Кейтеринг: натижалар ижобий

    Президентимизнинг 2022 йил 28 январдаги “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятидаги мактабларнинг бошланғич синф ўқувчиларини босқичма-босқич бепул овқат билан таъминлаш тизимини йўлга қўйиш белгиланган эди.

    — 23 йилдан буён бошланғич синф ўқитувчисиман, — дейди Нукус шаҳридаги 11-умумий ўрта таълим мактаби муаллимаси Розия Қодирбергенова. — Тажрибамдан биламанки, бир синфда ҳар хил қобилиятли болалар ўқийди. Шунинг учун уларнинг ҳар бири билан алоҳида ишлаш лозим. Айни пайтда синфимда 30 ўқувчи бор. Давлатимиз томонидан бошланғич синф ўқувчиларини бепул овқат билан таъминлаш тизими йўлга қўйилиши жуда ажойиб иш бўлди. Илгари болаларнинг бири овқатланса, иккинчисининг овқатланишга пули бўлмасди. Шунингдек, кўплаб болалар дарс пайтида ошхонага боришни ўйлаб ўтирарди. Ҳозир барчасининг бир вақтда бепул овқатланишига имконият яратилди. Бу болаларнинг руҳиятига ижобий таъсир қиляпти. Энг муҳими, синфда ҳамма тенг, бир хил шароитга эга, бир хил овқат ейди.

    Президентимизнинг 2022 йил 28 январдаги “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятидаги мактабларнинг бошланғич синф ўқувчиларини босқичма-босқич бепул овқат билан таъминлаш тизимини йўлга қўйиш белгиланган эди.

    Ўтган вақтда тизимни ишга тушириш йўлида дастлабки қадамлар қўйилди. Амударё туманида бу борада муайян ишлар қилинмоқда. Мавжуд 85 та умумий ўрта таълим мактабининг барчасида 1-4 синф ўқувчиларини бепул овқатлантириш ташкил этилган.

    — Туманимиздаги 85 та мактабда таҳсил олаётган 14 минг 769 нафар бошланғич синф ўқувчисига 4 та тадбиркорлик субъекти томонидан енгил нонушта етказилиб берилмоқда, — дейди Амударё тумани мактабгача ва мактаб таълими бўлими бошлиғи Саида Содиқова. — “Шоҳнур Aзатович” МЧЖ 13 та, “Наврўз” МЧЖ 29 та, “Манғит милк” МЧЖ 14 та ҳамда “Табассум” МЧЖ 29 та умумтаълим мактабининг бошланғич синф ўқувчиларини ўз вақтида ва сифатли енгил нонушта билан таъминлаяпти.

    Бошланғич синфлар ўқувчиларини кейтеринг усулида соғлом овқатлантириш мақсадида тумандаги барча мактабларнинг ошхоналарида ҳамда синф хоналарида санитария ва гигиена талабларига мос шарт-шароит яратилган. Бу борада мактабларда махсус комиссиялар ташкил қилинган. Уларнинг таркибига мактаб директори, ҳамшираси, директорнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари, амалиётчи психолог, синф раҳбари ва ота-оналар вакиллари киритилган. Улар кунлик ҳисоботларни, 1-4-синф ўқувчилари давоматини туман мактабгача ва мактаб таълими бўлимига ҳар куни бериб боришади.

    — Бошланғич синф ўқувчиларини кейтеринг усулида бепул овқатлантиришнинг стандарт талабларига мослигини кундалик кўрикдан ўтказиб бориш мақсадида ишчи гуруҳ ҳам тузилган, — дейди Саида Содиқова. — Бу гуруҳлар таркибида туман ҳокимининг биринчи ўринбосари, туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими, тиббиёт бирлашмаси, санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бўлими, Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси туман бўлими бошлиқлари бор. Улар ўқувчиларга берилаётган озиқ-овқат маҳсулотларининг санитария-гигиена талаблари ҳамда таомномага мослигини ва миқдорини мунтазам равишда кўрикдан ўтказиб боради.

    Ўқувчиларга сифатли енгил нонушта тайёрлаш ва етказиб беришда “Наврўз” масъулияти чекланган жамияти Қорақалпоғистондаги энг намунали корхона деб топилди. У тумандаги 29 та мактабдаги бошланғич синфларнинг 4983 нафар ўқувчисини енгил нонушта билан таъминлаяпти. Таомномадаги озиқ-овқат маҳсулотларининг 60 фоизи МЧЖнинг ўзида ишлаб чиқарилади ва шу куни қадоқланиб, мактабларга етказилади.

    — Болалар – келажагимиз. Уларнинг жисмонан ва маънан соғлом бўлиб улғайиши кўп жиҳатдан соғлом ва сифатли овқатланишига ҳам боғлиқ, — дейди Қорақалпоғистон Республикаси мактабгача ва мактаб таълими вазири Аҳмед Наримбетов. — Шундай экан, бу борада назорат ўрнатиш нафақат масъул идораларнинг, балки кенг жамоатчиликнинг ҳам вазифаси бўлмоғи керак. Қорақалпоғистондаги 716 та умумий ўрта таълим мактабларининг 139 577 нафар бошланғич синф ўқувчиси кейтеринг усулида бепул тайёр озиқ-овқат билан таъминланган. Республика Вазирлар Кенгашидаги харид комиссиясига географик жойлашуви ва улар ўртасидаги масофани инобатга олган ҳолда умумий ўрта таълим муассасаларини алоҳида лотларга бўлиб, Etender.uzex.uz электрон тизимининг махсус платформасига жойлаштириш ва танловда савдоларга қўйиш вазифаси юкланган. Кейтеринг ташкилотини танлаб олиш “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонунга мувофиқ Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши томонидан ўтказиладиган танлов якунлари бўйича амалга оширилди.

    — Кейтеринг Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган ҳамда тасдиқланган намунавий мавсумий таомномалар, таом тайёрлаш бўйича технологик карталар асосида ташкил қилинган, — дейди Қорақалпоғистон Республикаси мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг умумтаълим муассасаларида соғлом овқатлантиришни ташкил этиш ва тиббий хизмат кўрсатишни мувофиқлаштириш шўъбаси бош ходими Сулаймон Ҳабибов. — Кейтеринг ташкилотлари қадоқланган тайёр таомларни махсус автотранспорт воситаларида етказиб беради, санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига мувофиқ ўқувчиларга тарқатишни ташкил этади ва чиқиндиларини ўз вақтида утилизация қилиб боради. Кўрсатилган хизматлар ҳисоб-китоби шартнома ойлик суммасининг 15 фоизи олдиндан, 85 фоизи эса ҳақиқатда кўрсатилган хизматлар суммасидан келиб чиқиб, тақдим қилинган ҳисоб-фактураларга асосан амалга оширилмоқда.

    — Туманимиздаги 23 та мактабнинг бошланғич синфларида таълим олаётган 2875 нафар ўқувчи бепул овқатланмоқда, — дейди Тахтукўпир тумани мактабгача ва мактаб таълими бўлими бошлиғи вазифасини бажарувчи Муяссар Алламбергенова. — Бўлимимиз соғлом овқатланишни ташкил этиш юзасидан доимий мониторинг олиб боряпти. Ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари ўртасида мунтазам сўровномалар ўтказиб келяпмиз.

    Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги билан биргаликда барча умумий ўрта таълим муассасаларида санитария-гигиена талабларига риоя этилиши юзасидан тасдиқланган жадвал асосида ҳар ойда ўрганишлар ташкил этмоқда.

    — Озиқ-овқат маҳсулотларини синф раҳбарлари назоратида санитария қоидаларига амал қилган ҳолда мактаб ошхоналарида ёки синф хоналарида учинчи соатдан сўнг, катта танафус пайтида ўқувчиларга тарқатиб бериш назарда тутилган, — дейди Мўйноқ тумани мактабгача ва мактаб таълими бўлими бошлиги Мақсетбой Аметов. — Ўтказилган назорат тадбирлари давомида ишчи гуруҳ аъзолари 1-4 синф ўқувчиларига берилаётган енгил нонушта маҳсулотларининг тайёрланиши ва тарқатилишини кўздан кечириб, тегишли хулосалар ҳам бериб боряпти. Уларнинг фикрлари асосида ўзгаришлар қилиняпти.

    Хулоса қилиб айтиш мумкинки, кейтеринг тизими ўзини оқлаяпти. Ота-оналар фарзандлари мактабларда бепул озиқ-овқат билан таъминланаётганидан хурсанд. Энг муҳими, кейтеринг ўқувчиларнинг дарсларни ўзлаштиришига ҳам ижобий таъсир кўрсатмоқда.

    Минажатдин ҚУТЛИМУРАТОВ,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    No date selected
    март, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates