Лекин негадир бир муддат мана шундай асл маҳсулотлар бозорларимизда камайиб, улар ўрнини янги навлар эгаллай бошлади. Деҳқонларимиз четдан келтирилган супер эртапишар уруғлар орқали ҳосилни тезроқ бозорга чиқариб, кўпроқ даромад олишга ошиқа бошлади. Буни кимлардир бозор талаби, илмий изланишлар натижаси, деган бўлса, яна бошқалари четдан келтирилган уруғлар маҳаллий навларни сиқиб чиқариб юборишидан чўчиди. Бироқ, шуниси аниқки, бугун хоҳ пишиқчилик мавсуми, хоҳ эрта баҳор ёки қиш фасли бўлсин, дастурхонимизда бу каби неъматлар мавжуд. Демак, жараён давом этмоқда. Яъни деҳқонлар меҳнат қиляпти, олимларимиз изланишда. Бинобарин, вақт кутиб турмайди. Ҳар бир соҳа давр тақозоси билан такомиллашиб, ривожланиб бораверади. Бундан селекция ишлари ҳам мустасно эмас.
Мамлакатимиз қишлоқ хўжалигида бу каби ишларни амалга оширишда Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институтининг алоҳида ўрни бор. Чунки мазкур даргоҳнинг тўқсон йиллик фаолияти давомида олимлар томонидан республикамиз қишлоқ хўжалиги учун кўплаб янгиликлар жорий этилди, янги навлар яратилди. Мақола бошида номлари саналган машҳур навлар ҳам айнан мана шу илм масканида яратилган. Бугунги кунда мамлакатимиз қишлоқ хўжалигида, хусусан, селекция йўналишида қандай янгиликлар бор, қандай лойиҳалар йўлга қўйилмоқда? Бу борада илм-фан ва амалиёт уйғунлигининг аҳамияти нималарда кўринади?
Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институти директори, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор Рустам НИЗОМОВ билан шулар хусусида фикрлашдик.
— Сабзавотчилик қишлоқ хўжалигидан ташқари, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда ҳам муҳим аҳамият касб этади, — дейди Рустам Низомов. — Масалан, бугун дунё бўйича сабзавот экинларининг 1,5 мингдан зиёд тури бўлса, шундан 200 тури оммавий тарзда парваришланади. Яъни бугун инсоният овқат рационида 200 хил сабзавот маҳсулотлари мавжуд. Республикамизда эса 50 га яқин турдаги сабзавот етиштирилади ва истеъмол қилинади.
Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институти 1933 йил Республика сабзавот станцияси негизида ташкил этилган бўлиб, Республика Президентининг 2014 йил 10 февралдаги ва Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил октябрдаги қарорлари билан қайта ташкил этилган.
Институтимиз сабзавот ва картошкачилик бўйича етакчи илмий муассаса ҳисобланади.
Институтда олиб борилган илмий ишланмалар туфайли юртимизда сабзавотчилик анъанавий хусусий сектордан қишлоқ хўжалигининг ривожланган замонавий тармоғига айланди. Илм-фанга катта эътибор қаратилаётгани боис соҳа янада ривожланмоқда. Хусусан, 2021 йилда институтимиз тўғридан-тўғри бюджетдан молиялаштириш тизимига ўтказилди.
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 24 сентябрдаги қарори билан институт тузилмасига ўзгартириш киритилиб, лабораториялар сони 14 тага етказилди. Институтнинг Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Навоий, Самарқанд, Сурхондарё, Қашқадарё, Хоразм, Андижон вилоятларида илмий-тажриба станциялари ташкил этилди.
Давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 7 июлдаги “Аграр соҳада илм-фан, таълим ва ишлаб чиқаришни интеграция қилиш орқали сифат ва самарадорликни оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори эса олимларимиз ишини янада жадаллашириш, фаолиятини қўллаб-қувватлашда янги имкониятларни юзага чиқаради. Чунки унда Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020 — 2030 йилларга мўлжалланган стратегиясида белгиланган вазифалар ижросини самарали ташкил этиш, аграр соҳада илм-фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини таъминлашга қаратилган муҳим мақсадлар кўрсатиб ўтилди.
Умуман, тўққизта банддан иборат стратегиянинг биринчи банди озиқ-овқат хавфсизлигига бағишлангани ушбу вазифалар глобал аҳамиятга эга бўлиб бораётганидан далолатдир. Шу боис, кейинги йилларда ердан самарали фойдаланиш ва экин турларини диверсификация қилиш бўйича муайян ишлар амалга оширилмоқда.
Илм ва амалиёт уйғун бўлса...
Институтда 2016 йилдан буён сабзавот, полиз ва картошка экинлари селекцияси ва уруғчилигини ривожлантириш бўйича 40 та илмий лойиҳа, шу жумладан, 2022–2023 йилларда Давлат илмий-техник дастурлари доирасида 6 та амалий ва 5 та инновацион лойиҳа бўйича тадқиқотлар олиб борилди. Қовуннинг иссиқхонада, очиқ майдонларда экиладиган экспортбоп янги навларини яратиш, Хоразм вилояти тупроқ иқлим шароитига мос, серҳосил ва экспортбоп маҳаллий қовун навлари бирламчи уруғчилигини ривожлантириш, ноанъанавий ва экспортбоп сабзавот экинлари интродукцияси ва бирламчи уруғчилигини ташкил этиш, органик деҳқончиликда тупроқ унумдорлиги ва қишлоқ хўжалиги экинларининг касалликларга бардошлилигини оширувчи наномикрозаррачаларни қўллаш агротехнологиясини яратиш каби мавзулардаги амалий ҳамда инновацион лойиҳалар шулар жумласидан.
Умуман олганда, 37 та экин турининг 280 та маҳаллий нав ҳамда дурагайлари яратилиб, Давлат реестрига киритилгани эътиборга молик. Шундан 199 таси сабзавот, 69 таси полиз, 12 таси картошка навларидир.
2022 йил мисолида оладиган бўлсак, сабзавот ва полиз экинларининг 12 та, жумладан, аччиқ қалампирнинг “Шарқ гавҳари”, бамиянинг “Тошкент туҳфаси”, пиёзнинг “Хамал”, “Қизил шоҳзода”, қовуннинг “Офтоб”, қулупнайнинг “Тонг ифори”, турпнинг “Мурод”, жамбилнинг “Ҳуштаъм”, райҳоннинг “Ихлос”, бодрингнинг иссиқхона учун “Эзгу Ғ1”, бататнинг “Филиал”, помидорнинг “Мустақиллик – 28” навлари Давлат реестрига киритилди.
Интеллектуал мулк агентлигидан бодрингнинг “Мусаффо”, “Ғалаба”, артишокнинг “Жануб гўзали”, рокаблнинг “Барака”, саримсоқнинг “Жануб”, Сурхон воҳаси”, райҳоннинг “Гулчаман” сингари навларига патент олинди.
Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институти ва унинг илмий-тажриба станцияларида ҳар йили сабазвот, полиз ва картошканинг 32–35 та навидан ўртача ҳисобда 200 тонна оналик сабзавотлар, 25–36 тонна сабзавот экинлари уруғлари, 5–6 тонна полиз экинлари уруғлари ишлаб чиқарилади.
2023 йилда сабзавот ва полиз экинларининг 24 тури бўйича 34 тонна, картошканинг юқори авлодли 300 тонна маҳаллий уруғликлар ишлаб чиқариш режалаштирилган.
Картошка, дунё миқёсида, шу жумладан, Ўзбекистонда ҳам энг кўп истеъмол қилинадиган маҳсулотлардан ҳисобланади. Бугунги кунда бизда фермер хўжаликлари ва кластерлар учун уруғлик картошкага бўлган эҳтиёжни қондириш имконияти етарли эмас. Шу боис, уни хориждан импорт қиламиз. Юртимизда ҳар йили 300 минг гектар майдонга такрорий экин сифатида зарур қишлоқ хўжалиги экинлари, хусусан, картошка уруғлари қадалиши ҳам ана шу талабни таъминлашга қаратилган. Қолаверса, экинлар ҳосилдорлигини оширишда илмий ёндашув ҳам алоҳида ўрин тутади.
Айни пайтда институт ва унинг тажриба майдонларида биргина картошканинг 2,5 миллиондан зиёд микро ва мини тугунакларини етиштириш бўйича тадқиқотлар олиб бориляпти. Бундай туганаклар кейинги босқичларда 5–6 тага кўпайишини инобатга олсак, бу кичкина рақам эмас. Буни картошка импортини камайтиришга қаратилган муҳим қадамлардан бири, десак муболаға бўлмайди.
Институт олимларининг сабзавот, полиз ва картошка экинларини ресурс ва сув тежамкор, интенсив технологиялар асосида етиштириш бўйича ишланмалари ишлаб чиқаришга изчил жорий қилинмоқда. Булар сирасига полиз экинлари уруғларини экишдан олдин турли препаратлар билан дорилаб экиш, помидордан экологик соф маҳсулот етиштириш, янги сабзавот экинларидан салатбоп ва баргли шолғом етиштириш, Ўзбекистоннинг бўз тупроғида сабзавот сояси етиштириш, картошканинг тезпишар ва ўрта тезпишар навлари жадаллашган бирламчи уруғчилик технологияларини киритиш мумкин.
Халқаро ҳамкорлик самараси
Институтда хорижий алоқаларни кенгайтириш бўйича кўрилаётган чоралар диққатга сазовор. Бу борада Халқаро картошкачилик маркази, Туркиянинг ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги (ТIKA), Япония Халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA), Германия халқаро ҳамкорлик ташкилоти (GIZ), Россиянинг Сабзавотчилик Федерал илмий маркази, Озарбайжон Сабзавотчилик илмий-тадқиқот институти, Қозоғистон Мева-сабзавотчилик илмий-тадқиқот институти, Венгриянинг Қишлоқ хўжалиги ва табиий фанлар университети, Япониянинг “The Musashino Seed Co. Ltd.” компанияси, Жанубий Кореянинг KOICA, KOPIA халқаро марказлари, Туркиянинг Оқдениз университети, “Merkez Anadolu Kimya”, “Natural Zemın ve Peyzaj” ва “Natural”, “Anamas Tohum” компаниялари институтимизнинг яқин ҳамкорига айланган.
Институт жамоаси ўз олдига сабзавот, полиз ва картошкачилик илмини янада ривожлантириш бўйича улкан режаларни белгилаган холда тадқиқот ишларини давом эттирмоқда. Ваҳоланки, бир муддат олдин институт жамоасининг имконияти, изланиш учун шароит чекланган эди. Айтайлик, шу пайтгача илмий изланишларда ўтган аср технологиясидан фойдаланиб келинарган эди. Энди институтимиз ҳам замонавий техника ва технологиялар билан жиҳозланди. Зарур маблағ ажратиляпти, грантлар қўлга киритиляпти. Энг муҳими, бу ишларга ёшлар кучли интилмоқда. Бунинг сабаби эса битта: Ўзбекистонда илм аҳлига эътибор кучайди, уларнинг ғоялари изчил қўллаб-қувватланяпти. Бунинг ортидан қишлоқ хўжалиги экин далалари инновациялар майдонига айланмоқда. Ва бу энг тўғри йўл. Чунки инновация, тежамкорлик, самарадорлик келажак талабидир.
Мутахассислар бугун ер юзида иқлим ўзгариши, турли табиий офатлар, сув танқислиги, қурғоқчилик каби омиллар озиқ-овқат маҳсулотлари етиштиришга ҳам ўз таъсирини кўрсатаётганини таъкидламоқда. Бу эса соҳага илмий асосланган ишланмаларни жадал татбиқ қилишни тақозо этади.
Маълумотларга кўра, мамлакатимизда йилига 20 миллион тоннадан ортиқ мева-сабзавот маҳсулотлари етиштирилади. Хусусан, жорий йилда 4 миллион гектар асосий, боғ-ток қатор оралари, лалми ва такрорий майдонларда озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш белгиланган. Яъни, бу йил далаларимизда 8,1 миллион тонна бошоқли дон, 528 минг тонна шоли, 579 минг тонна дуккакли, 345 минг тонна мойли, 12,2 миллион тонна сабзавот, 2,5 миллион тонна полиз, 4,1 миллион тонна картошка, 3,1 миллион тонна мева ва 2 миллион тонна узум етиштирилиши кутиляпти.
Шунингдек, ҳудудларда дала четларига 71 мингта фермер хўжалиги томонидан жами 59 минг гектар тут, ток, терак, мевали кўчатлар ҳамда 24 минг гектар полиз, сабзавот ва бошқа турдаги қишлоқ хўжалиги экинлари экилди. Булардан кўринадики, юртимизда аҳолини сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан барқарор таъминлашга эътибор жиддий. Соҳага илмий ёндашув эса ишлар натижадорлигини янада оширади.
Дилшод УЛУҒМУРОДОВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири