Миллийликнинг тимсолисан, “Айқулаш”!

    Маданият 18 август 2023 693

    “Ойни қучоқлаш” маъносини англатувчи “айқулаш” сўзи қанотида қорақалпоқнинг ифтихорига айланган миллий ансамбль, мана, неча йилки, дунё кезиб, жаҳон аҳлининг-да диққатини тортиб келади.

    Бунда энг муҳими — гуруҳ дастуридаги рақсларнинг қизиқ воқелик асосида яратилиши ва таъсирчан ифода этилиши. Тўғри, рақс ижрочидан, аввало, бу нафис санъатга чексиз муҳаббат, улкан маҳорат талаб қилади. Аммо бирламчи масала — ғоя.

    Шу йил ўзбек рақс санъати афсонаси Мукаррама Турғунбоева таваллудининг 110 йиллигига бағишланган бадиий тадбирда “Айқулаш”га бўлган муҳаббатимиз, рақсларидаги нозик воқеликларга қизиқишимиз янада ортди. “Баҳор” вальси билан бошланган концерт дастурида озарбайжонларнинг “Гайтаги”, бошқирдларнинг “Проказницы”, беларусларнинг “Спеу дубрау”дек жозибидор рақсларига маҳлиё бўлиб турганимизда, “Айқулаш” миллий фольклор ансамблининг “Қиз-йигитлар сайли” рақсига навбат берилди. Ўшанда рақс намойишидан сўнг “Айқулаш” билан яқиндан танишишни дилга туккандик.

    Жонли ёхуд қамчили кўприк

    “Қиз-йигитлар сайли”дан англаганимиз шуки, овулдаги гўзал бир байрамга (тантана, тўй дейиш мумкин) келаётган сулув қизлар катта ариққа дуч келади. Сувдан ўта олмай ўйланиб турган бу қизларга ёрдам бериш учун гўё аввалроқ келиб, уларни кутиб турган овулнинг забардаст йигитлари чаққонлик билан ҳаракатга киришади. Қаҳрамонлар қизларни авайлаб, оёқларини сувга тегизмай ариқдан олиб ўтади. Йигитлар уларни кўтариб олиб ўтмади, балки қўлларидаги қамчилар ёрдамида кўприк ҳосил қилди. Икки қатор бўлиб саф тортган йигитлар қамчиларини шундай жипсладиларки, қизлар бу мустаҳкам кўприк устидан бамайлихотир, худди чинакам кўприкда юргандек ўтдилар.

    Яна бир диққатга сазовор кўриниш — йигитлар айлана ҳосил қилганча белбоғларини ечиб, ундан бўйрага ўхшаш бир нарса тўқидилар. Устига бир йигитни ўтқазиб, “йигит бўлсанг чинакам эр йигит бўл, мард бўл”, деган маънода уни икки-уч бор осмонга қараб отдилар. Ҳар иккала мураккаб ҳолатда ҳам йигитлар қизлар олдида ўзларининг жўмард, ботир эканини, аслида ҳам йигит киши шундай бўлиши лозимлигини кўрсатишга уринишди. Қизларнинг ҳам уларга ҳурмати ошиб, қувноқ рақслари, илиқ табассумлари билан уларга эш бўлишди.

    Саҳнанинг ўзида, жуда қисқа муддатда бундай ҳаракатларни амалга ошириш раққос ва раққосалардан жуда катта куч, профессионаллик ва довюраклик талаб қилади.

    — Ушбу рақс воқеликларини бир йилча хаёлда пишитиб юрганман, — дейди ансамбль бош балетмейстери, Ўзбекистон халқ артисти Пўлат Мадреймов. — Чунки рақсдаги деталлар тасвирини, ҳар бир хатти-ҳаракатни шакллантириш, айниқса, кўприк ҳосил қилиш жараёнини саҳнада қандай кўрсатиб бериш билан боғлиқ масалалар кўп вақт талаб қилади. Қорақалпоқ ёшларининг қувноқ сайллари, йигит-қизларнинг соф севгиларини акс эттирадиган рақсларимиз кўп.

    “Айқулаш”нинг бирорта рақсини шунчаки томоша қилмайсиз. Рақс аввалида бошланган воқелик намойиш сўнггига келиб аниқ бир якун бера олиши билан аҳамиятли. Масалан, “Гул юзли”да латофатли қизларнинг юзи гулғунчага қиёсланаёгани аниқ-тиниқ англашилса, “Шаши баулу қиз” (“Сочи боғланган қиз”) рақсида шодиёнага йиғилган йигит-қизларнинг байрамона кайфияти уларнинг жозибадор ҳаракатида акс этади. Қўбиз чалганларида қизларнинг иффату назокати ёқимли куйга уйғунлашса, ғурурли йигитларнинг мардлиги, жасурлиги кескин-кескин ҳаракатларида кўзга ташланади. Қорақалпоқ қизларининг ўзига хос фазилатлари, ички руҳиятини нафис ҳаракатларда акс эттирган “Қорақалпоқ қизлари” ҳам ансамбль дастурида ўзига хос аҳамиятга эга. “Шўх жигеттер” рақси эса мағрур қизлар ҳақида. Ҳазилга бой бу рақс ғояси устида ҳам балетмейстер узоқ йиллар ишлаган. Йигитлар мағрур қизнинг кўнглини олиш ғоят қийин эканини тан олиши билан ниҳояланган ушбу рақс ҳам ансамбль репертуарида алоҳида ўрин тутади.

    “Чағалайлар”, “Чавандоз” рақсларида эса раққос йигитларнинг жўшқин ҳаракатлари кишини ўз-ўзидан рақсга чорлайди.

    Умуман олганда, Пўлат Мадреймов асарларини либретто шаклида жонлантиришга интилгани боис томошабин воқелик мазмунини англаб олиш учун бутун диққатини рақсга беради. Бу эса “Айқулаш”нинг ўзига хос мактаб яратишида муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

    Миллий маданият ва санъатга садоқат намунаси

    — Ансамбль ижодий жамоаси кўп асрлик бой санъатимизни тарғиб этиб қолмай, халқимизнинг маънавий дунёсини янада бойитиш, ёш авлодни миллий қадриятларимиз ҳурмат, Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялашда муносиб ҳисса қўшиб келаётир, — дейди Қорақалпоғистон маданият вазири Қалбай Турдиев. — Ушбу ансамбль давлат тадбирларининг концерт дастурлари, республика миқёсида ўтказиб келинаётган умумхалқ байрамлари, фестиваллар ва бошқа маданий тадбирларда ҳам фаол иштирок этмоқда.

    Ансамбль жамоаси Россия, Озарбайжон, Молдова, Украина, Беларус, Грузия, Арманистон, Жанубий Корея, Хитой сингари қатор давлатларда гастроль сафарларида ва фольклор фестивалларида қатнашиб, халқаро маданий ва дўстлик алоқаларини янада мустаҳкамлашга салмоқли ҳисса қўшмоқда.

    Миллий маданиятимизнинг ажралмас қисми саналган бахшичилик, жировчилик, қўшиқчилик билан бир қаторда қорақалпоқ миллий хореография санъати ҳам бетакрор ҳаракатлари билан қалблардан жой олиши ҳам сир эмас.

    — Қорақалпоқ миллий хореография санъати анча илгари шаклланган бўлиб, миллий рақсларимиз бўлган “Айқулаш”, “Қиз узатув”, “Бешик тўй” ва ҳоказоларда ҳозирги замонавий рақс санъати кўринишлари ифодаланганини кўрамиз, — дейди Қалбай Турдиев. – Ҳозирги замонавий рақсимиз ХХ асрнинг 20-40-йилларида шакллана бошлаган. Ҳар бир халқни ўзига хос миллий санъати дунёга танитар экан, биз ҳам фахр билан айтамизки, “Айқулаш” қорақалпоқ миллий рақсини жаҳон саҳнасида улуғлаб келаётган миллий фольклор ансамблидир.

    1956 йили “Қўшиқ ва рақс” ансамбли номи билан ташкил қилинган жамоа 1966 йили “Айқулаш” қорақалпоқ қўшиқ ва рақс ансамбли, 1976 йили “Айқулаш” қорақалпоқ миллий рақс ансамбли, 1982 йили “Айқулаш” қорақалпоқ давлат қўшиқ ва рақс ансамбли, 2006 йили “Айқулаш жулдизлари” қорақалпоқ фольклор ансамбли, 2019 йилдан эса “Айқулаш” қорақалпоқ давлат миллий фольклор ансамбли сифатида қайта ташкил қилинди.

    — “Айқулаш”нинг бугунги даражага етиши учун кўплаб қобилият эгалари бор куч-ғайратини сарфлади. Айниқса, бош балетмейстер Пўлат Мадреймов, Ўзбекистон халқ артистлари Байрам Муродов, Байрам Матчонов, Отажон Худойшукуров, Гулпаршин Сиримбетова, Тамара Дошумованинг исмларини ҳурмат билан тилга олиш жоиз, — дейди “Айқулаш” қорақалпоқ давлат миллий фольклор ансамбли директори Бегис Темирбоев. — Ўзбекистон халқ артисти, “Айқулаш”да узоқ йиллардан буён бош балетмейстерлик қилаётган Пўлат Мадреймов ансамблга келган дастлабки кунларданоқ унинг ҳаёти тубдан ўзгарди, репертуари ҳар томонлама бойиди. У саҳналаштирган “Чавандозлар”, “Орол йигитлари”, “Қорақалпоқча лирик рақс”, “Жилва”, “Илми султон”, “Дали йигит”, “Бир пиёла чой” ва бошқа кўплаб рақслар қорақалпоқ хореографиясининг классикасига айланди. Бугунги кунга келиб, ансамбль репертуари юзга яқин турли жанрдаги рақс ва композицияларга эга.

    Янгича ёндашувлар муваффақиятларни бошлаб келаверади

    Ижодий жамоанинг репертуар сиёсати, режиссура ва актёрлик санъатидаги янгиликлар, халқаро маданият майдонида орттирган тажрибаси жамоанинг узоқ йиллик машаққатли меҳнати билан боғлиқ. Қолаверса, қорақалпоқ халқ оғзаки ижоди ғоят бой ва гўзал. Бундан ҳамиша завқ, илҳом оладиган “Айқулаш” халқимиз юрагига етиб борадиган, қалбларни забт этадиган янги асарлари билан фаолиятини давом эттирмоқда.

    2021 йил “Айқулаш” жамоаси учун муваффақиятларга бой бўлди. Шу йили ансамбль Бошқирдистонда бўлиб ўтган VI CIOFF жаҳон фольклориадасида, Хива шаҳрида ўтказилган “Марказий Осиё жаҳон цивилизациялари чорраҳасида” халқаро маданий форуми очилиш ва ёпилиш маросимларида, Нукусдаги II халқаро бахшичилик санъати фестивалларида муносиб иштирок этди. Шунингдек, “Анқара халқаро ҳафталиги” ва Анқара шаҳри Туркия пойтахтига айлантирилганлигининг 98 йиллигига бағишланган халқаро маданият ва санъат, Ҳиндистоннинг Райпур шаҳрида бўлиб ўтган XII халқаро миллий рақс фестивалларида юксак олқишларга сазовор бўлди.

    Венгрияда Жаҳон конгресси ҳамда фольклор фестиваллари ва халқ амалий санъати ташкилотлари халқаро кенгаши ташкил этилганининг 50 йиллигига бағишланган тадбирларда иштирок этиб, ушбу конгресс аъзолигига қабул қилинганини эса ансамбль ҳаётида муҳим тарихий воқелик дейиш мумкин.

    Жорий йил июль ойида Туркиянинг Бурса шаҳрида ўтказилган халқаро фольклор рақс ансамбллари танловида иштирок этган ансамбль 20 давлат вакиллари орасида иккинчи ўринга лойиқ кўрилди.

    Шунингдек, “Айқулаш”нинг Шимолий Македонияда бўлиб ўтган “SARAJ FEST – 2023” ҳамда TÜRKSOY ташкилоти томонидан Озарбайжоннинг санъат бешиги саналган Шуша шаҳрида ўтказилган “Харибулбул” халқаро фольклор фестивалларидаги иштироки ҳам ўзига хос бўлди. Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон. Венгрия, Молдова, Россия, Туркия сингари кўплаб давлатларнинг фольклор жамоалари иштирок этган тадбирда Озарбайжон маданият вазири Одил Каримли ҳам бахши-жировларнинг чиқишини катта қизиқиш билан томоша қилгани, келгусида ҳам ижодий ҳамкорлик қилиш бўйича таклифлар билдиргани ансамбль жамоасини янада руҳлантирганига шубҳа йўқ.

    “Айқулаш” ҳали кўп йиллар жаҳон санъат аҳли эътиборидан тушмай, минг-минглаб санъатсевар қорақалпоқ фарзандларига улкан маҳорат мактаби бўлиб хизмат қилади. Зеро, уни миллийлик етилтирди, тоблади. У миллатнинг тиниқ кўзгуси, миллийликнинг мевасидир.

    Минажатдин ҚУТЛИМУРАТОВ,

    Муножат МЎМИНОВА,

    “Янги Ўзбекистон” мухбирлари

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates