Ушбу тадбирда сўзга чиққан тилшунослар, адабиётшунос олимлар мазкур китобларнинг бугунги кундаги ўрни ва аҳамияти ҳақида сўзлаб, луғатлар тилимиз хазинасининг бебаҳо гавҳарлари эканини таъкидлаб ўтишди. Кейинги йилларда тилшуносларимиз луғатлар билан ишлаш бобида салмоқли ютуқларга эришаётгани ҳам алоҳида эътироф этилди.
– “Ўзбек тилининг изоҳли луғати” илк бор лотин алифбосида нашр этилди, – дейди ЎзРФА ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти ректори, филология фанлари доктори, профессор Низомиддин Маҳмудов. – 2020 йилда нашр этилган “Ўзбек тилининг изоҳли луғати” кирилл ёзувида 5 жилддан иборат бўлган бўлса, бу нашр 6 жилддан иборат ва унга 5000 га яқин янги сўз (жами 80 мингдан ортиқ сўз) киритилган. Изоҳли луғат Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбек тилини ривожлантириш жамғармаси, Фанлар академияси ҳамда Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи ҳамкорлигида тайёрланган. Изоҳли луғатнинг дастлабки жилдларини тайёрлашда марҳум олимлар — академик Азим Ҳожиев, академик Тўра Мирзаев, академик Эрнис Бегматов бевосита иштирок этган.
Шу билан бирга Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижод уйида чоп этилган “Ўзбек тили синонимларининг катта изоҳли луғати” 2 жилдлигини тайёрлаш орқали илк марта она тилимизнинг бойлиги ҳисобланган лексик синонимларнинг кенг қамровли лексикографик талқини амалга оширилди.
Луғатдан лексик синонимларнинг лексикографик изоҳлари, синонимик қатордаги сўзларнинг маъно ва нозикликлари, бу маъновий фарқланишларни далилловчи, ижобий-салбий баҳоси ҳамда услубий ўзига хосликларини кўрсатувчи иллюстратив мисоллар ўрин олган. Луғатга фақат мустақил сўзлардан иборат синонимик қаторларгина эмас, балки ёрдамчи сўз туркумлари доирасидаги синонимик қаторлар ҳам киритилган. Ушбу китобларимиз ҳам тилшуносларимиз томонидан юқори баҳоланди.
Мутахассислар Ўзбек тилини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан “Ўзбек халқ сўзлари”, “Ўзбек тилининг катта имло луғати”, “Ўзбек тили фразеологик луғати”, “Ўзбек тили синонимларининг катта изоҳли луғати”, “Ўзбек тилининг ўқув имло луғати”, “Ахборот технологиялари атамаларининг изоҳли луғати”, “Ўзбек халқ паремаларининг синонимик изоҳли луғати” каби китоблар ҳам чоп этилгани бу соҳада ҳали ишлар давом этаётганини таъкидладилар.
Завқиддин НАСИМОВ,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси