Тадбирни Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос агентлиги директори Шахриёр Нуруллоев очиб берди. Шунингдек, тақдимотда Туризм ва маданий мерос вазирининг ўринбосари, ЮНEСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбарияти иштирок этди. Ушбу тадбир Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги, ЮНEСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ва ЮНEСКО ишлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий комиссияси ҳамкорлигида бўлиб ўтди.
Маданий мерос ва ижодий индустрия жаҳон иқтисодиётининг энг жадал ривожланаётган тармоқларидан бири ҳисобланади. Маданият ва ижодга сармоя киритиш шаҳар иқтисодиётини жонлантиришнинг ажойиб усули эканлиги жаҳон тажрибасида исботланган. Бугунги кунда кўплаб шаҳарлар маданий мерос, маданий тадбирлар ва муассасалардан ўзларининг имиджини яхшилаш, шаҳар ривожланишини рағбатлантириш, сайёҳлар ва инвесторларни жалб қилиш учун фойдаланадилар.
Ўзбекистон бой тарихий, маданий ва табиий меросга, ранг-баранг табиатга эга мамлакат сифатида машҳур. Буюк Ипак йўлида жойлашган кўп миллатли жамият сифатида бу ерда асрлар давомида маданият гуллаб-яшнаган. Ўзбекистон ҳукумати маданиятнинг мамлакат барқарор ривожланишига қўшаётган асосий ҳиссасини эътироф этади. Қолаверса, Ўзбекистон учун маданий мерос миллий ўзлик ва ифтихор манбаи бўлиб, уни муҳофаза қилиш ва тарғиб қилиш давлатимиз томонидан эътиборда.
«Маданий мерос ва ижод платформаси»нинг мақсади Ўзбекистонда маданий ва табиий меросни муҳофаза қилиш ва ижодкорликни рағбатлантириш, барқарор туризмни ривожлантиришни таъминлашдан иборат. Бундан ташқари, маданий дастур ва ташаббусларни, жумладан, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Барқарор ривожланиш бўйича ҳамкорлик асосларини қўллаб-қувватлаш ҳамда 2022-2026 йилларда Янги Ўзбекистонни ривожлантириш стратегияси ҳисса қўшишни мақсад қилган.
Платформанинг олдига қўйилган вазифалар сирасига, шунингдек, Ўзбекистонда маданий ва табиий меросни муҳофаза қилишни кучайтириш, маданий ва ижодий соҳаларни ривожлантириш ва барқарор туризмни ривожлантириш ҳам киради.
Маданий мерос ва ижод платформаси бўйича ўтказилган мазкур учрашув давра суҳбати шаклида бўлиб ўтди.
Зуҳра МEЛИБОЕВА,
талаба












