Магнит бўрони ва ультрабинафша нурлар таъсири нима сабабдан кучайиб бормоқда?

    Ультрабинафша нурлар таъсири май ойининг охирларидан бошлаб, то сентябрь ойи бошларигача кучли бўлади. Йилнинг бошқа вақтларида эса зарарли нурлар таъсири деярли сезилмайди.

    Охирги вақтларда магнит бўронларининг кучайиши, қуёшнинг ультрабинафша нурланиш индекси меъёридан ортиши, иссиқлик кучайиб бориб, бу йил ёз мавсумида, ҳатто, аномал даражага етиши ҳақидаги хабарлар интернет тармоғида тез-тез эълон қилинмоқда. Бу ҳодисалар айрим инсонлар саломатлигига жиддий таъсир кўрсатиши боис, мутахассислар томонидан эҳтиёт чоралари борасида тавсиялар ҳам бериляпти. Яъни, олимлар ушбу табиат “инжиқликлари”ни қайтариш ҳозирча имконсизлигини таъкидлагани ҳолда, уларнинг олдини олишга интилиш тўғри ечим эканини айтишмоқда.

    Инсоният кўп асрлик эволюцияси давомида осмон жисмларини ўрганиш, уларни кашф этиш, коинотга чиқиш, ҳатто, бошқа сайёраларда яшаш имкониятларини ўрганишга муваффақ бўлиб келмоқда. Табиийки, сайёрамиз ҳароратининг кўтарилиб бориши, унинг сабаб ва оқибатлари борасида ҳам илмий асослар, ишончли таҳлил ва далиллар борлигига ишонамиз.

    Хўш, биз юқорида таъкидлаган иссиқлик тўлқинларининг ортиб бориши, ультрабинафша нурлар индекси-ю магнит бўронларининг фаоллашиши қанчалик хавфли? Умуман, бу ҳодисалар нима сабабдан сўнгги йилларда кучайиб бормоқда ва юзага келиш омиллари нималардан иборат? Шу каби саволлар билан ЎзР ФА Астрономия институти катта илмий ходими, физика-математика фанлари номзоди Чори ШЕРДАНОВга юзландик.

    — Юқоридаги ҳолатлар бевосита Қуёш билан боғлиқ бўлгани боис, суҳбатимизни айнан ушбу осмон жисмининг табиати ва унинг нурлари билан бошласак ўринли бўлади, назаримда, — дейди мутахассис. — Кўпчиликка яхши маълум, Қуёш бизга энг яқин юлдуз ҳисобланади. Унинг юзасидаги ҳарорат 6000 даражани ташкил этади. Бундай ҳароратда ҳар қандай металл, тош ҳам газга айланади, шу сабабли уни “газ шари” дейиш мумкин.

    Ушбу улкан осмон жисми ўзидан барча тўлқин узунликдаги нурларни тарқатади. Биз кўзга кўринадиган оптик нурларнигина кўрамиз. Лекин уларга ёндош бўлган ультрабинафша нурлар ҳам Ергача етиб келади. Яъни Қуёш одатда ўзидан кўринмас нурли тўлқинларни тарқатади ва унинг катта қисми атмосфера қобиғида тутилиб, қолган қисми Ер сиртига тушади. Бу нурлар призма орқали кузатилганда етти хил рангга ажралишини кўриш мумкин. Масалан, ультрабинафша, инфрақизил нурлар дегандек. Уларни инсон кўзи илғамайди, аммо айнан шу кўринмас нурлар организмга кўпроқ таъсир ўтказади.

    Бу фақат зарарли таъсирлардангина иборат эмас. Гап шундаки, аслида, Қуёш нурлари инсон танаси учун фойдали. У организмга керакли Д витамини ҳосил бўлишига ёрдам беради. Иммунитет тизимини мустаҳкамлаб, зарарли бактерияларни йўқ қилади. Қуёш инсон танасида “бахт” ва “хурсандчилик” гормонлари ишлаб чиқарилишини таъминлайди. Олимларнинг тадқиқотларига кўра, шимолда истиқомат қиладиган аҳолида депрессияга тушиш ҳолати жанубда яшовчиларга қараганда кўпроқ кузатилар экан ва бу Қуёш нури етишмаслиги билан боғлиқ.

    Ультрабинафша нурлар эса Қуёш нурлари спекторининг атиги 5 фоизини ташкил этади. Ва Қуёш ўзидан ушбу нурларни доимий равишда маълум миқдорда тарқатиб туради. Биз зарарли деб ҳисоблайдиган бу нурларнинг фойдали томонлари ҳам бор. У иммун тизими меъёрида ишлашини таъминлайди, тананинг эндокрин тизимини яхшилайди. Аммо ультрабинафша нурларнинг тарқалиш меъёрлари, яъни, охирги вақтларда қайд этилаётганидек, нурланиш индекси ортиб кетса, инсон саломатлигига хавф солиши мумкин.

    Меъёрдаги кўрсаткичнинг ортиши кўпроқ қишдан баҳорга ўтиш вақтида — атмосфера нисбатан тоза бўла бошлаган даврга тўғри келади. Бу вақтда кучсиз ультрабинафша нурларнинг Қуёшдан Ергача етиб келиш эҳтимоли нисбатан юқори бўлади. Ушбу ҳодисанинг соғлом инсонларга таъсири деярли кузатилмайди. Аммо соғлиғида муаммоси бор одамларда турли нохуш ҳолатларнинг кечиши билан сезилиши мумкин.

    Ультрабинафша нурлар таъсири 0 дан 12 баллгача индексда ишлаб чиқилган. Шундан 4–5 баллгача бўлгани инсонга зарарсиз деб топилган. Аммо 8 дан бошлаб 10—12 баллга етиши фавқулодда ҳолат, яъни хавфли, ҳисобланади. Бу зарарли таъсир, айниқса, куннинг маълум вақтида ортишига келсак, ҳодиса Қуёшнинг шу вақтда горизонтдан баландда жойлашиши билан боғлиқ. Яъни қуёш туш пайтида энг юқорига кўтарилган бўлади ва ундан чиқаётган нурлар деярли ютилмасдан Ергача етиб келиш эҳтимоли бор. Шу сабабли, айрим вақтларда соат 11:00 дан 14:00 гача ультрабинафша нурлар таъсири нисбатан кучли бўлади. Бу вақтда имкон қадар кўчага чиқмаслик, зарурат туғилганда эса бош кийим ва бошқа қуёшдан ҳимоя воситаларидан фойдаланиш кифоя.

    — Ультрабинафша нурлар зарарининг ортиши охирги вақтларда кўпайгандек. Бу қандай омиллар билан боғлиқ ва айни ҳолат қанча вақтгача давом этиши мумкин?

    — Юқорида таъкидлаганимдек, аслида, бу жараён доим бўлиб келган. Яъни Қуёш ўзидан ультрабинафша нурларни тарқатар экан, қайсидир вақтда унинг таъсири кучайиб ёки камайиб туриши табиий ҳол. Фақат олдинлари, ёки бунга эътибор берилмаган, ёки статистикаси юритилмаган. Лекин ёзнинг жазирама кунларида кўчада кўп юрмаслик, эҳтиёт чораларини кўришимиз лозимлиги ҳақида азалдан ота-боболаримиз огоҳлантириб келади. Гарчи бунинг сабаблари, илмий асослари ҳақида тушунчалар бўлмаган бўлса-да, Қуёш тиккага кўтарилган вақтда саломатликка таъсир кўрсатишини одамлар доим билган.

    Бугунги кунга келиб замонавий илм-фан имкониятлари ҳар қандай табиат ҳодисасини батафсил ўрганиш ва доимий равишда статистикасини юритиш ҳамда маълумотларни тезкор бериб боришга шароит яратяпти. Шунинг учун бу ҳақида кўп эшитяпмиз.

    Энди бунинг илмий асосларига тўхталадиган бўлсак, ультрабинафша нурлар таъсирининг маълум вақтларда ортиши қисман Қуёш фаоллиги билан боғлиқ. Унинг фаоллиги одатдагидан юқори бўлган вақтда ўзидан жуда катта энергияли зарядланган зарралар сочади. Бу зарралар эса ультрабинафша нурларнинг кучайишига ҳам олиб келиши мумкин.

    Статистик маълумотларнинг кўрсатишича, ультрабинафша нурлар таъсири май ойининг охирларидан бошлаб, то сентябрь ойи бошларигача кучли бўлади. Йилнинг бошқа вақтларида эса зарарли нурлар таъсири деярли сезилмайди. Чунки бошқа вақтда булутли кунлар кўп бўлади. Қолаверса, бу вақтда ҳаво қатламида ортадиган чанг зарралари ультрабинафша нурларини ўтказиб юбормайди ёки уларни зарарсизлантира олади. Яна бир сабаби, қиш ойларида қуёш горизонтдан анча паст бўлади. Аммо экологик ҳолатнинг ёмонлашиб бориши бу ҳолатни ўзгартириши мумкин. Агар шундай қўшимча таъсирлар бўлмаса, ультрабинафша нурларнинг тарқалиши ҳар йили деярли бир хил кечади, фақат ёз ойларида кўпроқ, қишда эса аксинча бўлишини кузатиш мумкин.

    — Бу йил аномал иссиқ кузатилади, деган тахминлар қанчалик асосли?

    — Буни одатда гидрометеорология мутахассислари прогноз қилади. Аммо хулосалар турли омилларга боғлиқ бўлгани боис, ўз йўналишимдан келиб чиқиб Қуёш фаоллигига боғлиқ жиҳатлар асосида тахминларни айтишим мумкин.

    Гап шундаки, ушбу осмон жисми ўзининг табиатига кўра, 11 йиллик цикли давомида турли фаолликда бўлади. Ҳодиса Қуёшдаги доғларнинг кўпайиб-камайиб туриши билан параллел тарзда кечади. Доғларнинг кўп кузатиладиган даврини Қуёш фаоллигининг максимуми, доғлар сони кам ёки йўқ бўлган давр эса фаолликнинг минимуми, деб аталади. 2019 йил охирида Қуёш фаоллигининг 24-цикли тугаб, янги — 25 цикли бошланган ва у тўрт ёки беш йилда максимумга эришади. Демак, ҳозирда фаоллик кўтарилмоқда, бу Қуёшда чақнашлар кўп содир бўлади, дегани.

    Қуёш фаоллиги юқори вақтда атмосфера ҳарорати юқори, фаоллик минимум пайтларда эса ҳарорат паст бўларкан. Маълумотларда келтирилишича, Қуёшда умуман доғ бўлмаган вақтларда ҳарорат пасайиб, музлик даврлар кузатилган. Ҳарорат ўзгариши шу тарзда алмашиниб туради.

    Агар ҳаво ҳарорати чиндан Қуёш фаоллиги билан боғлиқ бўлса, бу йил ҳам сайёрамизда анча иссиқ ҳарорат кузатилиши эҳтимоли бор. Чунки ҳозирги вақтда Қуёш фаоллиги ўзининг юқори нуқтасига етган. Бу ҳолат бир неча йил сақланиб туриши мумкин. 25-цикл тахминан 7–8 йилдан кейин минимум ҳолатга тушади ва ҳаво ҳарорати нисбатан пасаяди.

    Аммо ҳароратнинг ортиб бораётгани глобал исишга ҳам боғлиқ эканини ҳисобга олсак, юқоридаги ҳолатнинг бузилиш эҳтимоли мавжуд. Яъни, Ердаги ҳарорат қисман инсон фаолияти билан боғлиқ. Авваллари бу жуда кам фоизни ташкил этган, аммо борган сари ушбу кўрсаткич кучайиб бормоқда. Масалан, ўрмонларнинг ўзлаштирилиши, дарахтларнинг кесилиши, космик аппаратларнинг учирилиши кабилар ҳам Ердаги ҳароратнинг исиб боришига олиб келяпти.

    Олимлар иссиқлик тўлқинларининг сабабларидан бири глобал исиш билан боғлиқлигига доир ишончли далиллар эълон қилиб бормоқда. Завод ва автомобиллардан чиқаётган заҳарли тутунлар Ер атмосферасининг маълум бир қатламида тўпланиб, иссиқхона эффектини келтириб чиқаради, натижада ҳарорат кўтарилишига олиб келади. Афсуски, Ер юзидаги ҳаво ҳарорати инсон омили ва саноат иссиқхона газларининг таъсирида ортиб бораётгани ҳамда жиддий оқибатларни юзага келтираётгани шунчаки ваҳимали гаплар эмас. Биргина мисол, бугунги кунда атмосферага чиқарилаётган заҳарли газлар кўрсаткичи саноат инқилобидан олдинги даврга нисбатан 43 фоизга ошган. Бунинг таъсирида Ернинг ўртача ҳарорати ошишда давом этяпти. Агар зарарли газлар тарқалиши тўхтамаса, олимлар сайёрамиз ўртача ҳарорати 4 даражага ошишини тахмин қилмоқда. Бу эса қуруқликнинг катта қисмини инсон ҳаёти учун яроқсиз ҳолга келтириб қўйиши мумкин.

    Дунё мамлакатлари бунга қарши бирлашаётгани, табиат яшиллиги ва атмосфера софлигини сақлаб қолишга интилаётгани боиси ҳам шунда. Ўзбекистон сўнгги йилларда бу борада фаол давлатлар қаторига қўшилди. Мамлакатимиз “яшил ривожланиш” йўлида аниқ ҳаракатларни амалга ошириб, жаҳон майдонида ўз таклиф ва ташаббусларини илгари суряпти. Шу йилнинг 2 июнь куни Қирғиз Республикасининг Чўлпонота шаҳрида бўлиб ўтган “Марказий Осиё — Европа Иттифоқи” саммитида ҳам Ўзбекистон томони илгари сурган 7 та таклиф орасида иқлим соҳасидаги хатарларга қарши курашиш масаласининг ҳам борлиги бунинг яққол исботи.

    — Суҳбатимизни “магнит бўронлари” мавзуси билан давом эттирсак. Охирги вақтларда унинг кучайиши билан боғлиқ хабарлар шу қадар кўп эълон қилиняптики, гўё ҳар куни магнит бўрони таъсирида юргандекмиз. Ҳатто, саломатлигимиздаги кичик ўзгаришларни ҳам ушбу ҳодисага боғлайдиган бўлиб қолдик.

    — Бу ҳам Қуёш фаоллигининг ортиши билан боғлиқ. Бу жараён сайёрамиз юзида бир вақтда кузатилади ва буни кўпчилик ҳис қилади. Магнит бўрони ҳодисаси Қуёш чақнашлари туфайли юзага келади. Чақнашлар қанча кўп бўлса, магнит бўрони шунча кўп кузатилади. Гап шундаки, Ер космик жисмлар, айниқса, Қуёшдан келаётган нурланиш (радиация)дан бизни ҳимояловчи магнит майдонига эга. Қуёшда эса вақти-вақти билан масса отилишлари, чақнашлар, зарб тўлқинлари каби ҳодисалар содир бўлиб туради. Бу ҳодисалар Қуёшдан ҳамма ёққа сочилиб кетувчи юқори энергияли элементар зарралар пайдо бўлишига олиб келади. Зарралар ҳаракати йўналишида Ер турган бўлса, улар албатта, магнитосферага тушади. Мабодо зарб тўлқинлари ёки Қуёш шамоли кўринишидаги зарралар оқими магнитосфера билан тўқнашса, Ер магнит майдони ғалаёнланиб, тебрана бошлайди, яъни нормал ҳолатдан четга чиқади. Бундай жараён “магнит бўронлари”, деб аталади. Одатда бу ҳодиса бир неча дақиқадан бир неча кунгача давом этиши мумкин.

    Охирги вақтларда қулоққа кўп чалинаётган “магнит бўрони” атамаси азалдан мавжуд. У илк бор XIX аср бошида немис олими Александр фон Гумбольд томонидан қўлланилган. Олимнинг ташаббуси билан XIX асрнинг 30 йилларида магнит майдонни ўлчаш учун обсерваториялар тармоғи барпо этилди. Кейинчалик олимлар томонидан магнит бўронларини келтириб чиқарувчи Қуёшдан келаётган электрон ва ионлар, геомагнит майдон билан таъсирлашувчи Қуёш плазмаси ўрганилди. 1961 йилда АҚШлик астрофизик Паркер томонидан Қуёш шамоли кашф этилиши магнит бўронларини ҳозирги замон даражасида тушунишга олиб келди.

    Демак, Қуёшдаги доғлар портлаши таъсирида пайдо бўладиган зарядланган зарралар Ерга етиб келиб, магнит майдонини тўлқинлантиради. Аммо чақнашларда пайдо бўладиган зарядланган зарраларнинг ҳаммаси ҳам сайёрамизга етиб келавермайди. Бунинг учун доғ Қуёшнинг ғарб томонига ўтиши ва Қуёшдан чиқаётган куч чизиқлари йўлида Ер турган бўлиши керак.

    Магнит бўронлари вақтида Ер атмосфераси қизийди ва унинг босими ўзгаради, бу ҳол, шифокорларнинг таъкидлашича, инсон саломатлигига таъсир этиши мумкин. Одатда, соғлом инсонлар буни деярли сезмайди. Аммо сурункали касалликлари бор одамларга ҳодиса ўз таъсирини ўтказади. Статистик маълумотларнинг кўрсатишича, магнит бўронлари пайтида юрак-қон томир касалликлари бор одамларнинг соғлиғи ёмонлашиши натижасида тез ёрдамга одатдагидан 20 фоиз кўп чақирувлар бўлар экан. Афсуски, ҳозирча дунёда магнит бўронларини қайтариш имкониятлари мавжуд эмас. Шу боис, бундай вақтда инсон ўзини ҳимоялаши ва шифокор тавсияларига риоя этиши энг мақбул йўлдир.

    — Магнит бўронларининг кузатилиш тезлиги ва давом этиш оралиғи бундан кейин қандай кечади? Бу борадаги прогнозлар нималарни кўрсатмоқда?

    — Магнит бўронларининг юзага келиши Қуёш фаоллиги билан боғлиқ экан, яқин 1–2 йилда ушбу ҳодисанинг тез-тез кузатилиши эҳтимоли юқори. Чунки Қуёш активлиги максимумга қараб кетмоқда ва бу осмон жисмидаги чақнашлар ошиб боришидан далолат. Фаолликнинг кучайиши қайси вақтда содир бўлишини аниқ айтиб бўлмайди. Аммо магнит бўронларини прогноз қилиш мумкин. Бунинг учун Ер яқинидаги космик фазо ва атмосферанинг юқори қатламларида содир бўлувчи табиий ҳодисалар ўрганилади. Жараёнда Қуёш ва космик жисмларнинг сунъий йўлдош телескоплари ёрдамида олинган кузатув маълумотларидан фойдаланилади.

    Геомагнит прогнозлари одатда қисқа ва узоқ муддатли даврни ўз ичига олади. Қисқа давр бир сутка ёки бир неча соатни қамраб олиб, бунда прогнозлар анча аниқ бўлади. Узоқ даврга мўлжалланган 27 суткалик прогнозлар эса тахминий маълумотларга асосланади. Сабаби, бу вақт ичида Қуёшда бўлаётган жараёнлар ва Ерга томон келаётган зарралар оқимининг йўналиши ўзгариб кетиши мумкин.

    Магнит бўронларининг таъсири асосан 2 хил индекс асосида ўлчанади. Улардан бири Кр индекс бўлиб, у 0 дан 9 гача бўлган кўрсаткичга эга. Бу кўрсаткич Ер магнит майдонининг уч соат давомида нормал ҳолатдан четланишини ифодалайди. Четланиш 2 марта ортганда, махсус индекс бир бирликка ортади. Индекс қиймати 3 дан кам бўлган ҳолда Ер магнитосфераси сокин ҳисобланади. Бунда соғлом инсонлар унинг таъсирини сезмайди ҳам. Индекс 3—5 баллга етганда магнитосфера ғалаёнланган дейилади. У мана шу кўрсаткичдан бошлаб инсонлар учун хавфли ҳисобланади ва индекс юқорилагани сари таъсири кучайиб боради. Индекснинг 5 дан юқори кўрсаткичи магнит бўронлари рўй бераётганини кўрсатади. Сурункали касаллиги бор инсонлар буни яхшигина сезади. Бордию, махсус индекс 9 баллга чиқса, у ҳолда, магнит бўрони, ҳатто, электр тармоқларини ҳам ишдан чиқариши мумкин.

    Яна бир жиҳат, кўпчилик инсонлар магнит бўронлари кучайишини йил фасллари билан боғлайди. Аммо, ундай эмас. Магнит бўронлари Қуёш фаоллиги билан боғлиқ ва бу осмон жисми қачон фаоллашса, Ернинг магнит майдони босими ошаверади. Фаоллик минимум даражага тушгани сари, магнит бўронлари ҳам камайиб бораверади.

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    Ирода ТОШМАТОВА суҳбатлашди