Келажак учун берилган имконият

    Бир инсоннинг дунёга келиши — буюк ҳодиса. Шунинг учун ҳам ота-онани қутлаш баробарида чақалоқ ҳам дуо қилинади: “фарзандингиз бахтли-саодатли бўлсин”, “узоқ умр кўрсин”, “эл-юртга нафи тегадиган солиҳ ўғил-қиз бўлсин”, “ота-онали улғайсин”. Бироқ шундай тақдирлар ҳам борки, улар болаликданоқ турли сабаларга кўра, ота-она меҳри ўрнига соғинч ҳиссини туяди, оила деган қўрғон бағрида униб-ўсиш саодатидан мосуво бўлади. 

    Кечаги кун пойтахтимиздаги 21-Меҳрибонлик уйи жамоаси, яъни тарбиячиларнинг ҳам, тарбияланувчиларнинг ҳам хотирасида қувончли кун сифатида бир умрга муҳрланди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев бу муассасага ташриф буюриб, мавжуд шароитларни кўздан кечирди. Тарбияланувчилар билан дилдан суҳбат қуриб, келажакка қадам қўйиш арафасида турган ёшлар руҳини кўтарди.

    Айни пайтда мамлакатимизда 16 та Меҳрибонлик уйи, 4 та Болалар шаҳарчаси мавжуд. Шундан 4 та Меҳрибонлик уйи Тошкент шаҳрида жойлашган.

    Пойтахтимизнинг Юнусобод туманидаги 21-Меҳрибонлик уйида 3 ёшдан 18 ёшгача бўлган 122 ўғил-қиз таълимтарбия олмоқда. Уларнинг билим олиши ва мустақил ҳаётда ўз ўрнини топиши учун барча шароитлар яратилган. Таълим жараёнига умумтаълим фанлари ўқитувчиларидан ташқари қўшимча тарзда психолог, логопед, дефектолог ҳамда тўгарак машғулотлари олиб борувчи мутахассислар жалб этилган.

    Ёшларнинг орзуси ушалди

    Меҳрибонлик уйи ҳовлисида бизни қарши олган йигитнинг исми Исфандиёр экан. Унинг кўзларида қувонч порлаб, овозида мамнунлик янграрди.

    — Бугун ҳаётимдаги энг қувончли кун, — дейди у. — Чунки Президентимиз кўмаги билан муддатидан аввал Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти талабаси бўлдим. Жуда ҳаяжондаман, ҳаракатларим, интилишларим бежиз кетмаганидан хурсандман.

    2003 йил Жиззах шаҳрида туғилганман. Ота-онам ўзаро келишолмай ажрашди. Отам Кореяга, онам Дубайга кетди. Опам ва синглим билан кўчада қолдик. Қариндошларимиз бизни Меҳрибонлик уйига топширди. Бу ерга келганимга 7 йил бўлди. Ўзимни ўз уйимдагидек ҳис қиламан. Ҳозир 11-синфни битирдим. Болалигимдан режиссёрликка қизиқаман. Меҳрибонлик уйида ўтказиладиган ҳар бир тадбирда иштирок этиб келаман. Шу иштиёқ туфайли ҳужжатларимни Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтига топширдим. Имтиҳон яқин. Яхши ўқидим, институтга кириш учун пухта тайёргарлик кўрдим. Бироқ ўша кунни ўйласам, қаттиқ ҳаяжонга тушаман. “Кира олмасам нима бўлади?” деган қўрқув тинчлик бермаётган эди. Чунки мен, албатта, ўқишим, келажагимни ўз қўлим билан бунёд қилишим шарт. Давлатимиз раҳбари биз билан суҳбатда орзуларимиз, келажакдаги мақсадларимиз ҳақида ҳам сўради. Мен орзуларим ҳақида сўзлаб бердим.

    Президентимиз давлат бюджети асосида институтга қабул қилинишим ҳақида айтди. Нима қилишни, нима дейишни билмай қолдим. Бу тушга ўхшарди. Биз каби болаларнинг ҳаёти Президентимиз учун аҳамиятли экани мен учун жуда катта қувонч, жуда катта ҳодиса. Буни сўз билан таърифлаб беролмайман. Фақат айтишим мумкинки, мен мамлакатимга садоқатим, миллатимга нафим орқали Президентим билдирган ишончни, албатта, оқлайман.

    Меҳрибонлик уйининг яна бир тарбияланувчиси Милена Новосенова ҳам муддатидан аввал Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети талабаси бўлди. Миленанинг айтишича, у болалигидан психолог бўлишни орзу қилган. Орзу мақсадга дўниб, Милена ҳужжатларини айни шу йўналиш бўйича топширган эди. Сўзга чечан Миленанинг қувонч тўла кўз ёшларини кўриб, унинг етук психолог бўлишига, ўзи каби кўнгли кемтик болажонларнинг дардига малҳам бўла олишига ишонгимиз келди.

    Зайнабнинг шеъри олқиш олди

    Зайнаб 8 ёшда. 1-синфни битирди. У “Меҳр-2” операцияси доирасида Суриядан Ўзбекистонга келтирилган. Оиладаги 5 нафар фарзанднинг барчаси мана шу муассаса тарбияланувчиси. Қизалоқ митти юрагида катта-катта ҳайратларни кўтариб юрибди.

    Ўзбек элим – бек элим,

    Сенга насиб эрк, элим.

    Пешонангга нур тегиб,

    Камол топгин бахт эмиб.

    Ўзингнинг ўз туғинг бор,

    Мустақиллик чоғинг бор.

    Бобом Темур суйган халқ,

    Дунё узра яйра, балқ.

    У Президентга мана шу шеърини ўқиб берди. Эътироф ва олқиш олди. Президент совғасидан эса кўнгли тоғдек кўтарилди.

    Зайнабнинг севимли машғулоти – китоб ўқиш. Бўш вақтларида тарбиячи Дилноза Холиқулова ёрдамида шеърлар ёд олади.

    Дилноза опа 5 йилдан буён Меҳрибонлик уйида тарбиячи сифатида фаолият юритмоқда.

    — Давлатимиз раҳбари биздан иш фаолиятимизда қандай муаммолар борлигини сўради, таклифларимиз билан қизиқди, — дейди Д.Холиқулова. — Муассасамизда астойдил ишлашимиз учун шароитлар яратилган, бироқ методик қўлланмалар кам. Шундан қийналамиз. Президентимиз таклифимизни инобатга олиб, бу муаммо бартараф этилишини айтди.

    Ҳар бир бола — бир олам

    Бир бўстонда турфа гулу чечаклар бўй кўрсатади. Уларнинг ранги фарқлангани каби бўйи ҳам бир-бирига ўхшамайди. Болалар ҳам гулу чечакларга ўхшайди. Уларнинг табиати турлича. Қизиқишлари, фикрлари бир-биридан фарқли. Айниқса, Меҳрибонлик уйида тарбияланаётган ўғил-қизларнинг кўнглидаги кемтикни тўлдириш, қалбига йўл топиш тарбиячиларнинг зиммасига улкан масъулият юклайди.

    — Бу ерга келгунча Миробод туманидаги 218-мактабда она тили ва адабиёти фанидан дарс берганман, — дейди тарбиячи Тўхтахон Султонова. — 2016 йил Меҳрибонлик уйига келдим. Тарбиямда 20 нафар бола бор. Уларга оналик қилишга ҳаракат қиляпман. Адабиёт фанини яхши кўрганим учун болалардаги ижодкорлик қобилиятига эътибор қаратаман. 13 ёшли Хадича қизимдаги истеъдод мени ҳайратлантиради. Мунтазам китоб ўқийди, дарсларни ўз вақтида бажаради. Яқинда “Тинчлик – бебаҳо неъмат” мавзусида иншо ёзибди. У Суриядаги нотинчликларни ўз кўзи билан кўргани боис, тинчликнинг нима эканини мурғак қалби билан жуда яхши илғайди. Иншони кўзимда ёш билан ўқидим. Хадича Президент мактабига имтиҳон топширди. Кириб олса, бу бизга катта қувонч келтиради.

    Болалар “Рўзғор академияси”да касб ўрганади

    Юртимизда ҳар бир инсоннинг тақдири ҳукумат эътиборида. Буни айни пайтдаги ислоҳотлар орқали кўриб, ҳис қилиб турибмиз. Шу маънода, 21-Меҳрибонлик уйида келажакда жамиятга мослашиб кетишида уларнинг ҳунар ўрганишлари, уй юмушларини билишлари учун “Рўзғор академияси” ташкил этилган. Кичик “академия”да ўғил-қизлар таомлар тайёрлашни ўрганади, сартарошлик, тикувчилик сирлари билан танишади.

    — Нафақат қизлар, балки ўғил болалар ҳам тикувчиликка қизиқади, — дейди “Рўзғор академияси” қошидаги тикувчилик тўгараги раҳбари Шоҳида Бобоназарова. — Дастлаб тўғри чок тикишни ўргатаман. Рўмол ва дастрўмол, фартук чокларини қайириб тикиш болаларга қийинчилик туғдирмайди. Бошланғич мактаб ёшидаги болалар бисер тикиш ва ўйинчоқлар ясашга жалб этилади. Чунки уларнинг хавфсизлиги — энг муҳим жиҳат. Юқори синф қизлари тиккан либослардан турли тадбирларимизда фойдаланамиз.

    Аслида, боланинг бегонаси бўлмайди. Улар бола бўлгани учун ҳам бахтли бўлишга ҳақли. Митти юраклари дунёни борича кўради, унинг юзидаги доғларни илғамайди. Бироқ Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларининг аксари ана шу изтиробни кўрган, ҳис қилган. Бугун мамлакатимиз раҳбари бошчилигида кўрсатилаётган ғамхўрлик ва меҳрибонликлар уларнинг ҳаётини яхшилашга, қалбидаги кемтикни бутлашга қаратилгани билан аҳамиятли. Зеро, Президентимизнинг ўзи таъкидлаганидек, бирорта бола “мен етим ёки ногиронман” деб ўксимаслиги, ҳеч бир бола давлатимиз ва жамиятимизнинг эътибори ва меҳридан четда қолмаслиги керак. Бунинг учун уларни энг замонавий касб-ҳунарга ўқитиш, билим олишига барча шароитларни яратиб бериш барчамиз учун нафақат вазифа, балки муқаддас бурчдир.

    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates