатан юқори бўлмоқда. Муаммо нав ва уруғлик сифати масаласига бориб тақалади. Олимларимиз олдига қўйилаётган асосий талаб ҳам шу — картошкачиликни ривожлантириш, ҳосилдор навлар яратиш, замонавий уруғчиликни ташкил этишдан иборат.
Аҳоли талаби даражасидаги картошка етиштириш, ички эҳтиёжни тўлиқ қоплаш учун ҳосилдорликни ошириш айни кундаги зарурат. Бу эса кўплаб омилларга боғлиқ. Асосий омиллардан бири ҳудудларнинг иқлим шароитига қараб, навни тўғри танлаш ва сифатли уруғ экишдир. Шунинг ўзи ҳосилдорликни 1,5-2 баробар оширади. Аммо сифатли уруғлик картошка етиштириш учун, аввало, уруғчилик тизимини ташкил этиш лозим. Соҳага хусусий секторни жалб қилиш, маҳаллий селекцияни замонавий тадқиқотлар асосида ривожлантириш керак. Ҳудудларда биотехнология лабораторияларини кўпайтириш, у ерда ишлайдиган малакали кадрлар тайёрлаш зарурати бор.
Тармоқдаги асосий муаммолар ҳам шулардан иборат бўлган. Юртимизда картошка экилган, етиштирилган, лекин сифати ва ҳосилдорлиги етарли тадқиқ қилинмаган. Натижада импортга эҳтиёж сақланиб турибди. Ҳатто яқин йилларгача Ўзбекистонда вирусдан холи бошланғич манба асосида юқори сифатли картошка уруғчилигини тизимли ташкил этиш учун Биотехнология (ин витро) лабораториялари етишмаган. Бундай лабораторияларнинг дастлабкилари бундан бир неча йил олдин Тошкент ва Самарқанд вилоятларида ташкил этилиб, тўлиқ замонавий жиҳозланди. Ҳозир картошканинг вирусдан холи бошланғич манбаси сифатида ин витро ўсимлиги ва микротуганаклар кўпайтириляпти. Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институтидаги Биотехнология лабораториясида тадқиқотлар ўтказилмоқда. Янги технология асосида маҳаллий шароитда етиштирилган уруғлар ҳудудларнинг тупроқ-иқлим шароитига мослиги, таннархи арзонлиги, 3-4 йил давомида кетмакет юқори ҳосил бериши, сифати кафолатланиши, истеъмолчилар талабига мослиги ва вируслардан холи экани билан устунлик қилади.
Институт селекционер олимлари бу борада доимий изланишда. Кейинги йилларда картошка селекцияси ва уруғчилиги бўйича тадқиқотлар янги босқичга чиқяпти. Ҳозир юртимиз ҳудудида экиш учун тавсия этилган ва қишлоқ хўжалиги экинлари давлат реестрига киритилган картошканинг 165 га яқин нави бўлиб, шундан 19 таси маҳаллий илмий муассасалар томонидан яратилган. 2024 йилда картошканинг “Афсона”, “Жозиба”, “Дўстлик” навлари патентлаш учун расмийлаштирилди. 70 га яқин нав коллекциясини ўрганиш бўйича илмий тадқиқотлар ўтказилди.
Ҳозир қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда аҳоли томорқасидан ҳам самарали фойдаланилаётгани бозорлардаги тўкинликни таъминлашга ҳисса қўшяпти. Бундан картошка етиштиришда ҳам самарали фойдаланиш мумкин. Ўтган йили тажриба сифатида соҳа олимлари ва шахсий томорқа хўжаликлари ўртасида ҳамкорлик йўлга қўйилди. Картошканинг олимларимиз етиштирган юқори ҳосилли “Ўзбекистон қизили”, “Тошкент эртакиси” ҳамда бошқа навлари Янгиқўрғон ва Ғаллаорол туманларидаги хонадонларга етказиб берилди. Жараёнда 10 тадан хонадон танлаб олиниб, уларнинг 3 сотихдан ер майдонига уруғлик экилди. Хонадон эгалари бу навларнинг бир тупидан ўртача 1,645 килограмм картошка олиб, юқори ҳосилдорликка эришди. Битта хонадон истеъмол учун ўртача 2 тонна 200 килограмм, уруғлик учун 180 килограмм картошка етиштирди. Шу тариқа аҳолининг ўзи маҳаллий уруғликларнинг хориждан келтирилганларига нисбатан ҳар жиҳатдан афзал эканига амин бўлди. Бундай лойиҳаларни бошқа ҳудудларда ҳам давом эттириш режалаштирилган.
* * *
Мамлакатимизда ҳар йили, ҳар чоракда ёки ҳар ой экспорт қилинадиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари рўйхатида картошкага кўзим тушмади. Демак, диёримизда етиштириладиган картошка фақат ички истеъмолга чиқарилади. Бу ҳам талабни тўлиқ қопламагани сабабли бир қисми бошқа давлатлардан импорт қилинади. Ваҳоланки, картошка етиштириш қийин бўлган, иқлим танлайдиган маҳсулот ҳам эмас. Ҳар ҳолда, авваллари юртимиздаги деярли барча хонадонларда картошка етиштирилар, оила эҳтиёжини қоплайдиган ҳосил олинар эди.
Демак, картошкачиликни ривожлантириш орқали бозордаги нарх-наво барқарорлигини таъминлаш, ички эҳтиёжни тўлиқ қондириш мақсад қилинди. Бу йўлдаги ҳаракатлар бошланган. Аммо картошкани экспорт қилиш учун ҳам имкониятимиз етарли. Уруғчиликни ривожлантириш, ҳосилдорликни оширишга қаратилган саъй-ҳаракатлар ана шу имкониятларга йўл очади.
Ирода ТОШМАТОВА,
“Янги Ўзбекистон” мухбири