– Жамоат жойида нима қиляпсиз? Дарҳол биз билан юринг, – деб биттаси қўлтиғимдан тутди.
– Нима гап, тинчликми?
– Борганда биласиз, гапни кўпайтирманг, – деди иккинчиси.
– Қаёққа, нималар бўляпти ўзи, тушунтириб беринг.
– Нега телефондан фойдаланмаяпсиз, китоб ўқиганингиз нимаси? Қаранг, ҳамма телефон титяпти, сиз эса... кап-катта одам уялмайсизми?
Атрофга боқсам, автобус салонидаги йўловчининг ҳаммаси, кимдир ўтириб, кимдир тик туриб қўлидаги телефондан кўз узмай кетяпти. Ҳар қанча қаршилик кўрсатмай, мени судраб, қандайдир баланд бинога олиб кириб кетишди. Лифтда 45- ёки 50-қаватга кўтарилдик, чамамда. Бир хонага киритиб, ўртадаги курсига ўтқазишди. Бояги иккови қаршимда жойлашди. Чироқ кўтаргани яқинроқ келиб, кўзимга тикилди.
— Охирги пайтда сиздақалар кўпайиб кетди. Нега телефон ишлатмайсиз, китоб ўқишга бало борми? Ахир бутун дунё телефонга мук тушганда нега сиз ҳаммадан ажралиб туришингиз керак?
Унинг гапларидан лол бўлиб, анграйиб туравердим. Аниқроғи, ҳеч нимани тушунмаётгандим. Иккинчиси давом этди:
— Бу одам — орамиздаги душман. У на мамлакат иқтисодиётини, на тиббиётини ўйлайди. Тинтув ўтказиб, қўлидаги китобига қўшиб, уйидагиларини ҳам мусодара қилиш керак. Ўзини телефон ва ноутбуклар омборида жазо ўташга жўнатиш лозим.
— Ўлай агар, тушунтириб гапиринглар. Нима гуноҳ қилдим ўзи? Нима ёмонлигим тегди сизларга?
— Ўзингизни гўлликка солманг. Куппа кундуз куни қўлда чироқ тутиб, кўча кезиш, ХХИ асрда ҳам сизга ўхшаб замонавий уяли алоқа воситасидан фойдаланмайдиганларни қидириб юриш бизга ҳам ҳавас эмас. Кулманг, бунинг нимаси кулгили? Қайси виждон билан телефон тутмайсиз?
Истеҳзоли кулиб ўтирганимни шунда билибман. Булар ҳазиллашяптими?
— Қанақа виждон? Телефон тутмаслигимга виждоннинг нима алоқаси бор?
— Жудаям борда. Сиз ва сизга ўхшаганлар телефон тутмайди. Демак, телефон сотиб олмайди. Натижада мамлакат иқтисодиётига тушум тушмайди. Мониторга тикилиб, кўз нурингизни тўкмайсиз. Миянгиз тўқималари зарарланмайди. Эшитиш органларингиз ҳам меъёрида ишлайди. Узоқ муддатли суҳбатга киришмаганингиз учун қулоқ, қулоқ пардаси, ён тўқималар ва миянинг қўшни соҳаларида ҳарорат ошиши кузатилмайди.
Гапни шериги илиб кетди:
— Ҳар хил бўлмағур хабарлар ўқиб, қон босимингиз ошмайди. Натижада орадан 15 20 йил ўтса ҳам касал бўлмай, соппа-соғ яшайверасиз. Яъни шифокорга бормайсиз. Ҳолбуки, унинг ҳам бола-чақаси бор, беморлар тўлаган пул билан оиласини боқиши керак. Демак, сиз тиббиётнинг, умуман, жараённинг оқсашига хизмат қиляпсиз. Боз устига, пенсияга чиқиб, узоқ умр кўрасиз. Давлат сизга шу вақт давомида нафақа тўлаши керак. Нима, ғазнанинг туби йўқми?
Наригиси давом этди:
— Телефонингиз йўқ, демак, сиз юрган йўлингизда, кўча-кўйда қўшиқ тингламайсиз, қисқа лавҳалар томоша қилмайсиз, турли ўйинлар ўйнамайсиз. Натижада гигабайту мегабайтлар ишлатмайсиз. Алоқа компаниялари эса бундан зарар кўраверади. Демак, сиз маданий савияси паст одамсиз, жамият ҳаётидан узилиб қолгансиз, рақамли технологиялар ривожига, тармоқнинг даромад топишига ҳисса қўшгингиз келмайди. Буларнинг ҳаммасидан ихтиёрий бўйин товлайсиз. Сезяпсизми, сизга қўйилаётган айбловлар ўта жиддий!
— Бас қилинг, бошим оғриб кетди, — дедим ниманидир сал тушунгандек бўлиб.
— Оғрийдида. Ахир миянгиз бўлмағур нарсалар билан чалғимаса, олди-қочди вайн ва роликлар дийдангизни қотирмаган бўлса, сизнинг бошингиз оғримай, бизники оғрисинми? Ҳойнаҳой, қариндошларингиздан ҳам тез-тез хабар олиб турсангиз керака? Хаста одамдан ҳол сўраш, яқинларни яхши кунларда йўқлаб қўйиш кабиларни ҳам офлайн бажарасиз. Ваҳоланки, ҳозир давр шиддати бу ишни телефон орқали онлайн бажариш мумкинлигини энг қулай йўл сифатида намоён қилган. Телефонингиз бўлганида эди, битта смс ёзиб ёки овозли хабар юборардингиз. Бундан иқтисод қилган вақтингизни эса маза қилиб ёлғон-яшиқ гаплару миш-мишлар, турли-туман ур-сур хабарларни кўришга сарфлаган бўлардингиз.
Иккинчиси салкам жазавага тушиб давом эттирди:
— Сиз чамаси кўп китоб ўқиб, олимлар узоқ вақт ўтказган тадқиқотлардан хабар топгансиз. Мобил телефондан тараладиган электр магнит нурланиши бутун танага таъсир қилиши, айниқса, баъзи сабабларга кўра, иммунитети заиф одамлар ва болаларга зарарли эканини билиб қолгансиз. Яна дунёда ҳар 16 инсондан биттаси мобил алоқа нурланиши қурбонига айланаётганини ҳам ўқигансиз. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти уяли телефонлар зарарига оид ҳисоботида инсонларнинг саратон касалига чалинишида мобил телефонлар таъсири кучли эканини таъкидлаган эди. Индамаса, бу хабарларни бошқаларга улашишга ҳам тайёрсиз. Шунинг учун телефонингиз йўқ. Лекин билиб қўйинг. Биз бунга шундоқ қараб тура олмаймиз.
— Сизлар кимсизлар?
— Биз кундузи чироқ ёқиб бўлса ҳам сиз кабиларни аниқлайдиган маънавий таҳдид ширкати вакилларимиз. Мақсадимиз — сизга ўхшаганларни ўз сафимизга қўшиб олиш. Акс ҳолда, ҳозироқ жазо ўташ учун рақамли технологиялар омборига равона бўласиз. Икковиям ўрнидан туриб, важоҳат билан устимга бостириб кела бошлади...
* * *
Сесканиб, кўзимни очсам, қора терга ботибман... Ҳартугул, буларнинг ҳаммаси тушим бўлиб чиқди. Дарҳол қўлимни ёстиғим остига чўздим, телефонимни олиб, соатига қарасам, аллақачон УЙҒОНИШ ВАҚТИ бўлибди. Тонг отмоқда экан.
Нодир МАҲМУДОВ,
“Янги Ўзбекистон“ мухбири
(мақола газетанинг 2025 йил 11 апрель 74-сонида чоп этилган)