баннер
22 апр 2025
01:24

    Орзунинг изидан...

    Дарс тугаши билан маҳалламиздаги болалар билан далага мол боқишга чиқардик. Қўлимда маҳкам тутилган арқонда битта сигир. Учинчи синфдан то тўққизинчи синфгача ўша гоавмишимни боқдим.

    Шерикларимнинг сигирлари йил сайин кўпаярди. Менинг эса битта сигирим ва унинг ҳар йили бозорга сотиладиган биргина бузоғим бўларди. Уни ҳам доим сутдан ажралгач мол бозорга солардик.

    Бозордан бузоқни сотмасдан қайтишнинг иложи бўлмасди. Сабаби шу бузоқнинг пулига ғалла олиб, қишга озуқа тайёрлардик. Баъзан ёзда нонни ҳам ўлчаб еган кунларимиз бўлган. “кейинги буғдой пишиғигача етишимиз керак”, — дерди енам.

    Аммо шундай шароитда ҳам юрагимда умид ўчмасди. Шаҳарда ўқишни яхши инсон бўлиб яшашни орзу қилардим. Далаларда мол боқарканман, бекор ўтирмаслик учун китоб ўқирдим. “Ўтган кунлар”, “Меҳробдан чаён”, “От кишнаган оқшом”. Улар мен учун юракни орзулар билан суғорувчи шижоат манбаи эди.

    Маҳалладаги йигитлари эса масхара қилар, сенга ўхшаган камбағаллар мана шу тоғлар орасида номи чиқмай ўлиб кетади. Шаҳарда бойларнинг боласи ўқийди. Ўзи зўрға кун кечириб ўтирган бўлсанглар, шаҳарда кимни кўзи учиб турган экан, дерди. Тишимни тишимга қўйиб, жим кетардим.

    Орзулар сари одимлаб ахири оёғим пойтахту азимга етди. Тошкентга келганимда турли қийинчиликларга дуч келдим. Анча йиллар қўйлик бозорида аравакашлик қилдим. Тақдирнинг синовларидан ўтишга ҳаракат қилардим.

    Анча йиллар орзу қилиб юрган ўқишимга ҳам кириб, институтни аъло баҳоларга тамомлаб мутахассислигим бўйича, ишга кирдим. 10 йил ичида турли ташкилотларда меҳнат қилиб, кўп устозлардан сабоқ олдим.

    Интилишларим зое кетмади. Ёшлигимдан орзу қилган ташкилотга ишга кирдим. Тақдир тақозоси билан, биринчи марта қатнашган йиғилишим айнан “кадрлар танлови” мавзусида бўлди.

    Ўша йиғилишда ташкилот раҳбари, кўп ёшларнинг устози, юксак фикрли инсон — шундай деди:

    — Бизга таниши бор, пули бор инсонлар эмас, иқтидори бор, орзу қилган, хатосидан сабоқ оладиган ва яратганга суянадиган виждонли ёшлар керак.

    Бу сўзлар бутун вужудимни ларзага солди. Ўтмиш кўз олдимдан жонланди. Сигир боқиб, бузоқ сотган паллалар, орзу билан ўқилган китоблар, масхара қилган йигитлар ва мен, қишлоқнинг даласидан туриб осмонга боққанча, Худога шивирлаган дуоларим: “Битта имконият, фақат биттасини бер…”

    Агар ўша пайт кулиб қараган йигитларга ишонганимда, мен бугунги манзилда эмас, балки ўша хира умрнинг бир бурчагида қолиб кетган бўлардим. Чунки улар орзуни ўлдирадиган, ақлга эмас, жаҳлга суянадиган инсонлар эди.

    Ўша вақтда юрагимни оғритган йигитларга айнан шу раҳбарнинг сўзларини етказгим келади. “Бизга таниши бор, пули бор инсонлар эмас, иқтидори бор, орзу қилган, хатосидан сабоқ оладиган виждонли ёшлар керак”.

    Чунончи, ҳаётнинг оғриғи билан суғорилган орзулар бир кун келиб гуллаши мумкин.

    Зеро, чўлда ҳам баҳор келишини кутаётган ниҳол илдизи бўлиши мумкин. Ва эҳтимол, унинг ўсишига ёз ёмғири, бир кутилмаган имконият кифоя қилар.


    Элбек ШОЙИМ

    Телеграм каналимиз
    Text to speech