Тараққиёт маҳалладан бошланади

    Қачонки одамларда меҳнатсеварлик, интилиш ва иштиёқ бўлса

    Яхши яшашни ҳамма истайди. Бунга эса теран фикр, астойдил меҳнат ва режали амал билан эришилади. Одамлари бой мамлакат қудратли бўлади. Юритилаётган сиёсатимизнинг мақсади ҳам фуқароларни камбағалликдан чиқариш, рўзғорини обод қилиш, бир сўз билан айтганда, ҳаммани рози қилиш.

    Бу ҳақда кўп ва хўб гапирилаётгани бежиз эмас. Ўтган йиллар давомида бу борада бир қанча меъёрий ҳужжатлар қабул қилинди, илғор тажрибалар оммалаштирилди. Кимки нимани таклиф қилаётган бўлса, аввало, халқни ўйлаяпти, юртнинг эртаси учун қайғуряпти.

    Президентимизнинг 2024 йил 23 сентябрдаги “Камбағалликни қисқартириш ва аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш борасидаги чора-тадбирларни янги босқичга олиб чиқиш тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, бу борада амалга оширилиши лозим бўлган муҳим вазифалар кўрсатилди, дастур ишлаб чиқилиб, масъуллар белгиланди.

    Фармон асосида “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастурини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар режаси тасдиқланди. Дастур “Камбағал оила­лар учун еттита имконият ва масъулият” тамойили асосида амалга оширилиши қайд этилди. Бу нима дегани? Содда қилиб айтганда, тадбиркорлар билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик ўрнатилди, 2024-2025 йилларда камбағал оилалар фарзандларини хорижий тилларга, касб-ҳунарга ёки мутахассисликка ўқитиш учун шароит яратилди.

    Кафолатланган давлат тиббий хизмати, ижтимоий хизматлардан фойдаланиш имкониятлари оширилди. Камбағал оилаларнинг яшаш шароити яхшиланмоқда. Давлат томонидан маҳаллалар инфратузилмаси ривожлантириляпти. Бундан ташқари, давлат органлари ва раҳбарлар камбағал оилаларга, қолоқ маҳаллаларга бириктирилди.

    Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги Қашқадарё вилоятининг Муборак туманидаги Пахтакор, Сардоба, Яшнобод ва Қорақум маҳаллаларини ижтимоий-иқтисодий ривож­лантириш учун масъул этиб белгиланди.

    Илғор тажрибалар оммалашади

    Дастлаб Косон туманидаги Эсабой маҳалласининг сабзавотчиликдаги илғор тажрибаси ўрганилди. Одамлар билан мулоқотлар ўтказилди. Томорқачиликни ривожлантириш бў­йича ўзаро фикр алмашилди. Сўнгра Пахтакор, Сардоба, Яшнобод ва Қорақум маҳаллаларидаги ҳолат билан яқиндан танишилди. Хўш, нега айнан Эсабой дерсиз? Гап шундаки, эсабойлик­лар сабзи ва шолғом етиштиришнинг ҳадисини олган. Томорқадан унумли фойдаланиб, яхшигина даромад кўряпти. Маҳаллада “Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгилаб берилган янги тизим асосида аҳолининг томорқа ва ижара ерларидан самарали фойдаланиш орқали даромадларини ошириш чора-тадбирлари” мавзусида республика кўргазмали семинари бўлиб ўтди. Натижада республикада “Эсабой тажрибаси” деган атама тилга тушди. Шунинг учун илк тадбирларимиз, саъй-ҳаракатларимиз айнан шу маҳалла билан боғлиқ. Вазирлик масъуллари ва вилоятдаги олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари маҳаллада бўлиб, фуқаролар йиғини раиси билан, деҳқонлар билан мулоқот қилди, тажрибаларни ўрганди.

    Эсабой тажрибасини Муборак тумани маҳаллаларига тўғридан тўғри кўчириб бўлмайди. Дастлаб тупроқнинг мелиоратив ҳолатини таҳлил қилиш, шунга қараб бу ҳудудда экиладиган экинлар бўйича илмий хулосалар бериш лозим. Вилоятдаги олимларнинг дастур ижросига қаратилган ишларга жалб этилгани ҳам шундан.

    Эсабойликлардан меҳнатсеварликни, ерга муҳаббатни, тадбиркорликни ўрганиш керак. Одамлар билан суҳбатлашганимизда, ҳазил-чин қилиб: “Бизда томорқасини ­эътиборсиз ташлаб қўйган, ҳовлисига бирор нарса экмаган одам тўй-маъракаларга айтилмайди”, дейишди. Очиғи, бу гап менга жуда ёқди. Бугун Эсабойни Эсабой қилган, юртга танитган ҳам ана шу қадриятлар, меҳнаткаш инсонлар эканига амин бўлдим. Ўзим учун бундай хулоса олдим: “Камбағалликни қисқартиришга бел боғлаган эканмиз, биринчи навбатда, одамлар дунёқарашини, ерга муносабатини ўзгартиришимиз, эртанги кунга ишончини оширишимиз керак”.

    Режа бор, мақсад аниқ

    “Режасиз иш — келтирар ташвиш”, деган гап бор. Шу боис, ишимиз режа тузишдан бошланди. Аввало, вилоятдаги олий таълим муассасаларининг вазифалари белгилаб олинди. Аҳолининг бандлиги, ишсизлар сони, ҳудудлар муаммолари ўрганилди. “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимига киритилган фуқаролар учун семинар-тренинглар ташкил этилди. Мулоқотлар давомида томорқа мадания­тини шакллантириш, ердан унумли фойдаланиш бўйича тушунчалар берилди.

    Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда Муборак тумани ҳокимлиги томонидан туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва камбағалликни қисқартириш бўйича чора-тадбирлар режаси имзоланди.

    Режада “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури ижросини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш ва ишсизлар сонини камайтириш бўйича илмий асосланган таклифлар ишлаб чиқиш, томорқа маданиятини юксалтириш белгиланди. Маҳаллаларнинг иқлим ва тупроқ хусусиятларини ўрганган ҳолда “Бир маҳалла — бир маҳсулот” тамойилини йўлга қўйишга доир асосли таклифлар бериш қайд этилди. Муборак тумани мисолида мавжуд ижтимоий-иқтисодий муаммолар ечими бўйича ишларга вилоятдаги олимларнинг илмий салоҳиятини йўналтириш режалаштирилди. Шу боис, Қашқадарёдаги давлат ва нодавлат олий таълим муассасалари бу ишларга жалб этилди.

    Олимлар дастлабки илмий хулосаларини айтди. Биринчи навбатда, Муборак тумани тупроғи шўрхок эканидан келиб чиқиб, профессор-ўқитувчилар шўрни ювиш ва шундай тупроқда етиштириладиган экинлар, уларни парваришлаш, касалликларга қарши курашиш бўйича аҳолига кенг тушунча берди. Кўплаб илмий ишланмалар маҳаллаларда жорий қилинди.

    Ишсиз аёллар учун тадбиркорлик бўйича семинарлар, маҳорат дарслари ўтказилди. Бу ўқув машғулотларига ҳар бир маҳалладан ўнлаб хотин-қизлар жалб этилди. Хорижий тилларни ўргатиш, олий таълим муассасаларига тайёрлов курслари ҳам ташкил қилинди. Бундан ташқари, Қарши давлат техника университети томонидан Қорақум маҳалласидаги 6-умумий ўрта таълим мактабида компьютер синфи очилиб, жиҳозлаб берилди. Аҳоли хонадонларида намунали сувтежамкор суғориш технологиялари ўрнатилди

    Вазирлик ва Муборак тумани ҳокимлиги томонидан туман марказида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида “Зиёлилар боғи” ташкил этилди.

    “Яшил хонадон”, “ақлли” технология ва илмий таклифлар

    Қорақум маҳалласида яшовчи Азамат Жумаев хонадонига Қарши давлат техника университети тадқиқотчилари томонидан айнан шу хонадоннинг минимал эҳтиёжидан келиб чиқиб, 1,2 киловатт қувватли қуёш панеллари ва унга мос равишда энергия йиғувчи аккумулятор, 200 литр сиғимли қуёш сув иситкичи (гелиоколлектор) ва 6 дона тунги қуёш ёриткичи ўрнатилди.

    Тадқиқотчиларнинг бу оилани танлагани бежиз эмас. Азамат Жумаев 2014 йилдан буён иккинчи гуруҳ ногирони, маълумоти олий. Оилада 4 киши бор. Катта ўғли — Тошкент ахборот технологиялари университети талабаси. Иккинчи ўғли — мактаб ўқувчиси. Оилада доимий иш билан банд бўлганлар йўқ. Яна бир жиҳати, хонадон соҳиби муқобил энергия манбалари бў­йича яхши тушунчага эга. Демак, унинг афзаллик­ларини маҳалладошларига тушунтира олади ва тарғиб ҳам қилади. Хуллас, мазкур оила хўжалиги мисолида “Яшил хонадон” лойиҳаси амалга оширилди.

    Ҳисоб-китобларга кўра, энди бу хонадон электр энергиясининг ўзидан 2 миллион сўмгача даромад қилади. Гелиоколлектор электр сув қиздириш қурилмаси, масалан, “аристон”га нисбатан йилига 8000-10000 киловатт-соат электр энергиясини тежайди, натижада камида 8-10 миллион сўм атрофида йиллик фойда олиш имконини беради.

    Шу маҳалладаги Шавкат Қулбоев хонадонида ясси қуёш сув иситиш қурилмаси ўрнатилди. Қарши давлат техника университети энергетика муҳандислиги факультети олимлари томонидан яратилган ушбу қурилма қуёш энергияси ёрдамида бир кеча-кундузда 100 литргача сувни 60 даражадан юқори ҳароратда қиздиради. Доимий равишда иссиқ сув билан таъминлаш имконини беради. Хонадонда иссиқ сув учун сарфланадиган табиий газ ва электр энергияси тежалади. Натижада оила харажатларидан бир йилда 7-8 миллион сўм иқтисод қилинади.

    Мазкур қурилма воситасида Қарши давлат техника университетининг 2 нафар ёш олими — Ислом Шоймардонов ва Соҳиба ­Шомуродова профессор Ғулом Узоқов бошчилигида илмий тадқиқот ишларини олиб бормоқда.

    Бундан ташқари, мазкур университет томонидан Яшнобод маҳалласида яшовчи Элдор Элмановнинг хонадонига универсал қуёш қурилмаси ўрнатиб берилди. Бу қурилма бир вақтнинг ўзида инкубатор, қуриткич, сув иситкич ва электр билан таъминлаш вазифасини бажаради. Бир киши ишли бўлди.

    Мустақил тадқиқотчи Озод Йўллиев Яшнобод маҳалласидаги Сайдулла бобо Элманов хонадонида ўрнатилган томорқа учун биогумус ва биогаз ишлаб чиқарадиган қурилма асосида илмий изланишлар олиб бормоқда.

    Мутахассис фикрича, биогумусдан томорқада фойдаланиш натижасида ер унумдорлиги 50 фоиз ортади. Полиз экинлари ҳосилдорлиги биринчи йилда 30-40 фоиз ошади. Хонадон эҳтиёжидан ортган биогумусни сотиш орқали ойига 5 миллион сўмгача фойда олиш мумкин.

    Қарши давлат техника университети профессор-ўқитувчилари томонидан Яшнобод ва Қорақум маҳаллалари тупроқларидан намуналар олиниб, таҳлил қилинди. Шўрланиш юқори бўлган ҳудудларда ширинмия, қизилмия, лавлаги, ошқовоқ, бақлажон, карам каби экинларни экиш бўйича тавсия­лар берилди.

    Муаммоларга ечим излаб...

    Муборак туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва камбағалликни қисқартириш юзасидан чора-тадбирлар режасига асосан, Қорақум маҳалласида

    7 та, Яшнобод маҳалласида 8 та, Сардоба маҳалласида 5 та, Пахтакор маҳалласида 7 та артезиан қудуғи қазиш режалаштирилган. Олимларимиз бу қудуқлардан чиққан сув таркибини лаборатория шароитида таҳлил, уни чучуклаштириш босқичлари бўйича сарф-харажатларни эса ҳисоб-китоб қилишди. Агар бу лойи­ҳалар тўлиқ ишга туширилса, қолоқ маҳаллаларда оқова сув билан боғлиқ асосий муаммолар ҳал этилади.

    Вазирликнинг 500 миллион сўмлик молиявий кўмаги асосида 5 та артезиан қудуғи насоси учун қуёш фотоэлектр станциялари ўрнатиб берилди.

    Муборак туманидаги хайрли ишлар одамларнинг мушкулини осон қилиши билан бирга, дунёқараши ўзгаришига ҳам хизмат қилиши керак. Қайси бир хонадонга ёрдам кўрсатган бўлсак, бошқалар унинг самарасини ўз кўзи билан кўриб, оиласида жорий қилсин, рўзғори обод бўлсин деган мақсадни илгари сурамиз. Олий таълим муассасаларининг асосий вазифаси муаммоларга илмий ечим бериш, таклиф киритиш, янги режаларни ишлаб чиқишдан иборат.

    Бундан кейин олий таълим муассасаларининг ёш олимлари ва магистрантларнинг илмий тадқиқот ишлари мавзуси тумандаги қолоқ маҳаллалар муаммолари асосида ҳам шакллантирилади. Тажрибалар ўтказилади, илмий хулосалар ва амалий таклифлар берилади. Бу ҳам “Камбағалликдан фаровонлик сари” умуммиллий ҳаракатини ҳаётга татбиқ этишда муҳим ўрин тутади.

    Тил — келажак йўлини ёритувчи калит

    Бугунги глобаллашув даврида тил ўрганиш нафақат мулоқот воситаси, балки шахсий ва профессионал ривожланишнинг муҳим омилларидан биридир. Хорижий тилларни билиш ёшларга янги билимларни эгаллаш, халқаро таълим ва иш имкониятларини кенгайтириш, турли маданиятларни тушуниш ҳамда дунё­қарашни бойитиш имконини беради. Шу мақсадда Қарши давлат университетининг немис тили ва адабиёти кафедраси томонидан ­Муборак ­тумани Абу Али ибн Сино номидаги жамоат саломатлиги техникумида 2024 йил февралидан бош­лаб немис тили курслари ташкил қилинди. Курсга маҳалладаги ишсиз ёшлар ва техникум ўқувчилари жалб этилган бўлиб, ҳозир 50 га яқин ёш тил ўрганмоқда. В1 даражаси сертификатига лойиқ кўрилган талабалар мус­тақил равишда ҳужжат топшириш жараёнини давом эттирмоқда.

    Шунингдек, Қорақум ва Пахтакор маҳаллаларида жойлашган мактабларда инглиз, рус, немис ва компьютер курслари университетнинг малакали профессор-ўқитувчилари томонидан бепул ташкил этилди. Ушбу курсларда маҳалладаги ишсизлар ва мактаб ўқувчилари хорижда ишлаш ёки таълим олиш учун зарур тилларни ўрганиш имкониятига эга бўлмоқда.

    Чўлда ўсимлик ўсадими?

    Қарши давлат университети география ва агрономия факультети профессор-ўқитувчилари Муборак туманидаги тўртта маҳалла фаол­лари билан учрашувлар ўтказди. Учрашувларда тупроқ таркибини яхшилаш, ҳосилдор ўсимлик турларини танлаш ҳамда дарахтлар ва бошқа экинларни парвариш қилиш бўйича илмий асос­ланган тавсиялар берилди. ­Сардоба ва Пахтакор маҳаллаларида бодринг, булғор қалампири ва помидор экиш ҳамда дорилаш бўйича илғор технологиялар оммалаштирилди. Тадқиқот натижалари кўрсатдики, маҳалладаги 20 та иссиқхонадан фойдаланиш кўрсаткичи нолга тенг. Жумладан, Сардоба маҳалласидаги 10 та иссиқхона икки йил олдин кредит ҳисобига қурилган бўлса-да, ҳозир ишлатилмайди. Тупроқ ва сув намуналари таҳлилига кўра, артезиан сувининг тузланиш даражаси белгиланган меъёрлардан паст экани аниқланган. Қарши давлат университети профессорлари Сардоба маҳалласидаги икки сотих майдонли иссиқхонада инновацион усуллар ёрдамида картошка ва помидор экиб, маҳсулот етиштиришни апрель ойида бошлаганига қарамай, май ойида бод­ринг, июнь ойида помидор ва картошка пишиб етилди. Маҳалланинг асосий кўчасида жойлашган мазкур иссиқхонада етиштирилган ҳосилни барча маҳалладошлар ўз кўзлари билан кўриши, “бу ерда бодринг ва помидордан ҳосил олиб бўлмайди”, деган қараш нотўғри эканини университет профессорлари исботлаб берди, десак муболаға бўлмайди.

    Ҳар бир инсон малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқига эга

    Қарши давлат университети тиббиёт факультети профессор-ўқитувчилари томонидан Пахтакор маҳалласида жойлашган 23-оилавий поликлиникада 40 ёшдан ошган аҳоли орасида кенг кўламли тиббий кўрик ўтказилди. Маҳаллада жами 4538 киши истиқомат қилади, уларнинг 58 нафари ногирон, шу жумладан, 17 нафари болалар. Сурункали касалликлари ва ногиронлиги бор беморларнинг уйма-уй кўриклари ўтказилиб, соғлиғи ўрганилди, тавсиялар берилди. Маҳалла Муборак газни қайта ишлаш заводига яқин жойлашгани сабабли чиқиндиларнинг аҳоли соғлиғига салбий таъсири мониторинг қилинди.

    Сардоба маҳалласи аҳолиси ҳам тиббий кўрикдан ўтказилди. Бу ҳудудда 2773 киши истиқомат қилади, шулардан 850 нафари бола, 10 нафари ногирон бола ҳисобланади. Кўрик натижалари юқори қон босими (70-80 фоиз), тери аллергик касалликлари (3-4 фоиз) ва бошқа сурункали касалликлар ўртача меъёрдан юқори эканини кўрсатди. Бўқоқ, қандли диабет ва туғма нуқсонлар ҳам кенг тарқалгани қайд этилди.

    Иккинчи гуруҳдаги фуқароларга соғлом турмуш тарзи бўйича илмий тушунтиришлар берилиб, уларнинг соғлом гуруҳга ўтиши мақсад қилинди. Учинчи гуруҳ беморлари мутахассислар томонидан доимий назоратга олиниб, зарур бўлса, шифохоналарга йўлланма берилади. Физиология кафедраси томонидан туман маҳаллаларида соғлом овқатланиш, жисмоний фаоллик ва турмуш тарзига оид семинарлар ўтказилиб, илмий-педагогик тавсиялар маҳалла фаоллари орасида тарқатилди.

    Муборак туманидаги ишлар қуйидаги хулосага келишимизга сабаб бўлди — биз, олимлар ўз режаларимиз, ғояларимиз билан бўлиб, одамлардан анча узоқлашиб қолган эканмиз. Аслида, мақсадимиз уларнинг муаммоларига илмий ечим бериш, мушкулини осон қилиш эмасми?! Президентимиз томонидан илгари сурилган ташаббуслар, “Камбағалликдан фаровонлик сари” умуммиллий ҳаракати бизни халққа яқинлаштирди. Энди магистрантларимиз, ёш олимларимизнинг илмий тадқиқот ишлари мавзулари маҳаллалардаги муаммолар ва уларнинг ечимига қаратилади. Илмий изланишлар натижалари қишлоқларда жорий қилинади. Муборакда бу борада дастлабки қадамлар ташланди.

    Отабек МАҲКАМОВ,

    Ўзбекистон Республикаси

    олий таълим, фан ва инновациялар

    вазири ўринбосари


    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates