Криштиану Роналду яна бир рекорд ўрнатди

    Португалиялик юлдуз Криштиану Роналду Ирландия терма жамоасига қарши ўйинда дубл қайд этди ва янги рекорд ўрнатди.

    Португалия терма жамоаси футбол бўйича Европа чемпионати бошланиши олдидан сўнгги ўртоқлик учрашувини ўтказди. 18-дақиқадаёқ Жоау Феликс ҳисобни очди.

    50-дақиқада Роналду жарима майдончасига ёриб кирди ва дарвозабонга имконият қолдирмай тўпни дарвозанинг узоқ бурчагига йўллаб, ҳисобни оширди. 11 дақиқадан сўнг у жарима майдончаси марказидан дарвозани ишғол этди.

    Ирландия терма жамоасига қарши ўйин Криштиану учун юқори даражадаги 1226-ўйин бўлди. Халқаро футбол тарихи ва статистикаси федерацияси (IFFHS) маълумотларига кўра, бу ўтказилган ўйинлар сони бўйича янги жаҳон рекордидир.

    2002 йилдан бери Криштиану Роналду Португалия, Англия, Испания, Италия ва Саудия Арабистони чемпионатларида 698 та, кубок ва суперкубокларда эса 101 та ўйин ўтказган. Бундан ташқари, у халқаро клуб турнирларида 220, терма жамоада эса 207 учрашувда майдонга тушган.

    Аввалги рекордчи, бразилиялик дарвозабон Рожерио Сени 1225 ўйин ўтказган, деб хабар беради tengrisport.kz.