Президентимизнинг китоб мутолааси бўйича чиқарган тарихий фармойишларидан сўнг жойларда китобхонлик маданиятини юксалтириш, китоб тарғиботини самарали ташкил этиш мақсадида ибратли ишлар олиб борилаяпти, турли танлов ва акциялар ташкиллаштирилмоқда.
Урганч шаҳридаги «Урганч китоб маркази» китоб дўкони томонидан «Энг китобхон оила» деб номланган акция эълон қилинганди. Ушбу акция талабларига кўра мазкур китоб дўконидан бир йўла юз минг сўмлик китоблар харид қилган китобхон рўйхатга олиниб, қўлига махсус талон берилиши йўлга қўйилганди. Акция якунида тасодифий танлов асосида иштирокчи аниқланиб, харид қилган ва албатта ўқиган китоблари бўйича савол-жавоб ўтказиларди.
Ва ниҳоят мазкур акция якунланди ва ғолиблар муносиб тақдирланди. Акция доирасида қўйилган еттита соврин учун 300 га яқин китобсеварлар иштирок этди.
Асосий соврин – «Спарк» автомобили Урганч давлат университети биринчи босқич талабаси Гўзал Матризаевага насиб қилди.
Шунингдек, вилоят, шаҳар ва туман ахборот-кутубхона марказлари томонидан фаол иштирокчи бўлган китобсеварларга планшет, қўл телефони каби қимматбаҳо совғалар топширилди.
Ушбу акция тизимли давом этиб, кейинги ғолиблар 2021 йил Наврўз байрами куни аниқланади.
Дунёқарашингни кенгайтирадиган, ҳаётда ўз мақсадларингга эришишда яқин кўмакчи бўладиган китобларни ўқиш ва бунинг эвазига замонавий енгил машинани совғага олиш қандай завқли!
Рўзимбой ҲАСАН,
«Янги Ўзбекистон» мухбири