Маълум қилинишича, демократлар мамлакат президенти Юн Сок Ёль ва бошқа расмийларни давлат тўнтаришига уринишда айблаш ва импичмент жараёнини бошлаш ниятида.
“Биз ҳарбий ҳолатнинг конституцияга зид ва ноқонуний жорий этилгани учун давлат тўнтариши жинояти сифатида жазоланишини сўраймиз... Қўзғолон учун президент Юн Сок Ёль, мудофаа вазири Ким Ён Хён ва ички ишлар ва хавфсизлик вазири Ли Сан Минга қарши айбловлар қўямиз ва уларга импичмент қўзғатамиз, деди Демократик партиянинг бош вакили Чо Син Нэ.
Унинг сўзларига кўра, партия, шунингдек, Ҳарбий ҳолат қўмондонлиги бош қўмондони, полиция бошлиғи ва ҳарбий ва полиция орасидан воқеанинг бошқа муҳим иштирокчиларига қарши қўзғолон айбловларини қўяди.
“Ушбу воқеа бутун мамлакатга маълум бўлган аниқ исён бўлгани учун ҳуқуқ-тартибот идоралари зудлик билан тергов ишларини бошлаб, айбдорларни жавобгарликка тортиши керак”, деди у.
Бошқа илғор партиялар ҳам президентнинг истеъфоси ёки импичментини талаб қилмоқда, шу боис мухолифат “бирлашган фронт” тузди, деб ёзади Рёнхап.
Парламентнинг ялпи мажлисида президентнинг импичментини маъқуллаш учун барча депутатларнинг ярмидан кўпи иштирок этиши ва ҳозир бўлганларнинг учдан икки қисмининг розилиги талаб қилинади. Парламентнинг 300 депутатдан иборат ҳозирги таркиби билан импичментни тасдиқлаш учун камида 200 овоз керак. Демак, мухолифатнинг 192 овозига ҳукмрон партиянинг камида 8 овози қўшилиши керак. Агар импичмент ялпи мажлисда қабул қилинса, президентнинг ваколатлари дарҳол тўхтатилади.
Чоршанбага ўтар кечаси Жанубий Корея президенти “Шимолий Кореяни қўллаб-қувватловчи кучларни тозалаш ва либерал конституциявий тузумни сақлаб қолиш учун” ҳарбий ҳолат жорий этилганини эълон қилди. Унинг сўзларига кўра, унга қарши импичмент жараёнини ўтказишга уринишлар ҳокимиятни фалаж ҳолатга келтириши мумкин.
Жанубий Корея парламенти ҳарбий ҳолатни бекор қилишга овоз берди. Йиғилишда 300 нафар депутатдан 190 нафари иштирок этди ва уларнинг барчаси бир овоздан овоз берди. Корея Республикаси Конституциясига кўра, парламент кўпчилик овоз билан унинг жорий этилишига қарши овоз берганидан кейин президент мамлакатда ҳарбий ҳолатни бекор қилиши шарт. Овоз беришдан уч соатдан кўпроқ вақт ўтгач, президент ҳарбий ҳолатни бекор қилишга ваъда берди. Тез орада мамлакат ҳукумати ҳарбий ҳолатни бекор қилишни ёқлади.
Қуролли кучларда тузилган ҳарбий ҳолат қўмондонлиги тугатилди, деб хабар беради ria.ru.