Бу воқеалар бизнинг кундалик фаолиятимизга, халқларимиз ўртасидаги алоқаларга қай даражада ижобий таъсир кўрсатиши ҳақида ўйладим ва баъзи фикрларим билан ўртоқлашгим келди.
Ҳар қандай давлатлараро мустаҳкам алоқалар, аввало, самимий қўшничилик ва ўзаро ҳурматдан бошланади. Давлатимиз раҳбарининг Марказий Осиё етакчилари билан навбатдаги Маслаҳат учрашувига тайёргарлик кўриш учун махсус йиғилишда қатнашгани минтақамизда ана шундай соғлом ва ишончли муҳит тобора мустаҳкамланиб бораётганини кўрсатади. Хабарларда йил якунига қадар парламентлараро форумлар, маданий-гуманитар тадбирлар ўтказилиши режалаштирилгани айтилди. Бу биз учун жуда муҳим. Чунки сиёсатчилар ва тадбиркорлар ўзаро келишувларга эришса, маданият аҳли одамларнинг қалбларини бир-бирига яқинлаштиради. Тинч ва дўстона муҳитдагина ижодкор илҳомланади, санъат ривожланади, маданий мерос асраб-авайланади.
Ташрифнинг энг ҳаяжонли лаҳзаларидан бири, шубҳасиз, Юртбошимизга Туркманистоннинг юксак давлат мукофотининг топширилиши бўлди. Бу шунчаки расмий маросим эмас, балки икки қардош халқнинг бир-бирига бўлган чуқур ҳурматининг, тарихий ришталари мустаҳкам эканининг самимий ифодаси ҳисобланади. Президентимизнинг бу мукофотни бутун Ўзбекистон халқига кўрсатилган эҳтиром деб билишини айтгани эса ҳар биримизга ғурур бағишлайди. Бу каби воқеалар бизни янада аҳил бўлишга, умумий илдизларимизни қадрлашга ундайди.
Анжуманда денгизга чиқиш имкони бўлмаган мамлакатлар, жумладан, Ўзбекистон учун транспорт йўлаклари масаласи қанчалик долзарб экани яна бир бор таъкидланди. Албатта, логистика харажатлари, юкларни етказиб беришдаги қийинчиликлар иқтисодиётга катта таъсир қилади. Лекин мен бу масаланинг бошқа бир жиҳатини ҳам кўраман. Янги йўллар, темир йўллар қурилиши – бу нафақат юклар, балки одамлар, ғоялар ва маданиятлар алмашинуви учун ҳам кенг имконият демакдир. “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” ёки “Ўзбекистон – Афғонистон – Покистон” каби йирик лойиҳалар замонавий “Ипак йўли”нинг янги шохобчалари десак, муболаға бўлмайди. Бу йўллар орқали юртимизга кўпроқ сайёҳлар келади, бизнинг ҳунармандларимиз, рассомларимиз, мусиқачиларимиз ҳам ўз ижодларини олис юртларга осонроқ етказа оладилар. Бу ўзаро маданий бойишга, бир-биримизни яхшироқ тушунишга олиб келади. Транспорт алоқалари қанчалик қулай бўлса, музейларимиз ўртасида кўргазмалар алмашиш, театрларимизнинг гастроль сафарларини уюштириш, ёшларимизнинг қўшни мамлакатлардаги фестивалларда иштирок этиши шунчалик осонлашади, деган фикрлар хаёлимдан ўтди.
Авазада ўтказилган миллий кунлар кўргазмаси ҳақидаги хабарни ўқиб, айниқса, қувондим. Анъанавий ўзбек ҳовлиси шаклида қурилган павилонимизда миллий маданиятимиз, ҳунармандчилигимиз намойиш этилгани ажойиб ташаббус. Бундай тадбирлар юзлаб сиёсий анжуманлардан кўра кўпроқ самара бериши тайни. Чунки одамлар бир-бирининг миллий либосини, мусиқасини, таомини, амалий санъатини ўз кўзи билан кўрганда, улар ўртасида сўз билан ифодалаб бўлмайдиган бир яқинлик, меҳр пайдо бўлади. Бу бизнинг кимлигимизни, меҳмондўстлигимизни, маънавий бойлигимизни сўзсиз намоён этишнинг энг яхши усули саналади. Минтақамиз халқларининг маданияти шу қадар бир-бирига яқинки, бундай тадбирлар умумий қадриятларимизни қайта кашф этишга ёрдам беради.
Яна бир муҳим жиҳат – Юртбошимизнинг БМТ Бош котиби билан учрашуви ва унда Самарқандда ЮНEСКО Бош конференциясининг навбатдаги сессиясига тайёргарлик масаласи муҳокама қилинганидир. Бундай нуфузли тадбирнинг айнан қадимий Самарқандда ўтказилиши – мамлакатимизга билдирилган катта ишонч. Бу биз, маданият соҳаси вакиллари зиммасига ҳам улкан масъулият юклайди. Биз нафақат Ўзбекистоннинг, балки бутун Марказий Осиёнинг бой ва такрорланмас маданиятини, тарихий обидаларини, бугунги ютуқларини бутун дунёга муносиб тарзда кўрсатишимиз керак бўлади.
Умуман олганда, Президентимизнинг бу ташрифи ва илгари сурган ташаббуслари шунчаки сиёсий ёки иқтисодий қадамлар эмас. Улар минтақамизда барқарор тинчликни таъминлаш, халқлар ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлаш ва маданий алоқаларни янги босқичга олиб чиқиш учун мустаҳкам замин яратмоқда. Бизнинг вазифамиз эса ана шу жараёнларда фаол иштирок этиб, маданиятнинг бириктирувчи кучидан унумли фойдаланиш, бу алоқаларни янада жонлантириш ва мазмунан бойитишдан иборат. Зеро, иқтисодиёт инсоннинг моддий фаровонлигини таъминласа, маданият унинг маънавий дунёсини тўлдиради. Бу икки йўналиш бир-бирини тўлдириб ривожлангандагина жамиятда юксалиш бўлади.
Муҳайё ИСМОИЛОВА,
Республика Маънавият ва маърифат маркази
Тошкент шаҳар бўлими раҳбари
Hamkorlik materiali









