Бу жиҳатлар мамлакатимизда амалга оширилган маъмурий ислоҳотлар ва давлат хизматчиларини тайёрлаш, маҳаллий бошқарув тизимида самарали механизмларни йўлга қўйишда ҳам кўзга ташаланади.
Ҳаннс Зайдел жамғармасининг (Германия) мамлакатимиздаги ваколатхонаси иш бошлаганига ҳали кўп вақт бўлмади. Шунга қарамай мазкур жамғарма ваколатхонаси мамлакатимизда маҳаллий ва давлат бошқаруви соҳасида фаолият юритаётган ёш раҳбар кадрларни Германиянинг илғор тажрибаси асосида малакасини ошириш, қайта тайёрлаш орқали профессионал давлат хизматчисини тайёрлаш вазифасини беғараз амалга оширишда фаол иш бошлаган.
Бу ҳақда Ҳаннс Зайдел жамғармасининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси офиси раҳбари Жавҳар Дўстов журналистлар учун ташкил этган пресс-турда батафсил маълумот берди.
Жавҳар Дўстов таъкидлаганидек, кейинги йилларда Ўзбекистон ва Германия ўртасида алоқалар янгича формат ва замонавий руҳда ривожланиб бормоқда. Биргина Ҳаннс Зайдел жамғармасининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси иш бошлагани фикримиз исботидир.
Мазкур жамғарма 1967 йили ташкил этилган бўлиб, Мюнхен шаҳрида расмий рўйхатдан ўтган. Бугунги кунда жаҳоннинг 60 дан ортиқ давлатида ўз ваколатхонасига эга. Давлат бошқаруви, сиёсий таълим, иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, атроф-муҳит муҳофазаси ва экология йўналишида фаолият олиб боради.
Жамғарма Ўзбекистондаги фаолиятини маҳаллалар кесимида ташкил этишга алоҳида эътибор қаратиб келади. Жумладан, жамғарма ташаббуси ва кўмаги билан ўтган йили Ўзбекистон делегациясининг Германияга ташрифи ташкил этилиб, бу мамлакатдаги маҳалла институти фаолияти кенг ўрганилди.
Бугунги кунда Ҳаннс Зайдел жамғармаси Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Давлат хизматларини ривожлантириш агентлиги ва бошқа бир қатор давлат бошқаруви тузилмалари, жамоат ташкилотлари билан ҳамкорлик қилиб келмоқда.
Пресс-тур давомида Ҳаннс Зайдел жамғармаси фаолияти, амалга оширилаётган ва истиқболдаги режалар, лойиҳалар ҳақида маълумот берилди.