Кўксимдаги мукофот менга қанот бағишлади

    — Эл-юрт хизмати йўлида қилинган ҳар бир саъй-ҳаракат, арзимас меҳнат ҳам, албатта, мукофотсиз қолмас экан. Буни мен ўз тақдирим мисолида кўрдим, — дейди “Мард ўғлон” давлат мукофоти соҳиби Давлатжон КАРИМОВ. У бир гуруҳ фидойи ва мард ўғлонлар қаторида давлат мукофоти билан тақдирлангани, шу пайтда кўнглида кечган кечинмалар, зиммасидаги масъулият ҳисси ҳақидаги мулоҳазаларини баён этди:

    Президентимизнинг шу йил 28 июндаги “Мард ўғлон” давлат мукофоти билан тақдирлаш тўғрисида”ги қарорига биноан, бир гуруҳ фидойи ва мард ўғлонлар давлат мукофоти билан тақдирланди. Тақдир туҳфасини қарангки, тақдирланганлар орасида мен ҳам бор эдим. Бундан ҳам қувонарлиси, мазкур юксак мукофотни Ёшлар кунига бағишланган тантанали тадбирда шахсан давлатимиз раҳбарининг қўлидан олиш бахтига мушарраф бўлдим!

    Катта ҳаяжон билан Президентимиз турган саҳнга кўтарилар эканман, беихтиёр кўзим самимий табассум билан термулиб турган давлатимиз раҳбарининг нигоҳларига тушди. Нигоҳлар гўё менга бундай дерди: “Мен сени яхши биламан, сен — халқнинг суянчи, Ватаннинг умидисан. Бу қоракўз инсонлар учун ҳали сен кўп ишлар қиласан. Керак бўлса, мана мен сенга тоғдай таянч бўлишга тайёрман”. Президентимиз кўксимга юксак мукофотни тақар экан, “Муносиб бўл!” деди. Албатта, менга билдирилган бу ишонч, бу рағбат бутун умр куч­қувват, шижоат бағишлайди.

    Президентимиз ўша куни юксак минбарда туриб сўзлаган нутқида бир ҳикматли гап ни қайта­қайта таъкидлади: “Илмдан ўзга нажот йўқ”. Чиндан ҳам, илм ва маърифат буюк келажагимизнинг пойдевори. Бу йўлда хизмат қилаётган инсонларнинг биринчи қаторида, албатта, педагоглар туради. Ўзим ҳам шу соҳада ишлаётганимдан мамнунман. 2018 йилдан буён Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган Эркин Воҳидов номидаги ижод мактабида она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси сифатида фаолият юритяпман.

    “Қайси миллатнинг она тили ўз вазифасини ўтай олмай, бошқа ёт тиллар олдида мағлубиятга учраб, тиз букар экан, ундай миллат кўп узоқламаёқ инсоний ҳуқуқларидан ажрайди ва ҳаёт дафтари узра инқироз қалами чекилиши шубҳасиздир”, деган эди улуғ аллома Алихонтўра Соғуний.

    Чиндан ҳам ҳар бир миллатнинг жаҳон майдонидаги мавқеи шу мезон асосида ўлчанади. Она тилининг ривожи эса, бевосита шоир, ёзувчи, олим ва педагогларнинг фаолияти билан узвий боғлиқ. Фаолиятим давомида ижодим, илмий­оммабоп мақолаларим ва педагогик ишим орқали она тилимиз ривожига ҳисса қўшишга ҳаракат қиляпман.

    Қисқа меҳнат фаолиятим давомида қатор ютуқларни қўлга киритдим. Хусусан, 2020 йили “Устоз­2020” танловида сертификат билан тақдирландим. Ўқувчиларим кўрик­танловлар ва фан олимпиадаларида юқори ўринларни қўлга киритмоқда. Дарс давомида, асосан, ўқувчиларда мустақил фикр ва дунёқарашни шакллантиришга эътибор қаратаман. Ўқишни мусобақага айлантирмайман. Ўқиш эҳтиёж эканини уқтираман.

    Ҳар бир нарса муҳофаза ва эътиборга муҳтож. Шу жумладан, тил ҳам! Ватан сарҳадини аскарлар душмандан асраса, миллий тилни ижодкор ва олимлар ёт унсурлардан сақлашга интилади, унинг тараққиёти учун курашади. Шу жиҳатдан ўзимни ёш ва изланувчан ижодкор сифатида чегарада турган аскардай ҳис қиламан. Хусусан, тил ва адабиёт масалалари ва муаммоларига оид “Гомердан Ҳомергача”, “Граждан нега фуқаро эмас”, “Миллат номуси”, “Айтмасам, тилим куяди”, “Гар Навоий сўз узатти...”, “Туғишган сўзлар” сингари мақола ва изланишларимда тилшунослик ва адабиётшуносликдаги қатор долзарб муаммоларни қаламга олганман.

    Кўксимдаги давлат мукофотига қараб туриб бугун мен ҳам бундай дегим келди: Ватаним учун, халқим учун фидойилик билан хизмат қилишга ҳамиша шайман!

    Менимча, ўша куни мен билан мукофот ва медаль олган барча ёшларнинг фикри шундай.

    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates