Кўпчилик тадбиркорлар ДХШ фаолиятини ноҳалол деб баҳолади

    Ижтимоий ҳаёт 30 ноябр 2022 1196

    Жорий йил 30 ноябрда Тошкент шаҳрида «Давлат-хусусий шериклик асосида мактабгача таълим муассасаларини ташкил этишда ва уларнинг фаолиятида ноҳалоллик хавфи омиллари» мавзусидаги тадқиқот натижаларининг жамоатчилик муҳокамаси бўлиб ўтди.

    Тадқиқот 2020 йилдан «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳамда «Минтақавий мулоқот» халқаро нодавлат ташкилоти (Словения) ҳамкорликда амалга ошириб келаётган «Ўзбекистонда биринчи антикоррупция лабораторияларини яратиш» лойиҳаси доирасида ўтказилди.

    Бугунга қадар турли гуруҳ респондентлар (413 нафар) ўртасида ижтимоий сўровлар ўтказиш ишлари якунланди. Сўровларга республикамизнинг 7 та ҳудуди — Тошкент, Бухоро, Андижон, Самарқанд, Сурхондарё, Қашқадарё вилоятлари ва пойтахтдаги туман мактабгача таълим бўлимлари, ҳокимликлар, банклар вакиллари, давлат-хусусий шериклик асосидаги мактабгача таълим муассасалари раҳбарлари, тарбияланувчиларнинг ота-оналари жалб этилди.

    Институционал-ҳуқуқий таҳлил ва ижтимоий сўровларнинг дастлабки натижалари айрим давлат-хусусий шериклик жараёнлари ва тартибларининг самарасизлигини, коррупция хавфи омиллари борлигини кўрсатди.

    Респондентлар гуруҳларининг аксарияти давлат-хусусий шериклик асосидаги мактабгача таълим муассасалари учун лойиҳа ҳужжатларини тайёрлашни қийин, деб ҳисоблайди. Хусусан, тадбиркорларнинг 25 фоизи ариза бериш тартибини мураккаб, 17 фоизи шаффоф эмас, 10 фоизи ўта бюрократик деб атаган.

    Бир қатор респондентлар давлат-хусусий шериклик асосида мактабгача таълим муассасасини ташкил этиш тўғрисидаги шартномани тайёрлаш ва расмийлаштириш тартибини соддалаштириш зарурлигини таъкидлаган.

    Сўровда иштирок этган тадбиркорларнинг ярмидан кўпи (53%) танлов жараёни очиқ ва холис эмас, деб жавоб берган.

    Шу билан бирга, туман ҳокимликлари ва мактабгача таълим бўлимлари мутахассисларидан иборат респондентларнинг деярли ҳар бешинчиси тадбиркорлар комиссия аъзоларига шахсий хизмат кўрсатиш, нуфузли шахсларни жалб этиш ёки пул мукофотлари бериш орқали танлов натижаларига таъсир кўрсатади, деб ҳисоблайди.

    Туман мактабгача таълим бўлимлари вакилларининг учдан бир қисми имзоланган шартномалар бўйича субсидиялар ўз вақтида тўланмаганини билдирган. Вакилларнинг ҳар тўртдан бири тадбиркор томонидан қўшимча субсидиялар олиш мақсадида мактабгача таълим муассасаларидаги болаларнинг ҳақиқий сонини ошириб кўрсатиш ҳолатлари ҳақида маълум қилган.

    Туман мактабгача таълим бўлимлари вакилларининг 68 фоизи тадбиркор билан ўзаро муносабатларда ҳалоллик қоидаларини бузган давлат ҳамкорига нисбатан қандай жазо чоралари қўлланилиши ҳақида билмайди. 73 фоизи тадбиркорлар учун бу каби санкциялар мавжудлигидан бехабар.

    Сўровда қатнашган туман ҳокимликлари вакилларининг учдан бир қисми хусусий тадбиркор томонидан мактабгача таълим муассасалари фаолиятини давлат-хусусий шериклик асосида ташкил этишда ҳисобот бериш талаблари бузилаётганини таъкидлаган. Ҳокимлик мутахассисларининг 27 фоизи, банклар вакилларининг 58 фоизи тадбиркорларда молиявий қонунбузарликлар бор, деб ҳисоблайди.

    Туман мактабгача таълим бўлимлари вакилларининг учдан бир қисми тадбиркорлар ахлоқ нормаларини бузаётганига, ҳар бешинчиси тадбиркорларнинг зарур бошқарув малакасига эга эмаслигига ишончи комил.

    Тадқиқот натижалари аниқланган хавф-хатарларни пасайтириш бўйича тавсиялар билан жараённинг асосий иштирокчиларига тақдим этилди. Экспертларнинг коррупцияга қарши курашиш стратегиялари ва коррупция хавфини баҳолаш методологияси бўйича маърузалари тингланди. Коррупция хавфининг аниқланган омилларини камайтириш ва давлат-хусусий шериклик асосидаги лойиҳалар самарадорлигини ошириш учун ҳамжиҳатликда иш олиб бориш таклиф этилди.

    Муҳокама якунида амалдаги қонунчиликка коррупция хавфини камайтиришга доир ўзгартишлар киритиш бўйича тавсиялар Мактабгача таълим вазирлиги, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Коррупцияга қарши курашиш Миллий кенгашига киритилиши таъкидланди.

    Тадбир «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати томонидан Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ва «Минтақавий мулоқот» халқаро нодавлат ташкилоти (Словения) ҳамкорлигида ташкил этилди.

    «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates