Кимдир имкон, кимдир баҳона топади

    Азим Бухоронинг олис Вобкент тумани ҳақида эшитмаган киши бўлмаса керак.

    Азим Бухоронинг олис Вобкент тумани ҳақида эшитмаган киши бўлмаса керак. Чунки бу манзилнинг шўрданаги, қуруқ мевалари, ширинликларию ҳунармандлик маҳсулотлари азалдан маълум ва машҳур.

    Қишлоқ аёллари ушбу маҳсулотларни тайёрлашда бир хонадонга йиғилиб, лапархонлик билан меҳнат қилишни одатга айлантирган. Улар қишни совуқ, ёзни иссиқ, деб ўтирмайди. Эплаган имкон топади, эпламаган баҳона, дея табиатнинг тўрт фаслида ҳам тиним билмайди.

    Шакаркент маҳалласида 4500 дан зиёд аҳоли истиқомат қилаётган бўлса, улар “Бир маҳалла — бир маҳсулот” тамойили асосида ўз томорқасида исталган фаслда мўл ҳосил етиштиришнинг ҳадисини олган. Помидор, бодринг, картошка, карам ва бошқа сабзавот маҳсулотлари, тўқсонбости экинлар, қолаверса, кўкат етиштириб, мўмай даромад олиш, эрта баҳордан аҳоли томорқалари учун иссиқхоналарда кўчат етиштириб сотиш борасида ҳам катта тажрибага эга.

    Неча йилдирки, бу ҳудуд аҳолиси ўз иссиқхоналарида етиштирган баракали ҳосилни қўшни туманлар бозорларида ҳам сотиб, яхши даромад оляпти.

    Юқори Халач қишлоғида яшовчи Рамзия Тошева бу борада кўпчиликка намуна бўлмоқда. Томорқасида картошка, пиёз, помидор, бодринг ва турли кўкатлар билан бирга, цитрус мевалар етиштиради.

    — Чоғроққина ҳовлимиз этагида иссиқхона ташкил қилдик. Ҳозирги кунда бу ерда 30 туп лимон, 6 туп мандарин, 6 туп апельсин мевага кирган, — дейди Рамзия Тошева. — Лимоннинг совуққа чидамли ва ҳосилдор навларидан ўтқазганмиз. Иссиқхонамизда ортиқча ёқилғи ишлатилмайди. Изғиринли тунларда исириқ солиб тутатамиз, бу эса кўчатларни совуқ уришдан асрайди. Бир парча ердан топаётган даромадимиз орқасидан яхши ҳаёт кечиряпмиз. Бировдан кам жойимиз йўқ. Айтишади-ку, ишлаган хор бўлмас, деб.

    Шоҳнигор маҳалласи эса туман марказидан 13 километр олисда жойлашган. Маҳаллада 2200 га яқин аҳоли яшайди.

    Бу маҳаллада барпо қилинган иссиқхона хўжаликларида айни қиш пайтида ҳам исталган полиз маҳсулотларини сотиб олишингиз мумкин. Томорқа меҳнатида муштини бир ерга урадиган шоҳнигорликлар тиним билмай ишлайди.

    Маҳаллада ташкил қилинган иссиқхоналарда ёки очиқ майдонда “дуга”ли сим тортиб, плёнка остида помидор, бодринг, картошка ва кўкатлару сабзи, бақлажонларгача пешма-пеш етиштирилиб, рўзғор эҳтиёжи учун жамғарилади.

    — Вобкент туманининг иккинчи секторидаги мазкур маҳалламизда мавжуд ҳар қарич томорқа ери даромад манбаи сифатида алоҳида қадр-қимматга эга. Чунки томорқа ёхуд ундаги иссиқхона вақт ўтиши билан барқарор даромад манбаига айланиши мумкин. Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш жоизки, ўтган йили ҳудудда ижтимоий муҳофазага олинган 621 та даромади етарли бўлмаган оиладан 589 тасининг моддий шароити уларни иш билан банд қилиш, такрорий экин учун ер майдонлари бериш, имтиёзли кредит маблағи ажратиш ва бошқа турдаги ёрдамлар кўрсатиш ҳисобидан яхшилангани сабабли “Темир дафтар” рўйхатидан чиқарилди, — дейди Вобкент тумани ҳокимлиги матбуот хизмати раҳбари Шуҳрат Шаропов. — Усмон Ражабов оиласи неча йилдирки, ўз томорқасида ҳалол меҳнат қилиб, мўл-кўл ҳосил олишнинг уддасидан чиқяпти. Хонадон соҳиби тижорат банкидан 220 миллион сўм имтиёзли кредит олиб, томорқасида иссиқхона барпо этди. Қиш-қировли кунларда ҳам миришкор оила 60 сотихдан иборат иссиқхонасида помидор ва булғор қалампири парвариш қилмоқда.

    Чиндан ҳам ўз ерингда ҳосил етиштиришнинг ҳузури ва баракаси ўзгача бўлади. Томорқада қилинган меҳнат рўзғорнинг ғорини тўлдириб, оиладаги етишмовчиликларга ҳам барҳам беради.

    — Иссиқхонамизда помидорнинг “Чинто”, “Адриатика” ва “Аламина”, бодрингнинг эса “Пантино” нави билан бирга, булғор қалампирининг ҳам бир неча сара навларидан 20 минг тупгача кўчат парваришлаяпмиз. Иссиқхона хўжалигини дастлаб бир сотихдан бошлаб, секин-аста кенгайтирдик. Рўзғордан орттирган маҳсулотимизни эл дастурхонига етказиб, қўшимча даромад ола бошладик, — дейди ҳам деҳқон, ҳам тадбиркор Усмон Ражабов. — 2023 йилнинг кеч кузида булғор қалампирларидан 80 миллион, 5 сотихда етиштирилган помидордан 50 миллион сўм даромад олдик. Умуман, бир йиллик меҳнатимиз маҳсулини ҳисоб-китоб қиладиган бўлсак, 250 миллион сўм атрофида фойдага эришибмиз.

    Айни дамда Усмон Ражабов хўжалигида етиштирилган булғор қалампири ва помидор ҳосилининг ҳар килоси 35 минг сўмдан сотилмоқда. Энди рўзғорга кираётган баракани ўзингиз чамалаб олаверинг.

    Меҳнатнинг роҳати, хонадоннинг баракаси ердан, деган ҳикматнинг чин маъносини ўз томорқасидан ҳосил олаётганлар яхши билади. Шу боис, вобкентликлар ҳаёти тобора фаровон ва дастурхони тўкин бўлиб бормоқда.

    Гуличеҳра ДУРДИЕВА,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    No date selected
    ноябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates