Касб-ҳунарли ва билимли авлодни тарбиялаш миллий ҳаракатга айланиши зарур!

    Давлатимиз сиёсатида ёшлар камолотига катта эътибор қаратиш, уларнинг ҳар томонлама етук, замонавий билимларга эга, жамиятда ўз ўрнини топган инсонлар бўлиб етишиши учун жонкуярлик кўрсатиш муҳим ўринни эгаллайди.

    Шу сабабли ҳам Ўзбекистон Президенти ҳар бир чиқишида мазкур масала хусусида алоҳида сўз юритади. Жумладан, жорий йилнинг 27 январида давлатимиз раҳбари раислигида ёшлар бандлигини таъминлаш ва бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш чора-тадбирлари муҳокамаси юзасидан бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида эртамиз эгаларининг келажаги билан боғлиқ долзарб масалалар ҳақида сўз борди.

    Президентимизнинг жон куйдириб айтган сўзлари улкан моҳиятга эга. Чунки ҳар бир ёш — жамиятининг фаол бўғини, бўлғуси оила бошлиғи, фарзандларнинг ота-онаси, келажак пойдеворининг бунёдкори. Афсуски, ёшларни эзгу ғоялар атрофида бирлаштириш, уларнинг қобилиятини рўёбга чиқариш ва тўғри йўлга йўналтириш, оддий қилиб айтганда, ўз фарзандларимизга эга чиқиш масалаларига узоқ вақт нотўғри муносабатда бўлиб келинди. Мамлакатимиз раҳбари бу борадаги муаммо ва камчиликларни ошкора айтди, масаланинг энг оғриқли нуқталарига эътибор қаратди ва уларни ҳал қилишнинг аниқ ечимларини кўрсатди.

    Ёшлар бандлигини таъминлаш омилларидан бири уларни талаб этилаётган касб бўйича ихтисослаштиришдир. Йиғилишда шу пайтгача ишсиз аҳоли ва бўш иш ўринлари ўзаро уйғунликда кўриб чиқилмагани танқидий таҳлил қилинди.

    Мамлакатимизда олиб борилаётган изчил янгиланишлар, янги Ўзбекистонни барпо этиш жараёнлари ёшларга муносабатни тубдан ўзгартиришни талаб қилаётганини давлатимиз раҳбари илгари ҳам бир неча марта таъкидлаган эди. Бу борада давлат меҳрибон ота сингари фарзандининг қобилияти ва қизиқишларини тўғри баҳолаши, ҳаётда ўз ўрнини топишига кўмаклашиши кун тартибидаги муҳим масаладир.

    Шу ўринда ёшлар ўртасида турли танловларнинг ўтказилиши уларнинг иқтидорини намоён этиш билан бир қаторда, ўз устида ишлаш, рақобат муҳитида курашиш, салоҳиятини рўёбга чиқаришга хизмат қилишини таъкидлаш жоиз.

    Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан ёшлар ўртасида ўтказилаётган стартап ва инновацион, технологик лойиҳалар танловларини янада кенгайтириш, ёшларни мана шу танловларга кўпроқ жалб этиш муҳим аҳамиятга эга. Ёшларнинг стартап лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш учун 2018–2020 йиллар оралиғида олтита танлов ташкил этилган бўлиб, улар доирасида умумий қиймати 33,77 миллиард сўмлик бир юз еттита инновацион ва стартап лойиҳа амалга оширилмоқда. Шунингдек, ёшларнинг тадбиркорлик салоҳиятини ривожлантириш мақсадида “Technoways” инновацион марафони ташкил этилди. Унда ўн бир жамоага бирлашган, ўз лойиҳаларига эга эллик нафар иштирокчи қатнашди. Якунда тўртта лойиҳа молиялаштирилди.

    Йиғилишда дипломи йўқ, лекин амалий кўникмага эга ишсиз ёшларни малакани баҳолаш марказларида ўқитиб, сертификат бериш тизими жорий этилиши хусусида ҳам сўз борди. Шунингдек, қатор олий таълим муассасалари ва йирик саноат тармоқларида малакани баҳолаш марказларини ташкил этиш, тадбиркорлик фаолиятини бошлаш ниятидаги ёшларнинг минитехнология ва ускуналар харид қилиши учун субсидия ажратиш, кредит олишда суғурта тўлови бўйича кўмаклашиш, ҳар ўн гектар экин еридан бир гектарини деҳқончилик учун ажратиш тартибини жорий этиш, захира ерларни фойдаланиш учун бериш, томорқада лимончилик, паррандачилик, қуёнчилик, асаларичилик фаолияти учун кредитлар ажратиш каби аниқ ечим ва таклифлар тилга олинди. Ўғил-қизларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, қобилиятини юзага чиқариши учун зарур шароитлар яратиш масалалари ҳам муҳокама қилинди.

    Шу ўринда давлатимиз раҳбарининг ушбу ташаббуси туфайли, биринчидан, республикада кичик ер майдонига эга янги авлод ёш фермерлар армияси шаклланади. Иккинчидан, маҳаллий бозорларимиз янги, хилма-хил ва сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан тўлади.

    Ўз ўрнида, бу ҳаммамизга жуда катта масъулият ва мажбурият юклайди. Биринчидан, фермерлар ёшларга берилаётган ердан қолган асосий майдонлардан энди кўпроқ ҳосил кўтариши зарур бўлса, йигит-қизлар ўзлари олган ердан унумли фойдаланиб, ноанъанавий инновацион усулларда деҳқончиликни йўлга қўйиши лозим. Янги “ақлли технологиялар”ни қўллаб, бободеҳқон фермерларнинг ишончига муносиб эканини кўрсатади.

    Бу борада илм-фан, инновациялар, технологиялар трансфери каби янги кўникмаларни ўзлаштириш устувор вазифа ҳисобланади. Олимлар ва мутасадди вазирликлар фермерларга нисбатан кичик ер майдонидан олдинги йиллардагидан кам бўлмаган ҳосил олишга ёрдам бериши ва энг асосийси, ёш ер эгаларини, давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, ўқитиб ўргатиб, уларга кўмакчи бўлиши керак.

    Президентимиз томонидан ёшларнинг лойиҳалари учун 2021 йилга ажратилган эллик миллиард сўм маблағ айнан ёш олимларни, стартапчиларнинг инновацион ғояларини қўллаб-қувватлашга йўналтирилиши режалаштирилган. Бу танловлар соддалаштирилган, яъни ортиқча бюрократик тўсиқларсиз, шаффоф тарзда ўтказилиши назарда тутилган бўлиб, яқин кунларда дастлабкилари эълон қилинади.

    Ҳар бир гектар ер эгаси, албатта, унга инновация (яъни янги ноанъанавий экин, сифатли уруғ, янги органик ўғитлар, ақлли суғориш технологиялари каби) олиб кириши лозим. Бунинг учун ёшлар вазирлигимизда ташкил қилинаётган ёш олимларнинг илмий ва стартап лойиҳаларига, “Юзта инновацион ғоя” танловларига мурожаат қилишлари ва ўзларига ажратилган ердан самарали фойда олишларига имкон берадиган бошланғич маблағларни қўлга киритиши мумкин. Қолаверса, улар вазирликдаги стартап акселераторда қатнашиб, ўз инновацион ғояларини рўёбга чиқариши учун кўникма ҳосил қилиш ҳамда, энг асосийси, қўлламоқчи бўлган технологияларининг иқтисодий самарадорлигини асословчи ҳужжатларни таниқли бизнес-тренерлар билан бирга тайёрлаб олиш имконига эга.

    Вазир сифатида ҳам, олим сифатида ҳам мана шу танловларда ҳамда акселератор ўқув дастурларида ёшларимизни фаол иштирок этишга чорлайман. Афсуски, кўпчиликда, шу жумладан, йигит-қизларда ҳам турли танловларга ишончсизлик, шубҳаланиш билан қараш шаклланган. Шу шубҳаларни, ишончсизликни енгиш пайти келди. “Барибир ғолиб бўлмайман”, деб ҳаракат қилмаслик бугуннинг иши эмас. Аввал иштирок этиш, қатнашиш керак, ана ундан кейин хулоса чиқарса бўлади. Албатта, танлов борки, унда ғолиб ва мағлуб бўлади. Лекин мағлуб бўлган ҳам ўзига хулосалар чиқаради, қайси томонларини кучайтириши, қайси жиҳатлари устида янаям қаттиқроқ ишлаши кераклигини англаб етади.

    Ёшларнинг ўзлигини англаб олишига кўмаклашишга қаратилган давлат сиёсати негизида “Ўз кунингни ўзинг кўриб юравер” деган эски тамойилдан тўла воз кечиб, ўғил-қизларда фидойилик, ватанпарварлик хусусиятларини шакллантиришга қаратилган хайрли ишларни кучайтириш, уларнинг маънавиятини юксалтириш ва, пировардида, ўз фарзандларимизга ўзимиз эга чиқишимиз каби эзгу мақсадлар ётибди. Президентимиз таъкидлаб ўтган ва соҳалар олдига белгилаб берган вазифаларнинг барчаси ёшларимизни соғлом фикрли, жисмонан бақувват, аждодларимизнинг бой меросидан хабардор, ватанпарвар ва фидойи қилиб тарбиялашнинг муҳим жиҳатларига эътибор қаратилгани билан аҳамиятга молик. Бир сўз билан айтганда, ёшларни ўқитиб-ўргатиб, кейин уларга иш бериш бугун миллий ҳаракатимизга айланиши лозим.

    Айнан мана шундай тизимга мисол сифатида вазирлигимиз ва Сирдарё вилояти ҳокимлиги билан ҳамкорликда барпо этилган “Сирдарё бизнес акселератори”ни келтиришимиз мумкин. Мазкур акселераторда ёшлар ўз ғояларини бизнес лойиҳаларга айлантириш, лойиҳани шакллантириш, уни илгари суриш, ривожлантириш ва ундан фойда олишни ўрганади. Марказда юқори техника ва технологиялар асосида ҳар йили “маҳаллабай” тизимида бир ярим минг нафар ёшга касаначилик, тўқимачилик, ўймакорлик, сартарошлик, пайвандчилик, робототехника ва пазандачилик ҳунарлари ўргатилади. Ёшлар кичик технологияда бирор маҳсулот яратишни ўрганиш баробарида, сертификатни қўлга киритиш учун ўқув курслари давомида яратган маҳсулотини сотиш ва ўз мижозларини йиғиш кўникмаларини ҳам шакллантириб боради Бу масканда ёшларга маркетинг соҳаси бўйича ҳам билим берилади.

    Акселераторнинг ўқув курсларидан фарқли жиҳати шундаки, ўзи ишлаб чиқараётган маҳсулотини сота оладиган ва сертификатни қўлга киритган ҳар бир ёшга ўзи ўрганиб олган кичик технологияни сотиб олиш учун имтиёзли кредит маблағлари ажратилади. Марказда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Савдо-саноат палатаси, тижорат банклари вакиллари билан бирга имтиёзли кредитларни расмийлаштириш, муайян тузилмалардан маблағ олиш, венчур жамғармаларидан фойдаланиш имкони яратилган.

    Йиғилишда ҳозирги ёшларнинг замонавий технологияларга қизиқиши қамровини кенгайтириш учун ҳар бир туманда камида биттадан мактабда IT-тўгараги очиш, яна юзта рақамли технологиялар ўқув маркази ташкил этиб, йигирма минг йигит-қизни дастурлаш ва ахборот технологиялари соҳаси бўйича тадбиркорликка ўқитиш муҳимлиги таъкидланди.

    Давлатимиз раҳбари иқтидорли ёшларни кашф қилиш, уларнинг ташаббус ва интилишларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида “Ўзбекистон учун 100 ғоя” лойиҳасини илгари сурди. Лойиҳа доирасида шаҳар ва қишлоқлардаги ташаббускор ёшларнинг иқтисодиёт, таълим, спорт, соғлиқни сақлаш, ахборот технологиялари каби соҳалардаги ғояларини рўёбга чиқариш учун шароит яратиш вазифаси қўйилди.

    Бу ғояларни амалга оширишда вазирлигимиз томонидан ишлаб чиқилган “TexnoBus” технологик мобиль таълим платформаси тажрибаси жуда фойдали. Ушбу кўчма таълим платформасида мамлакатимизнинг турли вилоятларидаги ёшлар учун улар яшаётган жойнинг ўзида робототехника ва электроника, 3D прототиплаштириш, дастурлаш, VR/AR ва бошқа интерактив йўналишлар бўйича тренинглар, маҳорат дарслари ўтказилмоқда. Шу кунга қадар “TexnoBus” платформаси ёшларни энг сўнгги технологиялар намуналари билан таништириб, ҳудудларда босқичма-босқич ташкил этилаётган ёшлар технопаркларида фаолият юритиши мумкин бўлган ёшлар жамоаларини шакллантирмоқда. Яқин кунларда очилиши кутилаётган Андижон, Самарқанд ва Оҳангарон ёшлар технопаркларининг фаолияти айнан йигит-қизларнинг салоҳияти, иқтидори ва интилишларига боғлиқ.

    Вазирлигимизда ўн беш ёшгача бўлган болаларга илм-фан ва инновациялар маданиятини сингдириш ҳамда уларнинг математика, шунингдек, аниқ ва табиий фанлар бўйича билимини ошириш мақсадида “Science for kids” платформаси ташкил этилди. Ҳозирги кунга қадар ўн олтита тадбир ўтказилди ҳамда ўн саккиз мингга яқин болани қамраб олган. Қизиқарли тажрибалар, маҳорат дарслари, танловларни ўз ичига олган мазкур платформа иштирокчилари вазирлигимиз ҳузуридаги Ёшлар академиясининг бўлғуси аъзолари бўлса, ажабмас.

    Дарвоқе, вазирлик ҳузуридаги Ёшлар академияси аъзолари сони бир минг саккиз нафарга етди. Республикамиз вилоятларида ўн беш нафар етакчи танлаб олинди. Мана шу ёшлар мамлакатимизнинг интеллектуал захираси бўлиши билан қаторда, ўз ишланма, лойиҳа, тадқиқот ва тадбиркорлик фаолияти билан юртимиз равнақига ҳисса қўшиб келмоқда.

    Иброҳим АБДУРАҲМОНОВ,

    инновацион ривожланиш вазири, академик

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates