Кенг кўламли ҳамкорликни ривожлантиришда Ўзбекистон интилиши қатъий ва ўзгармас

    Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги муносабатлар ҳақида гапирганда, аввало, муҳим бир омилни таъкидлаш ўринли бўлади. Гап шундаки, бугунги кунда мамлакатларимиз ўртасида ҳал этилмаган муаммолар йўқ ҳисоби. Бу том маънода давлатлараро муносиб шерикчилик намунасидир.

    Албатта, бу натижага ўз-ўзидан эришилгани йўқ. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўтган ҳафтада Туркманистонга расмий ташрифи чоғида таъкидлаганидек, мамлакатларимиз ўртасидаги кўп қиррали ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик барча йўналишларда изчил кенгайиб бораётгани замирида минг йиллар давомида ўзбек ва туркман халқлари ёнма-ён яшаб, бир-бирига таянч бўлиб келганининг ҳикмати мужассам.

    Икки мамлакат ўртасидаги бугунги муносабатларда савдо-иқтисодий соҳадаги ҳамкорлик муҳим йўналишлардан ҳисобланади. Сўнгги 5 йилда Туркманистоннинг Ўзбекистон умумий савдо ҳажмидаги улуши 2016 йилдаги 0,9 фоиздан 2021 йилда 2,1 фоизгача, экспортдаги улуши 0,7 фоиздан 1,2 фоизгача, импортдаги улуши эса 1,1 фоиздан 2,8 фоизгача ортди.

    2017–2021 йиллар давомида Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги савдо ҳажми 902 миллион долларгача етиб, 5 баробар ошди. 2021 йилнинг ўзида 2020 йилга нисбатан салкам 68 фоизга ўсди.

    2022 йилнинг январь-август ойларида Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги савдо ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2,7 фоизга ўсиб, 533,5 миллион долларни, шундан экспорт 146,5 миллион, импорт 387 миллион долларни ташкил этди.

    Ўзбекистоннинг Туркманистонга экспорти ҳажми ўсиб бормоқда, жорий йилнинг январь-август ойларида экспорт ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 22,1 фоизга ошди.

    Бугунги кунда Ўзбекистонда туркман капитали иштирокида 170 га яқин корхона фаолият кўрсатмоқда, жорий йил бошидан буён 17 та корхона ташкил этилган.

    2021 йил октябрь ойида Тошкентда бўлиб ўтган Ўзбекистон — Туркманистон бизнес форумида “Ўзавтосаноат” ва “Туркманистон-Моторс” ҳамкорлигида Туркманистонда қўшма корхона ташкил этиш бўйича келишувга эришилган бўлиб, инвестициялар ҳажми 10 миллион долларгача етиши кутилмоқда. Келишувга кўра, биринчи босқичда йилига 5 минг дона енгил автомобиль, келгусида эса қишлоқ хўжалиги техникаси ва автобуслар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш режалаштирилган. Шу билан бирга, томонлар икки мамлакатда тайёр тўқимачилик, фармацевтика, қурилиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича қўшма лойиҳалар сонини сезиларли даражада ошириш ниятида.

    Туркманистон Президентининг Ўзбекистонга давлат ташрифи доирасида Бухорода ўтказилган биринчи Ҳудудлараро форумнинг муваффақиятли якунлари фойдаланилмаётган улкан салоҳият мавжудлигини намоён этди. Натижада умумий қиймати 450 миллион доллардан ортиқ бўлган шартнома ва келишувлар имзоланди.

    Президентимизнинг ўтган ҳафтада Туркманистонга расмий ташрифи доирасида икки давлат раҳбарлари Стратегик шерикликни чуқурлаштириш тўғрисидаги декларацияни имзолади. Шунингдек, икки мамлакат ҳукуматлари, вазирлик ва идоралари даражасида кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган қатор ҳужжатлар имзолангани ҳам тарихий алоқаларнинг янги босқичига ўтилаётганидан хайрли муждадир.

    Келгусида икки томонлама савдо айланмасини оширишга қаратилган Чегараолди савдо зонаси қурилиши, шунингдек, энг истиқболли лойиҳаларни илгари суриш учун қўшма лойиҳа офиси ташкил этилиши Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг мавжуд салоҳиятини рўёбга чиқариш имконини беради.

    Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази мутахассислари фикрича, Ўзбекистон ва Туркманистон иқтисодиёти бир-бирини тўлдиради, буни ўзаро товар айирбошлашнинг ўсиш суръатлари ҳам тасдиқлайди. Шунга қарамай, икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг мавжуд салоҳияти ҳали тўлиқ рўёбга чиқарилмаган. Ўзбекистон туркман бозорига Туркманистон учинчи давлатлардан импорт қиладиган тайёр маҳсулотлар, жумладан, маиший техника, дори воситалари, енгил саноат маҳсулотлари, айрим турдаги транспорт воситалари ва бошқа товарларни экспорт қилиш ҳажмини ошириши мумкин.

    Ўз навбатида, Ўзбекистон белгиланган нархларда газ етказиб беришни кафолатлайдиган узоқ муддатли шартномалар асосида Туркманистондан табиий газ импортини амалга ошириши кутилмоқда. Ўзбекистонда газ истеъмоли ортиб бораётгани ва тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш учун углеводородларни қайта ишлаш бўйича янги қувватлар ишга туширилаётгани ҳисобга олинса, бу зарур газ ҳажмини кафолатланган ҳолда олишни таъминлашга ёрдам беради.

    Эркин савдо режимидаги истиснолар рўйхатини қисқартириш орқали савдо тўсиқларини камайтириш ҳам ўзаро савдо ҳажмининг ошишига хизмат қилади. Бундан ташқари, Ўзбекистон ва Туркманистон кооперация алоқаларини янада кенгайтириш, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноати, тўқимачилик ва тикувчилик соҳалари, кимё ва нефть-кимё саноати, қурилиш материаллари ишлаб чиқаришда қайта ишлаш қўшма корхоналарини ташкил этишдан ҳам манфаатдор. Хусусан, нефть-газ соҳасидаги лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш, жумладан, Туркманистон ҳудудидаги газ конларини биргаликда ўзлаштириш ва трансчегаравий газ қувурларини қуриш масаласи ҳам кўриб чиқилиши мумкин.

    Бунда 2022–2025 йилларга мўлжалланган савдо-иқтисодий ҳамкорлик ва саноат кооперациясини ривожлантиришнинг ўрта муддатли дастури автомобилсозлик, электротехника, тўқимачилик ва фармацевтика, озиқ-овқат саноати ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган.

    Транспорт соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда. Томонлар минтақа давлатларининг ноёб транзит салоҳиятидан самарали фойдаланиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, жумладан, юкларни ташишда ўзаро имтиёзлар ва чегирмалар беришдан манфаатдор эканини билдирди.

    Ҳар иккала томон иқтисодий манфаатларига мос келадиган ҳамда халқаро бозорларга энг қисқа ва самарали чиқишни таъминлайдиган ишончли ва хавфсиз транспорт йўлакларини яратишни қўллаб-қувватлайди ва шу муносабат билан улар иштирокчи ҳисобланган халқаро шартномаларни амалий татбиқ этиш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатларини давом эттириб келмоқда.

    Томонлар транспорт ва транзит йўлакларини ривожлантириш бўйича фаол ҳамкорликни давом эттириш, Туркманбоши денгиз портининг ноёб имкониятларидан биргаликда фойдаланиш ва Ашхобод келишувини илгари суришда қатъийдир. Бу йўналишда биргаликдаги мувофиқлаштирилган саъй-ҳаракатлар юк ташиш ҳажмини оширади ва икки давлатнинг транзит салоҳиятини очиш учун қулай шарт-шароитлар яратади.

    Расмий Ашхобод Ўзбекистоннинг “БМТ шафелигида транспорт ва коммуникациялар ўзаро алоқасини ривожлантириш минтақавий марказини ташкил этиш тўғрисида”ги ташаббусини қўллаб-қувватлашда давом этмоқда.

    Туркманистон жанубга транспорт йўналишларини шакллантиришда муҳим ҳамкор ҳисобланади. Ҳозирда қўшни давлат савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантиришга кўмаклашиш мақсадида мультимодал транспорт ва транзит йўлакларини шакллантириш устида ишламоқда.

    “Шарқ — Ғарб” йўлагининг “Туркманбоши — Ашхобод — Туркманобод” қисми (1,18 минг километр) асосий темир йўл алоқа линияларидан бири бўлиб, Ўзбекистон Республикасининг темир йўлларига туташган. Ушбу мамлакат ҳудудидан халқаро транспорт йўлакларининг ажралмас қисми бўлган “Туркманбоши — Ашхобод — Марям — Туркманобод — Фароб — Ўзбекистон давлат чегараси”, “Ашхобод — Тошовуз”, “Ашхобод — Гаудан”, “Туркманбоши — Бекдош” ва “Сердар — Гудриолум” автомобиль йўллари ўтади. Ўз навбатида, минтақадаги давлатлар билан биргаликдаги саъй-ҳаракатлар самарасида янги мультимодал транспорт йўналишлари, жумладан, “Осиё — Тинч океани мамлакатлари — Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон — Туркманистон — Озарбайжон — Грузия — Туркия — Европа” йўналиши ишга туширилди. Бу йўл минтақамизни Европа ва Форс кўрфази, МДҲ ва Жануби-шарқий Осиё мамлакатлари билан ҳам боғлайди. Европадан олиб келинадиган ёки Европага олиб бориладиган товарлар белгиланган жойга қараб 10 ва 20 кун оралиғида етказиб берилиши мумкин.

    Қурилиши давом этаётган “Ашхобод — Туркманобод” тезюрар автомобиль магистрали (узунлиги тахминан 600 километр) “Туркманбоши — Ашхобод” автомобиль йўлининг биз томон йўналтирилган қисми бўлиб, Ўзбекистонни Турк манбоши денгиз порти билан боғлайди.

    2021 йил октябрда ушбу йўлнинг “Ашхобод — Тежен” қисми расмий очилган. Шу йилнинг декабрида иккинчи қисми — “Тежен — Мари” линияси ва 2023 йил декабрда “Мари — Туркманобод” қисми фойдаланишга топширилиши режалаштирилган.

    Ўзбекистон Президенти Туркманистонга илк ташрифи чоғида “Туркманобод — Фароб” янги темир йўл ва автомобиль кўприклари очилишида иштирок этган эди. Мазкур кўприклар “Ўзбекистон — Туркманистон — Эрон — Ўмон” транспорт-транзит йўналишининг муҳим қисми бўлиб, юк ташиш ҳажмини 2,5 баробар ошириш имкониятини берди. Бу кўприклар ўзбек юк ва йўловчи ташувчиларини Туркманистон орқали Эроннинг Бандар-Аббос портига элтадиган темир йўлга, шунингдек, Амударёдан Туркияга борадиган автомобиль магистралларга олиб чиқади.

    Энергия ресурсларини транзит қилиш бўйича ҳам ҳамкорлик жадал ривожланмоқда. “Туркманистон — Ўзбекистон — Қозоғистон — Хитой” газ қувурининг навбатдаги лойиҳаси амалга оширилмоқда. Янги қурилаётган қувур орқали туркман газини Хитойга етказиб бериш йилига жами 65 миллиард метр кубни ташкил қилади. Бу, ўз навбатида, Ўзбекистон орқали туркман табиий гази транзитини қўшимча 25 миллиард метр кубга оширади.

    Шундай қилиб, икки томонлама иқтисодий ҳамкорлик йўналишлари кўплаб соҳаларни қамраб олиши ва уларнинг барқарор ривожланишига ҳисса қўшади. Бу ҳар икки мамлакат узоқ муддатли тараққиёт стратегиялари — 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси ва 2022–2052 йилларда Туркманистонни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш миллий дастурини рўёбга чиқаришга хизмат қилади.

    Туркманистон Ўзбекистон учун минтақадаги ишончли ва асосий ҳамкор эканини алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим. Расмий Тошкент Ашхобод билан кенг кўламли ҳамкорликни янада ривожлантириш ва энг яқин қўшни сифатида стратегик шерикликни ҳар томонлама мустаҳкамлаш тарафдоридир.

    Президентимизнинг Туркманистонга ташрифи икки мамлакат ҳамкорлигининг истиқболларини белгилаб беришга ҳамда савдо-иқтисодий, транспорт ва транзит алоқаларни ривожлантириш, ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини кўпайтириш, саноат кооперацияси лойи ҳаларини амалга оширишга янгича суръат бағишлашга қаратилган.

    Ташриф чоғида Марказий Осиёда сувдан фойдаланишнинг адолатли тизимини ривожлантиришда сув-энергетика соҳасидаги барча масалаларни ҳал қилишда ўзаро келишилган ягона позиция тасдиқланди. Ушбу позиция трансчегаравий дарёларда янги гидротехник иншоотлар барпо этишни халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормаларига мувофиқ ва минтақамиздаги барча давлатлар манфаатларини ҳисобга олган ҳолда амалга оширишни ҳам назарда тутади.

    Президентимиз таъкидлаганидек, кенг кўламли ҳамкорликни янада ривожлантиришда Ўзбекистон интилиши қатъий ва ўзгармас. Шу маънода, ташриф натижалари мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларни янги босқичга кўтариш, аҳил қўшничиликни мустаҳкамлаш, турли соҳаларда кооперацияни кенгайтириш, маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантиришга беқиёс ҳисса қўшади. Эришилган келишувлар, ўз навбатида, халқларимиз фаровонлиги, Марказий Осиёда тинчлик ва барқарор тараққиётни мустаҳкамлаш йўлидаги салоҳиятни рўёбга чиқаришга хизмат қилади.

    Афзал ОРТИҚОВ,

    Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси

    ҳузуридаги Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар

    маркази бош илмий ходими

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates