Лоланома

    Ўзбек аёлларининг бетакрор тимсоли, ибратли умр соҳибаси, Ўзбекистон Қаҳрамони Лола Муродовани хотирлар эканмиз, у исми жисмига монанд равишда миллатнинг гули, ўзбекнинг асл лоласи эди.

    Унинг самимий, покиза қалби азим тошлар бағрини ёриб чиққан табиатнинг тенгсиз, бебаҳо асари - ҳақиқий лола гулининг гўзал тимсоли эди.

    Тарих гувоҳки, бу кўҳна Фарғона заминидан не-не буюк аллома ва забардаст арбоблар етишиб чиққан. Замонамиз ва давримизнинг чинакам қаҳрамони, миллатнинг мунис ва шижоаткор аёли Лола Муродова ҳам аждодларимиз аслиятини ифода этиб, айнан шу заминдан майдонга чиқди.

    Бу меҳнаткаш аёл Олтиариқ элининг оддий деҳқон оиласида туғилди ва тақдир бу жасорат соҳибаси зиммасига она заминга меҳр бериш, минглаб хонадонларга ризқ улашишдек улуғвор бир вазифани юклади. Раҳматли Лола опа бу вазифани умрининг поёнига қадар шараф билан адо этди. У Олтиариқда боғлар яратиб, чўлга қадам қўйганида, ҳатто, эр йигитлар ҳам бу қум барҳанлари ичида бир гиёҳнинг униб-ўсишига ишонмаганлари ҳақиқат эди. Вақт ва шароит билан мардонавор курашган Лола опа бу қумликлар аро чинакам мўъжизалар яратди, чўл қумларини серҳосил тупроққа айлантирди. Курашувчанлик, яратувчанлик, шиддаткорлиги билан ҳосилдорлик гектарига 3-4 центнердан ошмайдиган шўр ерларда ҳосилдорликни 35-40 центнерга етказди. “Қишнинг қаҳратонидан, ёзнинг жазирамасидан, табиатнинг ўжарлигидан чўчиган одам фермер бўлмагани яхши”,- деган эди доно аёл.

    Юртга бўлган меҳру муҳаббати билан шу бепоён чўлларнинг гавҳар лоласига айланган Лолахон Муродова ўзидан ана шундай ўчмас из қолдирди. Шу азиз хотираларни ёдга олар эканман, Фарғона давлат университети фахрий профессори Лола опа билан кўп бор кўришиб, дилдан суҳбатлашган пайтларимиз, телефон орқали мулоқотларимиз, опанинг ўктам овози ва самимий сўзлари ҳозиргидай қулоғимда жаранглаб туради.

    Эътироф этиш жоизки, Лола опа Ўзбекистонда фермерлик ҳаракатига кенг йўл очилиши билан 2006-йилда биринчилардан бўлиб “Нурли обод” фермер хўжалигига асос солди. Ернинг ҳақиқий эгаси сифатида юртимизда фермерликни ривожлантириш ва уни янги босқичга кўтаришга катта ҳисса қўшди.

    Ёшлик йилларидан бошлаб деҳқончилик илмини пухта ўрганган Лола Муродова жамоа хўжалигидан тортиб, қишлоқ хўжалигида ишни ташкил этиш, механизациялаш, мелиорация, селекция, хўжалик бошқаруви соҳасида катта тажриба орттирди. Марказий Фарғонанинг чўл-дашт ерларида пахта, бошоқли дон етиштиришда юқори натижаларга эришиб, фермерлик соҳасида ўзига хос маҳорат ва тажриба мактабини яратган Лола Муродова фермер хўжалиги даромадларини ишчиларни рағбатлантириш, техник воситаларни янгилаш, инновацион лойиҳалар учун йўналтирган. Булардан ташқари, у хайрия ишларига ҳам ўзининг муносиб ҳиссасини қўшар эди.

    Ўз фаолиятида доимо янгиликка интилиб, эзгу ташаббуслари билан барча фермерларга, айниқса, ёшларга ибрат бўлиб яшаган Лола Муродова қишлоқ хўжалиги соҳасида илғор агротехнологияларни, бошқарувнинг замонавий усуллари ва самарали воситаларини қўллаш, ер ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, ёш фермерлар авлодини тайёрлашда ўзига хос тажриба мактабини яратди.

    Меҳнат тандирида пишган, серғайрат бу инсон бир пайтлар йигитлар орзусидаги навниҳолгина қиз эди. Истараси қуёшдек иссиқ, нурюзли Лола опа зебу зийнатни даласига берган бўлсада, оқ рўмоли, чит кўйлаги билан ҳам жуда гўзал эди. Лекин унинг муҳаббати бир инсонга бериладиган оддий муҳаббат эмас – Ватан меҳри, она тупроқ севгиси, эл-юртга берилган асл муҳаббат эди.

    Ўрта мактабни битиргач, меҳнат фаолиятини жамоа хўжалигида тракторчиликдан бошлаган бу инноватор аёл техника билан ҳам тез тил топишди, пахта териш машинасида мавсумда 130 тоннагача пахта териб, элнинг назарига тушди, 22 ёшида вилоят кенгаши депутатлигига сайланди ва қайта-қайта халқ ноиби бўлиш насиб этди.

    Пахтачиликдаги муваффақиятли тажрибаси туман бўйича оммалаштирилди. Унинг ҳимматидан кўплаб юртдошлари баҳраманд бўлди, элнинг тўкин, фаровон яшаши учун ўз ғайрат-шижоатидан ризқ-насиба яратди. Шу билан она заминнинг, Ватаннинг суюкли қизига айланди.

    Қувонарлиси, бугун Лола опанинг миллат узра минглаб сафдошлари кўпайди. Лола Муродова ўзининг қирқ йилдан ортиқ давр мобайнида бой тажрибаси, бутун билими ва куч-ғайратини диёримиз ободлиги ҳамда элимиз фаровонлигига сафарбар этгани, шунингдек жонкуяр, камтар ва оқила ўзбек аёли сифатида ёш авлод ва бутун мамлакатимиз хотин-қизлари учун чинакам ўрнак ва намуна бўлиб келгани эса барчамизни шу юрт учун, Ватан учун ўзгаришлар қилишга, ўзликни ислоҳ этишга, фидокорона яшашга ундайди.

    Шукрки, мамлакат узра чарақлаётган Янги Ўзбекистон қуёши халқимиз йўлини, нафақат йўли, юрагини ёритди. Миллатнинг онгида, шуурида оппоқ субҳидамлар ота бошлади. Ушбу тараққиёт тонги шуъласида Лола опа сингари захматкашлар кўксига ҳам шараф шаббодаси тегди. Юртпарвар Президентимиз ғамхўрлиги билан аёллар меҳнати юксак баҳоланди, уларга кенг имкониятлар эшиги очилди.

    Лолахон Муродованинг мамлакатимиз ва халқимиз олдидаги хизматлари муносиб тақдирланди. У “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган қишлоқ хўжалиги ходими” фахрий унвони, “Эл-юрт ҳурмати”, “Фидокорона хизматлари учун” орденлари ҳамда “Ўзбекистон Қаҳрамони” олий унвони билан мукофотланган. Бунданда муносиби эса - Лола опа энг юксак мукофотга – халқнинг абадий муҳаббатига сазовор бўлди.

    Ҳар бир авлод ўз замонаси қаҳрамонини ўзи яратади. Чунки шу давр ҳаёти ичида яшаган, унда ўзи кўриб, ибрат олган инсонларини халқ ҳамиша улуғлаб келади. Лола опа ҳам халқимиз танлаган қаҳрамон - Ўзбекистон Қаҳрамони эди. Биламизки, ушбу олий даражадаги мукофот - Ўзбекистон Республикасининг фуқароларига давлат ва халқ олдидаги қаҳрамонона жасорат кўрсатиш билан боғлиқ хизматлари учун берилади. Лола опанинг шиддати каби чўғдай ёниб турган олий нишон — «Олтин Юлдуз» медали унинг кўксида ярашиб тургани бежиз эмас. Бу аёл миллат қизларига заминни садоқат билан севишни, она ерга берилган меҳр инсонга қайтишини, халқнинг оналарига меҳнатнинг нони энг улуғ ризқ эканлигини ўз ҳаёти билан кўрсата олган чин қаҳрамондир.

    Одамлар қалбига қулоқ тутиш, уларнинг қувончу ташвишларида шерик бўла олиш, ҳаёт синовларидан метин ирода билан ўтишни ўз фаолияти мисолида кўрсата билиш, бу ҳикматни одамийлик илми билан ўргатиш - Лола опага хос бўлган қаҳрамонона фазилатлардан бири бўлди.

    Тўғри, Лола опа ҳозир ёнимизда эмас, бевақт ўлим уни орамиздан олиб кетди. Бироқ, у бизларга бир умрга Ватанга муҳаббат ва садоқат қандай бўлишини, касбга фидойиликнинг ҳақиқий намунасини қолдириб кетди. Ана шундай олижаноб фазилатлари билан ҳамон қалбларимизда яшаётган Лолахон опа бутун халқимиз учун ўзбек аёлининг ҳақиқий тимсолига айланди.

    Бутун ҳаётини эл-юрт равнақига, Фарғонани обод қилишга бағишлаган бу улуғ юртдошимиз хотирасини абадийлаштириш мақсадида Давлатимиз раҳбари вилоятда Лола Муродова номидаги фермерлар мактабини ташкил этиш таклифи билдирилганларида, фарғоналикларнинг дилидаги истакни гўёки тўғридан - тўғри кўриб тургандек бўлди.

    Чунки, вилоят шаънини ўз орияти деб билган, гул умрини далаю дашт чўлларига бахшида этмоқликдан буюк моҳият топа олган беқиёс аёл хотираси бир умр юракларда қолиши барчамиз учун ҳам виждон амрига айланди.

    Мана, эндиликда Лола опанинг ўчмас сиймоси учун Фарғонада абадий тамал тоши қўйилмоқда.

    Ўзбекистон дурдонаси бўлмиш гўзал Фарғонанинг янги маркази - “Янги Ўзбекистон” шаҳарчасида халқимизнинг танти ва фидоий фарзанди, Ўзбекистон Қаҳрамони Лола Муродова хотирасига бағишлаб қишлоқ хўжалигига ихтисослашган касб-ҳунар мактаби очилиши барчамиз учун ҳаяжонли ва тарихий янгилик бўлмоқда. Бу воқелик халқимиз хотирасида ҳақиқий ўзбек деҳқон аёли тимсолини яратган раҳматли Лола Муродованинг чин эҳтироми десак, муболаға бўлмайди.

    Элимизнинг эзгу ниятлари ва яхши умидлар билан барпо этилган бу мактабда эндиликда нафақат Фарғона, балки барча ҳудудларимиздан келган фермерлар билим ва малака оширадилар. Биз келажак авлодни, ҳар бир ўғил-қизларимизни Лола Муродова сингари матонатли, садоқатли, фидоий, ватанпарвар, миллатсевар инсонлар этиб вояга етказсак, унинг руҳи албатта шод бўлади.

    Бу қутлуғ ном олган таълим даргоҳи келгусида нафақат Ўзбекистонга, балки бутун дунёга қишлоқ хўжалигининг энг етук кадрларини етиштириб беришига ишонамиз.

    Умидим, халқимизнинг ҳар бир хонадонида шундай ҳокисор ва меҳнатсевар, юрагида юрт ишқи ёнган Лолахонлар ўсиб-улғайсин!

    Баҳодиржон ШЕРМУҲАММАДОВ,

    Фарғона давлат университети ректори


    No date selected
    июл, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates