Маҳаллада ким нима билан шуғулланиши янада аниқлашди

    Маҳалла дунёда муқобили йўқ, фақатгина миллатимизга хос бўлган ўзини ўзи бошқариш маскани.

    Унинг қувончи, ташвиши, ютуғи-ю, камчилиги ана шу ерда яшаётган одамларники. Шу жиҳатдан олганда, Президентимиз раислигида маҳаллабай ишлаш тизимини янада кучайтириш чора-тадбирлари муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилишида кўтарилган масалалар барчамизга боғлиқ, десак муболаға эмас. Чунки ҳаммамиз маҳаллаларда яшаймиз.

    Аслида, мамлакатимизда азалдан маҳаллаларга қадриятлар, анъаналар манзили, тарбия маскани сифатида қаралади ва унинг ривожланиши, обод бўлиши учун катта эътибор қаратилади. Ана шу қараш, айтиш жоизки, амалий натижалари билан кейинги йилларда янада яққол кўзга ташланмоқда. Бунда тизимни янада ривожлантириш, маҳаллаларнинг фуқароларга чинакам кўмакчи тузилма сифатида шакллантиришнинг қонунчилик базаси янада такомиллаштирилаётгани қўл келмоқда. Айниқса, давлат органларининг натижадорлик даражаси ва уларнинг фаолияти маҳаллада акс этсагина ижобий, деб топилишини англатувчи “маҳаллабай” ишлаш усули кундалик эҳтиёжга айланди. Натижада турли вазирлик ва идоралар билан маҳаллалар ўртасида алоқа, у ерда истиқомат қилаётган одамлар билан ўзаро муносабат ўрнатилди.

    Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан давлат идора ва ташкилотларига ҳудудлар кесимида “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ҳамда “Ёшлар дафтари”га киритилган яшаш шароити оғир фуқаролар бириктирилиши хонадонбай ўрганиш, сайёр қабуллар ташкил этиш орқали муайян ишларни амалга ошириши имконини берди. Барча даражадаги раҳбарларга ўз соҳаси бўйича маҳаллалардаги ҳолатни ўрганиш, “ўсиш нуқталари”ни аниқлаб, уларни ривожлантириш масаласи биринчи галдаги вазифаси сифатида белгилаб берилди.

    Фикримни бевосита ўзим маъсул бўлган Тошкент шаҳрининг 4-сектори мисолида давом эттирадиган бўлсам, айни пайтда ҳудуддаги 156,6 минг хонадонда 683,3 минг киши яшайди. Ушбу йўналишдаги ишларга киришиш чоғида биз уларни хатлов орқали 3 тоифага ажратиб олдик. Биринчи тоифага оилавий даромади кам, ишсиз аъзолари бўлган, ўз ишини бошлашга қизиқиши катта, шунингдек, даромад топиш, касб ўрганишга ҳаракат қилаётганлар киритилди. Доимий даромадга эга, қўшимча даромад топиш истаги бор, ногиронлиги бўлган ва касал аъзолари бўлган, боқувчисини йўқотган ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтожлар иккинчи, иқтисодий аҳволи яхши хонадонлар эса учинчи тоифа сифатида белгилаб олинди.

    Пировардида, ишлаш истагини билдирган 1 минг 448 юртдошимизнинг бандлиги тадбиркорлик субъектлари ташкил этиш, ўзини-ўзи банд қилиш, касб-ҳунарга ўқитиш ҳамда субсидия ажратиш ҳисобига таъминланди. Бунда ҳоким ёрдамчилари, хотин-қизлар фаоли, ёшлар етакчилари билан ҳамкорлик асқотди.

    Лекин мазкур видеоселектор йиғилишида бу каби ишлар етарли эмаслиги айтилди. Маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси, хотин-қизлар фаоли, ёшлар етакчиси ҳамда профилактика инспекторидан иборат “бешлик”нинг ўзаро мувофиқ ишлашида камчиликлар, жуда кўп такрорланишлар борлиги қайд этилди. Ижтимоий мақсаддаги маблағлар баъзан самарасиз йўналтирилаётгани, эҳтиёжманд аҳолининг масаласини ҳал қилиш вилоят ва республика идорасига боғланиб қолгани, маҳалла ходимлари фаолиятини баҳолаш мезони йўқлиги ва уларнинг кўп вақти “қоғоз тўлдириш” ва мажлисларга кетаётгани танқид қилинди. Шу боис, эндиликда маҳалла бошқаруви янги ёндашувлар асосида ташкил қилинишини, амалдаги “бешликка” солиқчи ва ижтимоий ходим ҳам қўшилиб, биргаликда ишлайдиган “маҳалла еттилиги” бўлиши белгиланди.

    Йиғилишда “маҳалла еттилиги”нинг вазифаларини аниқ белгилаш лозимлигига урғу берилди. Масалан, маҳалла раиси эҳтиёжманд оилаларга уй-жойини яхшилашга, ҳоким ёрдамчиси ишсизларга иш топишга кўмаклашса, ёшлар етакчиси ёшларни спорт, мусиқа ва бошқа тўгаракларга, хотин-қизлар фаоли аёлларни тадбиркорлик, касаначилик, ҳунармандчиликка жалб қилиши айтилди. Таркибга янги қўшилаётган солиқ ва ижтимоий ходимлар эса маҳалладаги имкониятларни ишга солиб, солиқ базасини кенгайтиришга, тадбиркорлик фаолиятини қонунийлаштиришга ҳамда ўзини ўзи банд қилганларга кичик бизнес тоифасига ўтишга кўмаклашиш, ёлғиз кекса, ногирон ва бошқа муҳтожларга ижтимоий хизмат кўрсатиш каби аниқ вазифалар билан шуғулланади.

    Маҳалла муайян миллий, аҳлоқий ва маиший тартиб-қоидаларга риоя қилиш, маърака-маврид, яхши-ёмон кунларни бирга ўтказиш, аҳилликни таъминлашга хизмат қиладиган ижтимоий-иқтисодий ва ҳудудий жамоа ҳисобланади. Энди солиқ органлари ходимлари ҳам ана шу жамоа аъзоси сифатида маҳалла аҳли турмуш шароити яхшиланишида бевосита иштирок этади. Бу эса юқорида келтирганимиз — аҳоли бандлиги ва даромадини оширишда янада самарага эришишда қўл келади. Яъни видеоселектор йиғилишида кўтарилган масалалар маҳалланинг жамиятдаги ижтимоий мавқеини янада юксалтириш, уни фаол жамоавий тузилма сифатида ривожлантиришга хизмат қилади, албатта.

    Юнусжон НАСИМЖОНОВ,

    Тошкент шаҳар солиқ бошқармаси бошлиғи

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates