Тошкент шаҳрида кўп қаватли уйлар конструкциясига ўзбошимчалик билан аралашиш ҳолатларига қарши қатъий чоралар кўрилмоқда.
Хусусан, Чилонзор туманида фуқаро томонидан уйнинг 1-қаватидан ертўлага тешик очилиб, зина қурилгани аниқланган. Учтепа туманида эса назорат тадбирлари давомида кўп қаватли уйнинг белгиланмаган қисмида асосий бетон конструкциялар икки нуқтадан бузилиб, эшик ва йўл ясалгани маълум бўлди.
Икки ҳолат бўйича ҳам жавобгар шахсларга Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 159-моддаси асосида БҲМнинг 50 баравари миқдорида жарима белгиланди. Шунингдек, 15 кун муддатда бинони аввалги ҳолатига келтириш тўғрисида ёзма кўрсатмалар берилди.
Мутасаддилар таъкидлашича, бундай ўзбошимчалик нафақат биноларнинг сейсмик барқарорлигига, балки аҳоли хавфсизлигига ҳам жиддий таҳдид солади.
Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекциясининг республика ишчи гуруҳи томонидан назорат тадбирлари изчил давом эттирилмоқда.









