Лазги — бу бахт, лазги — бу ҳаёт!

    Рақс — бу ҳаракат, гўзаллик, сўзсиз мулоқот.

    Бугун миллий рақс санъатимиз янада такомиллашиб, дунё саҳнасидан муносиб ўрин олмоқда. Хусусан, Президентимизнинг “Рақс санъати соҳасида юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш ва илмий салоҳиятни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда “Рақс санъати соҳасида юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш ва илмий салоҳиятни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорларининг ижроси бугунги кунда тўлақонли равишда таъминланмоқда, десак муболаға қилмаган бўламиз. Жумладан, рақсга доир кўрик-танловлар, “Лазги” фестивали бунинг яққол мисоли.

    Рақс санъати ҳақида сўз борганида “Хоразм рақс” мактаби алоҳида ўринга эга. Ҳозирги кунга қадар мазкур даргоҳдан етишиб чиқаётган ёш ва истеъдодли раққосалар қадимий Хоразм рақсимизни миллий ва халқаро саҳналарда намойиш этиб, юқори натижаларга эришмоқдалар.

    Хоразм рақс санъати бўйича кенг кўламли илмий-амалий тадқиқот ишлари олиб борилиши билан бир қаторда янги рақс фидойилари кашф этилмоқда, десак муболаға қилмаган бўламиз. Бугунги суҳбатдошимиз “Ниҳол”, “Эҳтиром” мукофотлари соҳибаси, ўтган йилнинг 26-29 апрель кунлари Хива шаҳрида бўлиб ўтган “Лазги” халқаро рақс фестивалининг “Гран-При” ғолибаси Дилноза Ортиқова.

    — Инсон камолот палласига етаркан, умр йўлига қараб ҳавас қилганларининг қанчасига эришди-ю қанчасига ҳали улгурмагани, ютуқлари сабабчиларини кўз олдига келтиради ва албатта агар ҳаётимда ўша инсон бўлмаганида бугун қаерда бўлардим, деган савол туғилади.

    — Ҳақсиз. Хориж саҳнасида рақс ижро этаётганимда, ютуқларга эришганимда бу каби саволлар хаёлимга кўп келади. Жавобида эса ҳаётимни рақссиз ва устозимсиз тасаввур қилаолмаслигимга амин бўлганман. Аслида раққоса бўламан, деб ўйламагандим. Чунки оиламизда санъатга алоқадор инсонлар бўлмаган. Холамнинг уйларига кўп борардим. Ўша пайтлар дугоналарим билан рақсга тушардик. Мендаги қобилиятни кўрган холамнинг дугонаси онамга қизингизни рақс тўгарагига беринг, ундаги қобилиятни эътиборсиз қолдирманг, унинг келажаги бор, деб маслаҳат берган. Ота-онам келажакда раққоса бўлмайди, мактабни тугатгач рақсга ҳам бормайди, деган мақсадда Ўзбекистон халқ артисти Гавҳар Матёқубовага олиб боришган. У пайтлари 11 ёшда эдим.

    Устозимдан рақс сирларини ўргана бошладим. Йиллар ўтиб эса бу санъат мени сеҳрлаб олди, иштиёқим ҳам оша бошлади. Нафақат миллий, балки бошқа миллат вакилларининг рақсларини ҳам ўргана бошладим. Мактабни тамомлаганимдан сўнг уйимдагилар раққоса бўлишимга қаршилик қилишмади.

    Ҳар бир инсон ҳаёт йўлини ҳеч йўқ туғилган кунида сарҳисоб қилади. Агар Гавҳар Матёқубова ҳаётимга кириб келмаганида балки бугун умуман бошқа соҳада фаолият юритган бўлардим. Аммо рақс санъатида ўрин топиш ҳам осон эмас. Асло ўрин топдим, бир қатор ютуқларга эришдим, демоқчи эмасман. Агар мени танишса, ҳеч йўқ беш-ўн кишига рақсим маъқул келган бўлса, бу учун аввало устозимдан ва доимо қўллаб-қувватлаган ота-онамдан чексиз миннатдорман. Ҳали олдимда турган вазифаларим кўп.

    “Лазги” рақси жуда машҳур. Аммо унинг балети фавқулотда ҳодиса бўлди, десак муболаға қилмаган бўламиз. Сизни “Лазги муҳаббат ва қалб рақси” балетига ким таклиф қилди ва бу таклифни эшитгач нималарни ҳис қилдингиз?

    — “Лазги - муҳаббат ва қалб рақси” балетида мен рақс тушишим ҳақида сўз ҳам, таклиф ҳам бўлмаган. Лекин устозим Гавҳар Матёқубова мутахассис сифатида бош консультант эканлиги маълум бўлди. Маданият вазирлигида Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси фонди орқали учрашув белгиланган. Zoom орқали хореограф ва балетмейстер Рауф Раймондо Ребек билан кўришдик. Ўша жойда устоздан ўзига керакли бўлган саволларини сўрадилар, биз эса либосларни кўрсатдик. Хоразм “Лазги” рақсларидан, урф-одатларидан қисқа-қисқа маълумотлар бериб ўтилди. Раймондо Ребек билан у Ўзбекистонга келганида юзма-юз кўришдик. У менга “Мен ҳозир балетга хос мусиқа қўйиб бераман, сиз шу мусиқага рақс ижро қилиб беринг”, дедилар. Ўйланиб ўтирмай хўп дедим-да мусиқага ҳамоҳанг “Лазги”нинг ҳаракатларини ижро этдим. Раймондо Ребек “Ҳайратдаман, тўғриси мен бундай рақсни биринчи мартда кўришим”, деди. Менда ҳам аслида худди шундай ҳолат бор эди. Сабаби авваллари балет ва унинг куйига рақсга тушмаган эдим. Бу ижро мен учун дастлабкиси эди ва омадим келди.

    Лазги балетида ижро этган рақсларингиз жуда ҳам гўзал, нафис, инсонни ўйлантира оладиган ва шу билан бирга лазгининг тарихига, ўтмишига тушиб колгандек ҳис килдим. Мазкур ижро сизга нима берди?

    — Бу балет мени ҳаётимни ўзгартирди десам, янглишмаган бўламан. Чунки бу ўзгача йўналиш, ўзгача услуб, ўзгача атмосфера. Бошқа юрт вакилидан айнан шу Хоразм рақс санъатига бўлган қизиқишнинг борлиги — бу бахт. Хорижлик режессер билан унинг талаблари бўйича ишлаш менга катта тажриба бўлди. Қачонлардир балетда рақс тушишни тасаввур ҳам, орзу қилмаган эдим. Ҳатто Раймондо Ребек балетнинг мусиқасига рақсга туш, деганида, устозим “Дилноза, қўяқол. Сени бу лойиҳага олишмаса ҳам майли. Балетни билмайсан-ку, агар хато қилсанг шарманда бўламиз”, дегандилар. Аммо негадир ичимдаги ишонч мени таваккал қилишга ундади. Натижаси эса қувончли бўлди. Мазкур балетнинг энг катта ютуғи, бу режессёр уни саҳналаштириш учун нафақат тарихий асарлардан фойдаланган, балки Хоразмга бориб унинг тарихини, рақсларини, тўйлардаги урф-одатларини, маҳалий аҳолининг турмуш тарзи билан танишиб, ўрганган. Мени энг тўлқинлантирган саҳна ҳамма бир қатор тизилиб устознинг рақс ҳақидаги сўзларини сурдопедагогика орқали томошабинларга етказиб беришимиз эди.

    “Лазги мен учун бу бахтдир.

    Лазги мен учун бу ҳаётдир.

    Лазги мен учун бу тириклик жондир.

    Лазги рақсига ўйнаётганимда, мен шу ҳаётни ҳис этаман, борлиқни ҳис этаман, шу оламни ҳис этаман, осмон билан ернинг орасидаги борлиқни ҳис этаман. Чунки инсонга жон берган Лазгидир, бу тарихдан маълум. Лазги борки бутун дунё шу босқични босиб ўтган. Чунки лазги бу умр, бетакрор, умрбод, умрбоқий лазгидир”. Шундан кейин “Сурнай” лазгисини ижро этаман. Мазкур рақсда “Лазги - муҳаббат ва қалб рақси” балетининг яратилиши, келиб чиқиши, олдинги замондаги кўринишлари, ҳозирги кундаги кўриниши ва келажакда ҳам қандай бўлиши ҳаммаси кўрсатилган.

    “Лазги - муҳаббат ва қалб рақси” балети нафақат Ўзбекистонда, балки хорижий мамлакатларда ҳам намойиш этилиб жуда катта ютукларга эришди. Уни жаҳон саҳнасида қандай кутиб олишди?

    — Санъат тил танламайди, деганлари бежиз эмас экан. Шу лазги балетини ижро қилар эканмиз бошқа миллат вакиллари бўлишларига қарамай шунақанги илиқ кутиб олишди-ки. Ҳар битта чиқишларда олқишлар, ҳар бир саҳна кўринишидаги парданинг очилиш ва ёпилишларида, ҳар битта рақс ҳаракатларида олқишлар билан кутиб олишди. Бу биз ижрочилар учун катта бахт.

    Бугунги кунга қадар мазкур лойиҳа билан дунёнинг БАА, Москва, Франция, Туркия, Германия каби мамлакатларида бўлдик. Муболаға бўлмасин, қайси шаҳарда бўлмайлик, мазкур балет катта олқиш ва катта қизиқиш билан кутиб олинди. Айниқса, миллий рақсларимизга айрича қизиқишаётганини билдиришаётгани эса чексиз фахрлантирди. Ҳаттоки, Лазги бўйича илмий изланишлар, тадқиқотлар олиб бораётганини айтишганда эса...у пайтдаги таассуротларимни сўз билан ифодалаб беролмайман.

    Хоразм вилоятининг Хива шаҳрида бўлиб ўтган “Лазги” халқаро рақс фестивалидаги иштирокингиз, таассуротларингиз? Ушбу фестивалдаги “Грант-При” ғолибаси бўлишингизни кутганмидингиз?

    — Мени энг қувонтирадигани шу рақс йўналишидаги фестивал айнан бизда Хоразм вилоятида ўтказилганлигидир. Ҳар доим хорижда турли фестиваллар ўтказилганда қачон бизни Хоразмда ҳам ана шундай фестиваллар ўтказилар экан, деб ўйлар эдим. Мана ҳозирги кунда бу орзуларим ушалди, десам янглишмаган бўламан. Чунки бошқа мамлакатлардан раққос ва раққосалар келишади, ўзаро тажриба алмашамиз. Уларнинг маданиятидан, рақсларидан баҳраманд бўламиз, шу қаторда маҳорат дарсларини алмашамиз. Бу биз учун жуда ҳам катта тажриба ва бахт. Бу танловда Хоразмнинг миллий рақси бўлган “Сурнай” лазгисини ижро этдим. Ҳаяжоним эса икки баробар бўлди. Сабаби, ўз юртимда, ўз рақсим шаъни учун курашиш бу жуда ҳам катта машаққатни, меҳнатни, кучни талаб қилар экан. Лекин “Гран-При”ни оламан деб ҳеч ҳам ўйламаган эдим. Аслида жуда ҳам хоҳлаган эдим. Кўпчилик соврин учун “Гран-При” олишни истаяпсизми деб, савол беришган эди. Йўқ, унинг пули менга қизиқ эмас эди, бу Хоразмнинг юзи, Хоразмнинг санъати яъни мен шу юрт шаънини рақсим билан ҳимоя қилдим.

    “Гран-При” соҳибаси Хоразм деганидан оёқ-қўлимда жон қолмади, кўзларим ёшларга тўлиб, юрагим шу қадар тез урар эдики буни тушунтириб бериш жуда қийин. Ўз исмимни эшитишим билан биринчи қилган ишим устозим Гавҳар опанинг ёнларига бориб уларни қучоқлаб, роса йиғладим. Сабаби, шу кунга етиб келишимга, бундай совринларни олишимга устозимнинг меҳнатлари ва менга бўлган ишончлари куч бўлди. Уларнинг меҳнатлари, сабрлари, билим ва кўникмаларини менга тўлиқ етказиб беришлари, нафақат Хоразм рақсларини балки бошқа миллат рақсларини ҳам ўргатиб тўғри йўлдан олиб келдилар. Менинг барча ютуқларим бу устозимнинг ютуқларидир. Агар мен бу устознинг шогирди бўлмаганимда, ўйлайманки бу мавқега эришмаган бўлар эдим.

    Рақс санъати бу шундай касбки, фақат ва фақат катта тинимсиз меҳнатлар эвазига катта марраларга эришишингиз мумкин. Волфганг Йоган Гёте айтадики: “Чинакам шогирд бор нарсалар негизида мавҳум нарсалар ривожини ўрганади ва шу йўл билан устозига яқинлашиб боради”. Гавҳар Матёқубова ва унинг шогирди Дилноза Ортиқова фаолияти бунга яна бир карра мисолдир.

    Сурайё Исматова,

    Ўзбекистон давлат хореография академияси

    Санъатшунослик йўналиши 3-курс талабаси

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates