КИТОБ – ҚАЛБ ҚУЁШИ бу II республика “Китобхонлик ҳафталиги” тадбирлари доирасида ўз аксини топмоқда

    Фарзандларини китоб дўконларига олиб боришга фурсати бўлмаётган, қолаверса, янги нашрлардан бохабарликни хуш кўрадиган ота-оналар учун қулай фурсат келди.

    Ҳукуматнинг 2020 йил 14 декабрдаги қарори билан ўтган йили апрель ойида “Китобхонлик ҳафталиги” илк бор ташкиллаштирилди, унга таълим муассасалари ўқувчи ва талабалари жалб этилди. Хўш, бу йил ҳафталик қандай руҳда ўтади, деган саволга тадбир олдидан ташкил этилган матбуот анжуманида журналистларга тўлиқ маълумот берилди.

    Режага мувофиқ, кеча Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан бир қатор манфаатдор ташкилотлар ҳамкорлигида “Китобсевар миллат” шиори остида ташкил этилаётган II республика “Китобхонлик ҳафталиги”га старт берилди.

    Унда соҳа мутахассислари, атоқли шоир ва ёзувчилар, ноширлар, китобхонлар билан биргаликда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

    — Иккинчи бор ўтказилаётган ҳафталик барча ижодкорлар ва китобхонларга, соҳа мутахассисларига маъқул келади, деб ишонаман, — деди агентлик директори Асаджон Хўжаев. — Биз мазкур китоб байрами орқали ёшларнинг маънавий-маърифий савиясини юксалтиришда китобнинг роли ва аҳамиятини кучайтириш, ўзбек адабиёти намуналарини хорижий тилларга ҳамда жаҳон адабиётининг энг сара намуналарини ўзбек тилига таржима қилиш бўйича эришилган ютуқларни оммалаштиришни мақсад қилганмиз.

    Мамлакатимиз бош кутубхонасидаги тантанавор руҳ, китобларга яқинлик ҳисси тушдан сўнг пойтахт марказидаги “Magic City” истироҳат боғига кўчди. Дастурда бу йилги ҳафталик тадбирлари аҳоли гавжум жойлар, истироҳат боғларида ҳам ташкил этилиши назарда тутилган. Истироҳат боғининг соя-салқин йўлаклари, айниқса, рамзий “Регистон” майдони ҳафта мобайнида маданий-маърифий тадбирлар, турли тақдимотлар, китоб савдоси кўргазма-ярмаркалари, интеллектуал совринли викториналар билан янада чароғон, файзиёб бўлади.

    Шунингдек, янги китоблар тақдимоти, таниқли, ёш истеъдодли ёзувчи ва шоирлар билан учрашувлар, ношир ва матбаачилар билан мулоқотлар ёшларнинг китобхонлик маданиятини ўстириш баробарида уларда матбаачилик, ноширлик соҳаларига қизиқиш уйғотишда ҳам муҳим омил бўлишига шубҳа йўқ.

    – Бугунги байрам адабиёт баҳори, шеърият баҳори, эзгуликнинг ажойиб тантанасидир, – дейди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, ношир Жаббор Раззоқов. – Бу жараёнда эса, албатта, тафаккур ва тасаввур манбаси бўлган ноёб китобларнинг ўрни тенгсиз. Мазкур ажойиб китобхонлик тадбирлари пойтахтимизда бошланиб, юртимизнинг барча ҳудудларида давом этади. Ҳафталик доирасида эътиборга молик кўплаб янги нашрлар тақдимотлари ўтказилади.

    Турфа китоблар билан танишиб турган Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманидаги 41-умумтаълим мактаби мактаб директори Гулноза Музаффаровани суҳбатга тортдик:

    — Бугунги байрамни ўқувчиларимиз билан роса кутдик. Ахир қачонлардан бери излаб юрган севимли асарларимиз билан дийдорлашишдан ҳам ортиқроқ бахт бормикин? Шу кунларда ўзимизнинг туманда ҳам китоб марафонлари ташкил қилинмоқда. Бундай тадбирлардан нафақат ўқувчилар, балки ота-оналар ҳам хурсанд. Насиб қилса, китобхон ўғил-қизларимизни ҳафта давомида янги асарлардан баҳраманд этиб борамиз.

    Ҳафталик дастурида бу каби тадбирларга келиш имконияти бўлмаган болаларга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Яъни меҳрибонлик ва мурувват уйлари кутубхоналарига “Меҳр кутубхонаси” ижтимоий лойиҳаси доирасида китоблар тақдим этилади.

    — Вилоятларда ҳам “Меҳр кутубхонаси” лойиҳаси доирасида мактаб-интернатлар, меҳрибонлик уйлари, ихтисослашган мактаб кутубхоналарига бадиий адабиётлар совға қилинади, — дейди Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директори Умида Тешабоева. — Шунингдек, “Биз буюк давлат, буюк тарих, буюк маданият яратган халқмиз” шиори остида буюк аждодларимиз маданий меросларини тарғиб қилиш учун Фарғона, Хоразм, Андижон вилоятларида йирик тадбирлар бўлиб ўтади.

    Дарҳақиқат, бугун Фарғонадаги Аҳмад Фарғоний номидаги вилоят ахборот-кутубхона марказида ҳафталик кўтаринки руҳда бошланди. Унда нутқ сўзлаганлар “Ёш китобхон” танловининг фарғоналик ғолиблари Шарофатхон Исмоилова ва Муҳаммадфозил Исмоиловнинг ютуқлари мисолида ёшларни мутолаага руҳлантириб, бундай натижалар вилоятда китобхонликка қаратилаётган юксак эътибор самараси эканини қайд этишди.

    Фарғона вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати маълумотларига кўра, “Китобхонлик ҳафталиги” доирасида вилоят миқёсида “Энг яхши китобхон ҳудуд”, “Энг яхши китобхон маҳалла”, “Энг яхши китобхон таълим муассасаси”, “Энг намунали китоб дўкони” кўрик-танловлари ўтказилади. Вилоятдаги барча олий таълим муассасалари талабалари ўртасида эса “Энг китобхон талаба”, “Энг китобхон гуруҳ”, “Энг китобхон факультет” интеллектуал танлов ва ўйинлари ташкил этилади.

    Мазкур йирик тадбир журналистика, филология, таржимонлик йўналишларида таҳсил олаётган талаба-ёшлар учун ташкил этиладиган меҳнат ярмаркалари билан ҳам аҳамиятли. Зеро, бу орқали ёшлар бандлигини таъминлаш, ноширлик соҳасида “устоз-шогирд” анъанасини ривожлантириш ва назарий билимларини амалиёт билан мустаҳкамлашга эришиш кўзда тутилмоқда. “Ноширлик ишини янги босқичга олиб чиқиш, нашриётлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш” мавзусида амалий семинар, “Кутубхоначилар ва ноширлар ҳамкорлиги”, “Болалар адабиётини ривожлантиришнинг долзарб муаммолари” мавзуларида очиқ мулоқотлар ва бошқа турли тадбирлар доирасида ёшлар ўзини қизиқтирган саволларга жавоб олишлари мумкин.

    Худди Фарғонадаги каби барча вилоятларда мутасаддилар ҳафталикка ўзига хос тайёргарлик кўрган. Жумладан, Андижонда Бобур, Хоразмда Замахшарий, Сирдарёда Алишер Навоий ижодига бағишланган катта анжуманлар ташкил этиладики, бундай тадбирлар шукуҳи юртимиз бўйлаб ёйилади. Ушбу тадбирларнинг барчасида онлайн тарзда истаган киши иштирок этиши мумкин.

    Бундан ташқари, ҳафталик доирасида ташкилотчилар томонидан энг фаол нашриётларни тақдирлаш, соҳада узоқ йиллар меҳнат қилган фахрийларни, китоб тарғиботчилари ва ижодкорларни рағбатлантириш ҳам режалаштирилган. Шунингдек, ахборот-кутубхона соҳасини ривожлантиришга, кутубхоналарда сақланаётган миллий-маданий меросни асраб-авайлаш ва бойитиш ишларига муносиб ҳисса қўшган, китобхонликни кенг тарғиб қилиш ва ёш мутахассис кадрларни тайёрлаш борасида самарали меҳнат қилган ва мазкур йўналишда юқори натижаларга эришган ходимлар “Ахборот-кутубхона аълочиси” кўкрак нишони билан тақдирланади.

    Айтиш жоизки, давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 7 июндаги “Ўзбекистон Республикаси аҳолисига ахборот-кутубхона хизмати кўрсатишни янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори қабул қилиниши соҳанинг тараққиётга юз тутишида муҳим омил бўлди.

    Қарор билан юртимиздаги кутубхоначиларнинг азалий орзуси ушалди. Ҳар йили 21 май Кутубхоначилар куни деб белгиланди. Энг муҳими, қарорда кутубхоначиларнинг кўп йиллик ҳалол меҳнати ва ахборот-кутубхона соҳасини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун давлат мукофотлари билан тақдирлаш ва рағбатлантириш ҳам назарда тутилган. Бу эса ўз-ўзидан соҳа вакилларига қаратилаётган юксак эътибор, улкан рағбат, эътироф бўлиши баробарида юксак масъулият ҳамдир.

    Нега кутубхоначилар ҳақида кўпроқ гапиряпмиз? Кутубхонани нурхонага қиёс қиладиган бўлсак, ўша нурхонага янада файз берадиган, китоблар зиёсини эртамиз эгаларининг покиза қалбига жойлашга муносиб хизмат қиладиган инсонлар — кутубхоначилар. Шу маънода, китобхонлик билан боғлиқ ҳар қандай тадбирлар, айниқса, ҳафталиклар уларнинг байрамларига айланиб кетади.

    Мухтасар атганда, ҳафталик доирасидаги тадбирлар турфа. Уларнинг ҳар бирига ўзига хос таъриф бериш қийин эмас. Аммо, фикримизча, ҳафталикда фаол иштирок этиб, уларга жонли гувоҳ бўлганингиз маъқул. Зеро, фарзандларини китоб дўконларига олиб боришга фурсати бўлмаётган, қолаверса, янги нашрлардан бохабарликни хуш кўрадиган ота-оналар учун қулай фурсат келди. Ҳафталик 23 апрелга қадар давом этади.

    Муножат Мўминова,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates