Ливандаги “Ҳизбуллоҳ” радикал шиа ҳаракати 2 декабрь, душанба куни Исроил армияси позицияларига “ўзини-ўзи мудофаа қилиш учун огоҳлантирувчи зарба” берганини маълум қилди. Унда айтишича, Исроил Ливанга ҳаво ҳужумлари ва ўқ узилш орқали ўт очишни тўхтатиш келишувини бузмоқда.
Исроил ҳарбийларига кўра, “Ҳизбуллоҳ”дан иккита ракета учирилган, бироқ қурбонлар йўқ. Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху зарбага “қатъий жавоб” берилишига ваъда берди.
Аввалроқ Ливан расмийлари Исроил қўшинлари бир неча аҳоли пунктларини ўққа тутгани, оқибатда камида икки киши ҳалок бўлгани ҳақида хабар берган эди.
Исроил Мудофаа кучларининг (ЦАХАЛ) даъво қилишича, “Ҳизбуллоҳ” ҳарбий инфратузилмаси яқинидаги ҳарбий автомобилларга, Бекаа водийси ва Сурия билан чегара яқинида ҳужум қилинган. Исроил ҳарбийлари ҳужумлардан бирида ливанлик аскар яраланганини тан олди ва мазкур воқеа билан боғлиқ вазият ўрганилаётганини айтди.
Ливан парламенти спикери Набиҳ Беррининг айтишича, Байрут ҳозиргача Исроил томонидан камида 54 та қоидабузарликни қайд этган.
Айни пайтда Исроил ташқи ишлар вазири Гидеон Саар мамлакати ўт очишни тўхтатиш келишувини бузгани ҳақидаги хабарларни рад этиб, Литани дарёсидан жанубга қурол ва кучларни олиб ўтишда “Ҳизбуллоҳ”ни айблади, деб хабар беради dw.com.
30 ноябрь, шанба куни ЦАХАЛ Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари Суриядан Ливанга қурол олиб ўтишда фаол фойдаланилгани тахмин қилинаётган Сурия ва Ливан ўртасидаги чегара ўтиш жойларига туташган Ҳизбуллоҳ ҳарбий инфратузилма объектларига “разведка зарбаси” бергани ҳақида хабар берган эди.